АЗОНДА ТАКБИРЛАР ҚАНДАЙ АЙТИЛАДИ ЁКИ ТАРАССУЛ МАСАЛАСИ


imagesМУҚАДДИМА

Куни кеча камина ҳанафий мазҳабимизда иқома айтиш кайфияти тўғрисида кичик мақола чиқарган эдим. Шуни ортидан азон ҳақида ҳам мақола чиқариш таклифи тушди. Яъни муаззин аввалги тўрт такбирни ҳар бир жумласини алоҳида-алоҳида нафас билан айтиши керакми, ёки икки такбирни бир-бирига қўшиб бир нафасда айтса ҳам бўладими, деган мазмунда. Фиқҳий истилоҳда буни “тарассул” атамаси билан ифода этилади.

ТАЪРИФ

Тарассул деганда ҳанафий фуқаҳоларига кўра, азон жумлаларининг ҳар иккисини орасига бироз муҳлат киритиш тушунилади. Моликийларда эса тарассул деб жумлаларни чўзмасдан айтишга айтилади. Шофеъийлар тарассулни ҳар икки калиманинг орасида инграгандек овоз чиқариб қўйиш, деб таърифлайди. Ҳанбалийлар эса тарассул бу – икки калима орасини бироз муҳлат билан ажратиш ва инграгандек овоз чиқариб қўйиш, деб тушунтиришади.

Ўзи тарассул мавзусида анчадан бери бир мақола ёзиш режамда йўқ эмасди. Чунки яқин аҳли қуръон дўстларимдан бири Андижондаги жоме масжидлардан бирида икки такбирни бир-бирига қўшиб азон айтганда у кишига “азон калималари орасида вақф қилмасдан қўшиб айтишлик ваҳҳобийча азон айтиш бўлади” – деб баъзи аҳли илмлар эътироз билдирибди. У киши ҳафа бўлиб: “шу билан мен ваҳҳобий бўламанми?” деб – менга шикоятомуз савол қилди. Мен эса бир қатор китобларни кўриб, кейин  аниқ жавоб айтаман дегандим.

Хуллас ўша мавзуда китоб варақлашга мана энди вақт келди. Қўлимдаги ҳанафий мазҳабида битилган китобларни мавзуга доир бандларини қатор кўриб чиқдим. Таҳлилларим натижасида шу маълум бўлдики, ҳанафий мазҳабимизда ёзилган манбалар айнан шу бандига нисбатан олинганда икки турга бўлинади. Ҳар бир такбир орасида вақф қилиб айтишни англатиши мумкин бўлган иборали манбалар; икки такбирни бирлаштириб, ҳар иккисининг орасида вақф қилишни англатувчи манбалар.

Қуйида ҳар икки тур манбалардан иқтибос олинган бандларини таржималари билан сизга ҳам тақдим қиламан:

1 ТУРГА МАНСУБ ИБОРАЛАР

1        Ҳанафий мазҳабимиз матнлари ичида энг мўътамадларидан бири “мухтасар виқоя”нинг Мавлоно Мулла Али тарафдан ёзилган шарҳида шундай келади:

و يترسل يتمهل فيه فى الأذان بان يفصل بين كل جملتين منه بسكتة يسع فيه الإجابة

(Азонда тарассул қилади). Бу ҳар икки жумланинг орасини азонга жавоб қайтариш имконини берар даражада муҳлатлаб ажратиш билан бўлади. (Фатҳу бабил-иная. Мулла Али. 1 –Ж. 202 — Б).

2        Мухтасар виқоянинг мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Хуросоний қаламига мансуб “Жомеъур румуз” номли шарҳида эса қуйидагича изоҳланган:

و يترسل فيه و المعنى يمهل فى الأذان و يفصل بين الكلمتين و لا يجمع بينهما فانه سنة

(Азонда тарассул қилади). Бунинг маъноси шуки, азон айтиш жараёнида ҳар икки калима (гап)нинг орасини бироз муҳлат билан ажратади. Икковини бирлаштириб айтмайди. Шуниси суннатдир. (Жомеъур румуз. Шамсуддин Муҳаммад Хуросоний. 1 – Ж. 68 — Б).

3        Аллома Ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ ватандошимиз Абулбаракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Канзуд-дақоиқ” асарини шарҳлаб битган машҳур “Баҳрур-роиқ” асарида қуйидагича келтиради:

و يترسل فيه و يحدر فيها اى يتمهل فى الأذان و يسرع فى الإقامة و حده ان يفصل بين كلمتى الأذان بسكتة بخلاف الإقامة

(Азонда тарассул қилади иқомада эса тез айтади). Яъни азонда муҳлатлаб айтади. Иқомада эса тез айтади. Бунинг ҳадди шуки, азоннинг икки калимасини орасини бир сакта (тин олиш) билан ажратади. Иқомада ундай эмас. (Аллома Ибн Нужайм Мисрий. Баҳрур-роиқ. 1 – Ж. 447 — Б).

4        Шамсуддин Аҳмад Қозизода раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳ ул-қадир”га битган такмиласида қуйидагича изоҳлаган:

قوله و يترسل فى الأذان هو ان يفصل بين كلمتين من كلماته بسكتة

(Азонда тарассул қилади) деган гапига келсак, тарассул бу – Азон калималаридан иккитасининг орасини бир сакта билан ажратишдир. (Шамсуддин Аҳмад Қозизода. Натоиж ул-афкор фи кашфир-румуз вал-асрор. 1 – Ж. 170 — Б).

5        Алоуддин Косоний Бадойеда азоннинг суннатларини қатор санаш жараёнида бундай дейди:

و منها ان يفصل بين كلمتى الأذان بسكتة و لا يفصل بين كلمتى الإقامة بل يجعلها كلاما واحدا

Аззоннинг суннатларидан яна бири, унинг икки калимасининг орасини бир сакта билан ажратмоқликдир. Иқомада ажратмайди, балки битта гап каби қўшиб айтади. (Алоуддин Косоний. Бадойеус-санойе фи тартибиш-шаройе. 1 –Ж. 642 — Б).

6        Шайҳ Асъад Соғиржий бундай деган:

و السنة ان يترسل فى الأذان بان يفصل بسكتة بين كل كلمتين

Азонда ҳар икки калиманинг орасини ажратиб тарассул қилмоқ суннатдир. (Имом Соғиржий. Ал-фиқҳ ул-ҳанафий ва адиллатуҳу. 1 – Ж 154 — Б).

БИРЛАМЧИ ХУЛОСА

Юқорида тақдим этилган матн ва шарҳларни кўриб чиқиш билан дастлаб қуйидаги хулосани олиш мумкин: муаазин  “Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Кейин бироз муҳлат тинади, эшитганлар азонга жавоб берар даражада фурсат ўтгач, яна “Аллоҳу акбар” дейди. Икки жумлани бир-бирига ёпиштириб айтмайди. Шу тариқа охиригача ҳар икки жумла орасини ажратиб-ажратиб айтади. Бу юқоридаги манбалардан олинган менинг бирламчи хулосам!

2 ТУРГА МАНСУБ ИБОРАЛАР

Энди сизга қуйидаги манбалардан олинган иқтибос ва таржималарни ҳам тақдим қилсам:

Шайҳ Муҳаммадамин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ҳошия”сида шундай дейди:

و يترسل اى يتمهل. قوله (بسكتة) اى تسع الإجابة. و هذه السكتة بعد كل تكبيرتين لا بينهما كما افاده فى الإمداد اخذا من الحديث و به صرح فى التاترخانية

Азонда тарассул қилади. Яъни, жумлалар орасида муаззинга жавоб бериш имконини берувчи муҳлат билан ажратиб айтади. Бу сакта ҳар икки такбирдан кейиндир! Икки такбирнинг орасида эмас! Зеро, буни “Имдод”да ҳадисгатаяниб ифодалаган. “Татархония”да ҳам шуни сароҳатан баён қилган. (Шайҳ Ибн Обидин. Ҳошияту Роддул-мухтор. 2 –Ж. 53 — Б).

“Татархония”га ҳам қараб кўрдик. Унда ҳақиқатан ҳам Ибн Обидин айтганидек сароҳатан баён қилинган экан. Қаранг:

و فى الينابيع الترسل ان يقول الله اكبر الله اكبر و يقف ثم يقول مرة اخرى مثله

“Янобийъ”да айтилишича, тарассул бу – “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб айтиб, бироз тин олиб кейин яна бир марта худди шундай демоқдир. (Аллома Олим ибн Ало Деҳлавий ал-Ҳиндий. Фатовои Татархония. 1 –Ж 518 -Б).

Ҳанафий мазҳабимизда энг мўътабар фатво тўпламларидан бири бўлмиш “Фатовои ҳиндия”да ҳам худди Татархониядаги гапнинг айнан ўзи:

و الترسل ان يقول الله اكبر الله اكبر و يقف ثم يقول مرة اخرى مثله

Тарассул бу – “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб айтиб, бироз тин олиб кейин яна бир марта худди шундай демоқдир. (Фатовои оламгирия. 1 –Ж 56 -Б).

Мавлоно Абдураҳмон ал-жазирий бошчилигидаги бир гуруҳ Миср уламолари тарафдан ёзилган “Ал-фиқҳ ъалал-мазоҳибил-арбаъа” номли манбада қуйидагича изоҳланади:

الحنفية قالوا الترسل هو التمهل بحيث ياتى المؤذن بين كل جملتين بسكتة تسع اجابته فيما نطق به غير ان هذه السكتة تكون بين كل تكبرتين لا بين كل تكبيرة و اخرى

Ҳанафийлар айтади: тарассул бу – муаззин ҳар икки жумланинг орасида унинг нутқига жавоб бериш имконини берувчи сакта билан муҳлатламоғидир. Лекин бу сакта ҳар икки такбир орасида бўлади. Бир такбир билан бошқасининг орасида эмас! (Мазоҳиби арбаъа. 1 – Ж 329 Б).

ЯКУНИЙ ХУЛОСА

Барча маълумотларни умумийлаштириб, якунида шундай хулосага келдимки, муаззин азонида тарассул қилиб айтиши, яъни калималар орасида азонга қулоқ солувчилар жавоб бериб олиши учун бироз вақф қилиб айтиши суннатдир!

Азоннинг аввалги тўрт такбирида икки такбирни бирлаштириб “Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар” деб айтади ва бироз вақф қилади. Эшитганлар ҳам икки марта такбир айтиб жавоб беришга улгургидек вақт ўтиши билан яна бир марта икки такбирни қўшиб айтади!

Тўрт такбирнинг ҳар иккисини қўшиб айтиш муаззинни “ваҳҳобий”га чиқариш учун асос бўла олмайди! Чунки ҳар икки такбирни қўшиб айтиш айнан бизнинг ҳанафий мазҳабимизда таълим берилган!

Агар икки такбирни қўшиб айтганлар ваҳҳобий бўлганида, “Татархония”нинг муаллифи (вафоти 786 ҳж) ваҳҳобийга чиқарилиши керак бўларди! Ва ҳолбуки бу олим яшаб ижод қилган даврда бугунги “ваҳҳобийлар”нинг ўзи тугул номлари ҳам йўқ эди!

Ва яна, ҳанафий мазҳабимиз муҳаққиқларидан Муҳаммадамин Ибн Обидин ҳам “ваҳҳобий”га чиқарилган бўларди. Ва ҳолбуки у киши худди ўша асарида айнан ваҳҳобийларни “замонамиз хаворижлари” деб улар ҳақида ўзининг муносиб фикрини баён қилиб қўйган.

Агар азон такбирларини қўшиб айтганлар ваҳҳобий бўлганда “Фатовои оламгирия”ни жамлаган ҳанафий муфтийларининг ҳаммаси ёппасига ваҳҳобий деб эълон қилиниши керак эмасмиди?! Ва ҳолбуки бу асар бизнинг ҳанафий мазҳабимизда энг мўътабар фатво тўпламларидан биридир!

Бу менинг хулосаларим ва мен ваҳҳобий эмасман!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

ТИИ сиртқи бўлим биринчи босқич талабаси

05 01 2019

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *