Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ барлавийларга қарши

Мақолани .pdf  форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

Ҳанафий мазҳаби фақиҳи, муҳаддис ва муаррих, ҳиндистонлик улуғ олим Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ (1264-1304/1848-1887) исломий илмларнинг қарийб барча соҳалари бўйича 150 га яқин асар ёзиб қолдирган баракали ижодкор алломалардан биридир. Азиз ватандошимиз Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ деган ном билан дунёга танилган олимлардан бири Мулла Муҳаммаджон Рустамжон ўғли (1310-1409/1892-1989) раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлмиш афғонистонлик, Жалолобод қозиси – Мир Муҳаммад Ғавс Саййидзода раҳимаҳуллоҳ олдиларида таълим олганлар. Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари бу зотни Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлганлигини айтганлар ҳамда бир суҳбатларида (бу суҳбатнинг видеоси ҳам бор) Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг буюк зот бўлганлари ва юздан зиёд асарлар битиб қолдирганлари борасида фахр-ифтихор билан гапирганлар. Дарҳақиқат, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ Марказий Осиё халқларига ҳам таниш ва қадрдон эди. Унинг ўнлаб асарлари бу ўлкада ҳам муаллиф тириклиги давридаёқ донг қозониб улгурган эди. Айниқса, унинг “Шарҳ ал-Виқоя”га битган ҳошия шарҳи “Умдат ар-риъоя” ҳозиргача севиб мутолаа қилинади ва ҳанафийлик мазҳаби фиқҳидаги асосий қўлланмалардан бири сифатида қадрланади.

Бундан ташқари, Абдулқаҳҳор домла Андижоний ҳафизаҳуллоҳ айтишларича, Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг укалари Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ олдиларида ҳам бир муддат таҳсил олганлар. Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ эрта вафот қилиб кетгани туфайли унинг “Умдат ар-риъоя” асари охирига етказилмай, 1 ва 2-жилди билан қолган эди. Мана шу ука Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ  “Зубдат ан-ниҳоя” деган асари билан уни – 3-4 жилдини охирига етказганлар. У зот ўз даврида Шамс ал-уламо (Олимлар қуёши) фахрий лақабга сазовор бўлганлар. Унинг “Мухтасар ал-Қудурий”га битган ҳошия шарҳи ҳам бор. У 1935 йилнинг январида вафот қилганлар.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ва унинг укалари Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ яшаган даврда бугунги кунда барлавийлар жамоаси деб тилга олинаётган, Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ бошчилигидаги тоифа бош кўтарган эди. Улар ўзларини тан олмаган Ҳиндистондаги жуда кўпчилик таниқли уламоларни такфир қилганлар ва бидъатчига чиқарганлар. Айниқса, ўзлари каби аҳли суннат ва жамоатдан эканини, мотуридий ақидасига ва ҳанафийлик мазҳабига амал қилишини таъкидлайдиган, нақшбандийлик ва қодирийлик каби тариқатларда сулук қиладиган Ҳиндистоннинг Девбанд қишлоғидаги “Дор ал-улум” мадрасасидан чиққан уламолар жамоасини такфир қилишдан ва ваҳҳобийликка мансуб қилишдан чарчамай келадилар.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ эса ана шу Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон алайҳирраҳма ваҳҳобийга ва кофирга чиқарган Девбанд уламолари билан яқин алоқада, дўстликда, илмий ҳамкорликда бўлганлар. Девбанд уламолари билан жуда қадрдон, борди-келдиси мустаҳкам, улар билан ҳамкорликда ижодий ишларни амалга оширганлар. Жумладан, унинг “Мажмуат ал-фатово” асарини кўздан кечирган кимса у ўзининг айрим фатволарини Девбанд уламоларининг улуғлари билан биргаликда чиқарганларини кўради. “Мажмаъ ал-фатово”дан маълумки, бобокалон устозимиз бир фатвосига Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ томонидан шайтоний ваҳҳобий деб эълон қилинган, “ал-Кавкаб ад-дуррий”, “Фатовойи Рашидия” каби асарлар муаллифи Рашид Аҳмад Гангуҳий раҳимаҳуллоҳдан тақриз олганлар.

Одатда, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам тақриз ўзи эътироф қилган, тан олган, ҳурмат қилган одамлардан олинади!

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бир неча фатволарини эса Девбанд уламоларининг энг катталаридан бири бўлган, Ҳинд шайхи деган лақабли зот Маҳмуд Ҳасан Девбандий раҳимаҳуллоҳ, Девбанд уламоларининг энг катталаридан Азизурраҳмон Девбандий раҳимаҳуллоҳ, Ҳабибурраҳмон Девбандий раҳимаҳуллоҳ билан биргаликда чиқарганлар (Масалан, қаранг: Мажмуат ал-фатово / “Хулосат ал-фатово”нинг ҳошиясида. 4-жилд. – Лакнау, 1911. – Б. 380-382). Бу хилдаги ҳамкорликдаги чиқарилган фатволар “Мажмуат ал-фатово”да жуда кўп.

Сиз ваҳҳобийлар “Мажмуат ал-фатово” нашрини ўзгартирганлар, дейсизми? Бу шубҳага асос йўқ! Китобларни нашр қилган зот Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг севимли шогирди ва куёвлари Муҳаммад Юсуф ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ва унинг “Юсуфия” матбааси эди. Бу китоблар нашр қилинган вақтда Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ишларининг давомчиси, ул зотнинг укаси Шамс ал-уламо лақабли Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳам бор эди ва нашр ишларини қатъий кузатиб турган эди. Мазкур асарнинг “Хулосат ал-фатово” ҳошиясидаги нашридан бўлак, алоҳида 3 жилдли қилиб чоп қилинган нашри ҳам бор. “Хулосат ал-фатово” ҳошиясидаги нашри эса Лакнауда 1911 йили айнан бизнинг юртдошимиз, ношир Сиддиқ хўжа Хўжандий раҳимаҳуллоҳ томонидан айнан, ҳа, айнан Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг “Мажмуат ал-фатово” асарининг дастхат нусхаси асосида, айнан, ҳа, айнан Бухоро ва Мовароуннаҳр аҳли учун махсус тайёрланган эди. Бу маълумот нашрнинг илк варағида қайд қилинган. Бу асар нашр қилинганда ҳали Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг қариндошлари, издошлари, шогирдлари, давомчилари Лакнауда ҳаёт эдилар. Умуман, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг қарийб барча асарлари ана шу даврда – Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ишларининг давомчиси, ул зотнинг укаси Шамс ал-уламо лақабли Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳамда Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг севимли шогирди ва куёвлари Муҳаммад Юсуф ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ назорати остида нашр қилинган.

Сиз бу “Мажмаъ ал-фатово”даги маълумотларни ваҳҳобийлар ўзгартирган десангиз, шундай деб гуноҳ бўладиган гумонни қилсангиз, унда Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг куёви Муҳаммад Юсуф ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳни ҳам, унинг укаси Абдулҳамид ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳни ҳам, маърифатпарвар юртдошимиз Сиддиқ хўжа Хўжандий раҳимаҳуллоҳни ҳам ваҳҳобий дейишга тўғри келади. Унда ул зотларда Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ нимага ўқиган эканлар-а, нимага барлавийлар раҳнамоси Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон алайҳирраҳмани бирор марта тилга олмаганлар-у, нуқул бу Лакнавий устозларини гапирганлар экан-а?! Агар сиз ушбу гумонингизда қолаверар экансиз, унда мен: “Таассуб мундин ўтмас, аййуҳаннос!”, дейишдан ўзимни тўхтата олмайман.

Биз қуйида Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг юқорида тилга олинган барлавийлар тоифасининг ақидавий ва амалий фикрларига зид илмий қарашларига тўхталиб ўтмоқчимиз. Ушбу фикрлар Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг бир неча асарларидан олинган. Улар асосан учта мавзуга оид бўлиб, ана шу учта мавзунинг ўзидаёқ Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ барлавийлар ақидасига қарши аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор ақидаларида барқарор эканлиги маълум бўлади. Бу эса барлавийларнинг айрим масалаларда аҳли суннат ва жамоатнинг анъанавий ақидаларидан оғишганлигини ҳам билдиради.

 ЗОТИЙ ВА АТОИЙ ИЛМ

Барлавийларнинг раҳбари Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ “пайғамбарлар ва авлиёлар ғайбни биладилар”, деган гапларига Аллоҳ таолонинг илмини зотий ва атоий деган турларга ажратиб кўрсатадилар. Жумладан, у зот ўзининг “ад-Давлат ал-маккия” асарида бундай дейдилар:

فثبت ان العلم الذى يستأهل الاختصاص به تعالى ليس الا العلم الذاتى و العلم المطلق التفصيلى المحيط بجميع المعلومات الالهية بالاستغراق الحقيقى … و ان العلم الذى يصح اثباته للعباد هو العلم العطائى سواء كان العلم المطلق الاجمالى او مطلق العلم التفصيلى

“Бас, собит бўлдики, Аллоҳ таолога хослаш жоиз бўладиган илм фақат зотий илмдир ва жами илоҳий маълумотларни ҳақиқий истиғроқ билан қамраб олган мутлақо тафсилий илмдир. Бандаларга исбот қилиш дуруст бўладиган илм эса у атоий илмдир. Бу ижмолий мутлақ илм бўлсин, хоҳ тафсилий мутлақ илм бўлсин, фарқи йўқ – баробардир” (Аҳмад Ризохон. ад-Давлат ал-маккия би-л-моддат ал-ғайбия. Истанбул: Hakikat kitabevi, 2011. – Б. 49).

ان مطلق العلم العطائى بالمغيبات خاص اصالة بحضرات الأنبياء الكرام عليهم افضل الصلاة و السلام. فما يحصل لغيرهم انما يحصل بافاضتهم و امدادهم و افادتهم و ارشادهم فانى التساوى على ان غيرهم لا يعلم من علومهم الا نزرا يسيرا الا يعدّ شيئا بجنب ما لهم من يجار متدفقة من العلوم الغيبية فانهم عليهم الصلاة و السلام يعلمون بل يرون و يشاهدون جميع ما كان و ما يكون من اول يوم الى اليوم الآخر

 “Албатта ғайблар ато қилинган мутлақ илм Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассалом ҳазратларига етмоғи хосдир! Бошқаларда ҳосил бўлган нарсалар (ғайб илми) у зотнинг файзлари, мададлари, фойдалари ва иршодлари натижасида ҳосил бўлади. Бошқаларнинг баробар бўлиши қаерда?! Улар пайғамбарларнинг илмларидан жуда озгинасини биладилар. Уларнинг ёнбошларида туриб, ғайбий илмлардан диққат қилганлари бирор нарсани санай олиши мумкин, холос. Албатта Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассалом илк кундан бошлаб охирги кунгача (дунё бошлангандан то қиёматгача) бўлиб ўтган ва энди бўладиган жами нарсаларни биладилар, балки кўриб, гувоҳ бўлиб турадилар” (Аҳмад Ризохон. ад-Давлат ал-маккия би-л-моддат ал-ғайбия. – Истанбул: Hakikat kitabevi, 2011. – Б. 54).

Барлавийлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбнинг барча – куллийсини ҳам, жузъийсини ҳам, дунё бошлангандан бери то қиёматгача бўлган нарсаларни билади. Шу жумладан, авлиёуллоҳлар ҳам биладилар”, деган ақидани айтиб келадилар. Бу борада Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ томонидан бир неча рисолалар битилган. Улардан энг машҳури биз иқтибос олганимиз “ад-Давлат ал-маккия” деб номланади. Бу мавзуга оид бир қанча рисолалари 1900 йилда (1318 ҳ.) ёзилган. Улар “Инбо ал-Мустафо би-ҳоли сиррин ва ахфо”, тўрт бобдан иборат “Моий ал-Ҳабиб би-улум ал-ғайб” ва “ал-Лўълўъ ал-макнун фи илм ал-Башир ма кона ва ма йакун”  деб аталади.

Гапимиз уларга нисбатан туҳмат дейилмаслиги учун, яна барлавийларнинг энг катта олими Амжад Али ал-Аъзамий раҳимаҳуллоҳнинг “Баҳори шариат” асарида келган пайғамбарлар ҳақидаги:

الله عزّ و جلّ نى انبيا عليهم السلام كو اپنى غيوب پر اطلاع دى زمين و آسمان كا هر ذرّه هر نبى كى پيش نظر هى

“Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбарлар алайҳимуссаломларни ўзининг ғайбларидан хабардор қилгандир. Еру осмондаги ҳар бир зарра ҳар бир пайғамбарнинг кўз олдидадир”, деган ақидавий фикрларини келтириш мумкин (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 41-44 ва 46).

Яна Амжад Али ал-Аъзамий раҳимаҳуллоҳ томонидан айтилган авлиёлар ҳақидаги ақидавий фикрини келтириш мумкин:

عُلوم غيبيه پر منكشف هو تى هين، ان ين بهت كو ما كان و ما يكون اور تمام لوح محفوظ پر اطلاع ديتى هين مگريه سب حضور اقدس صلى الله تعالى عليه و سلم كى واسطه و عطاسى، بى وساطتِ رسول كوئى غير نبى كسى غيب پر مطلع نهين هو سكتا

   “Улар ғайбий илмларни кашф қилган бўладилар. Яна улар дунё бошлангандан бери бўлган ва охирзамонгача бўладиган нарсалар (“ма кона ва ма йакун”)дан, шунингдек, Лавҳ ул-маҳфуздан тамоман – тўлалигича хабардор бўладилар. Фақатгина, бу Ҳузури Ақдас (яъни, Расулуллоҳ) соллаллоҳу таоло анҳунинг воситалари ва атолари сабабли бўлади. Расулнинг воситасисиз набийдан бошқалар ғайбдан хабардор бўла олмайди!” (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 268).

Бу фикр асос эътибори билан ботилдир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаййҳи ва салламнинг зоти вужудлари ҳам, ул зотнинг рисолатлари ва нубувватлари ҳам – барча-барчаси Аллоҳ таолонинг атоси ва иноятидир. Аллоҳ таолонинг илми худди басар, самъ каби сифатлари кабидир. Ҳеч ким Аллоҳдан бошқа бировни ҳамма нарсани билувчи ёки жами нарсани эшитувчи демайди. Худди шундай Аллоҳ таолонинг зоти унинг илоҳлиги ва холиқлигидир. Шуни бировга нисбатан бу атоий илоҳ ёки атоий холиқдир, деб бўладими? Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Асор ал-марфуъа” асарларида барлавийларнинг ақидаларига раддия сифатида қуйидагиларни айтадилар:

و منها ما يذكره الوعّاظ من أنّ النبى أعطى علم الأوّلين و الآخرين مفصلا و وهب له علم كلّ ما مضى و ما يأتى كلّيّا و جزئيّا و أنه لا فرق بين علمه و علم ربّه من حيث الإحاطة و الشمول و إنّما الفرق بينهما أنّ علم الله أزلىّ أبدىّ بنفس ذاته بدون تعليم غيره بخلاف علم الرسول فإنّه حصل له بتعليم ربّه.

و هذا زخرف من القول و زور على ما صرّح به إبن حجر المكّى فى المنح المكية شرح القصيدة الهمزية و غيره من أرباب الشعور و الثابت من الآيات القرآنية و الأحاديث النبوية هو أنّ الإحاطة و الشمول و علم كلّ غيب مختصّ بجناب الحقّ و لم توهب هذه الصفة من جانب الحق لأحد من الخلق. نعم علوم نبيّنا صلى الله عليه وسلم أزيد و أكثر من علوم سائر الأنبياء و الرسل و تعليم ربّه الأمور الغيبية له بالنسبة الى تعليم غيره أكمل فهو صلى الله عليه و سلم أكمل علما و عملا و سيد المخلوقات مرتبة و فضلا

“Воизлар зикр қиладиган тўқималардан яна бири, “Пайғамбар алайҳиссаломга аввалгилар ва охиргиларнинг илми тафсилотлари билан берилган, ўтган ва келгуси илмларнинг куллийси ҳам, жузъийси ҳам унга инъом қилинган. Унинг илми билан Парвардигорнинг илми орасида (маълумотларни) эгаллаши ва қамраб олиши борасида фарқ йўқ, фарқ фақатгина Аллоҳ таолонинг илми ўз зотида турувчи азалий ва абадийлигидадир. Пайғамбарнинг илми бунинг акси, чунки ундаги илм Парвардигорнинг таълими билан ҳосил бўлган”, дейишларидир. Бу гапнинг ялтироқ (ичи қалтироқ) ва ёлғон эканига Ибн Ҳажар ал-Маккий раҳимаҳуллоҳ “ал-Минаҳ ал-маккия” асарида ва шуур аҳлларидан бошқалар очиқ айтиб ўтганлар. Қуръоний оятлар ва набавий ҳадислардан собитки, (маълумотларни) эгаллаш ва қамраб олиш ҳамда ғайб илмининг барчаси Жаноби Ҳаққа хосдир. Ҳақ тарафидаги ушбу сифат халқнинг ҳеч қайсинисига берилмаган. Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмлари бошқа набий ва расулларнинг илмларидан кўпроқ ва зиёдароқдир. Парвардигорнинг ғайбий ишларни бошқаларга нисбатан унга таълим бергани мукаммалроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмда ва амалда комилроқдирлар ҳамда мартаба ва фазилатда яралмишларнинг саййидидирлар!” (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фий ал-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. – Карочи: Идорат ал-Қуръон вал-улум ал-исломия, 1998. – Б. 27).

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Мажмуат ал-фатово” асарида ҳам ушбу масалага бир неча марта тўхталганлар. Жумладан, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммий – туғма саводсиз бўлганликлари ҳақидаги ҳамда у зотнинг илмий савияси борасидаги саволга жавоб бериб, Қуръони каримда ул зоти бобаракотнинг уммий эканликлари ҳақидаги оятни далил келтирадилар ва бундай дейдилар:

و در شريعت محمديه ثابت نگرديد كه آنحضرت صلى الله عليه و سلم بر تمامى علوم جميع اشياى ماضيه و مستقبله جزئيه و كليه اطلاع داشتند الا ما شاء الله تعالى

“Шариати муҳаммадияда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жами нарсаларнинг тамоми илмидан, ўтганидан-у келгусидагидан, жузъийсидан-у куллийсидан хабардор бўлишлари собит бўлмаган. Фақат Аллоҳ таолонинг ўзи хоҳлаган маълумотларнигина биладилар”. (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 6).

ҲОЗИР-У НОЗИР МАСАЛАСИ

Ҳозиру нозир масаласи барлавийларнинг энг катта ақидаларидан биридир. Улар зуҳур қилгунча ушбу масала аҳли суннат ва жамоат орасида тарқалмаган эди.

Барлавийларнинг ақидаларини тўла ўзида акс эттирган ва барлавийлар ақидасини ёқлаб чиққан энг машҳур асарларидан бири “Миқёси ҳанафият” номли китоб бўлиб, унда гўё Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳамма жойда ҳозиру нозир эканликларига Қуръон, ҳадис ва уламоларнинг гапларидан деб уч бўлимда далиллар келтирилган (Қаранг: Муҳаммад Умар. Миқёси ҳанафият. – Лоҳур: (йили кўрсатилмаган). – Б. 263-289).

Барлавийларнинг катта олимларидан Муфтий Аҳмадёрхон ан-Наъимий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Жоа-л-Ҳаққ!” асарида “Ҳозиру нозир масаласи баҳси”га икки боб ва битта муқаддима бағишлаган (Аҳмадёрхон ан-Наъимий. Жоа-л-Ҳаққ! Лоҳур: (йили кўрсатилмаган). – Б. 67-82).

Барлавийларнинг ҳозиру нозир масаласига қарши ўлароқ Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ мазкур ақидани ширк деб биладилар. Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ушбу масалага бир неча бор эътибор қаратган бўлиб, унинг нотўғри ақида эканлигини қайд қилиб кетган эдилар.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ”Мажмаъ ал-фатово” асарининг учинчи жилдида “Худодан бошқани ҳозир деб билиш куфрдир”, деган ном остида қуйидагича ёзилган:

Савол: Агар бир киши эътиқод қилсаки, машойихларнинг арвоҳлари ҳозирдир, ҳар нарсани билиб туради, деса, унинг ҳаққида нима дейилади?

Жавоб: У кофирдир. “ал-Баззозия”да “Ким машойихлар арвоҳи ҳозирдирлар, билиб турадилар”, деса кофир бўлади”, дейилган (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 3-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 5).

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ”Мажмуат ал-фатово” асарининг биринчи жилдида эса қуйидагилар баён қилинган:

استفتا ما قولكم رحمكم الله تعالى درين مسئله كه عادت عوام اين ديار است كه در وقت مصيبت و حاجت از دور و بعيد انبيا عليهم السلام يا اولياى كرام را بطريق استمداد مى خوانند و اعتقاد ميدارند كه ايشان حاضر و ناظر اند در همه حال و هر وقت كه ما مردم ايشان را ميخونيم مطلع گشته در انجاح مقاصد دعا ميكنند اين صورت جائز است يا نه بينوا توجروا

Фатво сўраш: Аллоҳ толо сизларга марҳамат қилсин, ушбу масала борасида гапингиз қандай? Бу диёрнинг авомлари ўртасида одат борки, улар мусибат ва ҳожат вақтида узоқдан туриб Пайғамбарлар алайҳимуссалом ёки авлиёи киромларни истимдод (мадад сўраш) тариқасида чақирадилар. Уларни ҳамма ҳол ва ҳамма вақт ҳозир ва нозир деб эътиқод қиладилар. Биз одамлар уларни чақирсак, ундан огоҳ бўлиб, мақсадлар ҳосил бўлишида дуо қиладилар, дейдилар. Ушбу сурат жоизми ёки йўқми? Баён қилиб берсангиз, ажрга эга бўласизлар!

الجواب و هو الموفق للصواب صورت مذكور حرام بلكه شرك صريح است چه اين صورت متضمن اعتقاد علم غيب است براى غير او تعالى و اعتقاد مذكور شرك صريح است بيانش آنكه شرك در شرع عبارت است از شريك گردانيدن غير او تعالى شانه در ذات يا صفات مختصه يا عبادت وى عز و جل و علم غيب از صفات مختصه بوى سبحانه تعالى است كما هو مصرح فى كتب العقائد لا نطول بذكر العبارات كلها بل نقتصر على نقل عبارة على القارى فى شرح الفقه الاكبر و هى هذه بالجملة العلم بالغيب امر تفرد به سبحانه و تعالى و لا سيل اليه للعباد و الا باعلام منه و الهام بطريق المعجزة و الكرامة و ارشاد الى الاستدلال بالامارات فيما يمكن فيه ذلك و لهذه ذكر فى الفتاوى ان قول القائل عند رؤية حالة القمر اى دائرته يكون مطرا مدعيا علم الغيب لا بعلامته كفر و ذكر الحنفية تصريحا بالتكفير باعتقاد ان النبى صلى الله عليه و سلم يعلم الغيب لمعارضة قوله تعالى قل لا يعلم من فى السماوات و الارض الغيب الا الله كذا فى المسائرة انتهى ملخصا

Жавоб, тўғриликка мувофиқдир. Мазкур сурат ҳаром, балки очиқ ширкдир. Чунки, бу сурат Аллоҳ таолодан бошқага нисбатан ғайб илми эътиқодига боғлиқ. Мазкур эътиқод эса очиқ ширкдир. Унинг баёни шуки, ширк шариатда Аллоҳ таолога зотда, махсус сифатларда ёки унинг ибодатида бошқасини шерик қилмоқдир. Илми ғайб эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога хос сифатлардандир! Бу ақоид китобларида очиқ-ойдин келтирилган. Ибораларнинг ҳаммасини келтириб, гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат Али л-қорининг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”даги иборасини нақл қилиб ўтамиз. У мана будир: “Ғайб илми Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзининг ишидир. Бу борада бандаларга йўл йўқ. Фақат унинг билдириши ва мўъжиза ёки каромат тариқасида илҳом бериши билан бўлиши мумкин. Аломатларга қараб далилланишга йўлланма ҳам бу борада бўлиши мумкин. Шунинг учун фатволарда зикр қилинганки, ойнинг ҳолатини, яъни ҳалқасини кўриб, илми ғайбни даъво қилган ҳолда ёмғир ёғади, деса кофир бўлади, аломатлари орқали айтса, ундай эмас. Ҳанафий олимлари: “Пайғамбар алайҳиссаломни ғайбни билади”, деган эътиқод билан куфрга кетишни очиқ айтиб ўтганлар. Бу “Айтгин, осмонлару ердаги кимсалар ғайбни билмаслар, фақат Аллоҳ билур”, маъносидаги оятга тескари бўлгани учундир. “ал-Мусоира”да шундай келтирилган. Тамом.

درين جز و زمان رسائل متعدده درين باب تأليف شده و فتوى ها نويشته آمد من شاء الاطلاع على الدلائل فليرجع اليها و الله اعلم و علمه اتم كتبه محمد بشير عفا عنه صح الجواب عبد الصمد پشاورى صح الجواب ذو الفقار صح الجواب سيد محمد سيوانى

Бу давр ва замонда бир қанча рисолалар ушбу бобда таълиф қилинган. Далилларни билмоқни хоҳлаган одам уларга мурожаат қилиши мумкин. Аллоҳ таоло билгувчироқ, унинг илми мукаммалроқ! Уни Муҳаммад Башир ёзди. Жавоби тўғри, Абдуссомад Пешоварий. Жавоби тўғри, Зулфиқор. Жавоби тўғри, Саййид Муҳаммад Сайвоний.

هو المصوب فى الواقع همچو اعتقادكه حضرات انبيا و اوليا هر وقت حاضر و ناظر اند و بر همه حال بر نداى ما مطلع ميشوند اگر چه از بعيد باشد شرك است چه اين صفت از مختصات حق جل جلاله است كسى را در ان شركت نيست در فتاوى بزازيه مى نويسد تزوج بلا شهود و قال خداى و رسول خداى و فرشتگان را گواه كردم يكفر لانه اعتقد ان الرسول و الملك يعلمان الغيب انتهى و نيز در بزازيه است و عن هذا قال علماؤنا من قال ان ارواح المشايخ حاضرة تعلم يكفر انتهى و الله اعلم حرره الراجى عفو ربه القوى ابو الحسنات محمد عبد الحى تجاوز الله عن ذنبه الجلى و الخفى

Тўғри жавоб. Воқеъликдаги бу хилдаги эътиқод, яъни пайғамбарлар ва авлиёлар ҳар вақт ҳозир нозирдирлар ҳамда бизнинг нидоларимиздан гарчи узоқда бўлсалар ҳам огоҳ бўладилар, деган эътиқод ширкдир! Чунки, бу сифат Ҳақ таолонинг махсус сифатларидандир! Ҳеч ким бу борада унга шериклик қила олмайди. “Фатовойи Баззозия”да ёзади: “Гувоҳларсиз уйланса ва Худо, унинг Расули ва фаришталарни гувоҳ қилдим, деса кофир бўлади. Чунки, у Расул ҳамда фаришталарни ғайбни билади, деб эътиқод қилган бўлади”. Тамом. Яна “Баззозия”да бундай дейилган: “Уламоларимиз айтганларки, кимки машойихлар арвоҳлари ҳозир бўлиб, билиб турадилар, деса кофир бўлади”. Тамом.

Валлоҳу аълам!

Уни таҳрир қилиб ёзди Абул-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай” (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 327-328).

МАВЛИДДА ТИК ТУРИШ

Бизнинг юрт аҳли, шунингдек, бутун дунё мусулмонлари мавлиди шариф маросимларида мавлид ўқиш асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматлари учун тик туриб келадилар. Албатта бу иш асос эътибори билан жоиздир! Бироқ, унинг жоизлиги бутун дунё мусулмонларининг ижмоъси – фақат урф-одати натижасидир. Уни вожиб ёки суннат қилиб олиш шариатга янгилик киритиш ҳисобланади. Бироқ, барлавийлар мавлидда тик туришни вожиб деб билишиб, тик турмаганларга қаттиқ қаршилик қилиб, уларни бидъатчиликда ва ваҳҳобийликда, ҳатто кофирликда айблаб келадилар. Мавлидда тик туриш ҳақида Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ ҳам 1883 йилдаёқ (1301 ҳижрий) “Иқомат ал-қиёма ъала тоъини-л-қиём ли-Набиййи Таҳома” номли алоҳида рисола ёзган эдилар. Бундан олдин эса унинг бобоси Нақий Али ибн Ризо Али ал-Барилвий раҳимаҳуллоҳ томонидан “Изоқат ал-асом ли-монеъи амал ал-мавлид ва-л-қиём” асари битилган. Бу икки асар ёзилган даврда эса ҳали Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳаёт эдилар. Шунингдек, Саломатуллоҳ ал-Бадоюний раҳимаҳуллоҳ “Ишбоъ ал-калом фий исбот ал-мавлид ва-л-қиём”, Ҳабиб Али ибн Муштоқ Али ал-Кокуравий раҳимаҳуллоҳ “ас-Сайф ал-маслул ъала ман йумонеъ ал-қиём би-мавлид ар-Расул” каби асарлар ёзганлар.

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ мавлидда тик туришнинг асли-асоси йўқ, деб биладилар, тик туришнинг ўзини ботил иш деб айтадилар. Бу ерда биз таъкидламоқчи бўлган фикр шуки, Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ асло ваҳҳобий ёки бидъатчи бўлмаганлар, зотан, мавлидда тик турмаганларни асло ваҳҳобий ёки бидъатчи деб бўлмайди! Биз эса мавлиди шариф маросимларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматлари учун тик турилганда, севина-севина тик турамиз, бироқ, қиём қилмаганларни асло айбламаймиз! Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Мажмуат ал-фатово” асарининг 3-жилдида мавлидда маҳалли қиёмда туришни фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас, суннати муаккада ҳам эмас, ҳатто мустаҳаб ҳам эмас, деб ёзар эканлар, Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг “Эҳё улум ад-дин” асарида Ҳазрати Анас разийаллоҳу анҳунинг: “Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тик турмас эдилар”, деган ривоятни келтирганини ёзадилар. Сўнгра, Ҳарамайни шарифайн уламолари мавлиди шарифда қиём қилишларини айтиб, Имом Барзанжий раҳимаҳуллоҳнинг мавлид китобларида қиёмни истеҳсон қоидасига кўра жоиз, дейилганини қайд қиладилар (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 3-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 130).

Бироқ, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ўзлари мавлидда қиём қилиб тик туришни бидъат ва асли йўқ иш деб биладилар. Жумладан, унинг қаламига мансуб “ал-Асор ал-марфуъа”да бу борада қуйидагича сўз юритилган:

و منها ما يذكرونه من ان النبى صلى الله عليه و سلم يحضر بنفسه فى مجالس وعظ مولده عند ذكر مولده و بنوا عليه القيام عند ذكر المولد تعظيما و اكرامًا و هذا ايضًا باطل من الاباطيل لم يثبت ذلك بدليل و مجرد الاحتمال و الامكان خارج عن حد البيان

«Қиссагўй ва мавъизагўйларнинг яна бир ишларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларининг ваъз мажлисларида ул зотнинг туғилишлари эсланаётган пайтда ўзлари ҳозир бўладилар, деб зикр қилишларидир. Шу сабабли улар мавлид зикри вақтида таъзим ва икром юзасидан қиём – тикка туришни барпо қилиб олганлар. Бу ҳам далил билан исботланмаган ботиллардан бир ботил ишдир. Ҳар хил эҳтимоллар ва имкониятларни далил қилишлар эса баён чегарасидан хориждир!» (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. Каротчи (Покистон): Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1419. – Б. 34).

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ мавлидда тик туриш мавзусини ўзларининг “Мажмуат ал-фатово” асарида давом қилдириб, бу борада анча батафсилроқ фатво берганлар. Биз уни тўлиқ келтирамиз:

Фатво сўраш. Дин уламолари ва метин шариат муфтийлари ушбу масалада нима дейдилар: мавлиди шариф маросими соф сўфийлар ва айрим муҳаддисларнинг чиқарган амали бўлиб, унинг ҳукми ҳақида уламолар ҳар хил фикр билдирганлар. Ушбу маросимларда аксари авом ва хос инсонлар Ҳазрати Хотам ал-анбиё соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари зикри вақтида ул зотнинг таъзимлари учун ўринларидан тик турадилар. Ушбу ишни таъзим жумласига киритганлар. Аё, ушбу қиём шаръий усулда истинбот қилинганми ва у собитми ёки йўқми? Аксар уламолар у ҳақида: هذا القيام بدعة لا اصل لها – “Ушбу қиём бидъатдир ва унинг асли йўқ!”, деганлар. Чунончи, “Сийрати Шомия”, “Сийрати Ҳалабий” ва бошқаларида бу мавзу мавжуд. Уни қилган кимсани рад қилинмаган ҳолатда ушбу иш мубоҳми, бидъати ҳасанами ёки бидъати саййиами? Шунингдек, айрим одамлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шарофатли туғилишлари зикри вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳи поклари ташриф буюрадилар, деб ўйлайдилар. Ушбу фикр тўғрими ёки йўқми? Айрим одамлар суннати набавияга эргашишларини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъзимларини фарзи айн ва бошқа фарзлар қаторида, дейдилар. Жаноби Саййид ал-аном соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига қаралса, ул зот саҳобаи киромлар ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъинга туришни ман қилганлар, саҳобаи киромлар ҳам у зот учун ўринларидан турмаганлар. Чунончи, бу ҳадиси шарифларда очиқ айтилган. Демак, ушбу мавлидлардаги қиём бидъат ва асли йўқ нарсами? Кўпчилик одамлар мазкур қи         ёмни тарк қилганни Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъзимларини тарк қилган деб биладилар ва унга таъна қилиб, қаттиқ гапирадилар. Хуллас, ушбу таъна қилувчи одам савоб оладими ёки хатокорми? Китобга мувофиқ баён қилиб берсангиз, Аллоҳ таолодан савоб оласиз!

Тўғри жавоб. Мавлиди шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари зикри вақтида қиём қилиш асли шаръий амал сифатида саналган эмас! Уни Пайғмбар алайҳиссаломнинг таъзимлари учун тик туриш деб ўйлаш фосид хаёлдир. Чунки, бу қиём уч ҳолатдан холи эмас. Ушбу туришни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номи покларининг ўзига таъзим сифатида амалга ошириш ёки туғилиш ҳайъатини ва туғилишдаги воқеаларни тасаввурининг таъзими учун туриш ёки жасадан ва руҳан ё фақат руҳан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз зотларининг таъзими учун туришдир.

Биринчи ҳолат умуман ботилдир. Чунки, биринчидан, номи покларига таъзим қилиб ўриндан туриш ёки эгилиш ёки бошқа бир ҳолатга кириш шариатда ворид бўлмаган, балки у бидъатдир.  Номнинг ўзига таъзим қилиш ҳеч қаерда айтилган эмас. Иккинчидан, агар номнинг ўзи учун қиём қилинадиган бўлса, бутун мавлид давомида тик туриш лозим бўларди. Зотан, тамоми мавлид жараёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номи муборакларини зикр қилиб турилади. Бутун мавлид ўқиш жараёнида тик туриш лозим, деб ҳеч бир кимса айтган эмас.

Иккинчи ҳолат ҳам ботилдир. Туғилиш ҳолатини тасаввур қилиб, унинг таъзими учун тик туриш фақат шу ерга хосланиши дуруст эмас, чунки, бу хилдаги тасаввур боқий қолаверади.

Учинчи ҳолатнинг ҳукми эса мавқуфдир, яъни ҳолатга боғлиқ. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари зикри вақтида ул зотни мавлид мажлисига жасадан ва руҳан ёки фақат руҳан ташриф буюрадилар, дейилса, бу шаръий иш бўлиб собит бўлган эмас. Ким уни даъво қилса, шаръий далиллар билан баён қилишга мажбур. Деди-деди билан иш битмайди. Агар у фаразан у зот ташриф буюришлари мумкин-ку, деб таъзим қилиб ўрнидан турса, бу ҳам собит бўлмаган, муҳол ишдир. Чунки, агар ташриф буюрсалар, нимага айнан фақат туғилиш зикри вақтида ташриф буюришлари керак?! Зоҳиран қараганда, у зот мавлиднинг аввалидан ташриф буюришлари керак эди. Бас, у ҳолда мавлиднинг аввалидан то охиригача тик туриш лозим келарди. Буни эса ҳеч ким айтган эмас!

Бунга илова қилиб шуни айтиш керакки, ҳадис китобларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳаётлик вақтларида саҳобаларга ўзлари учун туришни ман қилганлар. Саҳобалар ҳам у зот учун қиём қилган эмаслар. Шундай экан, ҳаётликларида мақбул санамаган бир ишни, балки саҳобаларни ундан ман қилганларининг ўзини вафотларидан сўнг ташриф қилганларида тик туриб кутиб олишни жоиз санармидилар?!

Агар фаразан мавлид вақтида қиём қилишни шаръий иш дейдиган бўлсак ҳам, ғояти амр шуки, у мустаҳаб бўларди. Вожиб ҳам бўлмайди, фарз ҳам бўлмайди! Уламолар очиқдан-очиқ ёзиб қолдирганларки, қайси бир иш мандуб (мустаҳаб) бўлса-ю уни доимий бажариб, фарз ва вожибдеб йўл тутилса, уни тарк қилганни маломат қилиш даражасига етса, ўша иш макруҳ бўлиб қолади. Чунончи, Мулла Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Мишкот”да ва бошқа китобларда келтирганларки, бир мустаҳаб ишни доимий равишда қилиб юриб, уни тарк қилганни маломат қилиш даражасига етса ёки бадном қиладиган бўлса ёки адашган деган фикрга борса, ўша иш макруҳ даражага келиб қолган бўлади.

Ҳосили калом шуки, ҳар бир мусулмон ушбу қиёмни Пайғамбар алайҳиссаломнинг таъзимлари учун фарз деб ўйламаслиги лозим. Уни шаръий амаллар қаторида санамаслиги керак. Балки, у бир бидъатдир. Ушбу қиёмни тарк қилганларни маломат қилиш гуноҳга муртакиб бўлишдир.

Валлоҳу аълам!

Уни Қавий Парвардигорнинг афвидан умидвор Абу-л-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ёзди. Аллоҳ унинг ошкора ва махфий гуноҳларидан ўтсин!” (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 2-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 399-401).

ХУЛОСА

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабининг Ҳиндистондан чиққан энг буюк алломаларидан биридир. Унинг ақидалари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ақидаларига – аҳли суннат ва жамоатнинг устувор бўлиб келган анъанавий таълимотларига тамоман мос келади. Юқорида келтирилган учта мавзудаги ақидаларда эса Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ақидалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ғайб илмини мутлақ билиши, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлиши, мавлидда тик туриш шаръий савобли иш, турмасликни эса бидъат дейилиши каби барлавийларнинг ақидаларидан мутлақо бошқадир. Биз ҳам Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳининг бобоустозлари бўлмиш Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ҳимоя қилган аҳли суннат ва жамоатнинг анъанавий ақидаларидан четга чиқмаслигимиз шарт. Бунинг учун эса у зоти шариф тилга олмаган, эргашишимизни буюрмаган ва тавсия қилмаган қанақадир Барилвий-Барлавий олимларга эмас, балки Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ва унинг “Умдат ар-риъоя” сингари асарларига ихлос қилсак бўлди.

Аллоҳ бизни тўғри йўллардан адаштирмасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *