КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ҲОКИМ

Salafi-solihlari-520x245

САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН

(Туркум)

Кам таъминлаган ҳоким

Халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу, саҳобалардан Саъид ибн Омир разияллоҳу анҳуни Шом диёрига яқин Ҳимс шаҳрига амир этиб тайинлади. Саъид ибн Омир вазифасига киришиб кўп ўтмасдан Мадинага Ҳимсдан бир неча нафар мулозимлар келишди. Халифа улардан ҳол-аҳвол сўради. Ҳокимнинг иш юритиши ҳақида маълумотлар олди ва суҳбат сўнггида шаҳрингиздаги фақир-қашшоқларнинг рўйҳатини тузиб беринг, байт ул-молдан уларга нафақа тайинлайман, – деди.

Улар қатор рўйҳатни тузиб халифага тақдим қилишди. Умар розияллоҳу анҳу рўйҳатни кўздан кечирар эканлар, орада Саъид ибн Омир деган исмга ҳам кўзлари тушди.

– Бу одам ким? – сўради Халифа.

– Бу бизнинг ҳокимимиз, – деб жавоб қилишди.

– Наҳотки?! У ҳам фақирлар қаторидами?

– Ҳа. Аллоҳга қасамки, унинг ҳонадонида кунлаб қозон қайнамайди. Биз бунга шоҳидмиз…

Халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг кўзларидан тирқираб ёш оқиб кетди. Ўзини ўзи койиган Умари Одил уларга минг динор солинган ҳамён бериб, уни ҳокимга, ўз эҳтиёжига сафрлаши учун беришни тайинладилар.

Ҳимсликлар келди. Эшикни тақиллатиб Саъид ибн Омирга омонатни узатишди. Ҳамённи қўлига олган Саъид ибн Омир унинг ичини очаркан ундаги тилла тангаларга кўзи тушиши билан “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” оятини ўқиганча ҳамённи улоқтириб ташлади.

Амирнинг хотини ҳовлиқиб:

– Ҳа, тинчликми? Мўминлар амири ўлиб қолибдими? – деб сўради.

– Йўқ. Ундан ҳам катта мусибат!!!

– Тинчликми ўзи? Мусулмонлар бирор муҳорабада мағлубиятга учрабдими?

– Йўқ! Ундан ҳам каттароқ бало! Уйимга охиратимни барбод қиладиган фитна кирди.

– Ундай бўлса уни чиқариб ташланг, халос бўлинг.

– Сен бу ишимга қарши эмасмисан?

– Асло, мен доим сиз биланман.

Саъид ибн Омир ҳамённи олиб ичидаги минг динорни фақирларга тақсимлаб берди.

Ботиржон қори марузаси асосида,

Андижон туман “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби
Мадраҳимов Абдуваҳҳоб

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *