Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари нажот топганлар

Lotin alifbosida

Бу мақола Мулло Рамазон Бутийдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота оналарига саловот айтиш керак деганларга, саловот айтишни инкор қилувчиларни айблаётганларга ва у зотнинг ота оналарини куфрга ҳукм қилувчиларга мавъиза ва насиҳатдир.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Мўмин одам у иккалаларини куфрда бўлган дейишдан ўзини тийиши лозим. Балки уламолар иккалаларининг нажот топганлардан эканликларига, яъни куфрдан қутқариб қолинганларига доир далиларни эслатиб кетганлар.

Шулардан бири — бу энг кучлиси — уларни фитрат аҳлидан эканликларидир. Яъни уларни, олдин ўтган пайғамбарнинг таълимотини олмаган ва ундан кейинги пайғамбарга етиб келмаган муддатда яшаб ўтганларидир.

Фитрат аҳлини куфрдан нажот топганларига далил, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир:

أُخْرَى وَمَا كُنَّا مُعَذِّبِينَ حَتَّى نَبْعَثَ رَسُولً

˝Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз˝. (Исро сураси 15-оят).

Яна бир далил Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир:

˝Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббисидан ота-онасини тирилтириб беришини сўраганида, у зотга тирилтириб берди. Кейин улар у зотга иймон келтирганларидан кейин яна вафот эттирди˝.

Лекин бу ҳадис заиф бўлиб, ҳадис уламолари бунга суянмаганлар.

Яна бир бошқа далилни айрим тафсир китобларидаги Аллоҳ таолонинг ушбу ояти тафсирида келтирилганини кўрганман:

وَتَقَلُّبَكَ فِي السَّاجِدِينَ

«Ва сажда қилгувчилар ичида ҳаракатланишингни (кўрадиган) зотга, (Аллоҳга таваккал қил.)«. (Шуаро сураси, 219-оят).

Яъни сажда қилгувчилар наслидан сажда қилгувчилар наслига, сажда қилгувчилар пуштидан сажда қилгувчилар пуштига ўтиб ҳаракатланишингни кўриб турадиган зотга таваккал қил.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-боболари мўминлардан эканига ёки мўминлар ҳукмида эканига очиқ ишорадир.

Яна бир далил Пайғамбар алайҳис-солату вас-саломни яратилган махлуқотларнинг энг шарафлиси эканларидир. Шарафлини фақат шарафлилар ичидан чиқариб олинади. Уларни куфрга ҳукм қилиш бунга тескари бўлиб қолади.

Бас ушбу далиллардан собит бўлдики, иншаАллоҳ улар куфрдан қутқариб қолингандирлар.

Саҳиҳи Муслимда келган ҳадис ҳам бунга эътироз билдирмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Роббимдан унга (онамга) истиғфор айтишга изн сўрадим, менга изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Менга изн берилди».

Ҳадиснинг зоҳири иккалаларининг нажот топганлардан эмасликларига далил бўла олмайди. Агар истиғфордан қайтарилган бўлса бошқа сабаб учун қайтарилган, уни Аллоҳнинг Ўзи билади. Далил ўзига эҳтимолни қабул қилса, ундан далил олиш соқит бўлади.

Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари куфрда бўлганлар деб ҳукм қиламиз.

Мен: ˝Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок˝! (Масад сураси, 1) сурасини баъзи вақтда ўқиб тураман. Китобларда айрим солиҳ кишиларнинг ривоятларини ўқиб қолдим. Улардан бири ушбу сурани кўп ўқир экан, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир куни тушида кўрибди, у зотнинг юзларида ғазаб аломатлари кўриниб турарди, ва амакилари Абу Лаҳабни назарда тутиб у кишига: «Бу менинг амаким эмасми?», деган эканлар. Ўша солиҳ киши яна айтадилар: «Ана шу вақтдан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаш мақсадида ушбу сурани ўқишдан ўзимни тўхтатиб келаман, фақатгина хатм Қуръон қилганимда ўқийман».

Аммо у кишининг ота-оналарига саловот айтишдан ўзимизни тутишимизга келсак, биз уни илм ва эргашиш йўли билан собит қилиб мустаҳкамлаб қўйганмиз. Сизга бу далилларни албатта изоҳлаб берамиз.

Уларнинг биринчиси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига бўйсинишнинг вожиблиги.

Имом Бухорий ўзининг саҳиҳида ривоят қилади:

 «Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб, 56-ояти) нозил бўлганида, саҳобайи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: ˝Сизга қандай саловот айтамиз, эй Аллоҳнинг Расули?- деб сўрадилар.
Шунда у зот:

اللهم صل على محمد وآله وذريته وأزواجه كما صليت على ابراهيم

˝Аллоҳим! Иброҳим ва унинг яқинларига раҳмат қилганингдек, Муҳаммадга, унинг яқинлари ва зурриёдларига ҳамда аёлларига раҳмат қил…..˝, дедилар.

Иккинчиси:

Аллоҳ таоло қайтарганлиги учун оналарига саловот айтишдан ўзларини тутган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишнинг зарурати.

Расулуллоҳдан ворид бўлган истиғфор калималари кўп бўлишига қарамай, мен у зотнинг барча дуолари орасида ота-оналарига ёки уларнинг бирларига истиғфор айтганларини кўрмадим. Мисол учун ухлашлари олдидан:

رب اغفر لي ذنبي واخسأ شيطاني وفكَّ رهاني وثقل ميزاني

«Аллоҳим гуноҳимни кечир, шайтонимни қувгин, кишанимни ечгин ва мезонимни оғир қил», 

Ва яна:

رب اغفر لي ذنبي وتب عليّ إنك أنت التواب الرحيم

«Аллоҳим гуноҳимни кечир, тавбамни қабул эт. Албатта Сен бандаларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи Раҳимли Зотсан˝, деб дуо қилганлари.

Расулуллоҳ алайҳис-солату вас-саломни ота-оналарига саловот айтишдан ўзларини бундай тутиб туришлари ота-оналарининг куфрда эканлигига далил бўла олмайди. Чунки у зотнинг ўз Роббисидан қайтариқни қабул қилиб олишлари, биз учун сир бўлган ҳикмат бўлиши ҳам мумкин. Буни бир оз олдин эслаб ўтдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш, ибодатлар туридан бўлгани учун ибодат саналади.

Ибодатлар улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлувчи кўрсатмаларсиз саҳиҳ ҳисобланмайди. Расулуллоҳ қилиб кўрсатган ёки айтиб билдирган ҳамда фуқаҳоларнинг ижмоси билан аниқ собит бўлган нарсаларгина ибодат саналади. У зотнинг ота-оналарига саловот айтишни Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам буюрмаганлар, саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейингилар ҳам буни амалда бажармаганлар.

Қарама-қаршилик юзага келганида зоҳирий маънога итоат қилиш, одобдан кўра яхши эканига уламолар қарор қилганлар.

Эҳтиёт юзасидан ушбу қоидага мувофиқ равишда маълум бўлган нарсалардан бири шуки, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Умм» номли китобларида агар Расулулуллоҳнинг исмларини зикр қилсалар, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам демасдилар, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дер эдилар.

Ҳудди шунингдек Ибн Ҳажарнинг ат-Туҳфа китоби ҳошиясида, айрим одамлар азон ва иқоматда (саййидимиз) деган қўшимчани тўқиб чиқарганлар, деб зикр қилинган. Бу иш саҳиҳ манбаларда ворид бўлмагани, Расулуллоҳ ҳам буюрмаганлари учун ва саҳобайи киромлар, тобеинлар ҳам амалда бажармаганлари учун уламолар уни рад қилганлар. Маълумки бу ердаги илтифот кўрсатиш -агар мумкин бўлганида — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарига саловот айтиб илтифот кўрсатишдан кўра, мақсадга яқинроқ эди. Шунга қарамай бу қўшимча, уламолар томонидан чиқариб ташланган.

Уламолар зикр қилган, яъни ˝қарама-қаршилик юзага келганида зоҳирий маънога итоат қилиш, одобдан кўра яхши˝- деган қоидага қаноат қилмасангиз унда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини эсланг:

“Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бирор нарсани пайдо қилса, бас у рад этилгандир» (қайтарилгандир).

Аллоҳ таоло ҳам Каломида айтган:

أَمْ لَهُمْ شُرَكَاءُ شَرَعُوا لَهُمْ مِنْ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَنْ بِهِ اللَّهُ

«Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо)лари борми»?! (Шуро сураси, 21-оят).

Уламолар ҳам қадимдан айтиб келадилар:

Барча яхшилик, ўтганларга эргашишдадир, барча ёмонлик кейингиларни ўйлаб чиқарган бидъатларидадир.

Натижа шуки, бирор амал ҳақида Аллоҳнинг ҳукми борлиги билинганидан кейин ва ҳамма фуқаҳолар буни аниқлаганларидан кейин диндан деб эътиқод қилиш мумкин бўлади. Бу бидъатни бажаришга киришишимиз учун асос бўла оладиган манбамиз нима?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларига бирорта гувоҳ бўлмаган бу бидьат сабабли, кишида Расулуллоҳнинг муҳаббатлари мустаҳкам ўрнашади, деб даъво қилинаётган манбамиз қайси?

Аллоҳ таоло айтади:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي

«Сен: ˝Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас менга эргашинг˝, деб айт». (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айтганлар:

احبوا الله لما يغذوكم من نعمه، وأحبوني لحب الله إياي

«Аллоҳни сизларга ризқ қилиб берган неъматлари туфайли севинглар, мени эса Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўринглар». (Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар).

Кўриб турганингиздек Пайғамбар алайҳиссалом, Расулуллоҳни яхши кўришимизни Аллоҳнинг севгисига боғлади, бошқа бирор нарсага боғлаганлари йўқ. Албатта бунинг асоси эргашишдир.

Балки мен саловотга «ота-онаси» деган сўз қўшишни, намозни ботил қилади, деб биламан.

Шунга ўхшаш яна бир ривоят бор:

Бир солиҳ киши Расулуллоҳни тушларида кўрди ва у зотга, эй Аллоҳнинг Расули, сиз (الحيا من الايمن) ˝ал-хаё минал-ийман˝, (яъни «ҳаё» сўзида ҳамза белгисисиз) деганмисиз, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ», дедилар. Кейин яна бир неча марта қайтариб сўраганида, мен: (الحياء من الايمان) ˝ал-ҳаё´у минал-ийман˝, деганман дедилар. (маъноси: «Ҳаё иймондандир»).

Балки мен айрим фиқҳий китобларда, ˝Агар намоз ўқувчи одам: ˝Самиаллоҳу лиман ҳамида˝, деб охиридаги (ҳо) замирини айтмаса намози ботил бўлади, дейилганини кўрганман.

Мен билдимки, бузилиш сабаби ˝замир˝ни (кўрсатиш олмошини)тушириб қолдириш бўлиб, жумлани буюрилмаган бегона сўз қилиб қўяди. У (حمده) сўзидаги  (ها) замиридир.

Айтилган барча кўрсатмалардан маълум бўладики, биз қилишимиз керак бўлган иш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир. У зотни севишимизни даъво қилиб, ўзимиз хоҳлаган нарсани тўқиб чиқариш эмас. Балки бизга — агар бу даъвойимизда содиқ бўлсак — Расулуллоҳнинг ушбу сўзига қулоқ солишимиздир.

Набий алайҳиссалом айтдилар:
“Мен билан етимнинг кафиллигини олган киши жаннатда мана шундай бирга бўламиз” деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб ишора қилдилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Кейин биз бу сўзга амал қилиб, бойлигимиз ва кучимизни шу йўлда сарф қилишимиздир. Мана шу иш у зотга бўлган муҳаббатимизни амалий тасдиқидир. Яна биз қиладиган иш Аллоҳ рухсат бермаган бидъатларни тўқиб чиқармаслигимиз ва унга бошқаларни чорлаб фитна ва бузғунчиликларни тарқатмаслигимиздир. Албатта бу, ерда бузғунчилик ёйишдир. Аллоҳ бузғунчиларни суймас.

Ўзининг буйруқларига эргашадиган ва ҳавойи нафслари ва истакларига етакловчи бидъатлардан ўзини четга оладиган бандаларини яхши кўради.

Агар сен Аллоҳнинг розилиги ва Расулига яқинлашиш учун осон йўлни танламоқчи бўлсанг, намозингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ортиқча мол ҳам куч ҳам талаб қилмайдиган буюрилган калималар билан саловот айтгин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта ажр берилишига ишора қилган дуоларни кўпайтириб унда бардавом бўлгин. Ана шулардан бири Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Кимки ҳар фарз намозининг сўнгида,

اللهم آت محمد الوسيلة واجعل في المصطفى محبته وفي العالمين درجته، وفي المقربين ذكره

˝Аллоҳумма ати Муҳаммаданил-василата важъал фил-Мустофа муҳаббатаҳу, ва фил-аламийна дарожатаҳу, ва фил-муқоррабийна зикроҳу˝, деса, менинг шафоатимга лойиқ бўлибди» — деганларидир.

Сўзим охирида шуни айтаман, кимки дийнини маҳкам тутишни ва иймонини юзага чиқаришни ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий яқин бўлишни истаса ана шу сўзларни ўйлаб мулоҳаза қилсин ва унга амал қилсин.

Мен бундан фақат Аллоҳнинг жамолини ирода этдим.

Аллоҳим бизга онгимизни бер, нафсимиз ёмонлигидан паноҳ бер. Ўз йўлингдаги ихлос неъмати билан ризқлантир ва охирги дуойимиз эса, оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Мулла Рамазон Бутий

Абдуллажон Ғуломов таржимаси
(Эшонгузар жоме масжид имом хатиби)

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...