Рўза ва эътикофга доир ижмоъий масалалар

Lotin alifbosida

Қуйида ҳукмингизга ҳавола этилмиш рўйҳатда муборак рамазон ойи муносабати билан рўза ва эътикоф ибодатларига тааллуқли бўлган, солиҳ салафларимиз ва машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб муассислари томондан иттифоқ қилинган фиқҳий масалалар баён қилинди.

1. Рамазони шариф ойининг рўзаси муқаддас ислом дини арконларидан биридир.

2. Ақли расо, соғлом, балоғатга етган, рўзанинг фарзлигидан хабардор бўлган, ўз юртида муқим истиқомат қилувчи мусулмонларга рамазон ойи рўзасини тутиш фарздир.

3. Рўза — бу Аллоҳга яқинлашиш нияти билан кундузида емоқ, ичмоқ ва аёллар билан жимо қилмоқдан тийилишдир.

4. Очликдан соғлиғига жиддий зарар эҳтимоли бор беморларга тузалгунча рўза тутмасликка шаръан рухсат берилади.

5. Эмизикли аёлларга рўза тутмасликка рухсат берилади.

6. Рўза тутмасликка шаръан рухсатли кимсалар ўз ихтиёрлари билан рўза тутсалар, фарзни бажарган ҳисобланишади.

7. Рамазони шариф ойидан бошқа ойларнинг рўзаси фарз эмас, Ашуро кунининг рўзаси эса мандубдир[1].

8. “Аййому-л-бийз” яъни ҳар ойнинг 13-14-15 (ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи) кунларида рўза тутишлик мустаҳабдир[2].

9. Рамазони шариф ойининг аввалида «шу ой рўза тутаман», деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиздир. Ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам рўзаси дуруст бўлади.

10. Рўзада қалбдан ният қилмоқ фарздир[3].

11. Саҳарлик мандуб-мустаҳаб амалдир[4].

12. Саҳарликни охирги вақтигача суриб, ифторликни эса аввалги вақтида қилиш мустаҳабдир.

13. Саҳарликнинг вақти фажр—тонгдан олдиндир.

14. Рўзадорга емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқа қилмоқни Аллоҳ таоло ҳаром қилган.

15. Бақара сурасининг 187- оятида келтирилган «ар-рофас» сўзидан аёлларга жинсий яқинлик маъноси кўзда тутилган[5].

16. Рамазон ойида сафарга чиққанлар фарз рўзани тутиш ё тутмасликда ихтиёрлидир[6].

17. Аёллар рўзасининг саҳиҳ бўлиши учун нифос ва ҳайз қонидан пок ҳолда бўлишлари шарт.

18. Ҳайз кўрган аёллар Рамазон ойида қолдирган рўзаларининг қазосини адо қилади.

19. Шак кунида рўза тутиш макруҳдир[7].

20. Рўза тутиш учун Рамазон ҳилолини кўриш ёки Шаъбонни ўттиз кун ўтказиш вожибдир.

21. Бирор шаҳарнинг барча аҳолиси ҳилолни аниқ кўрсалар, бутун дунё аҳлига ўша кундан рўза тутиш вожиб бўлади[8].

22. Рамазон ойини белгилашда ойни кузатмасдан тақвим ҳисоб-китоби асосида иш кўрилса, бу эътиборга олинмайди[9].

23. Катта жамоат янги ой кўрингани ҳақида хабар берса, уларнинг сўзини олиш ва унга биноъан рўза тутиб ифтор қилиш вожиб бўлади.

24. Заволдан кейин ой кўринса, ўтган кунда ой кўрингани ҳақида бирор маълумот бўлмаса, у ойни келаётган туннинг ойидир, деб ҳисобланади.

25. Жунуб ҳолида рўза тутган одамнинг рўзаси саҳиҳдир[10].

26. Ҳали тонг отмади, деган ўй билан таом ейишда давом этса, ёки қуёш ғойиб бўлди, деб ифторлик қилиб юборса-ю, сўнгра хато қилганини билиб қолса, яъни тонг отиб бўлган ва қуёш ҳали ботмагани маълум бўлиб қолса, бу ҳолатда бир кун қазо тутиш вожиб бўлади.

27. Рўзадорга қусқи ғолиб бўлиб қусиб – қайт қилиб юборса, агарча оғиз тўла чиқса ҳам унинг рўзасига путур етмайди[11].

28. Қасддан қайт қилган кишининг рўзаси ботил бўлганига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.

29. Қасддан қайт қилган кишига рўзанинг қазоси вожиб бўлади, каффорат эмас.

30. Рўзадорнинг ичидан бир нима чиқиб келса-ю, аммо, оғзидан ташқарига чиқмасдан яна ичига қайтса, қайтган таом оғизни тўлдиргудек бўлмаса рўзани бузмайди.

31. Рўзадорнинг тишлари орасида қолган таом қолдиқлари, унинг сўлаги билан ичига ютилса рўзага зарари йўқ.

32. Шаҳватини жиловлашга қодир бўлмаганлар рўза ҳолатида ўпишлари макруҳ бўлади[12].

33. Рўзадорнинг сақич чайнаши макруҳ бўлади.

34. Рўзадор аёл заруратсиз чақалоғига таом чайнаб бериши макруҳ бўлади.

35. Халқумга кирган чанг-ғубор, тутун ва пашша рўзани бузмайди.

36. Рамазон ойида беузр, қасддан жимо қилган рўзадор гуноҳкор бўлади, рўзаси ботил бўлади, куннинг қолган қисмида ўзини тийиб юриши лозим бўлади ва зиммасига каффорати кубро вожиб бўлади[13].

37. Рамазон ойи рўзасининг каффоратида, қасам каффоратида, зиҳор каффоратида узлуксиз кетма-кет рўза тутиш вожибдир[14].

38. Икки ой кетма-кет каффорат рўзасини тутиши лозим бўлган аёл рўза тутиш жараёнида ҳайз кўрса, пок бўлган кунидан каффоратни давом эттириб кетаверади.

39. Рўзадор бир марта ё бир неча марта жимо қилса, унга битта каффорат вожиб бўлади.

40. Кундузги уйқусида эҳтилом бўлишлик рўзани бузмайди.

41. Рамазон рўзасининг қазосини тутаётган киши қасддан жимо қилса, унга каффорат вожиб бўлмайди[15].

42. Рамазон рўзасидан бошқа рўза тутаётганларга каффорат вожиб бўлмайди.

43. Рамазон рўзасининг қазосини тутаётган киши вақтидан олдин ифтор қилиб рўзасини очса, унга ўша кун рўзасини ҳам қазоси вожиб бўлмайди, балки, Рамозонда қолдирилган бир кун учун қайтадан бир кун қазо тутади[16].

44. Каффорат учун мискинларга таом бермоқчи бўлганлар бир кунлик рўза учун ярим соъ, жами бўлиб, олтмиш кун учун ўттиз соъ миқдорида таом берадилар.

45. Ёши улуғ қариялар рўза тутишдан ожиз бўлсалар, уларга рўза тутмасликларига шаръан рухсат берилади.

46. Ҳар ким ўзи учун ўзи рўза тутади. Тирик инсоннинг номидан ҳеч ким унинг ўрнига рўза тутиб беролмайди.

47. Икки байрам – рўза ва қурбон ҳайитлари куни рўза тутишликдан динимизда қайтарилган. Бу икки кунда тутилган рўза—рўза ҳисобига ўтмайди.

48. Ташриқ кунларининг рўзаси макруҳ. Бу кунларда нафл рўза тутишга қасд қилган киши Аллоҳ таолога осий бўлади.

49. Шаввол ойи кўрингани тўғрисидаги хабар фақат икки одил кишидангина қабул қилинади.

50. Агар бирор жойда Шавволнинг ҳилолини кўрган бўлсалар ва бу хабар ўзга ўлкага эртаси куни етиб борса, бу ўлка аҳолиси рўзасини очадилар ва гар хабарни заволдан олдин олган бўлсалар, ҳайит намозини ҳам ўқийдилар[17].

51. “Фалончи келадиган кунда мен рўза тутаман!”, деб қасам ичган кишига саҳар вақти ўтгач таомланиб олганидан кейин қасамда кўзда тутилган шахс келса, куннинг қолган қисмида ўзини таомдан тийиб юриши вожиб эмасдир.

52. Қадр кечаси ҳақдир, ва у бир йил ичида бир тундир[18].

53. Эътикоф инсонларга фарз эмас, балки суннатдир.

54. Назр қилиш йўли билан ўзига вожиб қилганларга эътикоф вожиб бўлади.

55. Эътикофнинг саҳиҳ бўлиши учун ният қилиниши шартдир[19].

56. Эътикоф нияти билан масжидга кирганларга эътикофни охирига етказиш вожиб бўлади.

57. Рамазон ойида ҳам, Рамазондан ташқарида ҳам, эътикоф ўтириш жоиздир. Рамазоннинг ҳар дами, бутун йилнинг ҳар куни эътикофнинг вақти бўла олади, магар, рўза тутишдан қайтарилган кунлар мустасно[20].

58. Эътикофга кирганларнинг эътикофи эътикоф кунларининг охириги куни қуёш ботгач тамомига етади.

59. Масжид ул-ҳаромда, Масжид ун-набавийда ва Масжид ул-ақсода эътикоф ўтириш жоиздир. Шунингдек, барча масжиди жомеъларда эътикоф ўтириш мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар[21].

60. Эътикоф ўтирувчиларга жума намози учун чиқишлари вожиб бўлади.

61. Эътикоф ўтирувчи кимса эътикоф ўтирган жойидан зарурат туфайли чиқиши мумкин. Масалан қазои ҳожати учун, жанобатдан ғусл қилиш учун, фитна хавфи туфайли, ҳайз, нифос қонлари келиб қолгани туфайли.

62. Эътикофда кечгача сумт—гапирмасдан ўтириш макруҳ бўлади. Эътикофда охират учун фойдаси бор гапларни гапирилади[22].

63. Эътикоф ўтирувчига Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон ўқиш, намоз ўқиш мустаҳаб бўлади.

64. Эътикоф ўтирган кимса аҳли аёли билан яқинлик қилишдан шаръан ман қилингандир.

65. Эътикоф ўтирган киши аёлига қасддан яқинлик қилса, эътикофини бузган ҳисобланади.

66. Эътикоф ўтирган киши, ҳеч қандай заруратсиз эътикоф ўтирган жойидан ташқарига чиқиб кетса, эътикофи бузилади.

67. Қуллар фақат хўжайинларининг изни билангина эътикоф ўтиради.

68. Эътикофда тижорат ва бошқа ҳунармандчилик билан мутлақо шуғулланилмайди.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

 “Ижмоъ ва ижмоъий масалалар” китобидан

[1] Рамазони шарифдан кейин Шаввол ойининг олти кунлик рўзасини тутишлик имом Молик (р.а.) дан бошқа аҳли илмларнинг қавлига кўра мустаҳаб.

[2] Бу ҳақда ҳадис ҳам ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди: “Халилим менга учта нарсани васият қилди: ҳар ойда уч кун рўза тутиш; Қурбон ҳайитида икки ракат намоз ўқиш; ўхлашимдан олдин витр намозини ўқиш”. (Бухорий /1178. Муслим /721).

[3] Имом Зуфар (р.а.): “ниятга эҳтиёж йўқ”, деганлар. Бу қавл Ато ибн Абу Рабоҳ (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган.

[4] Яъни, саҳар вақти ухлаб қолиб, таомланишдан қолиб кетса, бунинг рўзага салбий тасири йўқ. саҳарлик қилиш рўзанинг сиҳҳати учун шарт эмас.

[5] Яъни, рўзадорлар кечасида жинсий алоқа қилишлари мумкин. Ояти карима:

أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَآئِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ عَلِمَ اللّهُ أَنَّكُمْ كُنتُمْ تَخْتانُونَ أَنفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنكُمْ فَالآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُواْ مَا كَتَبَ اللّهُ لَكُمْ وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّواْ الصِّيَامَ إِلَى الَّليْلِ وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَقْرَبُوهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар. (Бақара / 187).

[6] Мусофирларга фарз рўзани тутиш ё тутмаслик ихтиёрли бўлсада, айрим уламолар: “тутган афзал”, деганлар.

[7] Одатий рўза тутиб юрганлар бу ҳукмдан мустасно. Улар шак кунида рўза тутсалар макруҳ бўлмайди.

[8] Лекин, Шофеъий мазҳаби уламоларидан “саҳиҳ” деб келтирилган қавлга кўра, ой кўринган шаҳар ва унга яқин ҳудудларда “рўза вожиб” , деб ҳукм қилинади. Аммо ой кўринган шаҳардан сафар масофасича узоқда бўлган ҳудудларга ундай ҳукм қилинмайди.

[9] Аммо, Шофеъий мазҳабининг катталаридан: Ибн Сурайж (р.а.)нинг қавлига кўра, тақвим ҳисобини яхши билувчи мутахассиснинг сўзи билан иш кўриш мумкин, дейилган.

[10] Жунуб ҳолида уйғонган кишига тонг отишидан олдин ғусл қилиб олиши мустаҳабдир. Абу Ҳурайра ва Солим ибн Абдуллоҳ (р.а.) икковлари: “жунуб кишининг тутган рўзаси ботил, кечгача ўзини тийиб юради ва бир кун қазо тутиб беради”, деганлар. Урва ва Ҳасан Басрий (р.а.) икковларининг қавлига кўра, жунуб кимса ғуслни беузр кечиктирса, рўзаси ботил бўлади, деганлар. Иброҳим Нахаъий (р.а.) жунуб ҳолда фарз рўза тутса, дурустмас. Бошқалари дуруст, деган.

[11] Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) бир ривоятда ижмоъга мувофиқ фикр билдирган, бошқа ривоятда эса: рўзаси бузилади, деган. Бу ижмоъни  ибн ал-Мунзир р.а. ўз тўпламида 149-рақам билан қайдга олган.

[12] Шаҳватини жиловлай оладиганлар хотинини ўпишлари масаласида ихтилоф бор. Аксар аҳли илмлар макруҳ эмас, деган. Имом Молик макруҳ деган. Шунингдек, имом Аҳмаддан келган икки ривоятнинг биттасида макруҳ дейилган

[13] Каффорати кубро — бир қулни озод қилиш, агар қул топилмаса, олтмиш нафар мискинни тўйдириш, агар у ҳам топилмаса олтмиш кун пайдар-пай рўза тутиб бериш.

[14] Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: қасам каффорати учун уч кунлик рўзада кетма-кетлик шарт эмас, балки мустаҳабдир, деган. Имом Моликнинг мазҳубида ҳам шундай.

[15] Масалада Қатода (р.а.) нинг хилофи бор.

[16] Масалада ибн Ваҳб р.а.нинг хилофи бўлиб, у киши ҳажга қиёсан, икки кун қазо тутади, бир кун рамазон қазоси; бир кун бузилган қазонинг қазоси учун, деганлар.

[17] Хабар заволдан кейин олинса, ҳайит намоз ўқиш, ўқимаслик хусусида ихтилоф бор.

[18] Имом Шофеъий (р.а.): “Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма бир ё йигирма учинчи кунга ўтар кечасидир”, деган. Имом Молик (р.а.): “охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидадир”, деган. Имом Аҳмад (р.а.) “йигирма еттинчи кечадир”, деганлар.

[19] Эътикофда рўза тутиш шартми ёки йўқ? Имом Абу Ҳанифа, Моликнинг наздида ва имом Аҳмад (р.а.)дан келган бир ривоятга кўра, эътикофда рўза шартдир. Аммо, имом Шофеъий (р.а.)нинг қавлига кўра, шунингдек, имом Аҳмаддан келган машҳурроқ ривоятда эътикоф ўтирувчининг рўзадор бўлиши шарт эмасдир, дейилган.

[20] Йилнинг ҳар вақтида эътикоф ўтиришлик жоиз бўлсада, Рамазон ойининг охирги ўн куни бошқа кунларга нисбатан афзалдир.

[21] Аёлларнинг эътикоф ўтириш манзили хусусида ихтилоф бор: Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг қавлига кўра, уйларининг ичида эътикоф ўтирадилар. Имом шофеъийнинг аввалги фикри шундай бўлган. Кейин эса, уйларида махсус намоз учун тайёрланган жойда ўтираверадилар деган. Имом Шофеъийнинг бу қавли имом Молик ва Аҳмад ҳанбалийнинг қавлига мувофиқ бўлган.

[22] Имом Шофеъийдан ибн ал-мунзирнинг ҳикоя қилишича, эътикофда гапирмасликни назр қилган киши назрини бузиб гапираверади. Унга каффорат вожиб бўлмайди.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *