РАСУЛУЛЛОҲНИ КАМСИТМОҚ ҲУКМИ

6299_large-660x400@2xБу мақола Наргиза Саидованинг шахсиятига қаратилган эмас. Тўғри, бунинг ёзилишига у сабаб бўлди. Аммо бу маълумотлар умумий тарзда, Ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли орасида ихтилоф ва низо қўзғалишига сабаб бўладиган нозик диний қадриятларни яхши билмайдиганлар учун мўлжалланган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларни довулдек тўзитиб, сон-саноқсиз мусулмонларни жунбушга келтирган воқеадан жуда кўпчиликнинг хабари бор. Юқори мартабали бир ўзбек аёли жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ул зотнинг энг суюкли завжаси — онамиз Хадижа розияллоҳу анҳонинг шаънларида уларга ва жамики мусулмонларнинг дилига озор берадиган фикрини омма олдида ўта қўполлик билан ёзиб юборди.

Қалби ларзага келган, ўз пайғамбарларини жондан азиз кўрган минглаб мусулмонлар дарҳол бу воқеага муносабатларини билдирди. Ҳатто қўшни Республикалардаги баъзи диний уламолар ҳам минбарлардан туриб бу машъум чидаб бўлмас ҳодисага ўз жавобларини эълон қилишди.

Хайриятки, тўполонни бошлаб қўйган опамиз қилмишидан афсусдалигини билдириб, АЗОН.ТВда мусулмонлардан узр сўраб мурожаат ҳам қилди. Аллоҳ узрини қабул қилсин! Фитна шу билан барҳам топсин! Ҳодисанинг бундан ҳам ёмон оқибатларидан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Омин!

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш, Ул зотни камситиш, ҳақорат қилиш, масхара қилиш, устидан кулиш каби сўз ва амаларнинг шаръий ҳукмини оммага эълон қилиш лозимлигини тушуниб етдим. Чунки бу масаланинг ҳукмини дунёвий илмлар билан умрини ўтказиб юборган зиёлиларнинг аксари яхши билмас экан. Хозир дунёда миллиарддан ортиқ мусулмон бор. Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилувчилардан иборат. Шундай экан жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро, ким бўлишидан ва қай мансабда ишлашидан қатъий назар мусулмонлар учун ҳурматли бўлган шахсият ва қадриятларни билиши шарт. Токи эртага ўзи билмаган ҳолда ҳурматсизлик қилиб жамиятда диний низо ва ихтилофларга сабаб бўлиб қолмаслиги учун.

Энди мақсадга ўтсам: Аллоҳнинг ҳабиби, бутун оламларга раҳмат пайғамбари, Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устидан кулган, камситганлар бутун аҳли сунна уламоларининг ижмоъсига кўра иймонидан ажраб кофир бўлади!

Агар тавба қилмай ўз фикрида қатъий турса, унинг жазоси  энг олий жазо – қатл деб белгиланган!

Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَاباً مُّهِيناً

Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди. (Аҳзоб сураси /57)

Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган бўлади. (Шайҳ Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол).

Ва яна бошқа оятда Аллоҳ айтади:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ رَسُولَ اللّهِ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир! (Тавба  суоаси / 61)

Тарихдан маълумки, мунофиқлар Оиша онамиз шаънига туҳмат қилишади. Мадинада ҳийлагина гап-сўз бўлади. Аллоҳ таоло Оиша онамизнинг покиза экани тўғрисида оят нозил қилгач масалага нуқта қўйилади. Ўшанда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўҳтончилар ва уларга қўшилганларнинг кечирим сўрашиниталаб қиладилар. Худди шунда Авс қабиласидан Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу айтади: Эй Аллоҳнинг Расули, менинг қабиламдан ким шу фитнага қўшилиб сизнинг дилингизни оғритган бўлса, мен узр сўрайман ва сизга сўз бераманки, ўша одамнинг бўйнини узаман. Агар Хазражликлар бўлса, сиз нимани буюрсангиз ўшани қиламан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг бу сўзига эътироз билдирмайдилар. Бу ўша фитначиларнинг қатлига розилик эди.

Қози Иёд раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаган ё камситган мусулмонни шариат бўйича қатл этишга уммат мужтаҳидлари бировоздан ижмоъ қилган!

Абу Бакр ибн Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ айтган:

Илм аҳллари ёппасига ижмоъ қилдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаган одамнинг шаръий жазоси қатлдир!

Имом Молик ибн Анас, Лайс ибн Саъд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва имом Шофеъийнинг қарори ҳам шундай бўлган.

Қози Иёд раҳматуллоҳи алайҳ “Шифо” асарида айтади:

Имом Абу Ҳанифа ва унинг жамики шогирдлари, бутун Кўфа уламолари,  имом Суфёни Саврий ва Авзаъий роҳимаумуллоҳ ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаган одамнинг шаръий жазоси қатлдир! — деб айтганлар!

Муҳаммад ибн Саҳнун айтади:

Уламолар ижмоъ қилдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва салламни сўкинган ва камситган одам кофир бўлади. У Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлиши тўғрисида ваъидлар бор. Унинг куфрида шакка борган одам ҳам кофир бўлади!

Абу Сулаймон Хаттобий Айтади:

Расулуллоҳни ҳақорат қилган одам агар мусулмон бўлса, уни қатл этилишига мухолиф бўлган бирорта мусулмон олими борлигини билмайман!

Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан ривоят қилинди:

Аллоҳ таолони ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ёки Аллоҳ нозил қилган бирор ҳукмни рад этган, ёки Аллоҳнинг пайғамбарларидан бирор пайғамбарни қатл қилган киши шу иши билан шубҳасиз кофирдир! (Шайҳ Ибн Обидин. Танбеҳ ул-вулат вал ҳуккам ъала аҳками шатими хайр ил-анам ав аҳади асҳабиҳ ил-кирам).

Хулоса ўрнида шуни айтаманки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериши мумкин бўлган ҳар қандай сўз ва амалдан эҳтиёт бўлиш керак. Бу жуда нозик эътиқодий масала. Сиз 3-4 университетни тамомлаган зиёли бўлишингиз мумкин. Катта-катта нуфузли жойларда ишлаган бўлишингиз мумкин, аммо шу масалани билмасангиз икки дунёингизни барбод қилиб қўйишингиз мумкин!

Тожибоев БОТИРЖОН

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *