Салафи солиҳларимиз ахлоқидан (1)

Lotin alifbosida

Salafi solihlariУммати муҳаммадиянинг пешқадамлари бўлмиш салафи солиҳларимиз ўзаро муносабатларда бир-бирларига нисбатан жуда ҳурмат-эҳтиромли бўлганлар. Зотан мусулмонни севиш ва яхши кўриш Ислом шиорларидан биридир!

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтар эдилар:

“Ҳеч ким ҳеч кимни асло таҳқирламасин! Чунки мусулмонларнинг энг кичкинаси ҳам Аллоҳнинг наздида юксак қадр-қимматлидир!”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтар эканлар:

Яхшиликнинг энг афзали ҳамсуҳбатни ҳурмат қилмоқдир.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос Каъбага юзланиб дер эди:

“Аллоҳ сени шарафлантирди, икром этди ва сени ҳарам қилди-ки, бошқа жойларда мумкин бўлган баъзи ишлар сенинг ҳурматингдан ҳудудингда мумкин эмас. Лекин шундай бўлсада, бир мўмин Аллоҳнинг ҳузурида сендан ҳурматлироқдир!”.

Икрима розияллоҳу анҳу айтар эди:

“Олимлардан бирортасига бўлса-да озор бериб қўйишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки ким бир олимга озор берса, бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди!”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтар эдилар:

“Мўмин Аллоҳнинг наздида баъзи фаришталардан ҳам ҳурматлироқдир!”.

Ҳотам ул-асомга савол қилинди:

Бир мўминнинг хуни беш юз динор бўлса-ю, лекин ўғрининг қўли атиги беш динорга кесилади, нима учун шундай?

Зулм қилгани учун, ҳурматни тарк қилгани учун ва шариат қонунини бузгани учун—деб жавоб бердилар.

Бир ўйлаб кўрайлик! Биз мўминлар ҳурматини жойига қўя оляпмизми? Олимлар қадрига ета оляпмизми? Биздан мусулмонлар озор чекиб қолмаятими? Бир тааммул қилайлик, ўзимизни ислоҳ этайлик, хулқимизни салафи солиҳлар хулқига мослаштирайлик! Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ юз ила туришга тайёрланиш вақтимиз ўтиб кетмаяптимикин…?!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *