Салафи солиҳларимиз ахлоқидан-2 (рамазонга муносабат)

Lotin alifbosida

Рамазонга муносабат

Ислом умматининг муқаддам салафи солиҳлари Аллоҳ ва Унинг Расули қадрлаган ҳар бир макон, вақт-замон, кунлар-у ойлар ва бошқа ибодатларга ўз қимматига яраша муносабатда бўлардилар. Бунинг ягона сабаби—Аллоҳнинг розилигини топиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўлиш каби шарафли холис ният бўларди. Зотан олдинги ўтган аждодларимиз фақат Аллоҳ учун, Аллоҳ йўлида яшар эдилар.

Ўшандай исломий қадриятлардан бири—муборак Рамазон ойини улуғламоқдир. Уммат пешқадамлари бу улуғ ойни ниҳоятда эҳтиром этишар, ҳавас қилса арзигулик даражада эътибор қилишар эди. Салафларимиз бу ой ҳақида ворид бўлган фазилат ва  улкан савобларни қўлдан бой бермаслик учун, дунё ва охират саодатига ноил бўлиш ниятида Рамазоннинг ҳар онини ғанимат билиб астойдил жидди-жаҳд ила ибодат қилишар эди. Рамазон келишидан олти ой олдиндан бошлаб бу ойга етказишини сўраб Аллоҳга илтижо қилишар, етиб боргач эса олти ой давомида бу ойда қилган тоат-ибодатларини қабул этишини тилаб ёлворишар эди.

Ҳазрати Шиблий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида замондошларидан кўра кўпроқ жидди-жаҳд қирлар экан ва айтар эканки: “Бу ойни роббим улуғлаган. Мен ҳам уни биринчилардан бўлиб улуғлайман”.

Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг “Бўстон ул-воизин” асарида келишича, Олдинги ўтган ислом уммати Рамазон ойини гўёки улуғ султон ўз мамлакати ҳудудидаги бирор қабилага юборган элчиси мисолида кўришар эди. Қабила аҳлининг султонига бўлган муносабати унинг элчисига кўрсатилган иззат-икромда акс этганидек, салафларимиз ҳам Рамазон ойини қадрлаш, уни иззат-икром қилиш, бу ойнинг ҳурматини ўз ўрнига қўйишни худди Аллоҳга бўлган ҳурмат ва таъзим сифатида баҳолашар эди. Яъни, Рамазони шариф ойи салафларимиз учун гўё Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган элчиси ўрнида кўрилар эди. Султон элчисини ранжитиш—айнан султоннинг ўзига ҳурматсизлик бўлгани каби Рамазон қадрига етмаслик ҳам Аллоҳнинг марҳаматини билмаслик деб кўрилар эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Рамазони шариф кирганда халқига айтар эканлар: “Огоҳ бўлинг! Аллоҳ бу ойда кундузлари соим бўлишни (рўза тутишни) фарз қилган, тунлари қоим бўлишни (намоз ўқиб чиқишни) ихтиёрий нафл қилган. Ким кечалари қоим бўлса чексиз яхшиликка эришади. Ким хоҳламаса тўшагида ухлайверсин. Сизлардан бирортангиз: “фалончи рўза тутса, тутаман. Фалончи қоим бўлса, мен ҳам қоим бўламан”—демасин. Ҳар ким фақат Аллоҳ учун амал қилсин”. Ҳазрати Умар шундай дегач қўлларини кўтариб: “Огоҳ бўлинг! Сизлардан ҳеч ким Рамазондан олдинга ўтиб кетмасин! Ойни кўрмагунча рўзани бошламанг! Ойни кўрмагунча рўзани тамомламанг! Мабодо булут туфайли ой кўринмаса тўлиқ ўттиз кун рўза тутинг! Аллоҳнинг масжидларида бефойда гапларни кам қилинг! Ҳар бирингиз билиб қўйингки, намозни кутиб турган шахс гўё намоздадир! Огоҳ бўлинг! Тунга етиб бормагунча ифтор қилманг!” (Фазоили Рамазон. Ибн Абу Дунё).

Абу исҳоқ ал-Ҳамадонийдан ривоят қилинишича, Рамазон ойининг биринчи кечасида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу масжидга чиқди. Кўрдики қандиллар ярақлаб, атрофни ёритиб турибди. Аллоҳнинг китоби Қуръон ўқиляпти. Шунда у киши: “Эй Умар, Аллоҳнинг байтини Қуръон ила мунаввар этганинг каби сенинг ҳам қабринг нурга тўлсин”—деб дуо қилдилар. (яъни, Рамазон кечаларида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тарафдан жорий қилинган 20 ракатлик таровиҳ намозида хатми Қуръон қилиш кўзда тутилган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтар эканлар: Ойларнинг саййиди Рамазон, кунларнинг сайииди жума кунидир.

Ҳилол ибн Хаббоб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: ибн Ҳанафиядан эшитгандим, у: “Рамазон ойида қулоғинг, кўзинг, тилинг ва ҳатто баданинг ҳам рўзадор бўлсин. Бас, рўзадор кунларинг рўза тутмаган кунларинг каби бўлиб қолмасин. Ходимларингга озор беришдан эҳтиёт бўл!”—деб наиҳат қилар эди. (Фазоили Рамазон китобидан).

Ҳасан ибн Абу Ҳасан ал-Басрий бир жамоа олдидан ўтиб қолди. Улар Рамазон ойида аския қилиб кулишиб ўтиришар эди. Шунду у киши: “Аллоҳ Рамазон ойини ибодалар учун мусобақа майдони қилиб қўйган. Мусобақада ғолиб бўлганлар зафар топади, мағлуб бўлганлар надомат қилади. Аллоҳга қасамки, парда кўтарилса эзгулик қилувчилар эзгулиги билан, осийлик қилувчилар гуноҳлари билан оввора бўлиб қолишарди” (ўйин, кулги, аскиябозлик ҳеч кимнинг кўнглига сиғмай қоларди)—дедилар. (Иҳё. Имом Ғаззолий).

  Абу Бакр ибн Марям раҳматуллоҳи алайҳ айтар эканлар: машойихларимиздан эшитардик, улар айтар эдилар: “Рамазон ойи (гуноҳлардан) покланиш ойидир. Бу ойда кўпроқ садақа қилинглар. Зотан бунда қилинган садақа бошқасига нисбатан ажри кўпроқдир. Бу ойда айтилган бир дона тасбиҳ бошқа ойда айтилган минг тасбиҳдан афзалдир”.

Муъалло ибн Асад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Мўътамирдан эшитардим, у: “Отам Рамазон кечалари ҳар бир хонадон аҳлини уйғотиб чиқарди. У: туринглар, келаси йили бормисиз йўқмисиз билмайсизлар. Ғафлатда қолманглар!—деб уйғотарди”—деган. (Ибн Абу Дунё. Китобу қиямул лайл).

Каъб ул-ахбор раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: у киши айтади: “Аллоҳ таоло бир кеча кундуз ичидан фарз намозлар вақтини танлаб олган. Кунлар ичидан жума кунини алоҳида танлаган. Ойлар ичидан Рамазон ойини танлаган. Тунлар чидан қадр кечасини танлаган. Ер юзидан эса масжидларни танлаган”. (Танлаган ҳар нарсанинг Аллоҳ таоло хузурида алоҳида қадр-қиммати бордир). (Ибн Сиррий. Зуҳд).

Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *