ЖАННАТ ВА ДЎЗАХ АБАДИЙДИР!

تعريف_أهل_السنة_والجماعةАҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабида жаннат ва дўзах бугунги кунда мавжуд, Аллоҳ тарафдан яратилган ва улар абадийдир, деб ўргатилади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-фиқҳ ал-акбар” асарида “لا تفنيان ابدا” )жаннат ва дўзах абадий йўқликка юз тутмайди) деганлар.

Адашган фирқалардан жаҳмийлар бу масалада аҳли суннага мухолиф бўлиб улар “жаннат ва дўзах ва уларнинг аҳолиси абадий эмас, куни келиб йўқликка маҳкум бўлади” дейишади.

Аллома Насафий жаҳмийларнинг бу эътиқоди китоб, суннат ва ижмои умматга мухолифдир. Бунинг ботил эканида асло шубҳа йўқ, деган.

Имомимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда яна шундай деган:

Кимки жаннат билан дўзах аҳолиси уларга киргач, иккови ҳам йўқ бўлиб кетади, деб ишонса кофир бўлади. Чунки у жаннат ва дўзах аҳолиснинг абадийлигини инкор этган бўлади.

Инсонни ҳайрон қолдиради, таажжублантирадики, Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзия икковлари ашъарийларга жаҳмийлик тамғасини уришади. Ва ҳолбуки бу икковининг ўзлари жаҳмийлар каби “дўзах абадий эмас, куни келиб йўқ бўлиб кетади”—дейишган. Ва бу қарашлари билан аҳли сунна вал-жамоа ижмоъсига мухолиф бўлишган. Аллоҳдан диний офият ва саломатлик сўраймиз. (Назола Ола Рош. Ал-бадр ал –анвор шарҳу фиқҳ ал-акбар. 364 — Б).

Ҳатто баъзи олимлар бу масала юзасидан хозирги соҳта салафийлар раҳнамоси Ибн Таймияга раддиялар ҳам битган. Мисол тариқасида Амир Санъонийнинг «Рафъу-л-астор ли ибтоли адиллати-л-қоилийна бифаноъин нор», номли китобини келтириш мумкин. Китобда дўзах ҳам, жаннат ҳам ўз аҳолиси билан абадий экани етарли далиллар билан исбот қилинган ва Ибн Таймия ва унга бу масалада эргашганларнинг сўзи пуч экани очиқлаб берилган.

Қизиқ жиҳати шуки, бу китобни салафийларнинг ишонган «тоғ»ларидан бири салафий имом Носир Албоний таҳқиқ қилиб, кўриб чиқади ва муаллифни мақтаб, унинг илмий ишига юқори баҳо бериб, янги нашрда ўз муқаддимасини ҳам қўшимча қилади. Китобнинг 1984 йил Байрутдаги «Ал-мактабату-л-исломий», босмахонасида чоп қилинган нусхасининг 25-чи саҳифасида салафий имом Албонийнинг ушбу сўзлари бор:

«فكيف يقول ابن تيمية: «و لو قدر عذاب لا اخر له لم يكن هناك رحمة البتة» فكان الرحمة عنده لا تتحقق إلا بشمولها للكفار المعاندين الطاغين! اليس هذا من اكبر الأدلة على خطاء ابن تيمية و بعده هو و من تبعه عن الصواب فى هذه المسألة الخطيرة؟! غفرانك اللهم!»

Яъни, Ибн Таймия қуйидаги гапни қандай асос билан айтган экан: «Агар, чексиз азоб мавжуд деб фараз қилинса, у ҳолда (Аллоҳнинг) раҳмати йўқ экан, деган хулоса чиқади.», Ибн Таймиянинг фикрича, Аллоҳнинг раҳмати қачонки, адашган кофирларни ҳам қамраб олсагина мавжуд бўлади экан! Шунинг ўзи Ибн Таймия ва унга эргашганларнинг, бу хатарли масалада, тўғри йўлдан йироқлашиб кетганига энг катта далиллардан эмасми ?! Эй Аллоҳим ўзинг кечир! (Рафъу-л-астор ли ибтоли адиллати-л-қоилийна бифаноъин нор. Таҳқиқи Муҳаммад Носируддин Албоний. Мактабату-л-исломий. Байрут. 1984).

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *