СИЗ ЖАННАТИЙСИЗ, ХОТИНИНГИЗ ТАЛОҚ ЭМАС!

House_of_Wisdom(Bayt_al-Hikma)Халифа Ҳорун ар-Рашид бир куни кечаси завжаси Зубайда ҳоним билан аразлашиб қолди. Зубайда ҳоним жаҳл устида ғазаб отига миниб, эрини “Сен дўзахийсан” деб юборди.  Бу гап халифага қаттиқ ботди ва у ҳам дарҳол жавоб қайтариб: “Агар мен дўзахий бўлсам сен талоқсан!”—деди.

Иккови ҳам ҳовуридан тушгач, оғизларидан чиққан гапга надомат қила бошлашди. Айниқса халифанинг ичига чироқ ёқса ёришмас эди. Чунки у хотини Зубайдани қаттиқ севарди. Изтиробга тушган халифа мамлакатдаги жамики фақиҳу олимларга одам юбориб, саройга тўпланишга амр қилди.

Замона олимлари, фақиҳлар тайинланган вақтда сарой мажлисхонасига йиғилдилар. Халифа Ҳорун бўлган воқеани айтиб масалага ечим топишни амр қилди.

Мажлисга йиғилган олимларнинг бирортасидан жўяли жавоб чиқмади. Чунки халифа сўнгги дамда иймон билан кетиб жаннатий бўладими, ёки иймонидан маҳрум бўлиб дўзахий бўладими? Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмасди-да.

Муаммога ечим топилмади. Фақиҳлар бир ҳафта мобайнида саройга йиғилиб айнан шу масала устида бош қотиришар эди. Лекин ҳеч кимдан халифани хурсанд қиладиган жавоб чиқмасди.

Бу ҳолат бутун шаҳарга тарқалди. Одамлар орасида ҳам шу гап. Масаланинг ечими қандоқ бўларкин, деб ҳамма катта қизиқиш билан жавобни кутар эди.

Бир вақт саройга ёш йигитча кириб келдида, “мени халифанинг хузурига олиб боринглар, мен унинг муаммосини ҳал қилиб бераман” — деди. Мулозимлар болакайнинг устидан кулишди ҳам. Аммо болакай қарорида қатъий эди. Уни Халифа хузурига олиб киришди.

  • Муддаоинг нима? – сўради халифа.
  • Мен сизни қийнаб турган масалани ечиб бераман—деди болакай.

Саройда казо-казо шайҳлар, катта фақиҳлар, замонанинг кўзга кўринган олимлари бор эди. Ҳаммалари таажжубланиб йигитчага эътибор қаратдилар. Халифа уни ёнига яқинроқ чорлади ва хотини билан орасида бўлиб ўтган воқеа тафсилотини айтиб, унинг ҳукмини сўради:

  • Хотиним талоқ бўлдими ё йўқ? Шунда йигит халифанинг ўзини саволга тутиб:
  • Подшоҳим, айтингчи, сизда ҳеч гуноҳ қилиш имкони бўла туриб, кейин Аллоҳдан қўрқиб ўша гуноҳдан ўзингизни тийган вазият бўлганми?—деди. Халифа:
  • Ҳа. Бир марта шундай бўлган. Отамнинг жориялари ичида бир қиз билан зино қилиш имкони бўлиб қолди. Лекин ўшанда Аллоҳдан қўрқиб шу ишни қилмагандим –деди. Бу жавобни эшитган йигит Халифа Ҳорунга:
  • Ҳазрати олийлари, кўнглингиз тўқ бўлсин. Сиз жаннатий экансиз. Хотинингиз талоқ бўлмапти!—деди.
  • Бу ҳукмингни асослаб бера оласанми? – деди Халифа Ҳорун. Йигит:
  • Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: (فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى * وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى) “Ва аммо кимки Раббисининг хузурида туришдан қўрқиб, нафсини истагидан тийса, унинг борар жойи жаннат бўлади.(Нозиъот / 40-41). Шу оятга кўра, сизнинг борар маъвойингиз жаннат бўлади — деди.

Бу жавобдан халифанинг дили яйраб кетди. Атрофдагилар йигитни олқишладилар. Чунки у асосли жавоб бериб, халифанинг севикли хотинини сақлаб қолган эди. Халифа хурсандлигидан ичига сиғмай кетди. Йигитга ўн минг динор ҳадя қилди. У бу пулларни фақир мискинларга эхсон қилиб юборди.

У йигит ким эди, биласизми? У аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг тўрт фиқҳий йўналишидан бири – шофеъийлик мазҳабига асос солган имом — Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳимаҳуллоҳ эди!

Фаридуддин Атторнинг “тазкират ул-авлиё” асари асосида

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *