ОХИРАТДА КИМ БИЛАН ВАТАНДОШ БЎЛМОҚЧИСИЗ

img-20171015-011428Банданинг қалбида Аллоҳгами, Расулигами ёки бирор солиҳ инсонга нисбатан самимий севги, беғараз муҳаббат бўлса бу Аллоҳнинг унга берган неъмати ҳисобланади. Салафи солиҳ—саҳобаларнинг ҳаммалари Аллоҳни ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни жонларидан ортиқ севганлар. Ул зотга озор бериши мумкин бўлган ҳамма нарсага қарши туришда ҳеч нарсадан қайтмаган ва ҳеч нимани аямаганлар. Чунки улар Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишнинг моҳиятини жуда яхши англар эдилар.

Расулуллоҳни севиш дегани бу—охиратда Ул зот билан бир жойда абадий яшаш демакдир!

Расулуллоҳни севиш дегани бу—жаннатда Расулуллоҳга қўшни бўлиш демакдир!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:

Бир куни бир нотаниш одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат қачон бўлади? Расулуллоҳ унинг саволига савол билан жавоб қайтардилар:

و ما اعددت لها

Қиёмат учун нима тайёрлаб қўйдинг ўзи?

У: Ё Расулалллоҳ, айтарли катта нарсам йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман—деди. Шунда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда муҳим хушхабарли жавоб қайтардилар:

المراء مع من احب

Киши ўз севгани билан биргадир!

Воқеани ривоят қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: Биз саҳобалар жамоаси ўша куни шу қадар севиниб кеттикки, ундайин шодликни бошқа кўрмадим.

Яна бир шунга ўхшаш воқеа бор. Машҳур саҳоба Абу Зар Ғифорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:

Эй Аллоҳнинг Расули, шундай одамлар бор: кимнидир яхши кўради, аммо улар қилган солиҳ амалларга эриша олмайди. Шулар ҳақида нима дейсиз? Пайғамбаримиз жавоб бердилар:

انت يا ابا ذر مع من احببت

Эй Абу Зар, сен ўз севганинг билан бирга бўласан!

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу деди: Мен Аллоҳ ва Расулини севаман Ё Расулаллоҳ!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна аввалги жавобни таъкидлаб:

انت مع من احببت يا ابا ذر

Сен ўз севганинг билан бирга бўласан эй Абу Зар!—дедилар. (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 351-352)

Ҳа Азизлар! Бизнинг иймонимиз мукаммал бўлиши учун Аллоҳ ва Унинг Расулини севишимиз талаб этилади. Расулуллоҳни севмаганлар, Ул зотнинг дилига озор берганлар ҳеч қачон Расулуллоҳ билан ватандош бўла олмайдилар! Агар сиз Аллоҳнинг Расули билан ватандош бўлмоқчи бўлсангиз Ул зотни ёмон кўрманг! Ул зотнинг дилига озор берманг! Ул зот учун суюкли бўлган шахсият ва қадриятларни камситманг!

Содиқов МУҲАММАДАМИН

Андижон туман “Кўк тўнли ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *