Аллоҳ нозил қилганидан бошқа нарса билан ҳукм қилиш

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

 Муқаддима

Ислом динида аҳли суннат ва жамоатдан ажралиб чиққан илк оқим вакиллари хаворижлар – хорижийлар деб аталади. Уларнинг энг асосий хусусиятлари борасида юртдошимиз, таниқли фақиҳ ва мутакаллим Абулйуср ал-Баздавий раҳимаҳуллоҳ “Усул ад-дин” (“Диннинг асослари”) номли асарларида бундай деганлар:

هم إتفقوا على تكفير على و عثمان و زُبير و طلحة و عائشة و معاوية رضى الله عنهم و على تكفير من أذنب صغر ذنبه او كبر و اتفقوا على الخروج على سلاطين المسلمين و قتالهم و على دار الإسلام دار الحرب

“Улар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Усмон розияллоҳу анҳу, Зубайр розияллоҳу анҳу, Талҳа розияллоҳу анҳу, Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ва Муовия розияллоҳу анҳуни кофир дейишга иттифоқ қилганлардир. Улар яна катта ёки кичик гуноҳ қилиб қўйган кимсаларни ҳам кофир дейишга иттифоқ қилганлардир. Улар яна мусулмонларнинг подшоҳларига қарши чиқишга ва улар билан урушишга ҳамда ислом диёрларини жанг-у жадал диёрига айлантиришга иттифоқ қилганлардир” (Абулйуср ал-Баздавий. Китоб Усул ад-дин. – Миср: Дор эҳё ал-кутуб ал-арабия, 1963. – Б. 248).

 Бу ерда хаворижларнинг иккита асосий хусусияти тилга олинмоқда. Улар гуноҳ қилганларни кофир дейдилар ва давлат раҳбарларига қарши чиқиб, мусулмонлар яшайдиган жойларни уруш гирдобига тортадилар. Бунинг учун улар битта фикрга суяниб иш қиладилар. Мақоламиз мавзуси ана шу ҳақида. Айтиб ўтиш лозимки, уларнинг бу фикрлари ботилдир!

 

ХАВОРИЖЛАР КИМЛАР?

Хаворижлар тўғрисида пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илк маълумотни берганлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: يخرج قوم «бир қавм чиқади» деганлар. «Хавориж» сўзи эса «чиқувчилар» маъносини англатади. Бу исломда янги чиққан оқим, фирқа ёки аҳли суннат ва жамоатдан ажралиб чиқувчилар, анъанавий исломдан четга чиққанлар маъноларида қўлланади. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хилда тушунтирганлар:

عن أبي سعيد الخدري قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول يخرج قوم تحقرون صلاتكم مع صلاتهم وصيامكم مع صيامهم وعملكم مع عملهم يقرؤون القرآن لا يجاوز حناجرهم يمرقون من الدين مروق السهم من الرمية

«Бир қавм чиқиб, сизларнинг намозларингизни ўз «намоз»лари, рўзаларингизни эса ўз «рўза»лари, амалларингизни эса ўз «амал»лари билан ҳақорат қиладилар. Улар Қуръон ўқийдилар, лекин ўқиганлари ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар диндан ўқнинг камондан чиққани каби чиқиб кетадилар…» (Бухорий, 6/5058; Насоий, 5/8089; Аҳмад, 3/11596).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларида бир жиҳатга эътибор қаратинг: хаворижлар намоз ва рўза каби ибодатларни бошқаларга нисбатан кўпроқ қилишлари мумкин, улар Қуръони каримга ҳам моҳир бўлишлари мумкин. Бошқаларни ўзларининг “тақводор”ликлари билан менсимайдилар, бошқаларга нисбатан шариатнинг айрим жиҳатларига қаттиқ киришиб амал қилишлари билан ажралиб турадилар. Уларнинг бу “тақводор”ликларига алданиб қолмаслик керак экан.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни ва бошқа катта-катта саҳобаларни кофирга чиқариб, зулм-ситам қилди, деб, уларга қарши чиққан ҳарурий хаворижлари олдига баҳс-мунозарага борган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг жуда “тақводор” бўлиб, ибодатларга ҳаддан ошиқ “мустаҳкам” эканликларини, сажда қилавериб, ҳатто пешоналари ғурра-ғурра бўлиб кетганига эътибор қаратган эканлар. Ана шундай хаворижлар бошқаларни беамалликда айблаб, “у бунга амал қилмади; у қилди-бу қилди, фосиқ бўлди; соқол қўймади; шимининг почасини узун қилди, дўзахий бўлди; уни қилди-буни қилди, ширк қилди; подшоҳга ҳақни айта олмади; бундай нотўғри фатво берди; озгина тугун учун динини сотди”, каби сўзлар билан ҳақорат қиладилар. Бу уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари кўрсатиб берган кўринишларидир!

 

ХАВОРИЖЛАР ҲОЗИР ҲАМ БОР, БУНДАН КЕЙИН ҲАМ БЎЛАДИ

Исломдаги илк фирқалар тўғри йўлдан борган халифалар (хулафо-и рошидин) даврида бош кўтарган бўлиб, ушбу тоифалар ҳозиргача турли кўриниш ва ҳар хил номларда юз кўрсатиб келмоқдалар. Бундай фирқаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: فانهم شيعة الدجال  «Ана ўшалар дажжолнинг гуруҳларидир» деб атаганлар ва و حق على الله ان يلحقهم به  «Ҳақиқатда Аллоҳ уларни дажжолга олиб бориб қўшади!» деб башорат берганлар (Абу Довуд, 4/4694; Аҳмад, 5/23503; Байҳақий, 2/21392; Дайламий, 5/8879; Таёлусий, 1/434; Баззор, 1/2937).

Демак, бу хилдаги фирқалар барча замонларда, барча маконларда чиқиши мумкинки, улар қиёматгача, аниқроғи, дажжол хуружигача ҳар хил кўринишларда чиқаверадилар, ўзларининг мудҳиш фаолиятларини олиб бораверадилар. Хаворижларнинг илк даъволари ўз даврининг халифаларига, ҳокимияти ва давлат раҳбарларига қарши бориб, уларни куфрда – кофирликда ва кофир бўлганликда айблаш бўлган экан, ҳозирги хаворижларнинг жирканч ишларидан ажабланмаса ҳам бўлаверади ва ёки у бадбахтлардан бундан ҳам бадтарроғини кутиш мумкин бўлади. Бу ҳолат, айтганимиздек, ҳозиргача давом қилиб келаётган бўлиб, то дажжол чиққунгача давом этади. Улар ўз ҳокимларини, давлат раҳбарларини, ўзлари туғилиб-ўсган ватанларининг раҳбарларини, ўз валинеъматларини кофирга чиқара-чиқара, охири дажжолга қўшиладилар.

ХАВОРИЖЛАРНИНГ “ДАЛИЛ”И

Хаворижлар илк чиққан вақтда ҳатто тўғри йўлдан борган халифалар (хулафо-и рошидин) ни ҳам кофирга чиқарганлар. Улар икки нур соҳиби, Қуръони каримнинг жомеъси, жаннат башорати берилган зот, ўз даврининг энг афзал инсони, буюк саҳоба Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни, зулму ситам қилди, Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукмни қилди, деб кофирга чиқарганлар. Улар илм дарвозаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли куёвлари, суюкли невараларининг отаси, жаннат башорати берилган зот, ўз даврининг энг афзал инсони, буюк саҳоба Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни ҳам Қуръон ҳукмига тескари ҳукм чиқарди, деб, кофирга чиқарганлар. Хаворижлар мазкур иддиоларига далил қилиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қуйидаги ояти каримасини келтирадилар:

و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الكافرون

“Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлар!” (Моида, 44).

Шуни унутмаслик керакки, аҳли суннат ва жамоат уламолари мазкур ояти каримани далил қилиб бирорта раҳбарни ёки бирорта мўъмин-мусулмонни кофирга чиқарган эмаслар! Уни илк бор хаворижлар далил қилишган эди. Замонавий дунёда илк бор “ислом экстремизмининг отаси ва онаси” бўлмиш Ҳасан Банно (1906-1949) ва Саййид Қутб (1906-1966) кабилар ўзларининг бир неча асарларида мазкур “Моида сураси”нинг 44-оятини далил келтириб, кичкина ва жузъий масалада ҳам давлат қонунлари асосида ҳукм чиқарувчи мусулмонларнинг давлат раҳбарларининг барчасини кофирга чиқарган эдилар. Ҳозиргача ҳизбуттаҳрирга ўхшаган янгидан-янги хаворижлар, яъни раҳбарларига ва ўз ватанларига қарши чиқувчилар ушбу оятни далил қиладилар ҳамда ислом диёрларини куфр диёри деб, ўз ватанларини кофиристон деб, ўзлари туғилиб-ўсган давлатларининг мусулмон раҳбарларини кофир деб туриб, ушбу оятни ҳужжат қилаверадилар. Интернетда, ижтимоий гуруҳларда ёки мессинжер тармоқларида мусулмон давлат раҳбарларини кофирга чиқаришда ушбу оятни далил қилганларини кўриш мумкин.

Уни фақатгина хаворижлар далил қилишига далиллар келтирамиз:

 

ХАВОРИЖЛАРГИНА “МОИДА СУРАСИ”НИНГ 44-ОЯТИНИ ДАЛИЛ ҚИЛАДИЛАР

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”да бундай деганлар:

و احتجت الخوارج بالنصوص الظاهرة فى أنّ الفاسق كافر كقوله تعالى و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الكافرون و قوله تعالى  و من كفر بعد ذلك فاولئك هم الفاسقون و كقوله عليه السلام من ترك الصلاة متعمدا فقد كفر

“Хаворижлар фосиқнинг кофирлиги ҳақида зоҳирий матнлар билан ҳужжатланганлар. Аллоҳ таолонинг бу гапини далил қилганлар: “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлар!” (Моида, 44). Яна бу оятни далил қилганлар: “Ким мана шундан кейин куфр келтирса, бас, ана ўшалар фосиқлардир!” (Нур, 55). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадиси билан ҳам далилланганлар: “Кимки намозни қасддан тарк қилса, дарҳақиқат, у кофир бўлибди” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид маъа ал-ҳавоший. – Миср, 1913. – Б. 414-415).

Бунга қарши Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ жуда оддий далил келтирганлар:

    و الجواب أنها متروكة الظاهر للنصوص الناطقة على أنّ مرتكب الكبيرة ليس بكافر و الإجماع المنعقد على ذلك و الخوارج خوارج عما إنعقد عليه الإجماع فلا إعتداد بهم

“Жавоб шуки, катта гуноҳларни қилган одам кофир эмаслиги ҳақида гапирувчи далилларнинг борлиги сабабли уларнинг келтирган далилларининг зоҳирий маъноси тарк қилингандир. Ижмоъ мана шунга боғланган! Хаворижлар эса ижмоъ боғланган нарсалардан ташқари чиққанлардир. Уларнинг далилларининг эътибори йўқ!” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид маъа ал-ҳавоший. – Миср, 1913. – Б. 416).

Абу Бакр ал-Жассос раҳимаҳуллоҳ “Аҳком ал-Қуръон” номли асарларида бундай ёзадилар:

و قد تأولت الخوارج هذه الآية على تكفير من ترك الحكم بما أنزل الله من غير جحود لها و أكفروا بذلك كلّ من عصى الله بكبيرة او صغيرة فإذا هم ذلك الى الكفر و الضلال بتكفيرهم الأنبياء بصغائر ذنوبهم

“Дарҳақиқат, хаворижлар ушбу оятни (Моида, 44) Аллоҳ нозил қилган нарсани инкор қилмасдан ҳукм қилишни тарк қилган кимсани кофир дейишга таъвил қилганлар. Шу билан бирга Аллоҳга катта ва кичик гуноҳлар билан осий бўлган барча инсонни кофир деганлар. Уларнинг куфрга ва залолатга ботишлари шу даражага етганки, пайғамбарларни ҳам кичик гуноҳлар сабабли кофирга чиқарганлар!” (Абу Бакр ал-Жассос. Аҳком ал-Қуръон. 4/94).

Машҳур “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “ад-Дурр ал-мансур” номли асарларида бундай дейдилар:

و من أجل ذلك يضلّ من ضلّ فكلّ فرقة يقرؤون آية من القرآن يزعمون أنّها لهم فمنها يتبع الحرورية من المتشابه قول الله و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الكافرون ثمّ يقرؤون معها و اللذين كفروا بربّهم يعدلون فإذا رأوا الإمام يحكم بغير الحقّ قالوا قد كفر فمن عدل بربّه و من عدل بربّه فقد أشرك بربّه فهؤلاء الأئمة مشركون

“Шунинг учун залолатга кетган кимса залолатга ботаверади. Демак, ҳар бир фирқа Қуръон оятларини ўқийди-да, улар ўзларининг фойдаси учун деб ўйлайдилар. Улардан бири ҳарурийлар (хаворижларнинг бир тоифаси) бўлиб, Аллоҳнинг қуйидаги сўзидаги “муташобеҳ”ларга эргашадилар: “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлар!” (Моида, 44). Сўнг, ушбу оят билан бирга мана бу оятни ҳам ўқийдилар: “Сўнгра кофир бўлганлар (сохта маъбудаларни) Парвардигорларига тенглаштирмоқдалар” (Анъом, 1). Бас, қачонки, ноҳақ ҳукм қилаётган подшоҳни кўрсалар, “Дарҳақиқат, у кофир бўлди. Ўзини Парвардигорга тенглаштирган кимса бўлди. Ким Парвардигорга тенглаштирса, роббисига ширк қилган бўлади. Демак, бу подшоҳлар мушрикдирлар”, дейишади” (“ад-Дурр ал-мансур”, 2/412 ).

 Мазкур иқтибослардан маълум бўладики, подшоҳларни кофирга чиқариш учун “Моида сураси”нинг 44-оятини хаворижларгина далил қилар эканлар. Уни дажжол малайлари бўлмиш ҳозирги янги хаворижлар ҳам далил қиладилар.

 “МОИДА СУРАСИ”НИНГ 44-ОЯТИ МУСУЛМОНЛАРДАН БОШҚАЛАР ҲАҚИДАДИР!

Қуръони каримга тафсир ёзган муфассирлар иттифоқига кўра мазкур “Моида сураси”нинг 44-ояти ва ундан кейинги икки оят, яъни “Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар — ана ўшалар золимлардир» (Моида, 45) ҳамда “Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар фосиқлардир” (Моида, 47) оятлари мусулмонлардан бошқаларнинг хабари учун нозил қилинган.

Мазкур оятлар мусулмонлардан бошқалар тўғрисида нозил қилинган эканини уларни тўлиқ ўқиган кимсанинг ўзиёқ ортиқча урунишларсиз англаб етади ва шунга амин бўлади. Жумладан, “Моида сураси”нинг 44-оятини тўлиқ ўқиймиз:

إنّا أنزلنا التوراة فيها هدى و نور يحكم بها النبيّون الذين أسلموا للذين هادوا و الربّانيّون و الأحبار بما استحفظوا من كتاب الله و كانوا عليه شهداء فلا تخشوا الناس و اخشون و لا تشتروا بآياتى ثما قليلا و من لم يحكم بما أنزل الله فاولئك هم الكافرون

“Дарвоқе, Биз (уларга) Тавротни нозил қилдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд одирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари буна гувоҳдирлар. Бас, (эй, ҳукм чиқарувчилар!), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз! Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлар!” (Моида, 44).

Демак, мазкур ояти каримадаги: “Тавротни нозил қилдик” ва “яҳудий бўлганларга” каби иборалар орқали биз унинг мазмуни яҳудийлар ҳақида эканлигини осонлик билан билиб оламиз. Яҳудийлар одамларга ҳукм чиқариш учун пора олиб, анча-мунча мол-дунё эвазига динларини сотиб, айниқса, бой-бадавлатлар учун Тавротни ўзгартириб юбораверар эдилар. Тавротнинг асли, мазмун-моҳияти ўзгариб кетганлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас! Шунинг учун, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларга нисбатан: “оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз!”, деб буюрган.

Кейинги ояти карима ҳам худди шундай. Юқоридаги ояти каримадаги мазмун ҳали тўла тугагани йўқ. Шунинг учун оят бу тариқа давом этмоқда:

و كتبنا عليهم فيها أنّ النفس بالنفس و العين بالعين و الأنف بالأنف و الأذن بالأذن و السنّ بالسنّ و الجروح قصاص فمن تصدّق به فهو كفّارة له و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الظالمون

“Биз унда (Тавротда) уларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш ва жароҳатларга қасос (олинур) деб, битиб қўйдик. Кимки у (қасос)ни садақа қилиб (кечиб) юборса, у (гуноҳларига) каффоратдир. Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар золимлардир!” (Моида, 45).

Мазкур ояти каримада “ал-Қасосу мин ал-ҳаққ!” қоидасини ўзгартирган яҳудийларни Аллоҳ таоло танқид қилади ва “золимлардир!” дея ҳукм қилади. Кейинги икки оятда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насронийларни танқид қилишга ўтади. Уларни ҳам Инжилга амал қилмаганлари ва унинг ҳукмларини ўзгартирганлари учун бу тариқа қоралайди:

و قفّينا على ءاثارهم بعيسى ابن مريم مصدّقا لما بين يديه من التوراة و ءاتيناه الإنجيل فيه هدى و نور و مصدّقا لما بين يديه من التوراة و هدى و موعظة للمتقين.

و ليحكم أهل الإنجيل بما أنزل الله فيه و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الفاسقون

“Уларнинг изларидан Исо ибн Марямни ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда издош қилиб юбордик ва унга Инжилни – ичида ҳидоят ва нури билан ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи) қилиб бердик” (Моида, 46).

“Инжил аҳли ундаги Аллоҳ нозил этган нарса (оятлар) билан ҳукм қилсинлар! Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар фосиқлардир!” (Моида, 47).

Демак, юқорида келтирилган учта ояти каримани инсоф ва диққат билан ўқиган кимса, мазкур оятлар мусулмонлардан бошқаларнинг ҳолини баён қилиш учун келтирилганини тезлик ва осонлик билан англаб етади.

“МОИДА СУРАСИ”НИНГ 44-47 ОЯТЛАРИ МУСУЛМОНЛАРДАН БОШҚАЛАР ҲАҚИДА ЭКАНИГА ДАЛИЛ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига яҳудийлар зинокорнинг жазоси борасида сўраб келишган. Уларнинг олимлари бундай деб юборишган эди:

إئتوا محمد فإن أفتاكم بالتحميم و الجلد فخذوه و إن أفتاكم بالرجم فاحذروا

“Муҳаммаднинг олдига боринглар, агар у сизларни қайноқ сув ила куйдириш ва дарра уришга буюрса, уни олинглар. Агар сизларни тошбўрон қилишга фатво берса, у ҳолда, ундан ҳазар қилинглар!”.

Шунда, мазкур ояти карималар нозил қилинди. Бу ҳақида саҳоба Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

… الى قوله و من لم يحكم بما أنزل الله فاولئك هم الكافرون قال فى اليهود؛ و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الظالمون قال فى اليهود؛ الى قوله و من لم يحكم بما أنزل الله فأولئك هم الفاسقون قال هى فى الكفار كلها

“Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлар!” (Моида, 44) ояти каримасигача яҳудийлар ҳақидадир. “Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар золимлардир!” (Моида, 45) ояти каримаси ҳам яҳудийлар ҳақидадир. “Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар фосиқлардир!” (Моида, 47) ояти каримасигача ҳаммаси кофирлар ҳақидадир” (Муслим, 3/1700; Насоий, 4/7218; 6/11144; Абу Довуд, 4/4450; Аҳмад, 4/18548-52; Байҳақий, 8/16895; Абу Авона, 7/5085).

Мазкур ривоят Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар томонидан ҳам нақл қилинган. Имом ал-Воҳидий раҳимаҳуллоҳнинг “Асбоб ан-нузул” номли асарларида ҳам мазкур “Моида сураси”нинг 44-47 ояти карималари яҳудийлар тўғрисида нозил қилингани далиллар билан қайд қилинган (Қаранг: Али ибн Аҳмад Найсобурий. Асбоб ан-Нузул (Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаблари) / Таржимон: Анвар қори Турсунов. – Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2009. – Б. 164-166).

Муфассирлар султони, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур “Моида сураси”нинг 44-47 ояти карималари тўғрисида бундай деганлар:

أنزلها فى طائفتين من اليهود و كانت أحدهما قد قهرت الأخرى فى الجاهلية

“Улар яҳудийларнинг икки тоифаси ҳақида нозил қилинган. Улардан бири бошқасига жоҳилият даврида қаҳру ғазаб қилган эди…” (Аҳмад, 1/2212; Табароний, 10/10732).

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур “Моида сураси”нинг 44-47 оятлари ҳақида:

هؤلاء الآيات الثلاث نزلت فى اليهود خاصّة فى قريظة و النضير

“Ушбу учта оят яҳудийлар тўғрисида нозил қилинган. Хусусан, Қурайза ва Назир қабилалари ҳақида”, деган эканлар (Абу Довуд, 3/3578).

Мазкур ҳадисни ҳатто Албоний ҳам “Ҳасан-саҳиҳ ал-иснод!”, деб баҳолаган эди.

Саҳоба Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг олдиларида “Моида сураси”нинг 44-ояти ҳақида сўз кетибди. Шунда, даврада ўтирганлардан бир киши: “Бу Бани Исроил ҳақидаги оят-ку?!”, деганлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

نعم الأخوة بنو إسرائيل إن كان لكم الحلو و لهم المرّ كلا و الذى نفسى بيده حتى تحذوا السنة بالسنة حذو القذة بالقذة

“Ҳа, тўғри! Бани Исроилга ака-укадексизлар. Сизларга ширин бўлса, уларга барчаси аччиқдир. Қандай ҳам бундай бўлмасин?! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, одатма-одат тақлид қилаверасизлар, изма-из қадам қўяверасизлар!” (Ҳоким, 2/3218).

Бошқа ривоятда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: كلا و الله لتسلكن طريقهم قدر الشراك – “Йўқ, ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, уларнинг йўлларини сизлар ип миқдорида тизиб оласизлар!” деган эканлар (Тафсири Ибн Абу Ҳотим, 22/6464).

Мазкур ҳадиси шариф ҳақида: “Бу ҳадис Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ шартига кўра саҳиҳдир!”, дейилган.

Яъни, Ҳазрати Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга: “Бу Бани Исроил ҳақидаги оят-ку?!”, дейилганидан маълумки, саҳобалар ва тобеъинлар даврида барча одамлар биз ўрганаётган мазкур ояти кариманинг ҳукми яҳудийлар тўғрисида эканлигини билиб юрганлар.

Буюк тобеъинларнинг бири Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ “Моида сураси”нинг 47-ояти тўғрисида бундай деганлар:

أنزلت فى أهل الكتاب أنهم تركوا أحكام الله كلها فى هذه الآية

“Ушбу оят аҳли китоблар ҳақида нозил қилинган. Чунки, улар Аллоҳнинг барча ҳукмларини тарк қилганлардир” (“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”, 22/6498).

Саҳоба ва тобеъинлар давридаёқ қози бўлган Имом аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳ “Моида сураси”нинг 47-ояти тўғрисида: “Бу насронийлар ҳақида нозил қилинган”, деганлар (“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”, 22/6499).

Тобеъинларнинг улуғларидан бири Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ “Моида сураси”нинг 47-ояти тўғрисида: نزلت فى بنى إسرائيل و رضى بها لهؤلاء – “Бу Бани Исроил ҳақида нозил қилинган”, дер ва ушбу оятнинг улар ҳақида эканига рози бўлган эдилар (“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”, 22/6500).

Демак, Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга: “Бу Бани Исроил ҳақидаги оят-ку?!”, деганларидан билсак бўладики, саҳоба ва тобеъинлар даврида мазкур ояти карималар – “Моида сураси”нинг 44-47 оятларининг маъно-мазмуни ғайримуслимлар ҳақида, мусулмонлардан бошқа тоифалар ҳақида эканлиги тўлиқ равишда ҳаммага маълум бўлган. Буни Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу каби бошқа саҳобаларнинг ҳамда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ сингари тобеъинларнинг гаплари ҳам тасдиқлаб турибди.

 

МУСУЛМОНЛАРДАН БОШҚАЛАР ҲАҚИДАГИ ОЯТЛАРНИ МУСУЛМОНЛАР УЧУН ҲУКМ ҚИЛИШ ХАВОРИЖНИНГ ҲАМДА АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТДАН АЙРИЛГАНЛАРНИНГ ОДАТИДИР!

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг башарият томонидан битилган энг саҳиҳ китоб саналмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида айнан: “Хавориж ва мулҳидларнинг уларга қарши ҳужжат  қойим бўлганидан кейин ўлдириш ҳақидаги боб” номли алоҳида сарлавҳа остида қуйидаги ояти каримани ҳужжат сифатида тақдим қиладилар:

و ما كان الله ليضلّ قوما بعد إذ هداهم حتى يبيّن لهم ما يتّقون

“Аллоҳ бирор қавмни ҳидоят қилгандан кейин то уларга нимадан сақланишларини баён қилмагунича, уларни адаштирмаган” (Тавба, 115).

Яъни, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ мазкур ояти каримани келтира туриб, хаворижларнинг адашган тоифа эканлигини билдирадилар ва уларнинг фитна-фасодини йўқотиш мақсадида ўлдириш жоизлигини назарда тутадилар. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ шу жойнинг ўзида саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг: شرار خلق الله – “Хаворижлар – Аллоҳнинг яратганларининг энг ёмони!”, деган гапларини келтирадилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу хаворижларнинг энг асосий кўринишларидан бири бундай бўлганлигини айтган эканлар:

إنّهم انطلقوا الى آياتٍ نزلت فى الكفّار فجعلوها على المؤمنين

“Албатта, улар (хаворижлар) кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларга (чуқур) кетганлар ва уларни мўъминлар ҳақида деб айта бошлаганлардир” (Бухорий, 9/6930 рақами олдидан таълиқан).

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ томонидан қуйидаги ҳадиси шариф ҳам нақл қилинган. Унда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

أكثر ما أتخوف على أمّتى من بعدى رجل يتأوّل القرآن يضعه على غير مواضعه و رجل يرى أنّه أحقّ بهذا الأمر من غيره

“Мендан кейин умматимга хавф қиладиган нарсаларимнинг энг кўпроғи Қуръон (мазмуни)ни ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиб таъвил қиладиган кимсадир. Ўша киши ўзини ушбу ишга бошқалардан кўра ҳақлироқ деб ўйлайди” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 1/1886; “ал-Мўъжам ал-авсат”, 2/1865).

Мазкур ҳадиснинг ровийларидан бири Исмоил ибн Қайс ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ борасида “Мажмаъ аз-завоид”да “матрук ал-ҳадис” (“ҳадислари тарк қилинган”) деб баҳоланган (1/888). Лекин, юқоридаги Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган саҳиҳ ҳадис унинг ривоятини қўллаб-қувватлаб келгани боис уни ҳужжат сифатида ишлатишга ҳақлимиз.

Хуллас, мазкур ҳадиси шарифга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тоифани қораламоқдалар: улар оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, асл маъно-мазмунини бошқача тарзда изоҳлайди. Яъни, масалан, кофирлар ҳақидаги оят ёки ҳадисларни мусулмонлар ҳақида ҳам деб туриб, асил мусулмонларни кофирга чиқараверади. Энг даҳшатлиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, улар ўзини ҳақ деб биладилар, тўғри тафсир қилаяпман, деб, бошқаларнинг фикрларидан ўзларининг ботил фикрларини устун санайдилар. Шу билан, улар ўзларидан бошқаларни кофир санай бошлайдилар, бу билан эса ўзларини ҳам, ўзларига эргашган бошқаларни ҳам адаштирадилар.

Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг одатларидан ва асосий кўринишларидан бири мусулмонларни кофирга чиқаришдир. Уларнинг бу кўриниши Қуръони каримда ҳам акс эттирилган:

أفنجعل المسلمين كالمجرمين ما لكم كيف تحكمون أم لكم كتاب فيه تدرسون إنّ لكم فيه لما تحيّرون أم لكم أيمان علينا بالغة الى يوم القيامة إنّ لكم لما تحكمون سلهم أيّهم بذلك زعيم أم لهم شركاء فليأتوا بشركائهم إن كانوا لهم صادقين

“Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчиларга (кофирларга) баробар қилармидик?! (Эй, мушриклар!) Сизларга не бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасиз?! Ёки сизларда (осмондан туширилган) бирор китоб бўлиб, ундан ўрганаяпсизми?! Унда сизлар учун ўзларингиз хоҳлаган нарса борми?! Ёки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: “Ўзларингиз ҳукм қилган нарса сизларники бўлур”, — деган то қиёмат кунигача етувчи қасамлар (аҳд-паймонлар) борми?! (Эй, Муҳаммад!) Улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (даъволарининг ҳақ эканига) кафил бўла олар экан?! Ёки уларнинг шериклари борми?! У ҳолда, ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини келтирсинлар!” (Қалам, 35-41).

Демак, эски хаворижлар ҳам, бугунги кундаги уларнинг меросхўрлари бўлмиш янги хаворижлар ва адашган тоифалар ҳам аслида яҳудийлар ва ғайримуслимлар ҳақида нозил қилинган “Моида сураси”нинг 44-47 оятларининг маъно-мазмунини мусулмонлар тўғрисида деб ҳукм қиладилар ва мусулмонларни кофирга, золимга ва фосиққа чиқарадилар. Мана шундан огоҳ бўлинг!

 

ҲАҚ ГАП БИЛАН БОТИЛ ИРОДА ҚИЛИНГАН!

Хаворижлар Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида у зотнинг ҳокимиятига шубҳа билдириб, таъна-дашномлар қилиб, зулм ва ситамлар қилди, деб гап тарқата бошладилар. Улар Ироқ волийси устидан шикоят қила-қила, уни мансабидан бўшатишга муяссар бўлдилар. Унинг ўрнига Саид ибн ал-Осс розияллоҳу анҳунинг бўлганига қарамай, ҳокимиятдан норозиликлар тўхтамади. Уларнинг шикоятларини Шомда саҳоба Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳунинг даргоҳида кўриб чиқилди. Лекин, буларнинг бари бефойда бўлди. Воқеалар Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши билан тугади. Бироқ, бу ҳали бошланиши эди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу билан Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳунинг ораларида бўлиб ўтган ижтиҳодий келишмовчиликдан хаворижлар усталик билан фойдаланмоқчи бўлдилар. Хаворижлар ўртага қўйилган икки нафар буюк саҳобалардан иборат ҳакамларнинг одилона чиқарган ҳукмларига норозилик эълон қилиб, Қуръоннинг бир неча оятларида келтирилган (Анъом, 57; Юсуф, 40 ва 67): إن الحكم الا لله – “Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас!” дейилган ояти карималарни айтиб, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бошлиқ энг буюк саҳобаларни кофирга чиқардилар. Мўъминлар амири бўлмиш Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни “Кофирлар амири” деб жар солдилар. У зот эса: “Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинди!”, дея олдилар, холос.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ноилож уларнинг барча шак-шубҳалари ва саволларига батафсил жавоб бериш мақсадида уммат донишманди, Қуръон таржумони, муфассирлар султони, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар олдига юбордилар. У зот хаворижлар билан баҳс-мунозара қилиб, уларнинг барча шубҳаларига Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва ҳадислари асосида жавоб қайтардилар. Натижада йигирма минг (20 000) га яқин хаворижлар инсофга келди. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илм бўйича хос дуосини олган, Қуръон таржумони, муфассирлар султони, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг гапларига, келтирган далилларига хаворижлардан тўрт-олти минг (4000-6000) нафари кўнмаганлар, панд-насиҳатларига қулоқ солмаганлар.

Мўъмин-мусулмонларнинг амирлари, султонлари, подшоҳлари ва давлат раҳбарларини кофир ва золимга чиқаришда хаворижлар келтирадиган “Моида сураси”нинг 44-47 ояти карималаридан ҳам ҳақ гап билан ботил ирода қилинган эди!

 

“КУФРУН ДУНА КУФРИН” ҚОИДАСИНИ ҚАНДАЙ ТУШУНМОҚ КЕРАК?

Шариати исломияда “куфрун дуна куфрин” (“куфрдан ташқари куфр”) деган қоида мавжуд. Бу Худо берган неъматларни инкор қилиш, янада аниқроғи, ношукрлик маъносида қўлланилади. Биз ўрганаётган мазкур “Моида сураси”нинг 44-ояти тафсирида умматнинг донишманди, Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

ليس بالكفرِ الذي تذهبون إليه، وإنما ليس كفرا ينقل عن الملة هو كفرٌ دون كفر

«Бу сизлар ҳисоблайдиган куфр эмас, шак йўқки, у мусулмон миллатидан чиқарадиган куфр эмас, у куфр бўлмаган куфрдир!» (Ҳоким, 2/3219; Байҳақий, 8/15632).

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг иснодини саҳиҳ деб қайд қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди, тобеъинларнинг катталаридан бўлмиш Товус раҳимаҳуллоҳ бир гапида ушбу оятнинг маъно-мазмунини:

وليس كمن كفر بالله وملائكته وكتبه ورسله

“У Аллоҳга, фаришталарга, китобларига ва пайғамбарларига куфр келтиргандек кофир эмас!”, деб аниқлаштирганлар (Ибн Абу Ҳотим. Тафсири Ибн Абу Ҳотим // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 22/6469).

Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу гапи Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш услубига асосланган бўлиб, мазкур ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло ушбу ҳолатни кофирлик эмас, балки золимлик ва фосиқлик деб баён қилади:

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

“Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар золимдирлар!” (Моида, 45).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

“Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар фосиқдирлар!” (Моида, 47).

Шунинг учун ҳам, саҳоба ва тобеъинлар даврининг машҳур муфтийси Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ уларни كفر دون كفر و ظلم دون ظلم و فسوق دون فسوق – “Куфрдан ташқари куфр, зулмдан бошқа зулм, фосиқликдан ўзга фосиқлик”, деб баҳолаганлар (“ал-Ибонат ал-кубро”, 3/1006). Яъни, ушбу “Моида сураси”нинг 44-47 оятларида айтилаётган куфр ҳақиқий эмас, ҳақиқий золимлик ҳам эмас, ҳақиқий фосиқлик ҳам эмас!

Демак, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмон миллатидан чиқарадиган куфр эмас, куфр бўлмаган куфр», деганлари Қуръонда ёки ҳадиси шарифларда куфрга нисбат қилинган ҳар бир нарсага нисбатан бўлиши мумкин. Буни ўтмишдаги ва ҳозирдаги аҳли суннат ва жамоат уламолари ҳам, оддий вакиллари ҳам жуда яхши англашган. Буни биз ҳам яхши англамоғимиз лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мазкур “Моида сураси”нинг 44-оятига берган “куфрун дуна куфрин” (“куфрдан ташқари куфр”) деган қоидасига ислом уламоларидан Икрима раҳимаҳуллоҳ, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ, Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ, Товус раҳимаҳуллоҳ, аз-Зажжож раҳимаҳуллоҳ, ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ, ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ,  ал-Ожурий раҳимаҳуллоҳ, Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ, ас-Самъоний раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ал-Жассос раҳимаҳуллоҳ, Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ, Абу Ҳайён раҳимаҳуллоҳ, Ибн Батта раҳимаҳуллоҳ, Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа минг-минглаб уламолар қўшилган бўлиб, ана шу фикрда бўлганлар.

Имом Аҳмад ибн ал-Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ мўътазилийлар томонидан “меҳна”га тортилган, “Қуръон махлуқ – яратилган” деган гапни айтасан, деб зиндонга ташланган, ҳар куни дарра уриб турилгани кўпчиликка маълум. Шу ҳолатда ҳам ул зот: “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у яратилган эмас”, деган соф эътиқодидан қайтмаганлар. Бироқ, уни зиндонга ташлаганларни, ҳар куни дарра урган ва урдирганларни: мўътазилийларга ён босган сарой аҳлини, мўътазилийларни қўллаб-қувватлаб аҳли суннат ва жамоатнинг минглаб вакилларини ўлдириб, турмаларга тиқиб, дарралар урдирган давлат раҳбарларини кофирга чиқармаганлар. У зот бундай деганлар:

وكل من لم يقل من أصحابنا بتكفير أهل الأهواء من أهل القبلة فإنه يحمل قول السلف رضي الله عنهم في تكفيرهم على كفر دون كفر

“Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Салафларнинг кофир деганлари топилган бўлса-да, “куфрдан ташқари куфр”ни айтганлигига нисбат қилинади (Байҳақий, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, 1/66).

Юқоридаги оятлар тафсирида Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ буюк тобеъин Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини зикр қилганлар: “Кимки бу уммат (ислом)дан бўлса, Аллоҳ нозил қилганидан бошқа билан ҳукм қилса, фосиқ бўлади. Аҳли китобдан кимки Аллоҳ нозил қилганидан бошқа билан ҳукм қилса, у кофир бўлади” (Нуриддин Али ибн Султон Муҳамад ал-Ҳиравий. Тафсири Али ал-қори (Анвор ал-Қуръон ва асрор ал-Фурқон). 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2013. – Б. 526).

Шариати исломияда “куфрун дуна куфрин” (“куфрдан ташқари куфр”) деган қоидага асосланиб айтилган оят ва ҳадислар кўплаб учрайди. Уларни ҳақиқий куфр-кофирлик деб тушунмаслик керак. Балки, куфрони неъмат – ношукрлик деб билмоқ лозим. Юқорида биз Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг: “Кимки намозни қасддан тарк қилса, дарҳақиқат, у кофир бўлибди”, деган ҳадиси шарифни ҳам худди шу тарзда тушунмоқ кераклигини, акс ҳолда, хаворижлар тушунчасига кетиб қолиш мумкинлигини айтганлигини келтириб ўтган эдик.

Чунончи, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳам سباب المسلم فسوق و قتاله كفر – «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, уни ўлдириш кофирликдир», деган ҳадис ривоятидан сўнг:

ومعنى هذا الحديث قتاله كفر ليس به كفرا مثل الارتداد عن الإسلام

«Ушбу «Уни ўлдириш кофирликдир» ҳадисининг маъноси исломдан чиқариб юборадигандек кофирлик эмас», деганлар (Термизий, 4/2635).

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ келтирган мазкур ҳадиснинг маъносидаги мушкилотларини ҳал қилишга урунар экан, таниқли ҳанафий олими, машҳур ақоид муаллифи Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мушкил ал-асор” асарларида қуйидагиларни айтиб ўтадилар:

ليس على الكفر بالله عز وجل حتى يكون به مرتدا ، ولكنه على تغطيته به إياه واستهلاك به إياه ؛ لأن الكفر هو التغطية للشيء ، التغطية التي تستهلكه

“Бу Аллоҳга кофир бўладиган куфр эмас, ҳатто уни муртадликка чиқариб юбормайди. Лекин, шариатнинг устидан ёпган, ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади. Чунки, “куфр” бир нарсанинг устини ёпишдир. Бир нарсанинг устини ёпдими, демак, у ҳалокатга бориб қолади” (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Мушкил ал-асор. 2-жилд. // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б 2/339).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадиси шарифлари ҳам бор:

لا ترغبوا عن آبائكم فمن رغب عن أبيه فهو كفر

“Оталарингиздан юз ўгирманглар. Кимки отасидан юз ўгирса, бас, у куфрдир!” (Бухорий, 8/6768; Муслим, 1/62).

Яна бир ҳадис келтира қоламиз:

أيّما عبد أبق من مواليه فقد كفر حتى يرجع اليهم

“Қайси бир қул ўз хўжайинидан қочиб кетса, то қайтиб келгунча ҳақиқатда кофир бўлибди” (Муслим, 1/68; Аҳмад, 4/19263; Табароний, 2/2332).

Қизиқ, қул озодлик орзусида қочиб кетса-ю, ўз-ўзидан кофир бўлиб ўтирса?! Қочишнинг иложини қила олмай, қайтиб келганида эса яна мўъминга айланса?! Шунинг учун, мазкур ҳадисларни шарҳ қилар эканлар, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ уларнинг “куфрун дуна куфрин” (“куфрдан ташқари куфр”) эканлигини айтганлар.

 

“МОИДА СУРАСИ”НИНГ 44-47 ОЯТЛАРИНИ МЎЪМИНЛАР ҲАҚИДА ҲАМ ҚЎЛЛАШ МУМКИНМИ?

Қуръони карим биринчи навбатда унга имон келтирган мўъмин-мусулмонлар учун нозил қилинган. Мўъмин-мусулмонлар ҳаётлари давомида имкон қадар, қўлларидан келгунча ушбу илоҳий китобнинг ҳукмларига амал қилиб яшайдилар. Хаворижлар “Моида сураси”нинг 44-47 оятларини мўъминлар учун қўллайверганларидан сўнг, аҳли суннат ва жамоат уламолари мазкур оятлар мазмунини ислом динининг умумий мақсадлари ва ҳукмларидан келиб-чиқиб изоҳлаш ва таъвил қилишга мажбур бўлдилар. Чунки, қуръоншуносликда: “Қуръоннинг нузули хос, ҳукмлари умумий”, деган қоида бор бўлиб, хаворижлар уни суиистеъмол қилаётган эдилар. Шунинг учун ҳам, тобеъинлар даври қозиси Имом аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳ бир гапида мазкур оятлар мазмунини мўъминлар ҳақида ҳам бўлиши мумкинлигини айтган эдилар. Яъни, мазкур ояти каримада келтирилганидек, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг нозил қилганларини мутлақо инкор қилиб ва ўзининг ўйлаб топган қонунларини илоҳий китоб билан тенглайдиган ва устун санайдиганларга тааллуқли деб билдилар. Бу албатта ким бўлишидан қатъи назар Қуръонни инкор қилган ва бошқа диний заруриётларни инкор қилганлар ҳамда ушбу инкорларида қатъий туриб олганларнинг ислом уламолари томонидан якдиллик билан кофир дейилишидан келиб-чиқиб айтилган эди. Шунинг учун ҳам, “Моида сураси”нинг 44-47 оятлари аҳли суннат ва жамоат уламолари ва муфассирлари томонидан ана шу тарзда тафсир қилиниб келди. Бу аҳли суннат ва жамоатга тааллуқли барча тафсирларда ўз аксини топган.

“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мазкур ояти карима борасида бундай деганлари ривоят қилинган:

من جحد الحكم بما أنزل الله فقد كفر و من أقرّ به و لم يحكم به فهو ظالم فاسق. يقول من جحد من حدود الله شيئا فقد كفر

“Кимки Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилишни инкор қилса, лекин уни иқрор қилса-ю, у билан ҳукм қилмаса, у золим-фосиқдир. Кимки Аллоҳнинг ҳудудларидан бирортасини инкор қилса, кофир бўлади!” (22/6460).

Демак, Қуръони каримни илоҳий китоблигини тан олган, унинг Аллоҳдан нозил қилинганига иқрор бўлган, Қуръон ўқиб ёки ўқилганида дуога қўл очиб юрган, бироқ, замона тақозоси билан унинг ҳукмларини жорий қила олмаётган мусулмон давлат раҳбари бу оятда назарда тутилган эмас!

Имом ас-Суддий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

من لم يحكم بما أنزلت فتركه عمدا و جاحدا و هو يعلم فهو من الكافرين

“Кимки нозил қилинган нарса билан ҳукм қилмаса, демак, уни қасддан инкор қилган ҳолда, била туриб тарк қилса, ана ўшанда у кофирлардан бўлади” (22/6461).

Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

من حكم بكتابه الذى كتبه بيده و ترك كتاب الله و زعم أنّ كتابه هذا من عند الله فقد كفر

“Кимки ўз қўли билан ёзган китоби ила ҳукм қилса ва Аллоҳнинг китобини тарк этса, албатта ўша китобини Аллоҳнинг ҳузуридан келган деб ўйласа, ана шунда, у кофир бўлади” (22/6462).

Демак, мазкур гапга биноан қонун чиқарувчи ўз қонунини Аллоҳнинг ваҳийси деб билсагина кофир бўлади. Ҳолбуки, ҳеч бир мусулмон давлат раҳбари, ҳеч бир қонун чиқарувчи ўз конституциясини ёки қонун ва фармонларини Аллоҳнинг каломи ёки ваҳийси деб билмайди ва асло айтмайди. Башарият томонидан яратилган ҳар қандай қонунларни илоҳий қонунларга тенгламайди, башарий қонунларни илоҳий қонунлардан устун деб билмайди.

 

ХУЛОСА

Дажжол малайлари ва дўзах “ит”лари бўлмиш хаворижлар илк чиққан вақтидан бошлаб то бугунги кунга қадар “Моида сураси”нинг 44-47 оятларини мўъминлар учун қўллаб келадилар. Улар мазкур оятлар билан мўъмин-мусулмонларнинг давлат раҳбарларини кофирга чиқариб, мусулмон умматини уларга қарши чиқишга даъват қилиб келадилар. Мусулмонларнинг фирқаланишлари ва жамоа-жамоа бўлиб олишлари ҳамда ҳар хил оқим ва тоифаларга бўлиниб-бўлиниб кетишларининг бош сабабларидан бири ҳам мана шу “такфир” фитнаси ҳисобланади!

Айтиш лозимки, бугунги кун мусулмонлари ҳам айни шу “такфир” санъатининг жирканч томошаларидан изтиробда ва ғам-аламда қолмоқдалар. Ислом оламида ўзларининг жамоасига эргашмаган жами инсониятни кофирга чиқарадиган “ат-Такфир ва-л-ҳижра” ёки “Жамоат ат-Такфир” сингари гуруҳ ва оқимлар фаолият юритаётгани жуда ачинарлидир. Айтиш мумкинки, бугунги кундаги диний мутаассиблик, диний фундаментализм ва экстремизм ҳамда терроризм каби одамни қўрқувга соладиган ҳолатларнинг асосини ҳам ана шу мусулмонларни ва мусулмонларнинг давлат раҳбарларини “кофир”га чиқариш тушунчаси ташкил қилади. Юқорида айтганимиздек, “ислом экстремизмининг отаси ва онаси” бўлмиш Ҳасан Банно (1906-1949) ва Саййид Қутб (1906-1966) кабилар ўзларининг бир неча асарларида мазкур “Моида сураси”нинг 44-оятини далил келтириб, кичкина ва жузъий масалада ҳам ношраъий ҳукм чиқарувчи мусулмонларнинг давлат раҳбарининг барчасини кофирга чиқарган эдилар. Ҳозиргача ҳизбуттаҳрирга ўхшаган янгидан-янги хаворижлар, яъни раҳбарларига ва ўз ватанларига қарши чиқувчилар ушбу оятни далил қиладилар ҳамда ислом диёрларини куфр диёри деб, ўз ватанларини кофиристон деб, ўзлари туғилиб-ўсган давлатларининг мусулмон раҳбарларини кофир деб туриб, ушбу оятни ҳужжат қилаверадилар.

Айрим ҳолларда ҳаммани кофирга чиқараётган такфирчининг аслида кимлигини, қандай одамлигини ҳам билиб бўлмайди. Содда, ғулувга кетган, эҳтиросга берилган кимсалар, дунёқараши тор, билими саёз ёшлар эса дунё ва юрти тан олган асл шариат уламолари бу ёқда қолиб, ўша баччағарнинг гапларига эргашиб кетаверадилар. Жумладан, Абдуллоҳ ал-Муваҳҳид ал-Маданий деган сохта ном остидаги нокас томонидан “ад-Дин ал-восиб – Эътиқод ас-салаф” (الدين الواصب إعتقاد السلف) деган китоб чиқарилган. Китоб номини ҳам одамларни жалб қилиш мақсадида шундай қўйиб олганлар. Аллоҳнинг ўзи шарманда қилган муаллифнинг сохта экани шу ердан ҳам маълумки, муқаддимада муаллиф ўзини Абу Абдуллоҳ ал-Ансорий деб таништиради. Яъни, китоб сиртида бошқа ном, ичкарисида бошқа ном. Ана шу бўлмағур китобда бутун дунёдаги давлат қонунларини ишлаб чиқувчилар билан бирга унга амал қилувчиларни, бутун дунёдаги давлатларнинг корхоналарида ишловчилар, ҳатто шифохоналардаги шифокорлардан тортиб, йўл қурувчилар, уй солувчи бинокорлар, оддий фаррошлар, ҳунармандлар, деҳқонлар ва бошқа миллионлаб мўъмин-мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқарилади ва Фиръавндан бадтар кимсалар деб ҳукм қилинади.

Бизнинг мазкур мақоламизда бир неча бандларда такрорланганидек, “Моида сураси”нинг 44-47 оятларини фақат ва фақат хаворижларгина далил қилиб, давлат раҳбарларини кофирга чиқарганлар. Демак, кимнинг ана шу оятларни далил қилиб мусулмонларнинг давлат раҳбарларини кофирга, золимга ва фосиққа чиқараётганини кўрсангиз, билингки, у бузғунчи хавориж экан. Уни биз мақоламизда исботлаб кўрсатдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан хаворижларни “дажжол малайлари” ва “дўзах итлари” деб сифатлангани айни ҳақиқатдир! Бу эса то дажжол чиққунча хаворижлар ҳамма замонларда ва барча маконларда чиқавериши мумкинлигини англатади. Биз эса ана шу дажжол малайлари ва дўзах “ит”ларига қўшилиб қолишдан ўзларимизни, яқинларимизни ва ватандош-юртдошларимизни сақлаб-асрашимиз лозим.

Қуръон оятларининг маъно-мазмунини аҳли суннат ва жамоат уламолари тафсирлари ва изоҳлари асосида тушунмоқ ва ўрганмоқ керак. Акс ҳолда, хаворижлар сингари дажжол малайлари ва дўзах “ит”лари қаторига қўшилиб қолиш ҳеч гап эмас. Сиз ҳам китоб ўқиганда, бирорта диний маълумотни ўзлаштираётганда, диний мазмунда гапираётганда ана шундан огоҳ бўлинг.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча мўъмин-мусулмонларни Ўзи адаштирмасин! Адашганларга эса инсоф-тавфиқ берсин! Ҳаммамизга аҳли суннат ва жамоат таълимотларида мустаҳкам турмоғимизда ҳиммат ва ғайрат ато айласин! Ҳақ йўлдан тойдирмасин! Мусулмонларнинг жонажон ўлкаларини тинч, осойишта ва фаровон айласин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.  

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Жамол:

    جزأك الله خيرا
    Аллоҳ сизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин! Ажойиб! Ажойиб! Аллоҳ хизматларини қабул қилсин!

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *