Ғайб илми масаласи 2

21222

АЛЛОҲДАН ЎЗГАЛАР ҲАМ ҒАЙБНИ БИЛАДИМИ?

(Иккинчи мақола)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аҳли суннат ва жамаотнинг энг устувор ақидаларидан бири “Аллоҳ таоло ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”, дейишдир. Зотан, олим ул-ғайб ва-ш-шаҳодат Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос бўлган сифатдир. Бироқ, мусулмон умматидан бўлмиш, ўзларини мотуридий эътиқодли, ҳанафий мазҳабли, нақшбандия ёки қодирия тариқатига мансуб деб билувчи, бугунги кундаги айрим тоифалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбнинг барча – куллийсини ҳам, жузъийсини ҳам, дунё бошлангандан бери то қиёматгача бўлган нарсаларни билади. Шу жумладан, авлиёуллоҳлар ҳам биладилар”, деган ақидаларда яшаб келмоқдалар ва, афсуски, ўзларининг бу ақидаларини тарғиб ва ташвиқ қилишга урунмоқдалар, бунга қарши чиққанларни эса ваҳҳобийга, бидъатчига чиқармоқдалар…

Улар гарчи ўзларини мотуридий эътиқодли, ҳанафий мазҳабли, нақшбандия ва қодирия тариқатига мансуб деб айтсалар ҳам, лекин, анъанавий мотуридийлик, ҳанафийлик ва нақшбандийликка зид келувчи бир қанча ақидалари ва амаллари мавжуд. Шу жумладан, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбнинг барча – куллийсини ҳам, жузъийсини ҳам, дунё бошлангандан бери то қиёматгача бўлган нарсаларни билади. Шу жумладан, авлиёуллоҳлар ҳам биладилар”, деган ақида ҳисобланади. Бу борада ўзларининг даъволарини “исботлаш” йўлида бир неча рисолалар битилган. Улардан энг машҳури “ад-Давлат ал-маккия” деб номланади. Яна бу мавзуга оид “Инбо ал-Мустафо би-ҳоли сиррин ва ахфо” (“Махфий ва сирли ҳолатларни Мустафонинг хабар бериши”), тўрт бобдан иборат “Моий ал-Ҳабиб би-улум ал-ғайб” (“Ғайб илмлар ила Ҳабибнинг тўла хабардорлиги”) ва “ал-Лўълўъ ал-макнун фи илм ал-Башир ма кона ва ма йакун”  (“Бўлган ва энди бўладиган нарсалар борасида Башоратчи зотнинг илми борлиги ҳақидаги яширин дурлар”) деб аталадиган рисолалар ҳам мавжуд.

Жумладан, “Баҳори шариат” деб номланган асарда пайғамбарлар ҳақида бундай дейилган:

الله عزّ و جلّ نى انبيا عليهم السلام كو اپنى غيوب پر اطلاع دى زمين و آسمان كا هر ذرّه هر نبى كى پيش نظر هى

“Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбарлар алайҳимуссаломларни ўзининг ғайбларидан хабардор қилгандир. Еру осмондаги ҳар бир зарра ҳар бир пайғамбарнинг кўз олдидадир”, деган ақидавий фикрни келтириш мумкин (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 41-44 ва 46).

Яна авлиёлар ҳақидаги уларнинг ақидавий фикрини ҳам келтириш мумкин:

عُلوم غيبيه پر منكشف هو تى هين، ان ين بهت كو ما كان و ما يكون اور تمام لوح محفوظ پر اطلاع ديتى هين مگريه سب حضور اقدس صلى الله تعالى عليه و سلم كى واسطه و عطاسى، بى وساطتِ رسول كوئى غير نبى كسى غيب پر مطلع نهين هو سكتا

“Улар ғайбий илмларни кашф қилган бўладилар. Яна улар дунё бошлангандан бери бўлган ва охирзамонгача бўладиган нарсалар (“ма кона ва ма йакун”)дан, шунингдек, Лавҳ ул-маҳфуздан тамоман – тўлалигича хабардор бўладилар. Фақатгина, бу Ҳузури Ақдас (яъни, Расулуллоҳ) соллаллоҳу таоло алайҳи ва салламнинг воситалари ва атолари сабабли бўлади. Расулнинг воситасисиз набийдан бошқалар ғайбдан хабардор бўла олмайди!” (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 268).  

Мавзуга киришишдан аввал бир қизиқ воқеани айтиб ўтмасдан иложимиз йўқ. Битта улуғ шайхнинг даврасида ўтирганларида, шайх ҳазратлари: “Ташқарида қор ёғаяпти”, дебдилар. Шунда муридлар бир-бирларига пичирлашиб, “Бизнинг шайхимиз жуда улуғ, энг буюк шайхлардан ҳисобланади. Ул зот кўнгиллардаги нарсаларни ҳам, келажакни ҳам, ўтмишни ҳам билиб турадилар. Ул зот ғайбни биладилар!” дейишиб қолибди. Шайх ҳазратлари: “Йўқ, ундоқ деманглар. Ғайбни Аллоҳдан ўзгаси билмайди. Ташқаридан мушук кириб келди, унинг усти қор экан. Шундан ташқарида қор ёғишни бошлаганини билиб қолдим. Бўлмаса, қаердан ҳам билардим?!”, дебди. Шунда муридлар яна бир-бирларига: “Бизнинг муршидимиз жуда улуғ ва камтар. Аллоҳ таоло олдида ўзларини камтар тутиб, ўзларини Аллоҳдан паст тутиб гапираяпдилар!”, деб пичирлашармиз. Адашув ана шундан бошланади: аҳли суннат ва жамоатдан айрилган жамоаларнинг барчаси ё хаворижларга ўхшаб ўта даражадаги нафратдан ёки шиаларга ўхшаб ҳаддан ошган муҳаббат сабабидан адашиб кетганлар!

Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз ўзларининг “Маслак ул-муттақин” асарида ғайбнинг Аллоҳга хос экани ҳақида бундай деганлар:

Набувад илми у ба-фикр-у хаёл,

Ҳар чи дар банда аст аз-уст маҳол.

Бас, бувад илми ғайб хосса-и Ў,

Кас надонад зи ғайб-и Ў як мў.

“Аллоҳнинг илми фикр билан, хаёл билан бўлмайди. Бандада бор ҳар бир нарса Аллоҳда бўлиши маҳолдир. Демак, ғайб илми Аллоҳга хосдир, бирор кимса ғайбдан битта соч толасичалик нарсани билмайди!” (Сўфий Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент: Порцев, 1914. – Б. 8).

Сўфий Аллоҳёр раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг илми ўзига хос экани, банданинг илмига ўхшамаслигини айтиб ўтганлар, “Бандада бор ҳар бир нарса Аллоҳда бўлиши маҳол”, деб туриб, Аллоҳнинг илмидан бирортаси бандада бўлмайди, деган фикрни билдиради. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти кабиларни мисол келтириш мумкин:

عالم الغيب لا يعزب عنه مثقال ذرّة فى السماوات و لا فى الارض و لا اصغر من ذلك و لا اكبر الا فى كتاب مبين

“Раббим ғайбни билувчидир – Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисолича, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирор нарса Ундан махфий бўлмас ва албатта, (у) аниқ Китобда (Лавҳул-маҳузда) мавжуддир!” (Саба, 3).

Машҳур “ал-Ақоид ал-азудийя” (“Матни Мулла Жалол”)нинг муаллифи, “аҳли суннат ва жамоатнинг таржумони” деган фахрли унвонга эга зот Азудиддин ал-Ийжий раҳимаҳуллоҳ ўзининг калом илмига оид мўътабар йирик асари “ал-Мавоқиф”да мазкур мавзуга ҳам тўхталган. Маълумки, ушбу асарнинг энг эътиборли ва ишончли шарҳини соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган, “мантиқ ва калом илмининг санади”, “муҳаққиқлар амири” каби унвонлар билан тилга олинадиган Мир Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ битган. Ана шу “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳида “Пайғамбар алайҳиссалом ғайб илмининг куллийсини ёки жузъийсини билади, деган ақидани файласуфлар тўқиб чиқаргани айтилиб, ушбу фикрнинг мардуд эканлиги баён этилган:

“ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳида аввало файласуфларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақларида қуйидаги фикрга эга эканликлари айтилади:

و اما الفلاسفة فقالوا هو اى النبى من اجتمع فيه خواص ثلاث يمتاز بها عن غيره:

احداها اى احدى الامور المختصة به ان يكون له اطلاع على المغيبات الكائنة و الماضية و الآتية و لا يستنكر هذا الاطلاع

“Файласуфларга келсак, улар пайғамбар деган кимсада бошқалардан ажратиб турадиган учта хислат жам бўлмоғи лозим, дейдилар:

Улардан бири, яъни Ул зотга хос бўлган ишлардан бири унинг мавжуд, ўтган ва келгуси ғайб ишларга хабардор бўлишидир ва бу хабардорлик инкор қилинмаслиги керак” (Саййид Шариф ал-Журжоний. Шарҳ ал-Мавоқиф. 3-жилд. – Истанбул: Омира, 1893. – Б. 174).

