“Мухтасар»да хато борми?!

Мақолани .pdf  форматда юклаб олиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

muxtasarda xato bormi“Мухтасар ал-Виқоя” ҳанафий мазҳабининг тўртта энг буюк фиқҳий матнларидан бири ҳисобланади. “Мухтасар ал-Виқоя”дан ташқари ушбу асар “ан-Ниқоя”, “ан-Нуқоя”, “Ниқоят ар-ривоя”, “Ниқоят ал-Виқоя” каби номлар билан ҳам аталади. Унинг муаллифи таниқли ҳанафий олими, азиз ватандошимиз, бухоролик фақиҳ Садр аш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Маҳбубий ал-Бухорий (ваф. 747/1347) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланадилар. Унинг қаламига мансуб ушбу асар фиқҳий матн китоблари ичида ўзининг қисқалиги, мўжазлиги билан ажралиб тургани учун “Мухтасар ал-Виқоя” номи билан танилган. Муаллиф уни ўз бобоси Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубий (ваф.630/1232) раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя”ни қисқартириб тартиб берган “ал-Виқоя” асосида яратган эди.

Шундай қилиб, “ал-Виқоя” қисқалиги билан “ал-Ҳидоя”нинг мағзи, “ан-Ниқоя” эса “ал-Виқоя”нинг мағзи ҳисобланади. Муаллиф ўз мухтасари муқаддимасида бундай ёзадилар: “Кимки “ал-Ҳидоя” масалалари ўзида ҳозир бўлишини яхши кўрса, унга “ал-Виқоя”ни ёд олиш лозим бўлади. Кимники вақт шошилтирса, диққат-эътибор тизгинини ушбу мухтасарни ёдлашга бурсин!”. (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя фий масоил ал-Ҳидоя. – Қозон, 1911. – Б. 3.).

“Мухтасар ал-Виқоя” асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган, унга нисбатан уламо ва фақиҳларнинг эътибори юксак даражада бўлган. Шу боисдан унга ўндан ортиқ шарҳлар битилган. Унинг энг биринчи шарҳи сифатида муаллифнинг ўзини кўрсатиш мумкин. У “ал-Виқоя”ни шарҳ қилиш асносида ўзининг мухтасарини ҳам шарҳлаб кетишга муяссар бўлганлар ва буни “Шарҳ ал-Виқоя” муқаддимасида алоҳида таъкидлаганлар. (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя маъа Умдат ар-риоя. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 50.).

Жалолиддин ад-Даввоний (830-918/1427-1512) раҳимаҳуллоҳ “Мухтасар ал-Виқоя”га ёзган шарҳида асардаги барча масалалар ишончли ва эътироф қилингани, фатво берилмаган масалалар унда йўқ эканини алоҳида қайд этганлар.

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий (1264-1304/1848-1887) раҳимаҳуллоҳ эса: و كلّ تصانيف صدر الشريعة مقبولة عند العلماء معتبرة عند الفقهاء – “Садр уш-шариъанинг ҳар бир ёзган асарлари олимлар олдида мақбул, фақиҳлар ҳузурида мўътабардир!”, дегандилар. (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Фавоид ал-баҳия. – Қозон, 1902. – Б. 136.).

Али ал-Қори (ваф. 1014/1605) раҳимаҳуллоҳ “Мухтасар ал-Виқоя” тўғрисида бундай деганлар:

 …كتاب النقاية مختصر الوقاية التى هى مقتصر الهداية المقبول عند ارباب البداية و النهاية من أوجز المتون الفقهية فى مذهب السادة الحنفية الذين هم قادة ذى الملة الحنيفية …

“Ниқоя” китоби “ал-Ҳидоя”нинг қисқартмаси бўлган “ал-Виқоя”нинг мухтасаридир. У бидоят ва ниҳоят арбобларининг (яъни, илму маърифатда бошланғич даражадагиларнинг ҳам, энг охирги юксак даражага етишганларнинг ҳам) наздида мақбулдир. У ҳанафий улуғларининг мазҳабидаги фиқҳий матнларнинг энг мўжазларидан бири ҳисобланади. Бу улуғ зотлар эса ҳанифий миллатнинг (яъни, ислом динининг) раҳнамоларидирлар!”. (Али ал-Қори. Шарҳ Мухтасар ал-Виқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 4.).

Яқин ўтмишда ўтган парҳезгор уламоларимиз, тақводор устозларимиз ҳам “Мухтасар ал-Виқоя”га катта эҳтимом кўрсатиб, унинг улуғ ва мўътабар манба эканини уқтириб келганлар.

ХХ асрда Андижоннинг энг улуғ олимларидан бири ҳисобланган Тўра Маъруф охунд раҳматуллоҳи алайҳи яна бир таниқли олим Ҳасанжон Махдум ал-Восилий раҳимаҳуллоҳга қараб: “Ҳар куни “Мухтасар ал-Виқоя”нинг асли бўлган “ал-Ҳидоя”дан бир масала ўқиб қўйишни одат қилинг!”, деб васият қилган эканлар.

Бизнинг устозимиз Дўстмуҳаммад Турсун қуддиса сирруҳу эса: “Фиқҳ бўйича азизлар ёзган барча китобларга тан бериш керак-у, аммо, уларнинг ҳаммаси “Мухтасар ал-Виқоя”нинг “пой”ига келиб бош уради, уларнинг барчасининг хулосаси ва мағзи “Мухтасар ал-Виқоя”дадир!”, дегувчи эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса “Мухтасар ал-Виқоя”га энг кўп эҳтимом кўрсатган, энг кўп илмий равишда мурожаат қилган, “Бу китобни қадимдан уламолар ва толиби илмлар эъзозлаб келадилар”, деб эъзозлаб, 3 (уч) жилдли “Кифоя” номли шарҳ ҳам битиб, “Мухтасар ал-Виқоя”нинг оммалашувига катта ҳисса қўшган зот бўлгандилар.

Албатта, бу гаплар ва “Мухтасар ал-Виқоя”га нисбатан бўлган эътибор бекорга эмас. Марказий Осиё халқлари орасида “Мухтасар ал-Виқоя” – у ёзилган ондан бошлаб то бугунги кунимизгача мўътабар саналган, зеҳнли толиблар томонидан тўла ёд олинган, давраларда савол берилса, ундан иқтибос келтирилиб жавоб берилган, ундаги ҳар бир масалага барча бирдек амал қилиб келган.

Бироқ, давримизда янги бир бўлмағур баҳс-мунозара ҳам эшитилиб қолмоқда!

Мазҳаб бирлигининг ва буюклигининг рамзи бўлиб келган “Мухтасар ал-Виқоя”нинг айрим масалаларини хато, уни қўйиб ҳадисларга амал қилиш керак, деган мавзудаги баҳс-мунозарани биз – “Мухтасар ал-Виқоя”нинг қадри ва эътиборини сусайтиришга бўлган бемазҳабларнинг уринишлари ҳамда уларнинг фитналарига алданиб қолаётганларнинг асоси йўқ гап-сўзларидан бири, деб ўйлаймиз. Бу гап билан мазҳабсизлик авж олади! Агар бу баҳс-мунозара яхши ниятларда ўртага ташланган бўлган тақдирда ҳам, халқимиз иттифоқига рахна солиш, уламолар орасини бузиш, аҳли илмларни бир-бирига тескари қилиб қўйиш, толиби илмлар кўнглига шубҳа солиш, оддий одамларни фиқҳий масалалар ва улар битилган матн китоблардан совутиш эканлигига шак-шубҳа йўқ! Айниқса, бугунги фитнали замонда, ҳар хил оқимлар, тоифалар, бидъатчи ва вайронкор гуруҳлар бўй кўрсатаётган, миллат ва давлатнинг якдиллиги ва иттифоқини бузмоқчи бўлганлар кўплаб топилиб турган даврда миллат, дин ва давлат аҳолисининг бирдамлигини сақлаб қолиш жуда муҳим. Бунинг учун эса асрлар давомида ўқилиб келган ва ҳозирда ҳам катта ихлос билан ўқилаётган “Мухтасар ал-Виқоя” сингари диний ҳамда дунёвий манба ва адабиётлар эътиборини асло сусайишига йўл қўйиб бўлмайди.

Ҳар бир юрт ва мамлакатни вайрон қилишни, бўлиб ташлашни, уруш-жанжаллар майдонига айлантиришни кўзлаган ташқи кучлар, уларнинг ноғорасига ўйнаган ички фитнагарлар, албатта, биринчи навбатда шу юртнинг уламо ва диний раҳнамоларини ҳамда давлат раҳбарларини ёмонотлиқ қилишни асос қилиб оладилар. Уларнинг эътиқоди, мафкураси ва анъаналарини бузишни эса ушбу эътиқод, мана шу мафкура, ана шу анъаналарга тил теккизиш, таъна қилишдан бошлашади. Бунинг учун эса эътиқодий китоблар, фиқҳий манбалар, миллий қадриятлар ёмонотлиққа чиқарила бошлайди. Бу ҳақиқатни унутмаслик даркор! Бу фитнали ҳақиқат давлат мустақиллигининг илк йиллариданоқ бўй кўрсатиб келмоқда.

Тарихга назар ташласак, XIX аср охирига келиб, Ҳиндистонда бемазҳаблик авж ола бошлаган. Асрлар давомида зўр эътибор билан ўқиб келинаётган китобларга шубҳа билдиришлар, “фалон китобнинг хатоси бор экан”, деганга ўхшаш фикрларни ўртага ташлашлар у жойда ҳам кўзга кўрина бошлаган. Ҳинд ва Синд диёрларида қадимдан то ҳозиргача ҳанафийлик фиқҳида бизнинг юртдошимиз, “Тафсири Насафий” муаллифи, Ҳофизиддин Абу-л-Баракот ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “Канз ад-дақоиқ” фиқҳий матни ўқитиб келинади. Юқорида номи тилга олинган Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Канз ад-дақоиқ”ни хато деганларга қарата ўзининг “Мажмуат ал-фатово” асарларида бундай фатво берган эдилар:

“Агар бирор кимса ушбу китобларни залолат дейиши бу китобларда шаръий масалалар Китобуллоҳ ва суннати Расулуллоҳ, ижмоъ ва қиёсга кўра ҳал қилингани учун бўлса, унинг ислом доирасидан чиқишига шубҳа йўқ. Чунки, бу динни хорлаш бўлади. Динни хор тутган кимса эса кофир бўлади. Жумла фуқаҳолар буни очиқ ёзиб қолдирганлар. Аллома Ҳофизиддин Баззозий раҳимаҳуллоҳ ўзининг фатволар тўпламида келтиради:

اذا القى الفتوى على الارض او قال عند رؤية الفتوى روى او قال اين چه شرع است يكفر لانه رد حكم الشرع

«Агар фатвони ерга ташласа, ёки фатвони кўрган вақтда «Бу қандай ҳам шариат бўлди?!» деса, кофир бўлади. Чунки, у шариат ҳукмини рад қилган бўлади». Тамом.

Агар залолат дейишининг сабаби ушбу китобларни янги чиққан олимлар ёзган деб истеҳзо ва енгил санашлик ила гапирадиган бўлса ҳам шундайдир. Зотан, уламоларни ҳақорат қилиш, обрўсини тўкиш ҳам куфрдир. Аллома Ибн Ҳажар Маккий Ҳайсамий Шофеъий раҳимаҳуллоҳ бу масаланинг таҳқиқини қилиб, ўзининг «Эълом би-қавотеъ ал-ислом» номли китобида муфассал ёритган… Агар бу китобларни залолат дейиши мусаннифларининг илми камлиги, эътиборларининг йўқлиги сабабидан айтилган бўлса, уларнинг ҳолига қаралади: «Канз ад-дақоиқ» соҳиби фақиҳлар раиси Абу-л-Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад бўлиб, лақаби Ҳофизиддин ан-Насафий раҳимаҳуллоҳдир. «Манор ал-анвор», «ал-Вофий» каби китобларнинг ҳам муаллифи. Унинг вафоти 710 ҳижрий йилда содир бўлган. Ундан кейин келган фақиҳлар унга мақтовлар айтганлар, унинг «Канз ад-дақоиқ» асарини ўз исмига монанд китоб деб билганлар… Замона олимига лозимки, чорпога ўхшаш оломонни, балки авомга монанд хосларни бундай таассубона гаплардан қайтарсин! Агар «Канз ад-дақоиқ»ни залолат сабаби деган кимса уни ҳанафий мазҳаби фиқҳидаги китоб бўлгани, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қиёсни ҳадисдан муқаддам қўйган деган хаёли борлиги учун айтса, демак, у хато қилган инсондир. Қиёсни ҳадисга муқаддам қилганлик нисбатини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига бериш у зотга нисбатан аниқ бўҳтондир”. (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 18-19.).

Бундан қарийб 125 йиллар илгари Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бир пайтлар фатво беришга мажбур бўлган Ҳинд-Синддаги ҳолат ҳозир бизнинг юртларда бўй кўрсатмоқда. “Мухтасар ал-Виқоя”да хато масалалар бор, уларни қўйиб ҳадисларга амал қилиш керак”, деганга ўхшаш гаплар бемазҳаб, мазҳабларга тақлид қилишни бидъат санайдиган тоифалар томонидан айтилса-ку, уларга жавоб бериш осон. Бироқ, бу гап ўз даврининг энг етук уламосида таълим олган, юртда ўзининг илми ила обрў қозонган, дин арбоби сифатида танилган, умр бўйи ана шу бемазҳаблар билан курашиб келган инсонлар томонидан айтилса, жуда ачинарлидир!

“Мухтасар ал-Виқоя”да хато масалалар бор, уларни қўйиб ҳадисларга амал қилиш керак”, деган гапга “Қайси масала?!” дейилса, бир-иккита масала айтилиши мумкин, холос. Бу мавзу ўта долзарб бўлгани боис биз, гапимиз узайса ҳам, улардан фақат биттаси бўйича сўз юритамиз. Мана шу биттагина масалани чуқур ўрганганимиздаёқ уларнинг гаплари нақадар асоссиз, нақадар ботил ва пуч эканини яққол исботлашга етарли билим ҳосил бўлади, иншаАллоҳ.

ФАРЗЛАРНИНГ УЧИНЧИ-ТЎРТИНЧИ РАКЪАТЛАРИДАГИ ҚИРОАТ МАСАЛАСИ

“Мухтасар ал-Виқоя”да қуйидаги масала мавжуд:

و يقرأ فيها بعد الأوليَيْن الفاتحة فقط و إن سبّح او سكت جاز

“Икки ракъатдан кейинги ракъатларда фақат “Фотиҳа”ни ўқийди. Агар тасбеҳ айтса ёки сукут қилса, жоиз бўлади”. (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 15-16.).

“Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган мазкур масалани хато дейиш ҳам, ҳадисга тескари дейиш ҳам кулгули ва мутлақо асоссиздир! Зотан, ҳанафийликда барча ҳанафий фақиҳлари – олдингилари ҳам, кейингилари ҳам иттифоқ қилган ушбу масалага уларнинг кучли ва асосли далиллари борлиги шубҳасиздир.

Бу масала шунчалик иттифоқ қилинганки, унга бирорта ҳанафий фақиҳининг қарши фикр билдирганини топиш мушкил.

Ҳар бир мазҳабнинг мазҳаб эканлигини кўрсатиб турадиган масалалари бўлади. Улар “Рууси масоил” деб аталади, яъни, “бош, асосий масалалар”. “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган мазкур масала ҳам ана шундай ҳанафийликнинг бош ва асосий масалаларидан биридир. Чунки, бунга Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳамда унинг икки буюк шогирди – Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ, шунингдек, кейинги даврлардаги барча ҳанафий фақиҳлари иттифоқ қилганлар.

“Мухтасар ал-Виқоя”даги мазкур масалани хато деб айтаётган одам фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифларига суяниб айтмоқда:

لا صلاة لمن لم يقرأ بفاتحة الكتاب

“Фотиҳат ал-Китобни ўқимаган кимсанинг намози йўқ!”. (Термизий, 1/247; Байҳақий, 2/2306; Дорақутний, 1/1234; Ибн Абу Шайба, 1/3638).

“Мазкур ҳадиси шарифга кўра ҳар бир намозда, ҳар бир ракъатда “Фотиҳа сураси”ни ўқиш вожиб бўлиши керак. Демак, фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида ҳам “Фотиҳа сураси”ни ўқиш лозим. Унинг ўрнига сукут сақлаб туриш ёки тасбеҳ айтиб қўйиш ҳадисга амал қилмасликдир”, деган эътироз, афсуски, “Мухтасар ал-Виқоя”даги мазкур масалани хато дейишга олиб келган.

Умуман, бу мазмундаги ҳадиси шарифлар кўп бўлиб, уни ҳанафий мазҳаби олимлари фақат имомга ва якка ўзи намоз ўқувчига тааллуқли деб топадилар. Чунки, من كان له أمام فإنّ قراءة الإمام له قراءة“Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир!”, деган мазмундаги ҳадиси шариф бор. (Байҳақий, 2/2723; Дорақутний, 2/1519-1520; Аҳмад, 2/5096; Абдурраззоқ, 2/2797).

Шофеъийлик ва бошқа мазҳаб аҳли эса ушбу ҳадиси шарифдан имомнинг орқасидаги иқтидо қилувчилар ҳам “Фотиҳа”ни ўқиб туриш вожиблигига далилланадилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида “Фотиҳа”ни ўқиш одатлари борлиги саҳиҳ ҳадисларда такрор-такрор келтирилади. Бу ривоятлардан ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб вакиллари фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида “Фотиҳа”ни ўқишни вожиб деб оладилар. Жумладан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳ, Абу Савр раҳимаҳуллоҳ ва Довуд аз-Зоҳирий раҳимаҳуллоҳ фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида “Фотиҳа”ни ўқиш вожиб дейдилар. Бироқ, саҳобаи киромлардан фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида “Фотиҳа”ни ўқиш суннат эканлиги аниқ айтилган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Жумладан, Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

سنة القراءة فى الصلاة أن تقرأ فى الأوليين بأم القرآن و سورة و فى الأخريين بأمّ القرآن

Қироатнинг суннати аввалги икки ракъатда Қуръоннинг “она”сини (Фотиҳа) ва бир сура ўқимоғинг, охирги икки ракъатда эса Қуръоннинг “она”сини (Фотиҳа)ни ўқишингдир!”. (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 9/9248).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳамда барча ҳанафий уламолари “Фотиҳа”ни би-л-иттифоқ вожиб эмас, балки ўқиш афзал деб биладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатида “Фотиҳа”ни ўқишларини эса суннат ва афзалликни билдириш мақсадида қилинган деб топганлар. Бу фикрга Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо, Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу каби саҳобалар, Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ, Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ, аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳ, Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ, Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ, аз-Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ каби тобеъинлар қўшилганлар. Буларнинг барчаси ҳадисларнинг маъносини ҳаммадан кўра яхши билувчи фақиҳ зотлардир!

Демак, “Мухтасар ал-Виқоя”даги: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масалага қарши фикр билдириш ҳанафийликдаги иттифоқ қилинган масалага қарши бориш ҳисобланади.

Асоссиз равишда бошқа мазҳабга ўтиб фатво бериш, бошқа мазҳабнинг фикрини қўллаб-қувватлаш жоиз эмас, агар бундай қилинган тақдирда, унинг гапи инобатга олинмаслигига уламолар иттифоқ қилишганини ҳам шу ерда таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Чунки, қарийб 1400 (бир минг тўрт юз) йилдан бери, яъни ўн тўрт асрдан буён ҳанафийлар томонидан якдиллик билан иттифоқ қилиб келинган масалаларга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Бугунги охирзамоннинг аҳли илмидан кимдир ўзи билган илмига суяниб, унга эътироз билдириши жоиз эмас, албатта.

“Мухтасар ал-Виқоя”даги: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масала ҳанафий фиқҳига оид бошқа асарларда ҳам ўз аксини топган. Демак, “Мухтасар ал-Виқоя”даги мазкур масалани хато дегувчилар ҳанафий мазҳабининг бошқа мўътабар манбаларини ҳам ўз-ўзидан хатога чиқарган бўлади.

Аслида, амалда ҳамма фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа сураси”ни ўқишга одатланган. Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ ва Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ наздларида фарзларнинг аввалги икки ракъатидан кейинги ракъатларда қироатдан кўра тасбеҳ айтиш афзал ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабида эса тасбеҳлардан кўра “Фотиҳа сураси”ни ўқиш афзал, албатта (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 10/4023).

Ҳанафийлар бошқаларга нисбатан фиқҳни теран англаганликлари боис, назарий жиҳатдан фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқимаслик ҳам жоизлигини топганлар, холос. Зотан, “Мухтасар ал-Виқоя”даги: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масала Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асарларида бу тариқа зикр қилинган:

و هو مخيّر فى الأخريين معناه إن شاء سكت و إن شاء قرأ و إن شاء سبّح كذا روى عن أبى حنيفة رحمه الله و هو المأثور عن علىّ و ابن مسعود و عائشة رضى الله عنهم إلا أنّ الأفضل أن يقرأ لأنه عليه السلام داوم على ذلك و لهذا لا يجب السهو بتركها فى ظاهر الرواية

“У (намозхон) фарзларнинг охирги икки ракъатида ихтиёрлидир. Унинг маъноси, агар хоҳласа сукут қилади, агар хоҳласа, қироат қилади ва агар хоҳласа тасбеҳ айтади. Худди шундай Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ва Ойша разийаллоҳу анҳодан нақл қилинган. Лекин, қироат қилиш афзалдир! Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом уни доим (баъзида тарк қилиб) бажарганлар. Шунинг учун ҳам, зоҳири ривоятга кўра, қироатни тарк қилса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди”. (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1896. – Б. 131.).

Ҳанафий мазҳабининг мужтаҳиди сонийси Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ҳадис тўплами бўлмиш “ал-Муватто” асарининг ривоятига бағишланган асарларида бундай деб қайд қилганлар:

قال محمد السنة أن تقرأ فى الفريضة فى الركعتين الأوليين بفاتحة الكتاب و سورة و فى الأخريين بفاتحة الكتاب و إن لم تقرأ فيهما أجزاك و إن سبّحت فيهما أجزاك و هو قول أبى حنيفة رحمه الله

“Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтади: асл қоида шуки, фарзларда аввалги икки ракъатда “Фотиҳат ал-Китоб”ни ва бир сурани ўқийсан. Охирги икки ракъатда эса “Фотиҳат ал-Китоб”ни ўқийсан. Агар бу икки ракъатда қироат қилмасанг ҳам сенга жоиз. Агар тасбеҳ айтсанг ҳам жоиз бўлади. У Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларидир!”. (Имом Муҳаммад аш-Шайбоний. ал-Муватто Имом Муҳаммад маъа ат-Таълиқ ал-мумажжад. – Қозон, 1909. – Б. 67-68.).

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Китоб ал-Асор” асарларида буюк тобеъин Иброҳим ан-Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳининг: لا تزد فى الركعتين الأخريين على فاتحة الكتاب – “Охирги икки ракъатда Қуръоннинг фотиҳасига бирор нарсани зиёда қилма!”, деганларини келтира туриб, و به نأخذ و هو قول أبى حنيفة رضى الله عنه – “Ушбу гапни оламиз. У Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларидир!”, деб қайд қилганлар. (Имом Муҳаммад. Китоб ал-Асор. 1-жилд. 85-ҳадис. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 164.).

Юқорида ўтдики, Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Ҳидоя” асарларида “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масалага энг буюк ва энг фақиҳ саҳобаларнинг айтганларини далил қилганларини кўрган эдик. Улардан бирини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бош шогирдлари Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Китоб ал-Асор” асарларида зикр қилганлар:

عن أبيه عن أبى حنيفة عن حماد عن إبراهيم عن أصحاب إبن مسعود رضى الله عنه أنهم كانوا يقرؤون فى الركعتين الأوليين بفاتحة الكتاب و شئ معها و لا يقرؤون فى الأخريين شيئا

“Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг асҳобларидан нақл қилинганки, албатта, улар (фарзлардан) аввалги икки ракъатда “Фотиҳат ал-Китоб”ни ва бирор сурани унга қўшиб қироат қилар эдилар. Охирги икки ракъатда эса ҳеч нарса қироат қилмасдилар”. (Абу Юсуф. Китоб ал-Асор. 110-ҳадис. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 23.).

Ҳанафийликдаги тўртта энг мўътабар фиқҳий матн китобларида ҳам мазкур масала худди “Мухтасар ал-Виқоя”дагидек қайд қилинган. Демак, ундаги масалани хатога ёки йўққа чиқариш қуйидаги учта энг мўътабар фиқҳий матн китобларини ҳам ўз-ўзидан хатога ва йўққа чиқариш саналади:

1) Мутааххирин уламолар томонидан эътироф қилинган фиқҳий матн китобларнинг энг биринчиси “Мухтасар ал-Қудурий” ҳисобланади. Унда мазкур масала “Нафллар” бобида бу тариқа зикр қилинган:

و القراءة واجبة فى الفرائض فى الركعتين الأوليين و هو مخيّر فى الأخريين، إن شاء قرأ الفاتحة و إن شاء  سكت و إن شاء سبّح

“Қироат фарз намозларда аввалги икки ракъатда вожибдир. У охирги икки ракъатда ихтиёрли: хоҳласа, “Фотиҳа”ни ўқийди, агар хоҳласа сукут қилади ва агар хоҳласа тасбеҳ айтади”. (Абулҳасан ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 33.).

2) Ҳанафийликдаги иккинчи фиқҳий матн китоби “ал-Мухтор” бўлиб, унга муаллифнинг ўзи “ал-Ихтиёр” деган шарҳ ёзганлар. Ана шу икки манбада бундай дейилган:

و يقرأ فيهما فاتحة الكتاب و هى سنة به ورد الأثر و إن شاء سبّح  لأنها ليست بواجبة

“(Кейинги) Икки ракъатда Қуръоннинг “Фотиҳа”сини ўқийди. У суннат бўлиб, бу борада ҳадис ворид бўлган. Агар хоҳласа, тасбеҳ айтиб туради. Чунки, у вожиб эмас”. (Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Мавсилий. ал-Ихтиёр ли-таълил ал-Мухтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 54.).

3) Ҳанафийликдаги учинчи фиқҳий матн китоби “Мажмаъ ал-баҳрайн” бўлиб, унда биз кўриб чиқаётган масала бу тариқа қайд қилинган:

و تسنّ فى الأخريين الفاتحة خاصّة و إن سبّح فيهما أو سكت جاز

“Охирги икки ракъатда фақат “Фотиҳа”ни ўқиш суннат бўлади. Агар икковида тасбеҳ айтиб турса ёки сукут сақласа ҳам жоиз”. (Ибн ас-Саотий. Мажмаъ ал-баҳрайн. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 122.).

Ҳанафийларнинг “Мухтасар ал-Виқоя” ва бошқа фиқҳий манбаларидаги: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масалага, юқорида “ал-Ҳидоя”да айтиб ўтилганидек, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Ойша разийаллоҳу анҳо каби буюк саҳобаларнинг айтган ва қилган ишлари далил бўлади. Зотан, булар саҳобалар ичида, ва аниқки, тамоми уммат орасида энг фақиҳ – фиқҳни теран тушунадиган, ҳадислар маъносини ҳаммадан кўра яхши биладиган зотлар эканига шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, ушбу зотлар дунёда имон билан куфрни фарқлантириб турадиган, охиратда эса энг биринчи сўраладиган намоздаги ушбу масалани шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан билиб олган бўлишлари шубҳасиздир, бу борада ўзларича иш тутишган дейиш эса шунчалик нодонликдир.

Имом Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ хулафои рошидинлардан бири, “илм дарвозаси” бўлмиш зот Али каррамаллоҳу важҳаҳудан бундай ривоят келтирганлар:

كان يعنى عليا رضى الله عنه يقرأ فى الأوليين من الظهر و العصر بأمّ القرآن و سورة و لا يقرأ فى الأخريين

“Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу пешин ва асрнинг аввалги икки ракъатида Қуръоннинг “она”си – “Фотиҳа сураси”ни ва бир сурани ўқирдилар, охирги икки ракъатида эса қироат қилмасдилар”. (Абдурраззоқ, 2/2656).

Мазкур ривоятнинг санади саҳиҳ экани алоҳида таъкидланган.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан “Фарзлардан охирги икки ракъатда икки мартадан тасбеҳ айтади ёки такбир айтади”, деган гап ҳам ривоят қилинган. (Ибн Абу Шайба, 1/3768).

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан бундай ривоятни келтирганлар:

و كان ابن مسعود رضى الله عنه إذا كان إماما قرأ فى الركعتين الأوليين و لا يقرأ فى الأخريين بشئ

“Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу қачон имом бўлсалар, аввалги икки ракъатда қироат қилардилар, охирги икки ракъатда эса бирор нарса қироат қилмасдилар”. (Табароний, 9/9313).

Бу машҳур тобеъин олими Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг “мурсал” ривояти бўлиб, унинг “мурсал”и ҳадисшуносликда, хусусан, ҳанафийликда “муснад” ўрнида қабул қилинади.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ўз шогирдларига: إقرأ فى الأوليين و سبّح فى الأخريين – “Аввалги икки ракъатда қироат қил, охирги икки ракъатда эса тасбеҳ айтгин!” дея ўргатишар эканлар. (Ибн Абу Шайба, 1/3763).

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо фарзларнинг аввалги икки ракъатидан кейинги ракъатларида “Фотиҳа сураси”ни ўқишни дуо деб ҳисоблар эдилар. Жумладан, Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: إنما هما دعاء – “Албатта бу икки ракъат дуодан иборат!”, дер эдилар (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 10/4019).

Ана шунинг учун ҳам пайғамбарлардан кейинги инсоният орасида энг афзал зот Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ҳазратлари фарзларнинг аввалги икки ракъатидан кейинги ракъатларида “Фотиҳа сураси” билан бирга қандайдир дуоларни ўқишни одат қилган эдилар. Жумладан, шомнинг учинчи ракъатида “Фотиҳа сураси”дан сўнг “Роббана ла тузиғ қулубана баъда из ҳадайтана, ва ҳаб лана мин ладунка раҳматан, иннака анта-л-Ваҳҳоб!” (Оли Имрон, 8) дуосини ўқиганликлари нақл қилинган (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 10/4021). Таниқли олимлардан Макҳул раҳимаҳуллоҳ ушбу нақлни эшитиб: “Аллоҳга қасамки, у қироат эмасди, у дуо эди!”, деган эканлар.

Ҳанафийларнинг охирги далили Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси шарифдир. Унда айтилишича, хулафои рошидиндан бўлмиш буюк саҳоба Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳуга: “Сен ҳақингда кўп шикоятлар бўлаяпти, ҳатто намозинг борасида ҳам”, деганида, у зот бундай деб жавоб берганлар:

أما أنا فأمُدّ فى الأوليين و أحذف فى الأخريين و لا آلو ما اقتديت به من صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم            

“Аввалги икки ракъатда қироатни чўзаман, охирги икки ракъатда тушуриб қолдираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига эргашганимдан камайтирмайман”.

Шунда Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Сен ҳақингда гумоним шундай эди”, деган эканлар.

(Бухорий, 1/755-770; Муслим, 1/453; Насоий, 2/1002; Абу Довуд, 1/803; Ибн Ҳиббон, 5/1859; Ибн Хузайма, 1/508; Байҳақий, 2/2312; Аҳмад, 1/1510; Баззор, 1/1062; Ибн Абу Шайба, 2/7841; Абдурраззоқ, 2/3706).

“Саҳиҳи Бухорий”га 25 (йигирма беш) жилдлик “Умдат ал-қори” номли шарҳ ёзган ҳадисшунос олим Бадриддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ “охирги икки ракъатда қироатни тушуриб қолдираман” ёки “…қисқартираман” ёхуд “…тезроқ тугатаман” каби жумлалардан фарзларнинг охирги икки ракъатида қироат вожиб эмаслигини, ҳанафийлар мазкур ҳадиси шарифга суяниб, тасбеҳ айтиб қўйиш ёки сукут қилиш ҳам мумкинлигини, бироқ, “Фотиҳа сураси”ни ўқиш афзал эканини айтишларини қайд қилганлар. Бу борада Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо кабилардан ривоят мавжудлигини зикр қиладилар. Бу борада Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан ҳам бир ривоят мавжудлигини келтириб ўтадилар ва ривоятларни бирма-бир эслатиб кетадилар (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 12-13.).

ЯНГЛИШ ФИКРЛАР

“Мухтасар ал-Виқоя”дан хато топувчилар ўзларининг гап-сўзларига зоҳиран қараганда тўғри бўлиб кўринадиган далил ва ҳужжатларни пеш қилишлари мумкин, албатта. Улардан айримларини кўриб чиқишимизга тўғри келади.

Биринчи фикр. Қуръони каримдан бошқа ҳар қандай китобда хато бўлиши мумкин. Бунга шак-шубҳа йўқ. Энг тўғри китоб, энг тўғри гап Қуръони каримдир! Бунга бир мисол келтирсак: Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг шогирдлари Имом ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ билан бирга “ар-Рисола” номли китобларининг таҳрири устида ўтирган эканлар. Шунда китобдан хатолар тез-тез чиқаверибди. Ҳар қачон хато ва камчилик чиқар экан, Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи табассум қилар, “Эй, тўғрила, тўғрила! Аллоҳнинг китобидан бошқасидан хато-камчилик чиқиши муқаррар! Аллоҳ ўз китобидан бошқасини бехато қилишдан ҳаё қилади!”, дер эканлар.

Ана шу фикр, афсуски, адашган тоифаларга айрим китобларни ёмонлашга, хато ахтаришга сабабчи бўлиб қолган. Ҳа, албатта! Тирноқ остидан кир ахтарилса, хато ва камчилик чиқиши мумкин. Бироқ, асрлар давомида замона чиғириғидан ўтиб келган, бутун мусулмон уммати ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлиб келган, шариатнинг энг-энг тамал манбалари сифатида улуғланиб келган, хато ва камчиликлари асрлар давомида ислоҳ қилиниб, улар яшириб ва авф қилиниб келган китоблардан эндиликда хато ва камчилик топиш амри маҳол. Абдулазиз қори дада Тошкандий алайҳирраҳма бир гапни айтиб берган эдилар: ваҳҳобийлар Макка-Мадина ва Ҳижоз ўлкасини босиб олиб, ҳозирги Саудияни барпо қилишларининг аввалида дунёдаги бор зулм-ситамларни ўша давр мусулмонлари бошларига солган эканлар. “Қуръондан бошқа китобларнинг барчасини ёқинг!” деб туришиб, ҳафталаб китоб ва қўлёзмаларни ўтга-оловга ташлашган экан. Китоб ва қўлёзмаларни ўт-оловга ҳамма улоқтираётган бир пайтда ваҳҳобийлардан биттаси гулхан бошида бир қўлёзмани варақлаб ўтириб қолибди. “Нимага бу ерда ўтириб қолдингиз, нима учун китобларни оловга отмаяпсиз? Ўзингиз катта олим бўлсангиз, китобларни улоқтиришга ўзингиз фатво берган бўлсангиз, нима учун китоб улоқтирмай қўйдингиз?!”, дейишибди. Шунда ҳалиги ваҳҳобий: “Мана бу ҳанафийларнинг “ал-Ҳидоя”си экан. Ҳамма мақтайдиган бу китобни аввал кўрмаган эдим. Уни варақлаб ўтириб, ҳайратга тушаяпман. Ажабо, ажабо! “Қуръон”дан кейин инсоният томонидан унга, унинг мазмунига, унинг бадиятига жуда яқинлаштириб ҳам китоблар ёзишган экан-а!”, дебди.

Демак, душманларнинг ўзлари ҳам тўғрилигини эътироф қилиб турган китобларга севиб ўқиб юрган, дарслик қилиб олиб юрган одамларнинг ўзлари гап-сўз топиши, қадрсизлантиришга уриниши, хато ахтариши, ўзбилармонлик билан фатволарини олмасдан, бошқа тарафларга “ўтлаб” ўтиб кетиб қолишлари жуда ачинарлидир. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Исломда буюклик янгилик топишда эмас, янги китобларни ўқишда эмас, янгича одамларга эргашиб кетишда эмас, балки қадимга эргашишдадир, эски китобларни ўқишдадир, эски анъаналарга содиқ қолишдадир! Бу уммат бирлигининг рамзидир!

Иккинчи фикр. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бошқа ҳар қандай одамнинг гапида хато-камчилик бўлиши мумкин. Бу фикр ҳам, афсуски, адашган тоифаларнинг ўтган салафи солиҳлар, ўтмишдаги уламоларнинг гапларидан хато топишларига, таъна қилишларига, ёмонлашларига дастак бўлиб қолган. Бироқ, унутмаслик даркорки, мужтаҳидларнинг ҳар бир гапи тўғри ҳисобланади, зотан, улар чиқарган ҳукмларининг қандай бўлишидан қатъи назар ҳар бир гапига савоб оладилар. Мужтаҳидлар ўзига ўхшаган бирор мужтаҳиднинг далилини етарли эмас, ёки кучли эмас, деб билган тақдирида ўзининг саҳиҳроқ ва кучлироқ деб билган далилига биноан ҳукм қилиши мумкин, холос. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деб марҳамат қилганлар:

إذا حكم الحاكم (إذا قضى القاضى) فاجتهد فأصاب فله أجران و إذا اجتهد فأخطأ فله أجر

“Қачон ҳукм қилувчи (қози) бирорта ҳукм чиқармоқчи бўлиб, ижтиҳод қилса, унга иккита ажр бор. Агар ижтиҳод қилганида хатога йўл қўйса, унга битта ажр бор!”. (Бухорий, 9/7352; Муслим, 3/1716; Термизий, 3/1326; Насоий, 8/5381; Абу Довуд, 3/3576; Ибн Можа, 3/2314; Ибн Ҳиббон, 11/5060; Байҳақий, 10/20153; Дорақутний, 4/4515; Аҳмад, 4/17809; Баззор, 2/8576).

إن أصبت فلك عشر أجور و إن اجتهدت فأخطأت فلك أجر

“Агар тўғри фарво чиқарсанг, сенга ўнта савоб бор. Агар ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйсанг, сенга битта савоб бўлади”. (Ҳоким, 7/7004; Дорақутний, 4/4508; Аҳмад, 4/17859).

إن أنت قضيت بينهما فأصبت القضاء فلك عشر حسنات و ان أنت اجتهدت فأخطأت فلك حسنة

“Агар сен улар орасида қозилик қилсанг, ҳукмда тўғри топсанг, сенга ўнта яхшилик бўлади. Агар ижтиҳод қилиб, хато қилсанг, сенга битта яхшилик”. (Аҳмад, 4/17858).

Демак, ҳар қандай ҳолатда савобга эга бўлиб турган мужтаҳидларга таъна қилиш, уларнинг берган фатволари, чиқарган ҳукмлари, истинбот қилган ижтиҳодларини хатога йўйиш хатокорликнинг айни ўзгинасидир, адашувнинг бошланишидир, залолатнинг манбаидир.

Учинчи фикр. Аҳли суннат ва жамоатнинг тўрт мазҳаб имомларидан ҳам “Иза саҳҳа-л-ҳадис фа-ҳува мазҳабий!” (“Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, бас, у менинг мазҳабимдир!”) сингари фикрлар айтилган. Бинобарин, ҳамма вақт саҳиҳ ҳадисларга амал қилиш зарур. Афсуски, ушбу гап бемазҳабларнинг доимо такрорлаб келган фикрларига асос бўлган. Уларнинг бу фикрларига жавоб сифатида ана шу бемазҳабларнинг энг катта имоми Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтиришга мажбурмиз. У зот тўрт мазҳаб имомлари ва мужтаҳидларга ҳадисга амал қилмайди, ҳадис турганда ўз раъйларига суянади, деганга ўхшаш гаплар билан таъна қилувчиларга раддия сифатида бир асар ёзганлар. Хуллас, мужтаҳид олим биз билган қайсидир ҳадиснинг зоҳиридан воз кечган бўлса, унинг ижтиҳод шартларига доир кўпгина сабаблари бўлганинини қайд қилар экан, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Рафъ ул-малом ъан ал-аиммат ал-аълом» («Таниқли имомлардан маломатни кўтариш») номли асарларида ана шу сабабларни 10 (ўн) тага етказганлар. Яъни, мужтаҳидлар бирор ҳадисга амал қилмаслиги мумкинлигининг ўнта сабабини бирма-бир баён қилиб берганлар. Унга биз бу ерда эътибор қаратишимиз керак бўлган бир сабабни қўшганлар. У ҳам бўлса, мужтаҳиднинг ҳадисга амал қилмаслигига биз билмайдиган ҳужжати – бизгача етиб келмаган, китобларда ёзилмаган, балки зеҳн ва хотираларда сақланиб қолган бошқа бир саҳиҳ ҳадиси бўлиши мумкинлигидир. Чунки, илмнинг манбалари кенгдир:

و فى كثير من الأحاديث يجوز ان يكون للعالم حجة فى ترك العمل بالحديث لم نطلع نحن عليها فإن مدارك العلم واسعة و لم نطلع نحن على جميع ما فى بواطن العلماء و العالم قد يبدى حجته و قد لا يبديها و إذا أبداها فقد تبلغنا و قد لا تبلغنا و إذا بلغتنا فقد ندرك موضع إحتجاجه وقد لا ندركه

«Ҳадисларнинг кўпчилигида олимнинг бирор ҳадисни тарк қилганлиги борасида ҳужжати бўлиши, лекин улардан биз хабардор бўлмаслигимиз мумкин. Чунки, илмнинг идрок қилинадиган жойлари кенгдир. Биз уламоларнинг ичидаги нарсалар (яъни, ҳадислар)нинг ҳаммасидан хабардор эмасмиз. Олим (мужтаҳид) эса гоҳида ҳужжатини кўрсатади, гоҳида кўрсатмайди. Кўрсатган ҳужжатлари бизга етиб келган бўлиши ҳам мумкин, етиб келмаган бўлиши ҳам мумкин. Бизгача етиб келган ҳужжатларни эса биз идрок қила (тушуна) олишимиз ҳам мумкин, идрок қила олмаслигимиз (тушунмаслигимиз) ҳам мумкин”. (Ибн Таймия. Рафъ ул-малом ъан ал-аиммат ал-аълом. – Риёз: ар-Риосат ал-омма ли-идорат ал-буҳус ал-илмия ва-л-ифто ва-д-даъват ва-л-иршод, 1992. – Б. 35).

Демак, “Мухтасар ал-Виқоя”да ва фиқҳий матнларда келтирилган: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масаланинг ҳадиси шарифдан далилини биз топа олмаган тақдиримизда ҳам унга қарши фикр билдириб бўлмайди. Чунки, мужтаҳидлар имомларимиз, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек, бу ёки бошқа бир масаланинг далилини кўрсатмаган бўлишлари мумкин. Ҳолбуки, мужтаҳид имомларимиз айнан мазкур масаланинг олинган жойини аниқ кўрсатиб кетганлар. У эса Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Ойша разийаллоҳу анҳо каби буюк саҳобалардан нақл қилинганини юқорида бирма-бир кўриб чиқдик. Демак, улар турганида ўзбилармонлик билан иш тутиш асло мумкин эмас.

Тўртинчи фикр. Биз кўриб чиққан фиқҳий матн китобларида: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, деган фикр бўлгани билан шарҳларда унга тескари ҳам гап борлиги, афсуски, “Мухтасар ал-Виқоя”га гап топишга олиб келган. Масалан, “ал-Ихтиёр”да ҳанафий олими Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан қилган ривояти келтирилади. Унга кўра, буюк имомимиз фарзларнинг охирги икки ракъатида қироатни вожиб деган эканлар. (Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Мавсилий. ал-Ихтиёр ли-таълил ал-Мухтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 54.).

Бироқ, ҳанафийликнинг манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари ишлаб чиқилган бўлиб, уларга кўра ушбу ривоятни олиш мумкин эмас.

Биринчидан, ўтган уламолардан ҳеч қайсиси Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳнинг ривоятини рожиҳ (юқори) қилган эмас, балки маржуҳ (паст) ривоят сифатида санаганлар. Чунки, ҳеч бир фақиҳ ушбу ривоятни қабул қилиб, уни таржеҳ (устун) тутган эмас. Ҳанафийликда эса масалаларнинг бир-биридан устун қўйиш салоҳиятига эга – “асҳоби таржеҳ” фақиҳлари табақаси мавжуд. Еттита табақадан иборат бўлган фақиҳлар табақасида бешинчи ўринда турадиган, ҳар бир масалани “Бу авло!”, “Бу саҳиҳ!”, “Бу энг саҳиҳ ривоят!”, “Буниси равшанроқ!”, “Бу қиёсга мувофиқроқ!”, “Бу одамлар учун фойдалироқ!” деган аломатлар (мўъламалар) билан белгилаб берадиган мазкур табақа вакилларидан бошқалар бу ишни амалга ошира олмайдилар. (Фақиҳлар табақотини ўрганиш учун қуйидаги манбаларга қаранг: Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Миср: Кубро, 1855. – Б. 52-53; Абдулҳай ал-Лакнавий. ан-Нофеъ ал-кабир ли-ман йутолеъ ал-Жомеъ ас-сағир. – Ҳиндистон: Алавий, 1892. – Б. 3; Ибн Обидин. Шарҳ уқуд расм ал-муфтий // Мажмуату расоили Ибн Обидин. 2-рисола. – Истанбул: Дар саодат, 1902. – Б. 11-12; Абдулҳай ал-Лакнавий. Муқаддима Умдат ар-риоя фий ҳалли шарҳ ал-Виқоя. – Лакнау: Юсуфий, 1909. – Б. 7-8; Қозизода Шариф махдум ибн Абдурраҳим ал-Бухорий. Рисола фий маноқиб ал-аимма ал-арбаъа фи-л-фиқҳ. – Қозон, 1909. – Б. 16; Абдулқодир ал-Қураший. ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2005. – Б. 295-296).

“Мухтасар ал-Қудурий” соҳиби Абу-л-Ҳусайн ал-Қудурий раҳимаҳуллоҳ ҳамда “ал-Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “асҳоби таржеҳ” фақиҳларидан ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам ундан кейин ўтган фиқҳий матн китоблари муаллифлари биз кўриб чиқаётган масалада уларнинг гапларини бажонидил қабул қилишаверган. Биз ҳам: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган уларнинг фикрларини бажонидил қабул қилишимиз керак. Ҳақиқат мана шудир!

Иккинчидан, фиқҳий матн китоблари билан бирга шарҳларда келган масалалар бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолса, матндаги гап олинади, шарҳларда келтирилган масала қабул қилинмайди. Юқорида бирма-бир кўриб чиққанимиздек, “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масала ҳанафийликдаги қарийб барча фиқҳий матнларда бир хил маънода қайд қилиб келинган. Демак, уларни йўққа чиқариб, шарҳлардаги масалага фатво бериш асло жоиз бўлмайди (Ибн Обидин. Шарҳ уқуд расм ал-муфтий. Ҳайдаробод: Марказ ал-фиқҳ ал-исломий, 2001. – Б. 31 ва 35.).

Учинчидан, “зоҳири ривоят” ёки “зоҳири мазҳаб” деб аталган ҳанафийлик мазҳабининг бош, асос ва тамал вазифасини ўтайдиган масалалари мавжуд. Ҳанафийликдаги масалалар уч турга ажратилиб ўрганилади. Уларнинг биринчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари томонидан машҳур ва мутавотир йўл билан нақл қилинган масалалар бўлиб, улар “зоҳири ривоят” ёки “зоҳири мазҳаб” вазифасини ўтаб келади.

Ҳамма вақт (зарурат ва узрдан ташқари ҳолатларда) уни қабул қилишга мажбурмиз. Масалалар бир-бирига қарама-қарши келиб қолганда, “зоҳири ривоят” масалалари муқаддам тутилади. (Ибн Обидин. Шарҳ уқуд расм ал-муфтий. Ҳайдаробод: Марказ ал-фиқҳ ал-исломий, 2001. – Б. 35.).

Юқоридаги “ал-Ҳидоя”дан олинган иқтибосдан кўриниб турибдики, фарзларнинг учинчи-тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа сураси”ни ўқилмай қолса, саждаи саҳв лозим бўлмаслиги “зоҳири ривоят”дир. Барчага маълумки, саждаи саҳв намознинг бирорта вожибларини тарк қилинганда лозим бўлади, суннат ва мустаҳаб амаллар тарк қилинганда саждаи саҳв лозим бўлмайди. Бундан эса фарзларнинг учинчи-тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа сураси”ни ўқиш вожиб эмаслиги маълум бўлади.

ХУЛОСА

Ҳанафийлик мазҳабидаги энг эътиборли фиқҳий матн китоблари ва бошқа манбаларда: “Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида “Фотиҳа” сурасини ўқилади, уни ўқилмаган тақдирда тасбеҳ айтиб қўявериш ёки сукут сақлаш ҳам жоиз”, дейилган масала келтирилгандир. Жумладан, “Мухтасар ал-Виқоя”да ҳам ушбу фикр қайд қилинган.

“Мухтасар ал-Виқоя” Марказий Осиё халқларининг қарийб етти асрдан буён севиб ўқиб келинаётган ва масалаларига қатъий равишда амал қилиб келинган энг мўътабар фиқҳий манбалардан биридир. У зеҳнли толиблар томонидан тўла ёд олинган, давраларда савол берилса, ундан иқтибос келтирилиб жавоб берилган, ундаги ҳар бир масалага барча бирдек амал қилиб келган. Мазҳаб бирлигининг ва буюклигининг рамзи бўлиб келган “Мухтасар ал-Виқоя”нинг айрим масалаларини хато, уни қўйиб ҳадисларга амал қилиш керак, деган гап “Мухтасар ал-Виқоя”нинг қадри ва эътиборини сусайтиришга бўлган бемазҳабларнинг уринишлари ҳамда уларнинг фитналарига алданиб қолаётганларнинг асоси йўқ гап-сўзларидан биридир. Айтганимиздек, бу гап билан мазҳабсизлик авж олади!

“Мухтасар ал-Виқоя”да хато бор, уни тарк қилиб, ҳадисларга амал қилиш керак, дейиш халқимиз иттифоқига рахна солиш, уламолар орасини бузиш, аҳли илмларни бир-бирига тескари қилиб қўйиш, толиби илмлар кўнглига шубҳа солиш, оддий одамларни фиқҳий масалалар ва улар битилган матн китоблардан совутишдир! Айниқса, бугунги фитнали замонда, ҳар хил оқимлар, тоифалар, бидъатчи ва вайронкор гуруҳлар бўй кўрсатаётган, миллат ва давлатнинг якдиллиги ва иттифоқини бузмоқчи бўлганлар кўплаб топилиб турган даврда миллат ва дин ҳамда мамлакат ва давлат аҳолисининг бирдамлигини сақлаб қолиш жуда муҳим. Бунинг учун эса асрлар давомида ўқилиб келган ва ҳозирда ҳам катта ихлос билан ўқилаётган “Мухтасар ал-Виқоя” сингари диний манбалар эътиборини асло сусайишига йўл қўйиб бўлмайди.

“Мухтасар ал-Виқоя”да хато бор, уни тарк қилиб, ҳадисларга амал қилиш керак, деган гапнинг мутлақо асоссиз ва ботил эканини биз мақола давомида исботлашга ҳаракат қилдик. У эса асрлар давомида амал қилиб келган тақводор ва билимдон ота-боболаримиз, ўтмиш ва яқин келажакдаги парҳезкор уламоларимиз тутган йўли, ушлаган ҳақиқатидир. Биз ҳам уларга эргашиб, “Мухтасар ал-Виқоя”га ихлосли ва эътиборли бўлиб қолишимиз керак!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *