Таровеҳларда қорининг Қуръонга қараб қироат қилиши

Lotin alifbosida

taraveh namaz

Таровеҳларда қорининг қироатини Қуръонга қараб туриб, кузатиб бориш мумкинми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Телевиденияларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинаётганини Маккаи мукаррамадан тўғридан тўғри олиб кўрсатилади. Шунда баъзи бировларнинг Қуръонни кўтариб турганларини, имомнинг қироатини намозда туриб, Қуръонга қараб кузатиб боришаётганини кўриб қоламиз. Умрага борганлар ҳам бир неча марта бу ҳолатнинг гувоҳи бўлганлар. Биздаги таровеҳларда бундай нарсалар кузатилмаган. Кейинги вақтларда телевиденияга ва Маккаи мукаррамадаги воқеъликка кўр-кўрона тақлид ва ўзаро «билимдон»лик натижасида шу ишни қилаётганларни эшитиб қолмоқдамиз.

Хуллас, бу ишнинг шаръий ҳукми нима эканини билиш учун илмий изланишлар олиб боришга ҳамда унинг хулосаларини тақдим қилишга жазм этдик.

Намозда қироатни Қуръондан ўқиш ёки кузатиб бориш борасида ислом оламида уч хил фиқҳий қараш шаклланган:

1)  Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.)нинг фатвосига кўра намозда Қуръондан қироат қилиш намозни бузади: имомнинг қироатини ёки ўзининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бораётган одамнинг намози бузилади. Агар у имомга шу ҳолатида луқма берса, ундан луқма олган имомнинг ҳам ва унга иқтидо қилаётганларнинг ҳам намози бузилади. Чунки, имом ташқаридан таълим олган бўлади. Бу масъала мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларидан бўлмиш “ал-Ҳидоя”нинг шарҳларида батафсил изоҳланган. Мусҳафдан, Қуръондан қараб қироат қилиш намознинг бузилишига олиб келишига Шамс ул-аимма ас-Сарахсий (р.ҳ.), Ҳофизиддин ан-Насафий (р.ҳ.), Имом аз-Зайлаъий (р.ҳ.) каби фақиҳлар жазм қилганлар.

2) Имомайнлар наздида, яъни, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) наздида намозда қироатни Қуръонга қараб ўқиш намозни бузмайди, балки макруҳ бўлади. Чунки, бу амал ғайри дин – китобийларнинг ишига ўхшайди. Насроний ва яҳудийларнинг ибодатгоҳларида роҳиблар муқаддас китобларига қараб туриб, ундан қироат қилиб ибодат қилишга одатланганлар. Имом Молик (р.ҳ.) мазҳабининг фиқҳий қарашлари ҳам бунга мувофиқ келади.

Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш макруҳ бўлади, деганлар ўзларидан олдин ўтган тобеъинларнинг гапларига эргашганлар. Имом Нахаъий, Саид ибн Мусаййаб, аш-Шаъбий, Ҳасан Басрий, Сулаймон ибн Ҳанзала, Мужоҳид, Ҳаммод, Қатода, Абу Абдураҳмон ас-Суламий раҳимаҳумуллоҳ каби зотлар бу нарсани макруҳ, дейишган экан. Таъкидлаб ўтиш жоизки, агар буни қасддан қилса, намозни бузади, деган қарашда бўлган тобеъинлар ҳам бор (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 4-жуз. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 1555).

3) Имом Шофиъий (р.ҳ.) фикрича, мусҳафга қараб ўқиш намозни ҳам бузмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Ҳанбалийлар ҳам ушбу фикрга келганлар. Бироқ, Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) фикрича, Қуръондан қараб қироат қилинаётган намознинг фарз ёки нафл орасида фарқи бўлиши мумкин (Мавсуат ал-фиқҳиййа. 33-жилд. – Вазорат ал-авқоф ва аш-шуун ал-исломия, Кувайт: Дор ас-Сафва, 1995. – Б. 57). Уларнинг далили шуки, Қуръонга қараб қироат қилишнинг ўзи ибодат. Бу ерда ибодатга ибодат қўшилиб, нур устига нур бўлади. Ўтган улуғ зотларнинг намозда Қуръонга қараб қироат қилиш ҳоллари ривоятлар орқали етиб келган. Унинг макруҳ эмаслиги шунданки, аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам муқаддас китобларига қараб ибодат қилавермайди. Баъзилари ёддан, қалбидан ҳам ўқишади. Аҳли китобга ўхшаш макруҳ бўлса, Қуръонни ёддан ўқиш ҳам макруҳ бўлиши керак эди. Бу мумкин эмас. Демак, намозда Қуръонни юзидан ўқиш ҳам макруҳ эмас.

Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг далилида намозда Қуръонга қараб ўқиш ҳақида саҳиҳ ҳадиси шариф бор. Буни Абдулҳай ал-Лакнавий айтишига қараганда, Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг ўзи муснадида ривоят қилган (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Қувват ал-муғтазин би-фатҳ ал-муқтадин // Расоилу ал-Лакнавий. –Каротши: Мактабат ал-Қуръон, 1419. – Б. 246). Шунингдек, мазкур ривоятни Имом Байҳақий (р.ҳ.) ўз ҳадис тўпламида келтирган (Байҳақий, 2/3183). Имом Бухорий (р.ҳ.) эса мазкур ривоятни таълиқан келтирган (Бухорий, 1/691-692).

Ўша ривоят шуки, Ойша онамиз (р.а.) мавлолари (озод қилган қуллари) Заквон (р.а.)га имом бўлишга буюрадилар ва у Қуръонга қараб намоз ўқиган. Ойша онамиз (р.а.) уни инкор қилмасдан унга иқтидо қилганлар.

Бунга қўшимча равишда саҳоба Анас ибн Молик (р.а.) ҳам худди шундай қилганлари, унинг орқасида ходими Қуръон кўтариб тургани, Анас ибн Молик (р.а.) адашиб ёки чалғиб кетса, орқадаги ходим унга Қуръонни очиб кўрсатгани, унга қараб Анас ибн Молик (р.а.) яна равон қироат қилиб кетгани ҳақидаги ривоятни келтириш мумкин (Байҳақий, 3/5579; Ибн Абу Шайба, 2/7223, 7300).

Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш намозни фосид қилиши, вайрон қилиб, бузишини таъкидлаган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва унинг тарафдорлари бошқаларнинг фиқҳий қарашларига сабаб бўлган далилларига қуйидагича жавоблар тақдим қилганлар:

1)  Ойша онамиз (р.а.) ва Заквон (р.а.) ҳадисини ҳатто Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳам ривоят қилган, дейилади. Лекин, бу воқеани Имом Бухорий (р.ҳ.) саҳиҳ ҳадислар тўпламининг биринчи жилди 692-рақамли ҳадис олдида таълиқан боб сарлавҳасида айтган бўлса-да, бироқ, ривоятнинг ўзини келтирган эмас. Шунингдек, Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.) ривоятида эса Заквон (р.а.) Ойша онамиз (р.а.)га имом бўлганлиги зикр қилинган бўлса-да, бироқ, айнан Қуръонга қараб имоматчилик қилгани айтилган эмас (Абдурраззоқ, 2/3825).

2)  Анас ибн Молик (р.а.)нинг ва шунингдек, Ойша онамиз (р.а.)нинг ходимларига Қуръон кўтартириб қўйгани уларнинг ижтиҳодий ишлари бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан собит бўлган саҳиҳ ҳадиси шарифга мос келмайди. Шунинг учун ҳам бу икки саҳобийнинг инкор қилмаган ишларини Имом Молик (р.ҳ.) фақат нафл намозларда жоиз бўлса керак, деган қарорга келган.

3)  Агар қори Қуръон оятларини мукаммал ҳифз қилган бўлса-ю, олдида очиқ турган Қуръонга қараб, унинг тартиби, саҳифаларда жойлашишини фаҳмлаб олса, меҳробда ёзилганини фаҳмлаб олса, тили билан такрорламаса, намоз бузилмаслиги фиқҳ китобларида ҳам зикр этилган (Тоҳир ибн Аҳмаб ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. – Лакнау: Навол кишвар, 1911. – Б. 98-99). Ибн Обидийн (р.ҳ.) «Баҳр ур-роиқ»қа ёзган ҳошиясида бу ҳолатда ҳофизи Каломуллоҳ бўлган қори Қуръонни кўтариб турмаса, намози бузилмайди, агар ўзи ёки иқтидо қилувчи Қуръонни кўтариб турса, намози бузилади, деган (Қаранг: Ибн Обидийн. Минҳат ул-Холиқ ҳошияту Баҳр ур-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 11). «ал-Ҳидоя»да ҳам шу фикр ифодаланган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 122).

Заквон (р.а.)нинг амали ана шу тариқада бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Мана шу жавобларнинг мақбулидир!

4)  Ойша онамиз (р.а.) ва Заквон (р.а.) ҳадисидаги маъно шуки, Заквон (р.а.) ҳар икки ракъатдан кейин ёки тўрт ракъатли тарвиҳа орасида Қуръонни очиб, Қуръон оятларини ва тартибини эсга солиб олган. Бундай қилиш ҳозирги қориларимизда ҳам кузатилади. Ровий эса намозни Заквон (р.а.) мусҳафдан орада кўриб-кўриб ўқиб берди, деб келтирмоқчи бўлган. Ҳанафий мазҳабининг таниқли олими Имом аз-Зайлаъий (р.ҳ.) ўзининг «Табйин ал-ҳақоиқ» асарида ҳам мазкур ҳадисни шу хилда таъбир қилган (аз-Зайлаъий. Табйин ал-ҳақоиқ // ал-Мактабат аш-шомила. 2/257-258).

5)  Имом Шофиъй (р.ҳ.) айтганидек, аҳли китобга ҳамма ҳолатларда ўхшаш макруҳ эмаслиги тўғри. Бироқ, ташаббуҳнинг ўзи, ўхшаш ва ўхшатишнинг ўзи макруҳ эмас. Қайси нарсада биз ҳам ночор қолсак, ўшани қилиш бизга мумкин бўлади. Ейиш-ичишда ёки баъзи зарурий ишларда аҳли китобга ўхшашимиз мумкин. Аммо, намозда Қуръонга қараб қироат қилиш зарурат эмас. Бинобарин, уни биз жоиз эмас, деймиз.

6)  Шунингдек, уламоларимиз Қуръонни намозда кўтариб туриш, уни варақлаш, унга назар солиб туриш амали касир, дейдилар. Амали касир эса намозни бузади. Амали касир бу – уни қилаётган одамни ташқаридан қараган одам намоз ўқимаяпти, деб ўйлашидир. Демак, бу ерда Қуръонни бир қўлда кўтариб турса ҳам намоз бузилади, деганидир. Агар Қуръонни кўтармасдан, варақламасдан, балки, олдида очиб қўйиб, унга қараб ўқиса ҳам ундан талқин қилганлиги, таълим олганлиги боис намоз бузилади. (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 165).

7)  Қуръонни кўтариб туриб, унга қараб қироат қилишда, бошқа суннатлар ҳам тарк қилинади. Масалан, иккала қўлни намозда такбири таҳримада кўтариш, қироат пайтида қўлларни қовуштириб туриш, рукуъда тиззаларни ушлаш, қаъдада ўтирганда, ишораи саббоба қилиш кабиларни тарк қилишга тўғри келиб қолади. Шунингдек, рукуъ ва саждага борганда буюк ҳурматга эга Қуръоннинг таъзими қандайдир маънода нуқсонга учраб қолади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг намозда Қуръонга қараб қироат қилиш намозни бузади, деган фатво беришига бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифлар далил бўлган. Гап шундаки, агар бирор кимса Қуръонни ёддан билмаса, ундан бирорта оятни ҳифз қилмаган бўлса, у намозини ёд олгунгача қироатсиз ўқийверади. Мана шундай зарурат вақтида ҳам Қуръонга қараб қироат қилмайди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар:

Имом Абу Довуд (р.ҳ.) ва Термизий (р.ҳ.) ҳасан деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига намозни ўргатганларида унга бундай деганлар:

إن كان معك قرآن فاقرأ و الا فاحمد الله و كبره و هلله ثم اركع

“Ўзинг билан бирга Қуръон бўлса, (яъни Қуръондан оятлар ёд олган бўлсанг), уни қироат қил. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳга ҳамду сано айт, такбир айт ва таҳлил айт. Сўнг рукуъ қилгин!” (Термизий, 1/302; Абу Довуд, 1/320-322; Аҳмад, 4/340; Шофиъий, «ал-Умм», 1/88; Байҳақий, 2/102, 133э134, 345, 372).

Абдуллоҳ ибн Аби Авфо (р.а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Мен Қуръондан ҳеч нарса олишга қодир бўла олмаяпман. Менга жоиз бўладиган нарсаларни ўргатинг” дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга калимаи тамжидни:

سبحان الله و الحمد لله و لا اله الا الله و الله اكبر و لا حول و لا قوّة الا بالله

калималарини ўргатиб қўйибдилар.

Бу ҳадисни Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Дорақутний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким раҳимаҳумуллоҳ каби муҳаддислар ривоят қилганлар (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Аҳмад, 4/335; Дорақутний).

Агар Қуръондан қараб ўқиш мумкин бўлганида, ўша Қуръондан бирорта оятни билмаган кимсага оятларни ёздириб берилган бўлар эди. Шунинг учун ҳанафий олимларидан Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл ал-Фазлий (р.ҳ.) бундай деган: «Бирор кимса Қуръонни ўқишни билса-ю, бироқ уни ёддан, қалбидан ўқишни билмаса, унга қироатсиз намозни адо қилиши жоиз бўлишига ижмоъ қилганмиз. Зотан, агар мусҳафдан қараб қироат жоиз бўлганда эди, намозни қироатсиз адо қилиш мубоҳ бўлмаган бўларди» (Қаранг: Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ур-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 11).   

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг фиқҳий қарашини Ибн Абу Довуд (р.ҳ.)нинг таниқли саҳоба Ибн Аббос (р.а.)дан қилган ривояти ҳам тасдиқлайди:

نهانا أمير المؤمنين عمر رضى الله عنه ان نؤمّ الناس فى المصحف و نهانا ان يؤمنا الا المحتلم

“Амир ал-мўъминин Ҳазрати Умар (р.а.) бизни одамларга мусҳафга қараб имом бўлишимиздан ва балоғатга етмагунча имоматчилик қилишимиздан қайтардилар” (ал-Муттақий, «Канз ул-уммол», 1/22837; ат-Таҳонавий, «Эъло ус-сунан», 4/1417).

Ҳанафий мазҳабининг мумтоз фиқҳ даврининг энг сўнгги вакилларидан бири Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) намозда Қуръондан қараб қироат қилиш ҳукмлари борасида «ал-Қавл ал-ашраф фи-л-фатҳ ъан ал-мусҳаф» («Мусҳафдан луқма бериш борасида шарофатли фиқҳий қараш») номли рисола ёзган. Ушбу рисолада муаллиф Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг гапларини қувватлаган.

Таъкидлаш лозимки, Қуръондан қараб қироат қилиш ёки имомнинг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бориш намознинг бузилишига сабаб бўлади, деган фатвода туриш бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки, бу фатво билан Қуръонни ёд олишга, ҳифз қилишга, мураттаб қориларнинг, моҳир ҳофизи Қуръонларнинг етишиб чиқишига замин бўлади. Бугунги кунда Қуръонни ёд олишга нисбатан бўлган ихлос ва ҳимматларнинг анча озайиб кетгани туфайли, намозда Қуръоннинг ўзидан қироат қилиш дуруст, деган фатво бериладиган бўлса, бу буюк ва савобли амал янада камайиб кетишига сабаб бўлиб қолмасмикин?!

Шу ерда айнан Қуръони карим – мусҳафларга қараб ўқиш намозни бузса-да, деворга ва меҳробларга ёзилган оятларни ўқиш ҳам намозни бузишини таъкидлаб ўтиш керак (Қаранг: Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ур-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 11).

2011 йилда ишбилармонлар ислом оламига «электрон меҳроб» таклиф қилдилар. Унга кўра меҳроб компьютерлаштирилади, Қуръони карим саҳифалари секин-секин очилаверади. Қори унга қараб, Қуръонни намозда қироат қилиб бериши осонлашади. Буни кейинчалик, бутун масжиднинг қибла тарафини эллектронлаштириб, Қуръон оятлари ёзилиб, секин-секин ўтиб турадиган қилиш ҳам мумкин. Бу зоҳиран қараганда,  қориларга осонлик туғдиради. Бироқ, у Қуръонни ёд олиш, пухта ва пишиқ қориларнинг етишиб чиқишининг олдини олиб қўяди. Меҳробда ёки қибладеворда Қуръон оятларининг кўриниб туриши қориларнинг ҳофизлигини йўққа чиқаради, чала қорилар ёки умуман Қуръоннинг ҳатто битта сурасини ёддан билмайдиган намозхонларнинг кўпайишига сабаб бўлади, наъузу биллоҳ. Шунинг учун бутун дунё уламолари бу фикрга қатъий қарши чиқдилар ва «электрон меҳроб» асло мумкин эмаслигини таъкидладилар.

Бу воқеадан намозда Қуръондан қараб қироат қилинса ёки имомнинг қироатини Қуръонга қараб кузатиб борилса, намоз бузилади, дейилган Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.)нинг мазҳаблари нақадар афзал ва ҳаққоний экани маълум бўлади!

Ўрта Осиёнинг ихлосли мусулмонлари азалдан Имоми Аъзам (р.ҳ.) мазҳабига муҳаббатли бўлиб, бу минтақа қорилари, намозхонлари ўз намозларида Қуръондан қараб қироат қилмаганлар. Қуръонни баркамол ҳифз қилишга, иложи борича, ўзлари ҳам, одамларга ҳам, намозни бешубҳа ўқиб беришга интилиб келганлар. Ҳеч ким намозда туриб, ўз имомининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бормаган, қорини текшириб турмаган. Балки, Қуръонни жонқулоғи билан тинглаб, унинг маъно-мазмунини англашга ҳаракат қилиб, хушуъ ва хузуъ ила намозда қоим бўлганлар. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак!

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...