Шундан сўнг “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳида ушбу фикрнинг ботил ва мардуд эканлиги алоҳида қайд қилинади:

قلنا ما ذكرتم مردود بوجوه اذ الاطلاع على جميع المغيبات لا يجب للنبى اتفاقا منا و منكم و لهذا قال سيد الانبياء و لو كنت اعلم الغيب لاستكثرت من الخير و ما مسنى السوء

و البعض اى الاطلاع على البعض لا يختص به اى بالنبى كما اقررتم به حيث جوزتموه للمرتاضين و المرضى و النائمين فلا يتميز به النبى عن غيره

“Биз айтамиз: сизларнинг зикр қилган нарсангиз бир неча жиҳатдан мардуддир. Чунки, барча ғайб ишлардан хабардор бўлиш пайғамбарга вожиб бўлмайди, бунга бизлар ҳам сизлар ҳам иттифоқ қилгансиз. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар саййиди: “Агар ғайбни билганимда эди, албатта яхшиликни кўпайтирган бўлардим ва менга ёмонлик учрамасди”, деганлар.

Ғайбнинг баъзисидан хабардор бўлиш эса Пайғамбарга хос бўлмайди. Зотан, бунга сизлар ҳам иқрорсизки, рози бўлган ва рози қилинган (авлиёлар) ва (ҳатто) ухлаб ётганлар ҳам ғайб ишларидан айримларини билишларини жоиз санайсизлар. Демак, ғайбнинг баъзисини деб Пайғамбарни бошқасидан ажратиб бўлмайди” (Саййид Шариф ал-Журжоний. Шарҳ ал-Мавоқиф. 3-жилд. – Истанбул: Омира, 1893. – Б. 175).

Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг мазкур ибораларини яхши тушунмоқ керак. “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳида тилга олинган файласуфлар фикрини ҳозирги айрим тоифалар ўзлаштирган бўлиб, у мардуддир. Жумладан, Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни мутлақо биладилар, деган ақидани “исбот” қилишга урунган энг катта асар “ад-Давлат ал-маккия” бўлиб, унда “Жин сураси”нинг 26-27 оятлари ва “Оли Имрон сураси”нинг 179-ояти келтирилиб, бундай дейилган:

ان مطلق العلم العطائى بالمغيبات خاص اصالة بحضرات الأنبياء الكرام عليهم افضل الصلاة و السلام. فما يحصل لغيرهم انما يحصل بافاضتهم و امدادهم و افادتهم و ارشادهم فانى التساوى على ان غيرهم لا يعلم من علومهم الا نزرا يسيرا الا يعدّ شيئا بجنب ما لهم من يجار متدفقة من العلوم الغيبية فانهم عليهم الصلاة و السلام يعلمون بل يرون و يشاهدون جميع ما كان و ما يكون من اول يوم الى اليوم الآخر

 “Албатта ғайблар ато қилинган мутлақ илм Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассалом ҳазратларига етмоғи хосдир! Бошқаларда ҳосил бўлган нарсалар (ғайб илми) у зотнинг файзлари, мададлари, фойдалари ва иршодлари натижасида ҳосил бўлади. Бошқаларнинг баробар бўлиши қаерда ҳам бўлсин?! Улар пайғамбарларнинг илмларидан жуда озгинасини биладилар. Уларнинг ёнбошларида туриб, ғайбий илмлардан диққат қилганлари бирор нарсани санай олиши мумкин, холос. Албатта Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассалом илк кундан бошлаб охирги кунгача (дунё бошлангандан то қиёматгача) бўлиб ўтган ва энди бўладиган жами нарсаларни биладилар, балки кўриб, гувоҳ бўлиб турадилар” (Аҳмад Ризохон. Ад-Давлат ал-маккия би-л-моддат ал-ғайбия. – Истанбул: Hakikat kitabevi, 2011. – Б. 54).

Демак, юқоридаги иқтибос олинган гаплар аҳли суннат ва жамоатнинг энг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳига тамоман зиддир. Юқоридаги иқтибосга эътибор берсангиз, “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳида “ғайбнинг куллийсини – барчасини пайғамбарлар билмайди, агар ғайбнинг жузъийсини – баъзисини улар билади, дейдиган бўлсак, у ҳолда бошқалар ҳам бу борада баробардир”, деган маъно қайд қилинган. Бироқ, мазкур манбанинг аҳли суннат ва жамоатда эътиборли бўлиб келган ушбу ақидасига юқорида иқтибос олинган фикр зид ва қарши ҳисобланади. Афсуски, Ашраф Али ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳифз ул-имон” рисолачасида келтирилган, аслида, “ал-Мавоқиф” ва унинг шарҳидан олинган: “ғайбнинг куллийсини – барчасини пайғамбарлар билмайди, агар ғайбнинг жузъийсини улар билади, дейдиган бўлсак, у ҳолда бошқалар ҳам бу борада баробардир”, деган маънони ёзгани учун кофирга чиқариб, оламга жар солганлар ҳам мавжуд.

“Тафсири Қози”нинг соҳиби Носируддин Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байзовий раҳимаҳуллоҳнинг калом илмига оид машҳур “Таволеъ ал-анвор” асари бор. Унга Шамсуддин ибн Маҳмуд ал-Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ томонидан “Матолеъ ан-анзор” деган шарҳ битилган. Мазкур шарҳга ҳам Мир Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ ҳошия боғлаган. Хуллас, мана шу “Таволеъ” ва “Матолеъ” ҳошиялари билан бирга ўрта аср мадрасаларида Ўрта Осиёда, балки, бутун ислом оламида аҳли суннат ва жамоатнинг эътиборли манбаларидан бири сифатида ўқитиб, ўргатилиб келинган. Унда мазкур масалани қуйидагича баён қилади:

و قد أورد على هذا بانهم ان ارادوا بالاطلاع اطلاع على جميع الغائبات فهو ليس بشرط فى كون الشخص نبيا بالاتفاق و ان ارادوا الاطلاع على بعضها فلا يكون ذلك خاصة للنبى اذ ما من احد الا و يجوز ان يطلع على بعض الغائبات من دون سابقية تعليم و تعلم و ايضا النفوس البشرية كلها متحدة بالنوع فلا يختلف حقيقتها بالصفاء و الكدر فما جاز لبعض جاز ان يكون لبعض آخر فلا يكون الاطلاع خاصة للنبى

“Бунга шундай ийрод (рад жавоби) етказилади: улар хабардорликдан барча ғайблардан хабардор бўлишни назарда тутган бўлсалар, у ҳолда, бир одамнинг пайғамбар бўлишида бу би-л-иттифоқ шарт қилинган эмас! Агар айрим ғайб ишлардан хабардорликни хоҳлаган бўлсалар, бу пайғамбарга хос бўлмайди. Чунки, ҳар бир шахс ўқиб-ўрганмасдан туриб ҳам ғайбларнинг баъзисидан хабардор бўлиши мумкин. Яна инсоний руҳият барча одамларда бир хилдир. Унинг ҳақиқати софлик ва кирланганлик билан турлича бўлиб қолмайди. Баъзи кимсаларга жоиз бўлган нарса бошқа бировларда ҳам жоиз бўлаверади. Демак, ғайбдан хабардорликни пайғамбарга хос деб бўлмайди” (“Таволеъ ал-анвор” ва шарҳуҳу “Матолеъ ал-анзор” маъа ҳошиятуҳума. – Истанбул, 1887. – Б. 408).     

Мир Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг буюк замондоши Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ҳам файласуфларнинг “пайғамбарлар ғайбни билади”, деган гапларини ўзининг “Шарҳ Мақосид ал-калом” асарида кўриб чиққанлар ва рад қилганлар. Мазкур манба ҳам аҳли суннат ва жамоатнинг, айниқса, мотуридийлик таълимотининг энг улуғ китобларидан биридир (Қаранг: Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 5-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1998. – Б. 21-24).

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ яна “Шарҳ Мақосид ал-калом” асарида шиаларнинг ва рофизийларнинг ҳаддан ошган тоифалари ўз имомларини (авлиёуллоҳларни) ғайбни билиши керак, улар бошқа ғайбий нарсаларни ҳам билиб туради, деган ақидада эканлигини айтиб, ушбу ақиданинг хурофот эканлигини аниқ ва равшан қилиб ёзиб қолдирганлар:

و امّا اشتراط المعجزة و العلم بالمغيبات و اللغات و الحرف و الصناعات و طبائع الأغذية و عجائب البر و البحر و السماء و الأرض فمن الخرافات

قد إشترط الغلاة من الروافض ان يكون الإمام صاحب معجزة عالما بالغيوب و بجميع اللغات و بجميع الحرف و الصناعات و بطبائع الأغذية و الأدوية و بعجائب البر و البحر و السماء و الأرض و هذه خرافات مفضية الى نفى الامام و رفض الشريعة و الاحكام

“Мўъжизани, ғайб нарсаларни билишни, луғатларни, ҳарф (ёзув)ларни, санъатларни, озиқ-овқатларнинг табиатлари, қуруқлик ва денгиздаги, еру самодаги ажойиботларни ҳам билишни шарт қилиш хурофотлардандир!

Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ айтишича, рофизийларнинг ғулувга кетганлари имомнинг мўъжиза соҳиби бўлишини, ғайбларни билишни, жами луғатларни, жами ёзувларни, санъатларни, озиқ-овқатлари, дори-дармонларнинг табиатларини, қуруқлик ва сувликлардаги, ер ва осмонлардаги ажойиботларни билишини шарт қиладилар. Булар имомни инкор қилишга олиб борадиган ҳамда шариат ва ҳукмларни йўққа чиқаришга етаклайдиган хурофотлардир!” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 5-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1998. – Б. 252).  

Демак, “Пайғамбар алайҳиссалом, шунингдек авлиёлар ҳам ғайбни мутлақо билганлар ва ҳозир ҳам билиб турадилар”, деган маънодаги гаплар шиалар таъсирида айтилган бўлиб чиқади. Чунки, “ал-Ақоид ал-Азудийя”га “Шарҳи Мулла Жалол” номи билан шуҳрат қозонган шарҳ битган ва мана шу шарҳи охирги беш юз йил давомида Мовароуннаҳр мадрасаларида ақидадан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган улуғ аллома Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг шиаларга раддия сифатида битган “ал-Ҳужаж ал-боҳира” асарида шиаларнинг ақидаларидан бири ҳақида бундай ёзадилар:

و منها دعاويهم له و لسائر ائمتهم علم الغيب و يحتجون بما قال الله تعالى عن اللوح المحفوظ «و كلّ شئ أحصيناه فى إمام مبين» أى علىّ و كلّ من أئمتهم

“Яна уларнинг (шиаларнинг) ақидаларидан бири, уларнинг уни (Имом Маҳдийни) ва бошқа имомлари учун илми ғайбни даъво қилишларидир. Бунга Аллоҳ таолонинг аслида Лавҳи маҳфуз ҳақида айтган: “Биз аниқлаб бергувчи Имом (Лавҳул-маҳфуз)да барча нарсани ҳисобга олганмиз” (Ёсин, 12) оятини ҳужжат келтирадилар ва бу Имомдан мурод Ҳазрати Али ва барча имомлари эканини даъво қиладилар” (Жалолиддин ад-Даввоний. Ал-Ҳужаж ал-боҳира. – Мадина: Имом ал-Бухорий, 2000. – Б. 343).

Шуни таъкидлаш керакки, Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтган “Ёсин сураси”нинг 12-оятини шиалар каби адашган тоифалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва авлиёлар мутлақо ғайбни билишига далил сифатида келтирадилар. Жумладан, “Инбо ал-Мустафо” номли асарда уни далил қилиб келтирилган ва “Ушбу қатъий далилдан равшанки, Қуръон соҳиби соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло тамоми мавжудотни, қиёматгача бўлган ва бўладиган нарсаларни (ма кона ва ма йакуну ила йавм ал-қиёма), Лавҳи Маҳфузга киритилган жами маълумотларни, шарқу ғарбдагиларни, еру осмондагиларни, аршу фаршнинг ҳар бир заррасини у зотда ҳозир қилгандир”, дейилган (Аҳмад Ризохон. Инбо ал-Мустафо би-ҳоли сирр ва ахфо. – “Даъвати исломий” нашри. – Б. 4).    

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни қиёмат қачон бўлишини ҳам биладилар, деб даъво қиладиганлар ҳам бор. Жумладан, “Жоа-л-Ҳақ” номли асарда “Пайғамбар (а.с.) ғайбни мутлақ биладилар”, деган даъвосига далиллар келтириб, эътирозларга ўзича жавоб берилган. Шу асарнинг 50-52 саҳифаларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматнинг қачон бўлишини ҳам билганлар, деган даъво исботлашга урунилган ва Аллоҳ таолонинг: يسئلونك عن الساعة – “Сендан қиёмат соатидан сўрайдилар”, деб бошланадиган бир неча оятни таъвил қилишга ҳаракат қилинган. Буюк ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ушбу фикрга ўхшаганларга ўзининг “Мавзуот ал-кабир” асарларида раддия бериб бундай деганлар:

و قد جاهر بالكذب بعض من يدعى فى زماننا العلم و هو متشبع بما لم يعط، انّ رسول الله كان يعلم متى تقوم الساعة قيل له فقد قال فى حديث جبريل ما المسئول عنها باعلم من السائل فحرفه عن موضعه و قال معناه انا و انت نعلمها و هذا من اعظم الجهل و اقبح التحريف

“Бизнинг замонамизда илмни даъво қилганлардан айримлари ёлғонни ошкора айтиб чиқдилар. Ҳолбуки, улар ато қилинмаган нарса билан тўйиб олганлардир. Уларнинг ёлғони шуки, “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат қачон бўлишларини билар эдилар”, дейишдир. Уларга “Жаброил ҳадиси”даги “Сўралган кимса сўровчидан билувчироқ эмас!”, деганларини айтилса, у маънони ўз ўрнидан ўзгартириб, унинг маъноси: “Мен ва сен қиёмат қачон бўлишини биламиз!”, дейди. Бу жаҳолатнинг энг улуғи ва ўзгартиришнинг энг қабиҳидир!” (Али ал-қори. Мавзуоти кабир. – Истанбул, 1900. – Б. 114). 

Демак, ғайб илми Аллоҳ таолонинг ўзига хос илми экан. Ундан хабар етказиш эса иккинчи масала бўлиб, уни бундай тушуниш керак: ғайбнинг хабарини бандаларга етказиш бевосита эмас, балки пайғамбарларга фаришталар орқали ваҳий ўлароқ келганига мувофиқ содир бўлади. Пайғамбарларнинг ғайбдан айримлари ҳақида хабар етказганларига шак-шубҳасиз ишонамиз ва бу пайғамбарларга берилган мўъжизанинг асосини ташкил қилади. Аллоҳ таоло ўзининг зот ва сифатлари ҳақидаги хабарлар, қиёматгача бўладиган дажжол, яъжуж-маъжуж сингари айрим воқеа ва ҳодисалар, қабрдаги ҳолатлар, охиратдаги қайта тирилиш ҳодисалари, жаннат ва дўзах – буларнинг бари ғайбий ишлар бўлиб, уларни барча пайғамбарлар, жумладан, бизнинг севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тўла ва мукаммал равишда етказганлар. Булар ўз-ўзидан бўлмайди, уларни Аллоҳ таолонинг хос бандаларига махсус хабари – ваҳийси орқалигина билиб олинади. Бу билишлар эса ўта хос ҳолатлар бўлиб, уни аниқ ва ишончли далиллар бўлмагани боис барча ҳолатларга татбиқ этиб бўлмайди! Қуйидаги икки ояти кариманинг маъноси шунга яққол далолат қилади:

و ما كان الله ليطلعكم على الغيب و لكنّ الله يجتبى من رسله من يشاء

“Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз расулларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир” (Оли Имрон, 179).

تلك من أنباء الغيب نوحيها اليك ما كنت تعلمها انت و لا قومك من قبل هذا

“Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам” (Ҳуд, 49).

Аллоҳ таоло томонидан махсус ваҳий орқали билдирилмаганларидан ташқари барча ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳамма қатори била олмаганлар. Бунга: “Албатта мен ҳам башарман!” деган ҳадисларини далил сифатида кўрсатишимиз мумкин. Шуни унутмаслик даркорки, уни бир марта айтиб қўймаганлар, турли воқеалар сабабидан доим такрорлашни одат қилган эдилар:

1) Саждаи саҳв мавзусида – намозда чалкашиб кетганларида “Албатта мен ҳам башарман!” деганлар:

و لكن انما أنا بشر مثلكم أنسى كما تنسون فاذا نسيت فذكرونى

“Лекин, мен сизларга ўхшаган башарман! Сизлар унутганингиз каби мен ҳам унутаман. Қачон унутсам, менга эслатинглар!” (Бухорий, 1/401; Муслим, 1/572).

2) Жанжалкашларнинг орасида ҳукм қилмоқчи бўлганларида ҳам “Албатта мен ҳам башарман!” деганлар:

انما انا بشر و انه يأتينى الخصم فلعلّ بعضكم ان يكون أبلغ من بعض فأحسب انه صدق فاقضى له بذلك فمن قضيت له بحق مسلم فانما هى قطعة من النار فليأخذها او فليتركها

“Албатта мен ҳам башарман! Менга рақиблар келди. Баъзингиз бошқангизга нисбатан гапга устароқ бўлади. Мен унинг гапига қараб, у тўғри гапиряпти, деб ўйлаб қолишим мумкин ва шунинг фойдасига ҳукм қилиб юбораман. Бас, кимки бировнинг ҳаққини олиб, менга ҳукм чиқартириб олса, у дўзахдан бир парча ҳисобланади. Ким хоҳласа, уни олсин ёки тарк қилсин!” (Бухорий, 3/2458).

Мазкур ҳадис бошқа ўринда бу тариқа келтирилган:

انما أنا بشر و انكم تختصمون الىّ و لعلّ بعضكم ان يكون الحن بحجّته من بعض و أقضى له على نحو ما أسمع فمن قضيت له من حقّ أخيه شيئا فلا يأخذ فانما أقطع له قطعة من النار

“Албатта мен ҳам башарман! Сизлар менинг олдимга хусуматлашиб келасизлар. Гоҳида баъзингиз бошқасидан кўра ҳужжати кучлироқ бўлиб туйилади. Мен эса эшитганимга қараб унинг фойдасига ҳукм қилиб қўяман. Кимки биродарининг ҳаққидан бирор нарсани ўз фойдасига мендан ҳукм қилдириб олса, уни олиб ўтирмасин. Чунки, у дўзахдан бўлган бир парчадан кўра ёмонроқдир!” (Бухорий, 9/6967).

3) Хурмо дарахтларини пайвандлаш ва чанглатиш ҳақидаги тавсиялари хато чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

انما أنا بشر اذا أمرتكم بشئ من دينكم فخذوا به و اذا أمرتكم بشئ من رأى فانما أنا بشر

“Албатта мен ҳам башарман! Қачон сизларни динингиздан бирор нарсага буюрсам, уни олинглар. Агар раъй-фикр билан сизларни бирор нарсага буюрсам, демак, мен ҳам башарман!” (Муслим, 4/2362).

4) Икки кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғазаблантириб қўйганида, уларни лаънатлаб қўйганлар. Шундан сўнг, бундай деб дуо қилганлар:

 اللهم انما أنا بشر فأىّ المسلمين لعنته او سببته فاجعله له زكاة و أجرا

“Эй, Аллоҳ! Албатта мен ҳам башарман! Бас, қайси мусулмонни лаънатласам ёки уни сўксам, буни унинг учун поклаш ва ажр-савоб қилиб бергин!” (Муслим, 4/2600-2602).

Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

انما أنا بشر أضيق كما يضيق به البشر

“Албатта мен ҳам башарман! Одамзот сиқилгани каби мен ҳам сиқиламан!” деганлар (Аҳмад, 6/24808).

5) Намозни бошлаб туриб, саҳобаларга туриб туринг, деб ичкарига ювинишга кириб кетганларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта мен ҳам башарман!” деганлар:

انما أنا بشر و انى كنت جنبا

“Албатта мен ҳам башарман! Мен жунуб бўлиб қолган эдим (ғусл қилиш эсимдан чиқиб қолибди)(Абу Довуд, 1/234; Аҳмад, 5/20436).

6) Одамларга махсус хутба – мавъиза қилганларида ҳам “Албатта мен ҳам башарман!” деганлар:

أيّها الناس انما أنا بشر يوشك ان يأتينى رسول ربّى فأجيبه

Эй, одамлар! “Албатта мен ҳам башарман! Менга парвардигоримнинг элчиси (фаришта) тез-тез келиб туради, шунда мен унга жавоб бераман!” (Насоий, 5/8175).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта мен ҳам башарман!” деганларини аҳли суннат ва жамоатнинг таниқли ҳадисшунос олими қуйидагича изоҳлаган:

Ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқот ал-мафотиҳ”да бундай деганлар:

اى فليس لى اطلاع على المغيبات و انما ذلك شئ قلته بحسب الظنّ

“Яъни, менда ғайбларни билиш мавжуд эмас! Албатта мен бу нарсани гумон билан айтган эдим” (Мавлоно Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 377).

Саждаи саҳв вақтида “Албатта мен ҳам башарман!” деганларини Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ: اى فى جميع الأمور البشرية الا انه يوحى الىّ – “Яъни, башарий ишларнинг барчасида мен башарман, фақат менга ваҳий келгандагина бундан мустасно”, деб изоҳлаганлар (Мавлоно Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 96).

Аллома ас-Синдий раҳимаҳуллоҳ эса “Саҳиҳ ал-Бухорий”га битган ҳошиясида “Албатта мен ҳам башарман!” деган гапни бундай изоҳлаганлар:

فهو حصر فى البشرية بالنسبة الى الاطلاع على البواطن فهو قصر قلب ردّا على من زعم ان من كان رسولا يعلم الغيب

“Бас, ушбу гап ички – ботиний нарсалардан хабардорликка нисбатан башарий чегарадир, демак, у қалбнинг (билими) қисқалиги бўлиб, бу “пайғамбар ғайбни биладиган кимса бўлади”, деб ўйлайдиган одамга раддиядир!” (Ҳошият ас-Синдий ъала ал-Бухорий // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 393).

Чунки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз Каломи шарифида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Ғайбни билмайман!”, деб айтишларини бу тариқа буюради:

قل لا أقول لكم عندى خزائن الله و لا أعلم الغيب و لا أقول لكم إنّى ملك ان اتّبع الا ما يوحى الىّ قل هل يستوى الأعمى و البصير افلا تتفكرون

“Айтинг: “Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор ҳам демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Шунингдек, сизларга: “Мен фариштаман” ҳам демайман. Мен фақат, менга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман”. Айтинг: “Кўзи кўр одам билан кўргувчи одам тенг бўлурми? Бас, фикр юритмайсизми?” (Анъом, 50).

Кейинчалик тобеъинларнинг улуғларидан Масруқ разийаллоҳу анҳуга Ойша онамиз разийаллоҳу анҳу: “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар ва “Кимки “Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билади”, деса ёлғон айтибди”, деганлар ҳамда бунга “Луқмон сураси”нинг 34-оятини ва “Намл сураси”нинг 65-оятини далил сифатида келтирганлар:

و من حدثك أنه يعلم الغيب فقد كذب و هو يقول لا يعلم الغيب الا الله

“Кимки сенга ул зоти шариф (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғайбни билади, деб гапирса, батаҳқиқ у ёлғон айтибди. Ул зот: “Ғайбни Аллоҳдан бошқа билмайди”, дер эдилар” (Бухорий, 6/6945; Муслим, 1/177; Термизий, 4/3291; Насоий, 6/11408).

Мазкур “Анъом сураси”нинг биз келтирган 50-ояти ҳамда Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг гапларини ўзларича мансух бўлган дегувчилар топилади. Шуни билмоқ керакки, ушбу оят ва ҳадисдаги маъно ақидавий масала бўлиб, ақидалар ҳеч қачон мансух (бекор) бўлмайди. Мансух дегани фиқҳий ҳукм оятларида бўлади. Шу билан бирга ҳеч ким ушбу оят ва ҳадисларни мансух бўлган деб айтмаган, носих (бекор қилувчи) ҳукмни топиб беролмаган. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳадислари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин айтилган бўлиб, унга қарши бирорта саҳоба ёки тобеъий фикр билдирмаган. Тўғри, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо шу гапларини, яъни: “Кимки сенга ул зоти шариф (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғайбни билади, деб гапирса, батаҳқиқ у ёлғон айтибди”, деб айтаётган чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга ўз жасадлари ила чиққан, деган гапни рад этадилар. Меърож воқеаси Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ёш қизалоқ вақтида содир бўлиб, асл ҳолатни яхши тушунмай, бехабар қолганлиги эҳтимолдан узоқ эмас. Шунинг учун ҳам унинг бу гапига жами катта саҳобалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг улуғ сафдошлари қарши фикр билдирганлар ва ул зоти шариф ўз жасадлари ила уйғоқ ҳолида меърожга чиққан, деганлар. Мана шунинг учун ҳам аҳли суннат ва жамоат уламолари якдиллик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз баданлари ила уйғоқ ҳолларида меърожга чиққанлар, деган ақидавий фикрни илгари сурадилар. Агар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг “Кимки сенга ул зоти шариф (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғайбни билади, деб гапирса, батаҳқиқ у ёлғон айтибди”, деган гаплари нотўғри бўлганида, улуғ саҳобалар, олим ва мужтаҳид саҳобалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан доим бирга юрган саҳобалар унинг хатосини айтиб, баён қилиб берган бўлардилар, албатта.

“Гулистон” ва “Бўстон” асарлари ила тарихда донг қозонган адиблардан бири Саъдий Шерозий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Куллиёт”ларида мана бу байтни ёзиб қолдирган:

Илми ғайбий кас намедонад ба-жуз Парвардигор,

Ҳар касе гўяд, ки медонам аз-ў, бовар мадор!

Мустафо ҳаргиз нагуфти то нагуфти Жаброил,

Жабраилаш ҳам нагуфти то нагуфти Кирдигор.

(“Ғайб илмини Парвардигордан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳар ким “Мен уни биламан”, деса унга ишонмагин! Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам то Жаброил фаришта алайҳиссалом айтмагунча айтмас эдилар. Жаброил ҳам то Кирдигори таоло айтмагунча айтмас эди”).   

Юқоридаги илмий ва аниқ маълумотлар асосида хулоса қилиш мумкинки, аҳли суннат ва жамоат эътиқодига мансуб кимсалар ва уламолар: “Аллоҳ таоло ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”, деб исломнинг соф ақидасини баён қилиб келганлар. Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар эса ўзларининг “Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни мутлақо билганлар ва ҳозир ҳам билиб турадилар”, деган маънодаги асоссиз ақидасини аслида файласуфлардан ва шиалардан ўзлаштириб олган эканлар. Биз буни аҳли суннат ва жамоатнинг уч нафар буюк алломаси Азудиддин ал-Ийжий раҳимаҳуллоҳ, Мир Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ ва Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг асарлари орқали билиб олдик. Уларнинг ушбу фикрлари эса аниқ ва ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмайди. Шунинг учун аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар келтирадиган ҳар қандай далилларга таъсирланиб қолиш керак эмас, зотан, уларнинг далиллари аниқ ва эҳтимолсиз эмас.

Ислом шариати ва асли ўзгартирилмаган динларнинг барчаси тавҳид ғоясига асослангандир. “Аллоҳ таологина ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”, деган ақида эса ана шу тавҳид таълимотига жуда мос келади.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *