Аждодларимизнинг истимдод қилишлари — мадад сўрашлари

Lotin alifbosida

ravzaБисмиллаҳир роҳманир роҳийм

“Истимдод” масаласи динимизда ихтилофли масалалар жумласидан ҳисобланади. У руҳлардан, ўтганлар арвоҳидан мадад сўраш бўлиб, уни бемазҳаб «салафий» ва ваҳҳобийлар ширк деб биладилар. Ширк деганда ҳам, “ширки акбар” (“энг катта ширк”) жумласидан санайдилар. Уларнинг гап-сўзларига ишониб-алданиб қолганлар, асил ҳолатни илмий текшириб кўрмаганлар ҳам истимдодни ширк деганлар. Аслида, жами тариқат вакиллари ва намоёндалари ва айрим фақиҳ уламолар уни жоиз санайдилар.

Кўпчилик фақиҳ ва барча зоҳир уламолари уни ширк дейишмаса-да, “садди заройеъ” қоидасига биноан қилмаган маъқул дейдилар. Чунки, истимдод аслида ширк бўлмаса ҳам, ширкка йўл очадиган жиҳатлардан биридир. Зотан, руҳлар инсонларга мустақил равишда мадад-ёрдам бера олмасликлари турган гап! Руҳлар бахт улаша олмайди, бефарзандга фарзанд бермайди, касалларга шифо бахш этмайди. Бироқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳузурида қадр-қиймати бор руҳлар зиёрат қилувчи ва истимдод қилувчининг тилагини Яратгандан сўраб бериши мумкин. Зотан, “Руҳлар қўлласин!” ёки “Хизр бобо қўлласин!”, деганда тилакни Аллоҳдан сўралаётгани ўз-ўзидан маълум бўлиб турибди. Руҳлар эса ҳеч қачон ўлмайдилар, ҳамиша тирикдирлар. Шунинг учун ҳам, аҳли суннат ва жамоатдан оғишмаган раббоний уламоларнинг барчаси уни асло ширк деб, уни қилувчиларни мушрик деб баҳолаган эмаслар. Биз бу ерда истимдод ҳақида, унинг жоиз ёки жоиз эмаслиги ҳақида, икки томоннинг далил ва ҳужжатлари тўғрисида сўз юритмоқчи эмасмиз. Бундай қилиш ниятимиз ҳам йўқ. Бу ерда биз ота-боболаримиз ва таниқли аждодларимизнинг истимдод қилганлари тўғрисида маълумот бериб қўймоқчимиз. Ҳозирги мусулмон халқимиз ҳам “Аждодлар руҳи қўлласин!” деган тилакни тез-тез такрорлайдилар.

(Бемазҳаб «салафий» ва ваҳҳобийлар инсоф қилиб, ўтган аждодларимизни ширк амални қилувчи деб баҳоламасалар керак, деган умидимиз бор. Беҳуда тортишув, баҳс-мунозара ва комментларда ҳақорат ва таъналардан ўзларини сақлайдилар, деб илтимос қиламиз.).

Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр”:

Алишер Навоий ўзбек халқининг азиз фарзанди, буюк шоир, мутафаккир, улуғ валийуллоҳ зот бўлганлар. У зот “истимдод”ни жоиз санаганлар, руҳларнинг мадад беришини мумкин иш деганлар. Ўтганларнинг муборак арвоҳлари инсонни қўллаб-қувватлаб туришини Парвардигори оламнинг куч-қудрати ила бўлиши мумкин деб ҳисоблаганлар. Жумладан, у зот “Хамса” асарини ёзиб-битказишни ўтган ота-боболари, хусусан беш аждоди руҳидан мадад бўлгани учун деб ҳисоблаганлар. У зот “Наводир аш-шабоб”да бундай дейдилар:

Бўлмағай эрди муяссар “Хамса”, яъни панж ганж,

Қилмаса эрди мадад ҳолимға беш оли або!

Эй Навоий, чорайи дардингни қилғай улки бор

Ҳам расулу ҳам амин, ҳам мустафо, ҳам мужтабо!

“Бадойеъ ул-васат”даги бир байтида эса Алишер Навоий бобомиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай деб хитоб қилади:

Ё Набийаллоҳ, саломатдин бўлубмен мунҳариф,

Бир иноят бирла аҳволимни қилғил мустақим!

Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» («Қуш тили») асари буюк мутасаввиф адиб Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қуш тили») асари асосида ёзилган. Алишер Навоий бобомиз «Лисон ут-тайр»ни ёзар эканлар, Фаридиддин Атторнинг руҳларидан истимдод сўраб, ишни бошлаганлар ва муваффақиятга эришганлар. У зот ушбу ҳолатни қуйидагича ифодалайдилар:

Олтмишға умр қўйғонда қадам,

Қуш тили шарҳ этгали йўндим қалам.

Шайхнинг руҳидин истимдод этиб,

Кўргач истимдод, ул имдод этиб.

Эрдим ёрим кеча ашғолим чоғи,

Табъ бу маъниға машғул ўлмоғи.

Хома рафторин неча сурсам неча,

Қирқ-эллик аст ҳар ёрим кеча.

Сафҳаға ёзмай қарорим йўқ эди,

Бу рақамда ихтиёрим йўқ эди.

Шайх руҳидин қилиб кўб эҳтимом,

Қилдим оз фурсатда арқосин тамом.

Сўз тадқиқ эрди, маъни андаким,

Гарчи қилдим ўз-ўзимга ушталим.

Шайх руҳидин вале етти кушод,

Ким муродин тобти ушбу номурод!

(Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. ЎзР ФА ШИ, № 11613/I. – B. 56a).

Муин Мискин Фароҳий. “Сийари набий”:

Алишер Навоий даврининг кўзга кўринган воиз олимларидан бири Мулла Муин Мискин Фароҳий ўзининг халқ орасида «Сийари набий» номи билан машҳур бўлиб кетган «Маориж ан-нубувват» асари билан танилганлар. Ушбу асар Алишер Навоийга бағишлаб ёзилган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳларидан истимдод сўраб, қуйидагича ёзадилар:

بعد از آنكه اين مجالس شريف المعارس بتوفيق و اعانت آلهى جلّ و علا سمت اتمام پذيرفت و بامداد روحانيت حضرت رسالت صلى الله عليه و سلم شرف احتشام يافت

«Шундан сўнг, бу зийнатли мажлиси шарифлар илоҳий ёрдам ва тавфиқ билан охирги нишонига етиб келди, Ҳазрати рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳониятларининг мадади ила муҳташамлик шарафини топди» (Муин Мискин. Маориж ан-нубувва. ЎзР ФА ШИ, № 11389. – В. 5a).

Муҳаммад Ҳайдар Ғарибий. “Мусибатнома”:

Нақшбандия ва яссавия тариқати вакили Муҳаммад Ҳайдар ибн Ёдгор шайх Ғарибий ўзининг 1136/1723-1724 йили битган «Мусибатнома» асарида қуйидагиларни ёзади:

 در تأريخ سنه ١١٣٦ در فصل بهار باستعانت قادر جبار و بامداد رسول مختار بمعانت چهار يار عالى تبار توجه بابرار اين كتابت را مصيبت نامه نام نهاده شد

«1136 йил тарихида баҳор фаслида Қодири Жабборнинг ёрдами, Расули мухторнинг мадади, Чаҳорёри олиймақомнинг кўмаги ила яхшиларга юзланган ҳолда ушбу ёзувларга «Мусибатнома» деб ном берилди (Ғарибий. Мусибатнома. ЎзР ФА ШИ, № 11504. – В. 5а).

و اين غريب را هر وقتى كه از حوادثات روزگار چيزى واقع ميشد بارواح بزرگان حضرت ايشان متوجه شده استمدادى نمودم، اكثر مشكل فقير حل ميشده

«Бу ғарибга ҳар вақт кунларнинг ҳодисаларидан бирор нарса юзага келиб қолса, бузрукларнинг арвоҳларига юзланиб, улар тарафга истимдод қилар эдим, фақирнинг мушкулларидан кўпроғи ҳал бўлар эди (Ғарибий. Мусибатнома. ЎзР ФА ШИ, № 11504. – В. 6а).

Музаффар хўжа Киромий. “Риёз ал-восилин”:

Хоразмлик таниқли шоир Мунис Хоразмийнинг пири муршиди нақшбандия тариқатининг вакилларидан бири, хўжаэлилик Музаффар хўжа Киромий ўзининг «Риёз ал-восилин» асарида устози ва шайхи Пирим хўжа ҳақида ёзар экан, қуйидаги сатрларни битади:

Ё раб, аз алтофи ту мағфур соз,

Равзаи олияш пур аз нур соз.

Дамбадам аз руҳи шарифаш мадад,

Бар ҳама мўътақидонаш бирасад!

(Маъноси: «Эй раб, ўзингнинг лутфларингдан мағфират қилгин, унинг олий қабрини нурдан тўлдиргин. Дамбадам унинг барча мухлисларига шарофатли руҳидан мадад етказиб тур!).
(Киромий. Риёз ал-восилин. ЎзР ФА ШИ, № 862. – В. 25б).

Муҳаммад Ризо Огаҳий. “Девон”:

Ўзбек халқининг таниқли шоири, хоразмлик муаррих ва олим Муҳаммад Ризо Огаҳий девонида қуйидаги байт мавжуд. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бевосита хитоб қилиб, руҳларидан мадад сўралади:

Остонбўсингни истаб жони маҳзуним аро

Юз ғамим бордурки юз йил деб бири бўлмас адо.

Огаҳийға орзу равзанг тавофи азмидур,

Ё Набий, айлаб онга имдод, еткур иҳтидо!

 (Муҳаммад Ризо Огаҳий. Девон. ЎзР ФА ШИ, № 938).

Ҳувайдо. “Девон”:

Таниқли ўзбек шоири, мутасаввиф шоир Мавлоно Ҳувайдо бир ғазалида бошдан-оёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руҳларига илтижо қилинади:

Ман осийи бечорадурман, дармондаман, ё Мустафо!

Аввал руҳи покингга сани илким очиб қилдим дуо.

Нафс йўлини юрдим кезиб, қолдим аро йўлда ҳориб,

Озғурди мани йўлдин, найлайин, ё Аҳмадо, нафсу ҳаво.

Бероҳ бир йўлни кезиб, қолдим аро йўлда ҳориб,

Фастамеъ дуоано, истажиб, эй жумла элга раҳнамо!

Бечоралар ғамхўрисан, дармондалар дастгирисан,

Пушти паноҳ умматга сан, эй шофеъи рўзи жазо!

Эй раҳматан лил-оламин, сансан имом ал-муттақин,

Зуҳд аҳли бирла ҳамнишин, ишқ элига айн ал-яқин,

Мероси қалб ал-мўъминин, эй офтоби Ваззуҳо!

Санга сиғиндим, ё Расул, сан имоми жузву кулл,

Эй, ҳодийи аҳли субул, эй чашми жонға тўтиё!

Сансан анодин меҳрибон, сандин тиларман кўб омон,

Келса манга ҳар на ёмон, сансан табар янглиғ паноҳ!

Сансан Расули Мустафо, бадриддужо, нурилҳудо,

Айлаб Ҳувайдо кўб жафо, руҳинга ҳар шому сабо.

(Ҳувайдо. Девони Ҳувайдо. ЎзР ФА ШИ, № 11513. – В. 15b-16a).

Муҳаййир. “Девон”:

Қўқон адабий муҳитининг истеъдодли вакилларидан бири Муҳаммадқул Муҳаммадрасул ўғли Муҳаййир девонидаги байтлар истимдод ва тавассулнинг жоиз кўрилганига далил бўла олади:

Ё Расулаллоҳ, агарчи итча йўқ ҳолим мени,

Жону дил бирла эрурман қулларинга ошно.

Мен киму наътингни деб, васфингни ёзмоқ, эй Набий,

Мен киму сен шоҳни васлингни қилмоқ муддао.

Нафсу шайтон бўлдилар ғолиб менга, айланг мадад

Ё Абу Бакру Умар, Усмон, Алиюл Муртазо.

Гарчи осийман, шафоатдин умидим кўп эрур,

Қилмағил маҳрум тонгла ҳурмати оли або.

(Муҳаййир. Девон / Нашрга тайёрловчи: А.Деҳқонов. – Тошкент: Muharrir, 2010. – Б. 25-26).

Ҳасанмурод қори Лаффасий. «Тазкира-и шуаро»:

Хивалик муаррих Ҳасанмурод қори Лаффасий ўзининг «Тазкира-и шуаро» асарида қуйидагича ёзади:

«Аммо, Лаффасий ўз ҳолидин қисқача қилиб маълум этадурки, аксар биродарларға малолхавотир бўлмасун, деб, гарчи замон-и муқаддам шуароларининг руҳларидин мадад ва ёрдамлиғ истаб, ушбу тазкирани таълиф этадур» (Ҳасанмурод Лаффасий. Тазкира-и шуаро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 12561/I. – В. 103a).

Ҳасанмурод қори Лаффасий мазкур «Тазкира-и шуаро» асарида Элликқалъа ҳудудида дафн қилинган Абдуллоҳ Норимжон валий бобо қуддиса сирруҳу руҳларидан мадад сўраб битган мухаммаси “истимдод”нинг ёрқин кўринишидир:

Мухаммас-и Лаффасий

Икки оламда муаттардур Худо суйган қули,

Ўтган эрмиш шаҳр-и Хоразм ичра бир соҳибдиле,

Ҳақға тоат айлабон қум ичра қилмиш манзиле,

Ҳар киши қилса зиёрат биткарур ҳар мушкиле,

Бир мадад қилғил манга, Абдуллоҳ Норимжон валий!

Нечалар келди қофунгға, ҳожати бўлди раво,

Ожиз-у дармондаларнинг дардиға бўлдинг даво,

Икки оламда мукаррам айлади Сизни Худо,

Даргаҳ-и олийжанобингға келур шоҳ-у гадо,

Раҳм қил афтодаман, Абдуллоҳ Норимжон валий!

Гўё қум ўртасида шаҳра ўхшар манзилинг,

Гунбаз-и олийжанобингда очилмишдур гулшанинг,

Барча толиб нола айлар эрди гўё булбулинг,

Кулбанга келган киши хизмат қилур гўё қулинг,

Бир назар қилғил манга, Абдуллоҳ Норимжон валий!

Фавтинга «Ҳайй-у қадир» таърих эркан, авлиё,

Жон-у дил бирла зиёратға келур фақр-у ғино,

Шайх Мухтор сув ташиб, гунбазларинг қилди бино,

Ҳар киши қилса зиёрат кўрмагай ранж-у ино,

Марҳамат қилғил манга, Абдуллоҳ Норимжон валий!

Корхонангда неча бечора, бекаслар ётиб,

Ғарқ эрур бошдин оёқинг абр-и раҳматга ботиб,

Шайхлар Ҳотам масаллик нон-у ошинг тарқатиб,

Бир неча афтодалар Қорун бўлди сув сотиб,

Бир марҳамат қилғил манга Абдуллоҳ Норимжон валий!

Мақдам-и покингға келган бенавоға қил карам,

Ожиз-у дармонда қолғон додхоға қил карам,

Ботғон исён лойиға ғарқ-и гуноҳға қил карам,

Бир назар раҳмат билан кори хатоға қил карам,

Раҳм қил афтодаман, Абдуллоҳ Норимжон валий!

Рутба-и аъло мақоминг қилди тақдир-и азал,

Зот-и покинг барчадин маҳбуб қилди Ламйазал,

Бир ғариб Лаффас камина арзин айлар бебадал,

Ҳадядин ожиз бўлуб, абёт қилди бир ғазал,

Бир назар қилғил манга, Абдуллоҳ Норимжон валий!

(Ҳасанмурод Лаффасий. Тазкира-и шуаро. ЎзР ФА ШИ, № 12561/I. – В. 105b-106a).

Зокиржон Фурқат. “Баёз”:

Зокиржон Фурқат таниқли ўзбек шоири бўлиб, унинг ашъорлари орасида “истимдод”нинг ёққол кўриниши бўлган ажойиб бир шеър мавжуд:

Уммати саргаштаман, ё Мустафо, айланг мадад!

Тутмадим суннат йўлин, рўзи жазо айланг мадад!

Ё Абу Бакри тақий, сиз ёри ғори Мустафо,

Умари одил раиси босафо, айланг мадад!

Ёри сийюм жомеъ ал-Қуръон Усмони ғаний,

Шаҳсувори аҳли ато, шери Худо, айланг мадад!

Хоки пойингиз эрур тожисар ҳар авлиё,

Шайх Муҳйиддин маҳбуби Худо, айланг мадад!

Кулфати бошимға тушти, турфа ҳожатмандман,

Ё Баҳоуддин валий, мушкилкушо, айланг мадад!

Дар Самарқанд Шоҳи Зинда ҳазрати Саййид Қусам,

Ибни Аббос сокини ғори фано, айланг мадад!

Илким олинг, йўлда қолдим, ё имоми Шаҳрисабз,

Яна Хожа Амкина, Шайх Сафо, айланг мадад!

Тошкандда Хожа Нуриддин ила Шайхон Таҳур,

Руҳингиздин ўргилай, Занги ато, айланг мадад!

Қолмишам йўлларда Шайх Муслиҳиддини Хўжанд,

Қотти бошим бекасу бераҳнамо, айланг мадад!

Сизга молу жон тасаддуқ, Мавлавий Жомий пирим,

Манга йўқтур сиздин ўзга муқтадо, айланг мадад!

Шаҳри Хўқанд тавфгоҳи ҳазрати Шоҳи Жалил,

Яна Эр Ҳуббий, Қароёз ато, айланг мадад!

Авлиёи бегумонсиз Шайх Султон Боязид,

Ожизу дармондаман бедасту по, айланг мадад!

Қум аро Хўжа Туроб, шайхи кибор, файзбахш,

Ҳазрати Бобойи Авф Порсо, айланг мадад!

Марғинонни сайлгоҳи, ё Муоз ибни Жабал,

Ҳазрати Мусо Муборак, ибтидо айланг мадад!

Муфлису бечораман Тахти Сулаймони набий,

Аҳмади Арқаму, Осаф ибн Бурхиё, айланг мадад!

Аҳмади Замму валий, ҳазрати Салмони Форс,

Жамъи асҳоби кибору пешво, айланг мадад!

Тайнаво шаҳрида ётган ҳазрати Юнус яна,

Ҳазрати Идриси Шайхбоб аро айланг мадад!

Ҳазрати Айюб пайғамбар Худо суйган қули,

Хаста дилман, чашмаи дорушшифо, айланг мадад!

Ўзгандда Шайх Бурҳон Қиличуддин яна,

Андижон мулкида Мир Пўстин ато, айланг мадад!

Саййиди аъло насаб ҳазратки, Мавлонойи Чуст,

Келдим уммид айлабон, сиздин дуо, айланг мадад!

Ё Ғуломи Ғавс, шайхи қодирия раҳбарим,

Бўлдингиз шаҳри Намангонда фано, айланг мадад!

Ман нечук қилғум бу кўтаҳ даст билан бир-бир баён,

Ўтган оламдин жамиъи авлиё, айланг мадад!

Фурқатий йўлларда қолди, Ғавс ал-аъзам дастгир,

Қўл тутарга йўқ эрур бир раҳнамо, айланг мадад!

(Зокиржон Фурқат. Баёз – Ғазаллар тўплами. ЎзР ФА ШИ, № 11517. – В. 48а).

 

Муҳаммад Юсуф Баёний. “Девон”:

Буюк ўзбек шоирларидан бўлмиш, муаррих Муҳаммад Юсуф Баёний Хоразмга бағишланган ғазалида бундай деганлар:

Саро-сар хоки покидур фараҳбахшу шарафпайванд,

Ким, ўлмиш кўб шаҳиду кўб валий жисмига жо Хоразм.

Бири алломаи Измихшарий ҳам Ибн Ҳожибдур,

Имом Фахри Розий нуридиндур пур зиё Хоразм.

Биридур Шайх Нажмиддин Кубро ҳам Валий Аттор,

Яна Шайхи Шарафдиндур шарофат интимо Хоразм.

Бири Маҳ-рўйи жондур, бириси Саййид Алоуддин,

Ҳам ўлмиш Паҳлавон Маҳмуддин меҳр инжило Хоразм.

Шаҳиду ҳам валийлар анда беҳадду ҳасрдин хориж,

Таололлоҳ, нечук эрларга бўлмиш ошно Хоразм!

Буларнинг руҳи пур анворидин шоҳи жаҳонимға,

Магар етмиш мададким, мулки ўлмиш даҳр аро Хоразм.

(Муҳаммад Юсуф Баёний. Ҳафт шуара-йи Феруз-шоҳий. – Хива, 1906. – Б. 338).

 

Азим хўжа эшон. “Девон”:

Азим хўжа эшон ҳам мутасаввиф шоирлардан бири бўлиб, Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳу изидан бориб, ҳикматлар айтган. Бир ҳикматида: «Мискин Азим ожиз-аъмо, бир муштипар, Равзангизга етолмайин қондур жигар. Ё Мустафо! Ожиз қулга айланг назар, назар топган қулни шавқи ортар эрмиш», деб ёзган. Унинг яна тавассул ва истимдод қилинган қуйидаги ажойиб ашъори мавжуд:

Ожиз, мунглуғ, кўнгли синуқ, муштипарман,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Равзангизга интизору хунжигарман,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Борай десам илкимда йўқ зоди сафар,

Турай десам тоқатим йўқ, қондур жигар,

Ожиз қулунг аҳволиға айланг назар,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Мадад қилинг, дунё бузуб динни тузай,

Каъба бориб, Равзангизда йўлни кезай,

Қабрингизни зиёратлаб, иймон безай,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Маҳрам бўлуб, Ҳақ мавломдан тилай тилак:

«Алҳамду лак, ва-шукру лак, ва-анъамту лак!».

Тилга олиб, «Аллоҳумма лаббайка лак!»,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Бу ҳол била Каъба етсам, ишқим тошиб,

Етти қатла чарх урсам ман ақлим шошиб,

Ислом ҳажжин этсам агар куюб-пишиб,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Сафо, Марва, Муздалифа, Мино етай,

Арафотда вуқуф этиб, розим айтай,

Бағрим куюб, жондин тўюб, ўздин кетай,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Умрагоҳда шарофатлик икки тоғдур,

Бири Қубайс, бири они жабал Нурдур,

Анда чиқиб, «Ҳу-ҳу!» дебон турғум келур,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Ҳаж, умрани анда бориб, еткурсам ман,

Жумла аркон шартин бажо келтурсам ман,

Ҳарам ичра ҳайрон туруб, оҳ урсам ман,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Ондин сўнгра Мадинаға борғум келур,

Салом-салот айтиб Равза киргум келур,

Бехуд бўлуб, ўзум анда ургум келур,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Ул остонга кўксум қўюб, юзум сурсам,

Кўз ёшимни селоб этиб, «Ҳу!» урсам ман,

Сақолларим жўвроб этиб супурсам ман,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Тунлар туруб, дуо қилиб, бошим қўюб,

Таслим бўлуб, бўйнум солиб, белим букуб,

Умид тутуб, сариғ юзга ёшим тўкуб,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

Мискин Азим ҳикмат айтди мунглуғ бўлуб,

Каъба, Равза фироқида қонға тўлуб,

Ранги сўлуб, ғамга тўлуб, тирик ўлуб,

Қўлум тутуб, йўлға солинг, ё Мустафо!

(Азим хўжа эшон. Девон. ЎзР ФА ШИ, № 11547. – В. 116а-118а).

ХУЛОСА

“Истимдод” масаласи исломдаги энг ихтилофли, ҳассос мавзулардан бўлиб, унга ўта диққат ва ўта илмий ёндашув лозим. Акс ҳолда, уни жоиз дегувчилар ҳам, уни нотўғри деб айтувчилар ҳам шайтоннинг домига тушиб қолишлари ҳеч гап эмас.

Биз бир нарсанинг аниқ биламиз: бизнинг ота-боболаримиз ва аждодларимиз “истимдод”ни жоиз санаганлар! Юқорида ўтганидек, Алишер Навоий, Огаҳий, Баёний, Фурқат, Ҳувайдо, Муҳаййир каби аждодларимиз ўз асарларида мадад – истимдод қилиб келганлар.

 Юртимизнинг ўтмишда ўтган буюк аллома ва уламолари “истимдод”ни ширк деган эмаслар! “Истимдод”ни ширк ёки “Арвоҳлар руҳи қўлласин!”, “Етти Пир қўлласин!” деган гапнинг ширк дейилгани ҳақида бизнинг юртдан чиққан, ўтмишда ўтган бирорта уламонинг фикри ёки фатвосини топа олмайсиз!!!

Бизнинг халқимиз ва ота-боболаримиз “истимдод” қилиб келганлиги тарихий ҳақиқатлардир. Бекорга Ўзбекистон Республикаси Мадҳиясида аждодлар руҳи ҳақида сатр берилмаган. Нима, шу мадҳияни ёзганлар, ёд олганлар, айтиб юрганларнинг ҳаммаси ширкни қилиб, мушрик бўлибдими?! Уни ўзларининг бош мадҳияси қилиб қўйган юрт “ширкистон” бўлибдими?! Анави такфирчи ва ташрикчилар ҳаммани мушрикка – ширк амални қилувчи ва айтувчига чиқаришдан ҳам тойишмайди!

Биз мутасаввиф, тариқатга мухлис сифатида “истимдод”ни жоиз санашимиз билан бирга, уни қилувчиларни ҳам, уни ширк ва ҳаромга чиқарувчиларни ҳам бидъатчи ёки ҳақдан адашган деб таърифлашдан жуда йироқмиз. Биз “истимдод”ни ширк, уни қилувчиларни мушрик дейишдан ҳам; “истимдод” лозим, уни қилмаган ёки уни инкор қилган ваҳҳобий бўлади, дейишдан ҳам йироқмиз!!! Исломда “садди заройеъ” (“ҳаромга ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш”) қоидаси жуда муҳимдир! Ушбу қоидага биноан халқимизни, авом халқни ўзлари билмаган ҳолда ширкка ва куфрга кетиб қолмасликлари учун руҳлардан ва арвоҳлардан мадад ва ёрдам сўраш ҳолатларидан қайтаришни қўллаб-қувватлаймиз, албатта! Бироқ, бу амални бирданига ширк дея баҳолай олмаймиз. Зотан, бу аждодларимиз ва халқимиз бу ишни қилиб келган, ҳозир ҳам қилаётган ва энди ҳам қилаверадиган тилакдир.

“Истимдод” масаласидаги ихтилоф ва тортишув туганмасдир! Биз охири йўқ ихтилофларга ва тортишувларга киришмоқчи эмасмиз. Зотан, бу мавзу Имом Маҳдий ва Дажжоли лаин чиққунгача давом этса, ажаб эмас. Ҳақ томон қайсилигини ўша пайтда билиб олиш мумкин. Ёки охиратда маълум бўлади, иншаАллоҳ. Бу дунёда эса, унгача эса ихтилоф ва тортишувлар, ўзаро таъна-дашном ва ҳақоратлар шаръан ҳаром, мамнуъ эканлигини унутмасак бўлди! Ҳар хил ҳақоратомуз, таънаангиз, кинояли изоҳ ва комментларга ҳожат йўқ!

“Истимдод” масаласини қўзғаб, ҳар хил фитналарга сабаб бўлувчилар қаторидан бўлиб қолманг, деб илтимос қиламиз! Фақат юқоридаги маълумотларни билиб қўйсангиз, бўлди.

Аллоҳ таоло бизни адашувдан, ҳақдан чекинишдан, аҳли суннат ва жамоатнинг асил таълимотлари ва соф ақидаларидан оғишишдан Ўзи асрасин!

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *