Мужтаҳидларнинг ўз сўзларидан қайтган ҳолатлари

Lotin alifbosida

imam-abu-hanifaҲар бир мужтаҳид бирор далилга суяниб фатво берганидан сўнг, ўша фатвосини бошқа кучли далил чиқиб қолгани боис ўзгартириши мумкин. Жумладан, шофиъийлик мазҳабининг асосчиси Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий (р.ҳ.) ўзининг бутунбошли мазҳаб қарашларини ўзгартиргани ва тамоман янги мазҳаб тузгани маълум. Шунинг учун унинг мазҳаби “қадим” ва “жадид”га бўлиб ўрганилади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг илмдаги тақвосининг ҳам буюклиги шундаки, ул зот баъзи масалаларга фатво берганидан сўнг далилларнинг кучлилиги ёки халққа манфаати кўплиги боис ўша фатвосидан қайтган жиҳатлар ҳам бўлган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) умри тугашига уч ёки етти кун қолганида, ўзининг баъзи фатволаридан қайтиб, шогирдлари фатвосига қўшилган. Улардан қуйидагилар манбаларда эслаб ўтилган:

  1.  От гўштининг ҳалол-ҳаромлиги борасидаги ҳукм. Аввалига Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) от гўштини макруҳи таҳримий ёки ҳаром, деган. Айтишларича, умрининг тугашига уч кун қолганида ўша фикридан қайтиб, шогирдлари Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) ва Абу Юсуф (р.ҳ.) қарашларини, яъни от гўштининг ҳалол эканини тўғри деб баҳолаган (“Мажмаъ ал-анҳур”, “Дурр ал-мухтор”, “Маслак ал-муттақийн”).
  2. Агар бирор ишнинг содир бўлишига боғлаб назр қилса, ўша иш содир бўлганидан сўнг ўша назрига амал қилиши лозим. Бу Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг фиқҳий қараши. Имомайн (имом Абу Юсуф Ва имом Муҳаммад) эса ихтиёрли дейишган: хоҳласа, ўша назрини амалга оширади ёки қасамига каффорат беради. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ҳам назр қилувчи ихтиёрли бўлишига қўшилган (“Мабсут ас-Сарахсий”, “Фатҳ ал-қадийр”, “Баҳр ар-роиқ”, “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир”).
  3. Биров гуноҳ иш қилишга қасам ичса ёки назр қилса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида қасами қасам ва назри назр бўлмайди. Бироқ, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) умридан етти кун қолганида, гуноҳ ишни қилмайди, балки унга каффорат лозим бўлади, деган гапга қўшилган (“Фатҳ ал-қадийр”).
  4. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) жавроб (пайпоқ) фақат теридан бўлса ёки унга теридан наъл (тагчарм) қопланган бўлсагина масҳ тортиш мумкин, деган. Имомайн эса қалин, сув ўтказмайдиган, ўзи мустақил тура оладиган жавробга масҳ тортиш мумкин, деганлар. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) умридан уч ёки етти кун қолганида, шогирдлари гапига қўшилган (“Жавҳарат ан-наййира”).
  5. Агар валий (ота-она ва қариндошлар) розилигисиз қиз бола маҳр олмасдан ёки озгина маҳрга кўниб, турмуш қуриб кетса, валийлари унинг маҳрини талаб қилиши ёки келин-куёв орасини ажратиши мумкин. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг фиқҳий қараши шундай бўлган. Имомайн эса маҳр валийнинг эмас, балки қизнинг ҳаққи бўлгани боис келин-куёв орасини ажрата олмайди, деган қарашда бўлганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) умридан етти кун қолганда, шогирдлари гапига қўшилган (“Табйин ал-ҳақоиқ”, “Фатҳ ал-қадийр”).
  6. Набийз ат-тамр (Хурмо шарбати)дан бошқа сув бўлмаса, ҳадиси шарифда келгани боис, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида унга таҳорат қилиш мумкин. Абу Юсуф (р.ҳ.) унга таҳорат қилмайди, балки таяммум қилади, деган. Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) эса аввал таҳорат қилади, сўнг эҳтиёт юзасидан таяммум қилади, деб фатво берган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) вафотидан олдин Абу Юсуф (р.ҳ.) қарашининг тўғрилигига қўшилган (“Мажмаъ ал-анҳур”).

Шунингдек, Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.) ҳам умрининг охирида ўз фатвосидан қайтиб, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг бир гапига қўшилган. Гап шундаки, ҳанафийлик мазҳабида балоғатга етган қиз валийсидан сўраб ўтирмасдан, турмуш қуришга ихтиёри бор. Бошқа мазҳабларда валий бўлиши никоҳнинг шартларидан бири, деб қаралган. аш-Шайбоний (р.ҳ.) ҳам валийни никоҳнинг шартларидан бири сифатида қараган. “Жавҳарат ан-наййира”да келишича, кейинчалик Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг қараши кучли далилларга асослангани сабабли шогирд аш-Шайбоний (р.ҳ.) ўз устозининг фатвосига қўшилган.

Демак, мужтаҳидларки ўз сўзларидан қайтиб, ҳақиқат тарафга чекинган ва ҳақни қабул қилган экан, бугунги кун олиму муллалари ва ҳар бир мусулмон айтган сўзида хато ва камчилик сезса, ҳаққа кучли далил тарафига қайтмоқлари вожиб бўлади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва жами мужтаҳидлар каби ҳаққа қайтишимиз ва кучли далил-ҳужжатни қабул қилишимиз керак!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *