РАЖАБ МУБОРАК БЎЛСИН!

d7fe0ba2b5e69d1c60a881f0203b967d_XLБисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойи кирганда доим шундай дуо қилардилар:

اللهم بارك لنا فى رجب و شعبان و بلغنا رمضان

Эй Раббим, бизга Ражаб ва Шаъбонни муборак қилгин ва Рамазонга етказгин! (Баззор ривояти).

Бу дуо уммат учун ҳам дуо ҳам сабоқ эди. Расулулллоҳга умматлик даъвосида бўлган ҳар биримизга бу дуо суннатдир!

Ражаб ойининг ўзига хос қадр-қимматини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб қўйган. Раббимиз Қуръони каримда марҳамат қилади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْراً فِي كِتَابِ اللّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَات وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلاَ تَظْلِمُواْ فِيهِنَّ أَنفُسَكُمْ

Албатта, ойларнинг адади Аллоҳнинг хузурида ўн икки ойдир. Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган куни (ўн икки ой қилиб белгиланган) Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг... (Тавба Сураси / 36).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида, Мино водийсида хутба ўқиш жараёнида қуйидаги мазмунда айтгандилар:

Ҳой одамлар! Замон доира кабидир. У Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган куни қандай бўлган бўлса бугун ҳам худди ўшандайдир. Албатта, ойларнинг адади Аллоҳнинг наздида ун икки ойдир. Ўшандан тўрттаси ҳаром ойларидир. Аввалгиси Ражаб, кейингилари Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам.

Аллоҳ таоло маъсият-гуноҳларни мутлақо ҳаром қилган бўлсада, шу тўртта ҳаром ойларида ўзингизга зулм қилманг,  деб алоҳида таъкидлаб қўймоқда. Бу ана шу тўрт ойнинг бошқа ойларга нисбатан қадри баланд эканини англатади.

Қатода раҳматуллоҳи алайҳ айтган: ҳаром ойларида қилинган солиҳ амалларга бошқа ойларга нисбатан кўпроқ савоб берилади. Шунингдек, буларда қилинган зулм ва гуноҳларнинг жавобгарлиги ҳам бошқаларига нисбатан жиддийроқ бўлади.

Азиз Ватандошлар! Азиз диндошлар! Бугун кириб кеган бу муборак ой барчамиз учун барака ва хайрга тўла ой бўлсин! Бу ойнинг ҳурматини ўрнига қўйиш, қадрига етиш, унда ваъда қилинган ажр-савобларга ҳақли эга чиқиш ҳаммамизга насиб айласин! Унда гуноҳ қилишдан, Ражаб ҳурматини билмасликдан Яратган Эгамиз Ўзи асрасин!

Яна бир Ражаб ойингиз муборак бўлсин!

Мусабоев ШАРОБИДИН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *