Муборак кечаларни масжидда жамланиб иҳё қилиш

ihyo ul qiyomi

Lotin alifbosida

Аллоҳ таоло бандалари ғанимат билиши учун баъзи кечаларни фазилатли қилиб қўйди. Бир неча ҳадисларда бу кечаларда бедор бўлиш ажри баён қилинган бўлиб, унга тўла эга бўлиш учун аввало, уларнинг фиқҳий ҳукмларини билмоқ керак бўлади. Мўътабар фиқҳ китобларимизда бошқа масалалар қатори бу масаланинг ҳукми ҳам батафсил баён қилинган. Ҳозирда сизнинг эътиборингизга ўша ҳукмларни ҳавола қиламиз.

Жумҳур уламолар муборак кечаларда жамланиб, бедор ўтказишни мустаҳаб, деган бўлсалар, баъзи аҳли илмлар жам бўлмай бедор бўлишни мустаҳаб, деганлар. Жамланишни мустаҳаб деган жумҳур уламолар ҳам уйларда хос жамланишни мустаҳаб, деганлар. Масжидлардаги умумий жамланишни назарда тутмаганлар. Лекин жумҳур орасида кам сонли уламолар таровеҳларда бўлганидек масжидларда умумий жамланишни мустаҳаб, деганлар.

Бу борада ўзимизнинг ҳанафий мазҳабида ёзилган мўътабар китобларда қуйидагилар келтирилган:

Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ “Ал баҳр ар роиқ” 2/56:

Ҳадисларда келганидек, Рамазоннинг (охирги) ўн куни, икки ийд, зул ҳижжанинг (аввалги) ўн куни ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларини иҳё қилиш – бедор ўтказиш мустаҳабдир. Бу “Ат тарғиб ват тарҳиб”да тўла баён қилинган.

Кечани иҳё қилишдан мурод қиёмул лайл – кечани ибодат билан қоим қилишдир. Очиғи, кечани бутунлай қамраб олишдир. Кўп қисмини ирода қилинса ҳам, жоиз бўлаверади.

Бу кечаларни масжидларда жам бўлиб, бедор ўтказиш макруҳ саналади.

“Ал ҳавий ал қудс”да: “Таровеҳдан бошқада нафл намозларни жамоат бўлиб ўқилмайди. Лайлатул қадр, Шаъбоннинг ўн беши, икки ийд, арафа ва жума кечалари каби шарафли вақтлар ҳақида ривоят қилинган намозлар алоҳида – алоҳида бўлиб ўқилади”.

Мулла Хисрав раҳматуллоҳи алайҳ “Дурар ал Ҳуккам” 1/117 да:

“Рамазоннинг охирги ўн (куни), икки ийд, зулҳижжанинг (аввалги) ўн (куни),  шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш мустаҳаб саналади.

Тунни иҳё қилишдан мақсад уни қоим қилиш – бедор ўтказишдир. Очиғи, тунни қамраб олиш. Туннинг кўпини тушунса ҳам бўлаверади. Бу кечаларни иҳё қилишга масжидларда жамланиш макруҳ бўлади”.

“Шарҳ ал Ҳаскафий” 2/25 да:

“Икки ийд, шаъбоннинг ўн беши, Рамазоннинг охирги ўн (куни) ва зулҳижжанинг (аввалги) ўн (куни) кечаларини бедор ўтказиш (мустаҳабдир). (Иҳё қилиш) кечанинг ҳаммаси ёки аксарини қамрам оладиган ҳар қандай ибодат билан бўлаверади”.

Хулоса:

  • Лайлатул қадр, икки ийд, шаъбоннинг ўн беши, Рамазоннинг охирги ўн куни ва зулҳижжанинг аввалги ўн куни кечалари фазилатли эканлиги;
  • Бу кечаларни иҳё қилиш – тирилтириш мустаҳаблиги;
  • Бу кечаларни иҳё қилишдан мурод қиёмул лайл – кечани ибодат билан қоим қилиш. Очиғи, кечани бутунлай қамрам олиш. Кўп қисмини ирода қилинса ҳам жоиз бўлиши;
  • Бу кечаларни масжидларда жам бўлиб, бедор ўтказиш макруҳ саналиши;
  • Бу каби шарафли вақтлар ҳақида ривоят қилинган намозлар уйларда алоҳида – алоҳида бўлиб ўқилиши;
  • Бу кечаларда ҳар қандай ибодат билан машғул бўлиш жоизлиги.

Абдулфаттоҳ ибн Солиҳ Қудайш  ал Ёфиъий мақоласи асосида

“Ҳазрати Билол” жоме масжид имоми

Равшанбек Ўринбаев тайёрлади.

(Андижон шаҳри)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *