
АЛЛОҲДАН ЎЗГАЛАР ҲАМ ҒАЙБНИ БИЛАДИМИ?
(Учинчи мақола)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ғайб тўғрисидаги олдинги иккита мақоламизда зикр этилгандек аҳли суннат ва жамаот таълимотининг ақидаси ушбудир: “Аллоҳ таоло ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”. Умумий соф исломий таълимот ушбудир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айрим ғайбий ишларни пайғамбарларга махсус ваҳий орқали билдириб турган. Чунки, пайғамбарликни исботлаш, одамларни ишонтириш учун, нубувват ва рисолатнинг тарғиботи учун бу зарур ҳисобланади. Авлиёлар ҳам илҳом орқали айрим ғайбий ишлардан хабардор бўлиб қолишлари мумкин, бироқ, бу қатъий ишончли бўлмагани боис унга суянилмайди. Мазкур мақоламизда пайғамбарларнинг ҳам фақат Аллоҳнинг махсус ваҳийси орқали хабар етказиши орқалигина ғайбни билишлари мумкинлиги, акс ҳолда ундан ҳамма қатори хабардор бўлмай қолаверишлари мисоллар орқали кўрсатиб ўтилади.
Иброҳим алайҳиссалом уйларига Исҳоқ ва Яъқуб номли ўғил ва невара фарзандлар башорати учун келган ўн икки нафар фаришта ташриф буюради. Уларни салом билан кутиб оладилар ва бузоқ гўшти билан меҳмон қиладилар. Фаришталарнинг таомга қўл чўзмаганларини кўриб, пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом уларнинг нима мақсадда келганини била олмасдан улардан ётсираб туради, жуда қўрқиб кетади. Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломни “Қўрқма!”, деб тинчлантирадилар ва қўрқиб кетган аёлига эса фарзандлар борасида хушхабар бериб кулдирадилар. Оятда бу алоҳида кўрсатиб ўтилган:
فلمّا رآء أيديهم لا تصل اليه نكرهم و أوجس منهم خيفة قالوا لا تخف انّا أرسلنا الى قوم لوط وامرأته قائمة فضحكت فبشرناها باسحاق و من وراء اسحاق يعقوب
“Унга (таомга) қўл чўзишмаганини кўргач, (Иброҳим) улардан ётсиради ва улардан қаттиқ қўрқиб кетди. (Улар) дедилар: “Қўрқма! Биз Лут (қавми)га юборилганмиз. Хотини (Сора) турган эди, кулиб юборди. Унга Исҳоқ (номли фарзанд) ва Исҳоқнинг оқрасидан Яъқуб (исмли набира беришимиз) ҳақида хушхабар бердик” (Ҳуд сураси, 70-71).
Иброҳим алайҳиссалом келган меҳмонларнинг фаришта эканликларини ўзлари айтмагунча қўрқиб турганлигини ул зотнинг ғайбни билмаганлигини англатади. Яна бир воқеа:
“Саҳиҳи Бухорий”да келтирилган, Иброҳим алайҳиссалом билан Исмоил алайҳиссалом ҳақида бизнинг пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берган қисса жуда ажойибдир. Ана шу узун қисса давомида Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни кўргани келадилар. Ул зот уйда бўлмайди. Топа олмай, келинларидан сўраб-суриштирадилар, у билан суҳбатлашиб, унинг ҳаётдан нолиб, шикоят қилганини кўриб, “Ўғлимга айт, эшигининг остонасини ўзгартирсин!”, дея уни талоқ қилишга ишора қилиб кетгани ҳақидаги маълумот мавжуд. Бу қиссани кўпчилик эшитган. Ана шу воқеада ҳам, ваҳий орқали махсус хабар берилмагани боисидан Иброҳим алайҳиссалом то келинидан сўраб билмагунча Исмоил алайҳиссалом ҳақларида хабардор бўлмаганлар ва уни излаб йўлга тушмасдан, ортларига қайтиб кетаверганлар (Бухорий, 2/3364).
Аллоҳнинг пайғамбари Лут алайҳиссалом олдига борган ана ўша фаришталарни ул зот то ўзлари айтмагунча танимасдан жуда хафа бўлганлар.
و لمّا جاءت رسلنا لوطا سيء بهم و ضاق بهم ذرعا و قال هذا يوم عصيب
“Элчиларимиз Лутнинг ҳузурига келганларида улар сабабли (ҳолати) ёмонлашди ва улар туфайли ташвиш чекди ҳамда “Бу – оғир кун!” – деди” (Ҳуд, 77).
Яъни, Лут алайҳиссалом уйига келган фаришталарни танимаганлар, улар хушрўй ёш йигитлар шаклида келгани боис ул зоти шариф ўз қавмининг баччабозликни одат қилиб олган фаҳш ишларидан қўрқиб, жуда ташвишга тушиб қолган эдилар. Дарҳол Лут алайҳиссалом ўз қавми билан гаплашиб кўрдилар, уларга ўз қизларини хотинликка таклиф қилдилар, лекин ҳеч иш чиқмади. Фаришталар Лут алайҳиссаломни: “Эй, Лут! Биз раббингнинг элчиларимиз. (Қавминг) сенга сира ета олмаслар (тега олмаслар)…”, дея тинчлантирдилар (Ҳуд, 81).
Қуръони каримда “аҳсан ул-қасас” (“энг гўзал қисса”) деб таърифланган Юсуф алайҳиссалом қиссасини ҳамма билади. Юсуф алайҳиссаломни акалари қудуққа ташлаб кетадилар ва оталари пайғамбар Яъқуб алайҳиссаломга “Уни ўлдирдик”, деб бўри қонига бўялган кийимларини келтирадилар. Пайғамбар бўлишларига қарамасдан Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги аниқ хабарни билмасдан, жуда қаттиқ ғам-қайғуга ботадилар, йиғлайвериб кўзлари кўр бўлиб қолади, яъни ғайбдан хабардор бўлмагани, Аллоҳнинг махсус ваҳийси келмагани боис норасида ўғли учун ғамга ботиб, йиғлайверганидан кўзлари кўрмай қолади. Ҳатто ул зоти шариф Юсуф алайҳиссаломнинг акалари уни алдаб, сайру-саёҳат қилиб келамиз, деб ёлғон ишлатиб кетганлигини, ғаразли мақсадларини ҳам билмай ва сезмай қолган эди.
Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом қиссалари ҳам ғайб Аллоҳ таолонинг ўзига хос илми экани, ўзи истаган бандасига ваҳий орқали ундан айрим жиҳатларини билдириб ўтиши мумкинлиги, умумий ҳолда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ғайбни билмаслигига далилдир. “Саҳиҳи Бухорий”да келишича, Хизр алайҳиссалом унинг ишларига тушунмай қолаётган Мусо алайҳиссаломга бундай деганлар:
يا موسى إنّى على علم من علم الله علّمنيه لا تعلمه أنت و أنت على علم علّمكه لا أعلمه
“Эй, Мусо! Албатта мен Аллоҳ менга ўргатган илмдан муайян илмга эгаманки, сен уни билмайсан. Сен ҳам (Аллоҳ) сенга ўргатган илмга эгасанки, мен уни билмайман!” (Бухорий, 1/122).
Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло қуш тилини билдирган, шамолни бўйсиндириб қўйган. Шундай бўлса ҳам, ул зоти шариф Аллоҳ таоло билдирмаган ғайбий ҳолатлардан огоҳ бўлмаганлар. Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуд қушини ҳузурида йўқлигини кўриб, ما لى لا أرى الهدهد ام كان من الغائبين – “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир”, деган (Намл, 20). Уни тезроқ келмаса, қаттиқ жазолашини ёки сўйиб юборишини айтадилар. Шунда ҳудҳуд келиб, Сулаймон алайҳиссаломга бундай деган: فقال أحطت بما لم تحط به و جئتك من سبأ بنبأ يقين – “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим” (Намл, 22). Ҳудҳуд бу ишончли хабарни келтирганида ҳам асл ҳолатни Сулаймон алайҳиссалом била олмаганлар, Аллоҳдан махсус ваҳий келмагани учун шундай бўлди. Шунинг учун ул зот бундай деганлар:
قال سننظر أصدقت أم كنت من الكاذبين
“(Сулаймон) деди: “Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрармиз” (Намл, 27).
Севимли пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу ҳазратлари Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога мунофиқлар туҳмат уюштирганида, то ваҳий келмагунча аниқ ҳолатни билмасдан, анча сиқилиб, жуда хафа бўлиб, ғам-алам ичида қолиб юрганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли оилалари ва жами саҳобалари билан бирга ҳажга отланганларида, аёллари Сафийя онамиз разийаллоҳу анҳо ҳайз кўриб қоладилар. Ҳайз кўрган аёл Каъбани тавоф қила олмайди. Айниқса, фарз ҳисобланган Ифоза тавофини ҳайз тўхтаганидан сўнг қилинади. Сафийя онамиз разийаллоҳу анҳонинг ўша кунлари ҳайз кўришини ва қанча муддат ҳайз кўришини олдиндан била олмаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لعلّها حابستنا – “Оббо, у бизни ушлаб қолади-ёв!”, деганлар. Одамлар Сафийя онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳайзлари тўхтаб, тавоф қилиб келгунча ушланиб қолганлар.
Таяммум оятлари (Нисо сураси, 43-оят) нозил қилинган вақтдаги воқеа ҳам жуда қизиқ. Узоқ сафарда Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг маржонлари йўқолиб қолади. У Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо миниб келган туянинг остида қолган эди. Одамлар маржоннинг қаерда йўқолганлиги борасида роса баҳслашадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашадилар. Кеч бўлиб, эрталабгача шу тахлит туриб қоладилар. Эрталаб эса ҳамманинг суви тугаб бўлган эди. Одамлар Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга келиб шикоят қилганлари сабабидан у аччиқланиб-бориб қизлари Ойша разийаллоҳу анҳони роса уришиб ҳам берадилар. Шунда Аллоҳ таоло таяммум оятларини нозил қилган. Одамлар таяммум қилиб, ибодатларини қилиб, ҳамма ишларини битказиб, энди кетамиз, деб туяни чўккан жойидан турғазишса, маржон туянинг остидан чиқади. Севимли пайғамбаримизга ваҳий, авлиё саҳобаларга илҳом бўлмагани боис ҳеч ким маржонни топа олмаган ва қаерда ётганини сезмаган эди. Ҳамма ўзича, ўз гумони бўйича маржоннинг қаерда йўқолган бўлиши мумкинлиги борасида роооосаааа баҳслашган ҳам эди…
Пайғамбаримиз алайҳиссалом душманларнинг, кофиру мушрикларнинг ҳолини ўрганиб келиш, уларнинг нима қилаётганларини билиб келиш учун яширин аскар жўнатганлари маълум. Агар ул зот ғайбни билганларида, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганларида севган саҳобаларини душман орасига юбориб ўтирмас эдилар, ўзлари Мадинада туриб ҳам мушрикларнинг ҳолидан хабардор бўлиб, уларни саҳобаларга айтиб қўяверардилар. Бироқ, ул зот ғайбни фақат Аллоҳ ваҳий орқали билдирсагина билиши, акс ҳолда ҳамма қатори ғайбдан бехабар қолавериши мумкинлигидан душманнинг аҳволини билиб келиш учун аскар жўнатиб, уларнинг хабарларини кутганлар. Жумладан, Осим ибн Собит ал-Ансорий разийаллоҳу анҳуни ўн нафар одам билан душманнинг ҳолини билиб келиш учун жўнатадилар. Бироқ, йўлда душман уларни нима мақсадда келганликларини билиб, ўлдиришга урунадилар. Вафот қилаётган чоғда Осим ибн Собит ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу бундай деб нола қилган: اللهم اخبر عنا نبيّك – “Эй, Аллоҳ! Набийингга бизлардан хабар етказ!” (Бухорий, 4/3045; Насоий, 5/8839; Аҳмад, 2/7915). Демак, саҳобалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳдан махсус хабар етказилмаса, ул зот бехабар қолишларини билганлар. Шунинг учун Аллоҳга нола қилиб, дуо қилганлар. Ҳақиқатдан ҳам, шаҳиднинг дуоси ижобат бўлгани боис Аллоҳ таоло фаришта орқали бу воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказган эди. Бу нарса шуни билдирадики, пайғамбарлар ҳамма жойда ҳозиру нозир бўла олмас экан, ҳамма нарсадан бохабар бўлиб тура олмас эканлар. Фақат уларга Аллоҳ таолонинг махсус хабари етказилсагина мўъжиза ўлароқ ғайбдан хабардор бўларканлар. Жуда оддий ечим: агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам воқеа ва ҳодисаларга олдиндан хабардор бўлганларида, севимли саҳоба Осим ибн Собит ал-Ансорий разийаллоҳу анҳуни ана шу ўлимга рўпара қилмаган бўлардилар.
Хайбарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўштдан заҳарланиш ҳодисасини кўпчилик эшитган. Мушриклар ул зоти шарифни саҳобалари билан бирга заҳарлашга урунганлар. Ул зот гўштнинг заҳарли эканлигини билмасдан – саҳобалар ҳам билолмасдан гўштдан тановул қиладилар. Бу воқеа “Мишкот ал-масобеҳ”да ҳам келтирилган (3/5931). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбни билганларида эди, ҳар нарсани билиб, ҳозиру нозир бўлиб турганларида эди, буни албатта билган бўлардилар! Ҳеч бўлмаганда, бечора саҳобаларни бундан ўз вақтида огоҳлантирган бўлардилар. Афсуски, заҳарланган гўшт кеч тилга киради! Саҳобалардан Бишр ибн ал-Баро ибн Маърур разийаллоҳу анҳу айнан ана шу гўштни истеъмол қилганлиги сабабли шаҳид кетганлар. Ҳатто ривоятларда келишича, бошқа бир неча саҳобалар ҳам заҳарланиб ўлганлар:و توفى بعض اصحابه الذين اكلوا من الشاة – “Қўйдан еган саҳобаларидан баъзиси вафот қилди” (Абу Довуд, 4/4512; Доримий, 1/64; Байҳақий, 2/16430).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз вақтида заҳарга қарши чора қилиб, қон олдириб даволанадилар. Гўштдан кўпроқ еб қўйган ёки заҳарга қарши чора қилмаган саҳобалар эса вафот қиладилар. Ҳатто “ал-Истиъоб” китобида айтилишича, ана шу Бишр ибн ал-Баро разийаллоҳу анҳу дастурхон олдидан ҳали туриб улгурмасдан вафот этганлар (Ибн Абдулбарр. ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб. Уммон: Дор ал-аълом, 2002. – Б. 83).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига жуда-жуда меҳрибон эдилар. Бунга шак-шубҳа йўқ! Агар у зот гўштнинг заҳарланганини аввалдан билганларида, саҳобаларнинг бундай қийналиб, ўлиб кетишига асло йўл қўймаган, улардан олдиндан хабардор қилган бўлардилар. Шундай эмасми?!
Аллоҳ таоло махсус ваҳий орқали хабар етказмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб илмини билмаганларига ва кимлардир айтганидек ҳамма жойда ҳозиру нозир эмасликларига душманнинг ҳолидан хабардор бўлмай қолганларини далил қилсак бўлади. Масалан, Аҳзоб жангида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг аҳволини била олмай жуда ташвишга тушиб қолганлар, саҳобалардан улар ҳақида нима хабар борлигини сўрайверганлар, кейин Ҳузайфа разийаллоҳу анҳуга:
قم يا حذيفة فأتنا بخبر القوم
“Тур, эй Ҳузайфа, бизга қавмнинг хабарини олиб кел!”, деганлар (Муслим, 3/1788).
Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қавм (душман)нинг хабарини бизга олиб келади?”, деб уч марта сўраганлар, Зубайр разийаллоҳу анҳу “Мен!” деб чиққанлар (Бухорий, 4/2846).
“Мунофиқун” сурасининг нозил бўлиш сабаби ҳам жуда ажойиб. Бир сафарда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул: “Расулуллоҳнинг ёнидаги кишиларга яхшилик қилманглар, шунда унинг атрофигилар тарқаб кетади. Мадинага борганда эса иззатли одамлар бу хорларни ҳайдаб чиқаради”, деб гап тарқатади. Мунофиқлар орасида бўлиб ўтган бу гапни саҳобалардан Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳу эшитиб қолади-да, ўз амакисига етказади. Амаки (Саъд ибн Уббода ёки Абдуллоҳ ибн Равоҳа ёхуд Собит ибн Қайс) эса бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказадилар. Ул зоти шариф Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳуни чақириб, гапни яхшилаб суриштирадилар, сўнг Абдуллоҳ ибн Убайга одам жўнатадилар. Албатта, мунофиқлар келиб, бундай демаганларини, Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳу ёлғон гапираётганини айтиб, қасам ичадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асл ҳолатдан бехабар бўлганлари учун уларнинг гапини тасдиқлаб, энг севимли саҳобаларидан бирини, кимсан Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳуни ёлғон гапирганда айблаб, аччиқлари келади. Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳу айтади: فأصابنى همّ لم يصبنى مثله قطّ – “Мени шу қадар ғам чулғаб олдики, илгари сира ҳам бундай аҳволга тушмаган эдим!”. Саҳобаи киромлардан бўлмиш амаки ҳам келиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлғон сўзлаб, ул зотнинг ғазабларига дучор бўлишингга сени нима мажбур қилди?” деб урушиб ҳам беради. Ана шундан сўнг Аллоҳ таоло “Мунофиқун сураси”нинг илк оятларини нозил қилган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: انّ الله قد صدّقك يا زيد – “Эй Зайд, Аллоҳ таоло сенинг гапингни тасдиқлади!”, деганлар. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда асл улуғ саҳобалар ғайбни билмаганлари учун мунофиқларнинг гапига ишониб, ўзларининг севимли дўстлари Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳунинг гапларини туҳмат бўлса керак, деган фикрда бўлганлар. У одамларнинг маломатидан қочиб, “Уйга бориб, ўтириб олдим”, деганлар. Бу Аллоҳ таоло Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳунинг рост сўзлаганини тасдиқламагунча давом этган. Агар Пайғамбаримиз (а.с.) ва саҳобалар адашган тоифалар айтганидек барча ғайбни билганларида эди, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганларида эди, Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳуни бунчалар ғам-қайғуга ботирмаган бўлардилар. Бу воқеа жуда саҳиҳ ривоят бўлиб, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бошлиқ муҳаддислар жамоаси ривоят қилганлар (Бухорий, 4/4900; Термизий, 5/3312; Аҳмад, 4/19352; Табароний, 5/5051).
“Пайғамбарлар ва авлиёлар ғайбни биладилар”, деган гапга Аллоҳ таолонинг илмини зотий ва атоий деган турларга ажратиб кўрсатилади. Бу фикр асос эътибори билан ботилдир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зоти вужудлари ҳам, ул зотнинг рисолатлари ва нубувватлари ҳам – барча-барчаси Аллоҳ таолонинг атоси ва иноятидир. Аллоҳ таолонинг илми худди басар, самъ каби сифатлари кабидир. Ҳеч ким Аллоҳдан бошқа бировни ҳамма нарсани билувчи ёки жами нарсани эшитувчи демайди. Худди шундай Аллоҳ таолонинг зоти унинг илоҳлиги ва холиқлигидир. Шуни бировга нисбатан бу атоий илоҳ ёки атоий холиқдир, деб бўладими?! “Умдат ар-риоя” асарининг муаллифи, ХХ асрнинг Марказий Осиёдан чиққан буюк уламоларидан бири Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳнинг устозларининг устози Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Асор ал-марфуъа” асарларида юқоридаги ақидага раддия сифатида қуйидагиларни айтадилар:
و منها ما يذكره الوعّاظ من أنّ النبى أعطى علم الأوّلين و الآخرين مفصلا و وهب له علم كلّ ما مضى و ما يأتى كلّيّا و جزئيّا و أنه لا فرق بين علمه و علم ربّه من حيث الإحاطة و الشمول و إنّما الفرق بينهما أنّ علم الله أزلىّ أبدىّ بنفس ذاته بدون تعليم غيره بخلاف علم الرسول فإنّه حصل له بتعليم ربّه.
و هذا زخرف من القول و زور على ما صرّح به إبن حجر المكّى فى المنح المكية شرح القصيدة الهمزية و غيره من أرباب الشعور و الثابت من الآيات القرآنية و الأحاديث النبوية هو أنّ الإحاطة و الشمول و علم كلّ غيب مختصّ بجناب الحقّ و لم توهب هذه الصفة من جانب الحق لأحد من الخلق. نعم علوم نبيّنا صلى الله عليه وسلم أزيد و أكثر من علوم سائر الأنبياء و الرسل و تعليم ربّه الأمور الغيبية له بالنسبة الى تعليم غيره أكمل فهو صلى الله عليه و سلم أكمل علما و عملا و سيد المخلوقات مرتبة و فضلا
“Воизлар зикр қиладиган тўқималардан яна бири, “Пайғамбар алайҳиссаломга аввалгилар ва охиргиларнинг илми тафсилотлари билан берилган, ўтган ва келгуси илмларнинг куллийси ҳам, жузъийси ҳам унга инъом қилинган. Унинг илми билан Парвардигорнинг илми орасида (маълумотларни) эгаллаши ва қамраб олиши борасида фарқ йўқ, фарқ фақатгина Аллоҳ таолонинг илми ўз зотида турувчи азалий ва абадийлигидадир. Пайғамбарнинг илми бунинг акси, чунки ундаги илм Парвардигорнинг таълими билан ҳосил бўлган”, дейишларидир. Бу гапнинг ялтироқ (ичи қалтироқ) ва ёлғон эканига Ибн Ҳажар ал-Маккий раҳимаҳуллоҳ “ал-Минаҳ ал-маккия” асарида ва шуур аҳлларидан бошқалар очиқ айтиб ўтганлар. Қуръоний оятлар ва набавий ҳадислардан собитки, (маълумотларни) эгаллаш ва қамраб олиш ҳамда ғайб илмининг барчаси Жаноби Ҳаққа хосдир. Ҳақ тарафидаги ушбу сифат халқнинг ҳеч қайсинисига берилмаган. Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмлари бошқа набий ва расулларнинг илмларидан кўпроқ ва зиёдароқдир. Парвардигорнинг ғайбий ишларни бошқаларга нисбатан унга таълим бергани мукаммалроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмда ва амалда комилроқдирлар ва мартаба ва фазилатда яралмишларнинг саййидидирлар!” (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фий ал-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. – Карочи: Идорат ал-Қуръон вал-улум ал-исломия, 1998. – Б. 27).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар, жами авлиёуллоҳлар ғайбий ишларни Аллоҳ таоло билдирмагунча билмайдилар. Умумий маънода эса Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билмайди, дейиш аҳли суннат ва жамоат ақидасидир.
Ҳамидуллоҳ Беруний.

