Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳаётидан 5 ЛАВҲА

SUJUD+04_Fotor4441. Атрофида тик туришларини ёқтирмаган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ халифалик мансабига ўтиргач, у кишининг атрофида сарой аъёнлари таъзим ила қўл қовуштириб, тик турганча илтифот кўрсатишди. Умар ибн Абдулазизга эса бу каби такаллуфли мулозамат ёқмас эди. У аъёнларга деди:

Агар сизлар тик турсаларинг биз ҳам тик турамиз. Ўтирсаларинг, биз ҳам ўтирамиз. Инсон фақат Оламлар Раббиси – Аллоҳни улуғлаб тик туради холос. Аллоҳнинг фарзлари, суннатлари бор. Ким уларни маҳкам тутса бизга қўшилади. Тарк қилганлар эса орамиздан чиқарилади. Биз билан ошно бўлишни истаганлар беш нарсага амал қилсин:

1) Муаммоларини бизга етказа олмаганларнинг муаммоларини бизга етказсин;

2) Биз билмаган адолат йўлларига бизни йўлласин;

3) Ҳақни рўёбга чиқаришда бизга кўмакчилик қилсин;

4) Одамларнинг бизга аталган омонатларини бизга, бизнинг омонатларни эса одамларга етказсин;

5) Хузуримизда ҳеч кимни ғийбат қилмасин.

Шу беш қоидамизга кўнмаганлар биз билан алоқани узсин!

2. Соқчиларига салом берадиган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ қачонки навбатчи соқчилари олдига чиқса уларга шундай дер эди:

Мен учун ўрнингиздан тик турманг! Менга биринчи бўлиб салом берманг! Сизларга салом бериш бизнинг бурчимиздир!

3. Китоб ва суннатни маҳкам тутган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бир кун шундай дедилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотдан кейинги раҳбарлар бизга тайёр дастур қолдириб кетган. Унга амал қилмоқ Аллоҳнинг китобини маҳкам тутмоқ ва динни қувватламоқнинг ўзгинасидир!

Ҳеч ким уни ўзгартириши, алмаштириши, унга мухолиф дастурларга эътибор қилиши мумкин эмас!

Ким у билан йўл қидирса тўғри йўлни топади! Ким у билан нусрат истаса унга нусрати илоҳия берилади.

Ким уни тарк этса ва ўзга йўлдан юрса, Аллоҳ уни танлаган йўлига ташлаб қўяди ва охир оқибат у жаҳаннамга боради. Жаҳаннам қандаям ёмон жойдир…

4. Мансабидан фойдаланмаган халифа

Халифа Умар ибн Абдулазиз бир кун жума намозига андак кечикиб қелди.

У кишига: нега кеч қолдингиз?—дейилди.

Халифа: кўйлагимни ювгандим, қуришини кутиб қолдим—деб жавоб берди.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ўлим тўшагида ётибди. Қайноғаси Маслама ибн Абдулмалик зиёратга келиб, куёвининг эгнидаги кўйлак кир бўлиб кетганини кўрди ва синглиси Фотимага қарата:

“Эрингнинг кўйлагини ювиб берсанг бўлмайдими?! Қара, не аҳволга тушибди..”—деб койиди.

Фотима: Аллоҳга қасам, унинг бошқа кўйлаги йўқ. Агар ювиш учун ечсам яланғоч қолади, деб жавоб қилди.

5. Ўз ишини ўзи қилган халифа

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг камтарлиги шу даражада эдики, халифаи замон бўлишига қарамасдан эҳтиёжларида бировни ишга солмас эди. Бир куни хизмат хоналарида чироқ бузилиб қолди. Ўринларидан туриб чироқни ўзлари тузатди. Теварагида ўтирган хизматчилар: “эй амирул-мўминин, биз нега турипмиз ахир?! Бизга буюрсангиз бўлмайдими?!” – деб ўпкаладилар. У киши эса:

Ўзим ўрнимдан турдим, ҳеч нарса бўлмадим. Ўша-ўша Умар ибн Абдулазизман. Чироқни тузатиб қайтдим, ҳеч нарса бўлмадим. Ўша-ўша Умар ибн Абдулазизман, — деб жавоб берди.

Андижон туман “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби: Мадраҳимов Абдуваҳҳоб

Ботиржон қори таҳрир қилди

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *