Ибн Боз ҳамда унинг Аҳли суннат ва жамоатга зид фикрлари

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ибн Бознинг тўлиқ номи Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Боз бўлиб, 1912 йил охирларида туғилган. 1927 йили кўзи кўрмай бошлаган Ибн Бознинг кўзлари 1931 йилга келиб батамом кўрмай қолган. У ваҳҳобийлар орасида “Оли Шайх” деб улуғланадиган Ибн Абдулваҳҳобнинг авлодларида таълим олган.

Одатда, аҳли ислом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодлари, аҳли оилаларини “Ол” атамаси билан атайдилар. Ваҳҳобийлар гўё шунга ўхшатиб, Ибн Абдулваҳҳобнинг оилалари ва авлодларини “Оли Шайх” дейдилар.

Хуллас, Ибн Боз шу хилдаги ваҳҳобийлар ичидаги таниқли олимларидан таълим олган. У 1938-1952 йилларда қози бўлган, 1952-1960 йилларда Риёз олий маъҳадида мударрис, 1961-1970 йилларда Мадина ислом университетида проректор, 1970-1975 йилларда ректор, 1975 йилдан то вафотигача Саудия Арабистони муфтийлик идораларида фаолият юритган. Ибн Боз 1999 йилда вафот этган. Аллоҳ кечирсин! (Эслатиб ўтиш ўринлики, исломда эътироф қилинган тўрт мазҳаб асосига кўра кўзлари кўр одамнинг қозилик, муфтийлик ва имомлик қилиши макруҳ бўлади).

Ибн Бознинг 20 дан ортиқ номдаги асарлари бор, асарлари куллиёти бир неча жилдда нашр этилган. Айниқса, ақидавий қарашлари ўзи тириклигида ўзининг сўзбошиси билан 5 жилдли ҳолида нашр этилган.

Унинг ижмоъи умматга, Аҳли сунна ва жамоанинг ақидавий қарашларига зид бир қанча фатволари, ақидавий қарашлари ва ўзига хос фикрлари бор. Улардан айримлари билан таништирамиз (Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Боз. Мажмуъ фатово ва мақолот мутанаввиъа. Ат-Тавҳид ва ма ялҳақу биҳи. 5 жилдлик. — Риёз: Мактабат ал-маориф, 1992):

1) Ваҳҳобийларнинг бошлиғи Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни мақтаб битта рисола битган (1-жилд, 358-377 бетлар). Бу рисоласида уни ёмонлаганларни, унинг кирдикорларидан огоҳлантириб келган улуғ зотлар ва Аҳли суннанинг буюк олимларини бидъатчига, ҳасадгўйга чиқарган.

2) Тумор тақиш ширк, деган. Яъни, туморда Қуръони карим оятлари ва умумэътироф қилган дуолар бўлса ҳам тақиш мутлақо жоиз эмас, деган (1-жилд, 51-бет; 2-жилд, 383-384 бетлар). Ҳолбуки, ояти карималар ва анъанавий-шаръий дуолар ёзилган туморларни тақиш жоиздир. [1]

3) “Иқомат ал-бароҳин” рисоласида Пайғамбар алайҳиссаломга “Ё Расулаллоҳ!” дейишни ширк деган. Истиғоса ва истимдоднинг барча турлари ва кўринишларини ширк деб баҳолаган (1-жилд, 154-162 бетлар).

4) “Мадинаи мунавваранинг асори атиқалари” ва “Исломнинг асори атиқалари” номли мақолаларга қарши чиқиб, асори атиқаларни асраб-авайлаш; таъмирлаб, келажак авлодларга етказиш, уларни зиёрат қилишларга қарши чиқиб, буни Париж, Лондон каби шаҳарлардаги асори атиқаларни асраб-авайлаётган ғайридинларга ўхшашлик деб баҳолаган (1-жилд, 395-414 бетлар; 3-жилд, 334-340 бетлар).

5) Давлат раҳбарлари, шунингдек, халқнинг таниқли вакиллари вафоти ёки қандайдир мусибатлар билан умуммиллий мотам кунлари, деб эълон қилинишини шариатга мухолиф, дин душманларига ўхшатиш, деб баҳолаган (1-жилд, 415-416 бетлар).

6) Азон айтилганидан сўнг ошкора дуо қилишни бидъат, деган (1-жилд, 444-бет).

7) “Ё, Расулуллоҳ!” деб шеър битишни ҳаром ва ширки акбар, деган (2-жилд, 108-109 бетлар). “Ё, Расулуллоҳ!” деб мурожаат қилишни ҳаром ва ширк деган (2-жилд, 388-389 бетлар).

8) Қуръон оятларини ёзиб, бу оятлар хайр ва баракани жалб қилади, савдони юриштиради, деб эътиқод қилишни бидъат, деб баҳолаган (2-жилд, 136-бет). Умуман олганда, ваҳҳобийлар хайр-барака, савдо ва ишни юришиши, бойликни кўпайтириш, камбағал бўлмаслик каби ниятлар билан қуръоний оят ва дуоларга боғланишни ширк деб аташади. Ҳолбуки, қуръоний оят ва дуолар айнан шу хилдаги ниятларда ўқилиши ижмоъи уммат ўлароқ амалда қўлланиб келмоқда.

9) Давлатларнинг конституцияси, давлат қонунларини ўрганиш ҳаром, уни ўрганувчи ва ўргатувчиларнинг орқасида намоз ўқиб бўлмайди, деб ҳукм чиқарган (2-жилд, 325-331 бетлар).

10) Тўрт мазҳабнинг бирортасига ва ундан бошқаларига ҳам тақлид қилиш вожиб эмас, деб бемазҳабликни тарғиб қилган. Ибн Таймия (р.ҳ.)ни мужтаҳадларнинг энг аълами деб мадҳ қилган (3-жилд, 52-бет).

11) Аҳли сунна ва жамоанинг иккинчи бир қисми бўлмиш ашъарийларни Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мухолиф бўлган адашганлар, деб иддио қилган. Исломнинг энг буюк имомлардан бири Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳни эса улардан эмас, деб даъво қилган (3-жилд, 53-бет). Ашъарийларни суннат аҳлидан эмас, деб ҳам даъво қилган (3-жилд, 73-74 бетлар). [2]

12) Аҳли сунна ва жамоа муташобеҳ оятларни тушунишда иккита йирик мазҳаб (мактаб)га – тафвиз, яъни салафлар ҳамда таъвил, яъни халафларга бўлинганини ўзича инкор қилган (3-жилд, 60-бет). Халафлар мазҳабини, яъни таъвил қилиш усулларини ёмонлаган (3-жилд, 64-65 бетлар). Таъвил қилишни мутлақо жоиз эмас, деган (4-жилд, 131-133 бетлар; 5-жилд, 372-373 бетлар).

13) Аёлларнинг машина ҳайдашлари ва минишларини ҳаром, деб баҳолаган (3-жилд, 351-353 бетлар). Ҳолбуки, унинг вафотидан сўнг Саудия Арабистонининг ўзи аёлларнинг машина минишларига ижозат берди.

14) Ислом давлатидан бошқасига сафар қилиш ва у ерларда яшаб қолишни ҳаром ва бундан ҳазар қилиш лозим, деган (4-жилд, 192-196 бетлар; 5-жилд, 390-бет). Ҳолбуки, Ибн Боззни улуғ муфтий деб унинг фатволарини олишни вожиб деб билгувчи бемазҳаблар Америка, Англия, Норвегия, Чехия, Швеция каби давлатлардан бошпана топаётганларига нима дейсиз?!

15) Суратга тушиш, ясаш, уйда эсдалик учун қўйишнинг барча турларини ҳаромга чиқарган (4-жилд, 210-225 бетлар).

16) Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидларини ўтказишни бидъат ва ҳаром деган (1-жилд, 183-бет). Уни ўтказувчиларни яҳуд ва насороларга ўхшатган (1-жилд, 185-бет). Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини ўтказиш, улуғ зотларнинг туғилган кунлари ва юбилейларини ҳамда мутлақ туғилган кунларни ўтказишни бидъат ва ҳаром санаган (4-жилд, 280-289 бетлар). Мавлидга боришни ҳам қаттиқ қоралаган (5-жилд, 56-бет ва 176-177 бетлар). Ҳолбуки, Ибн Бознинг ўзи ваҳҳобийлар раҳнамоси Ибн Абдулваҳҳобнинг Ар-Риёзда ҳар йили ўтказиб келинадиган мавлидларини ўтказишда бош-қош бўлган, ўзи вафотидан кейин унга эргашганлар унинг ўзининг мавлидини ўтказиб келмоқдалар.

17) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳ-ҳурмати билан тавассул қилишни бидъат деб баҳолаган (4-жилд, 315-319 бетлар; 5-жилд, 322-323 бетлар). Ҳолбуки, ижмоъи умматга кўра бу хилдаги тавассул жоиздир.

18) Қуръони каримда мажоз (зоҳирий маъносидан бошқа маънони англатувчи сўзлар) йўқ, деб даъво қилган (4-жилд, 382-383 бетлар). Ҳолбуки, “балоғат” фанидан маълумки, Қуръон ва ҳадислар мажозий гап ва сўзлар билан тўладир.

19) Исломнинг буюк олими, шофиъий мазҳабининг улуғ ҳадисшуносларидан бири Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Бидъат беш хил бўлади: вожиб, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром ва макруҳ”, деган тақсимоти ва баёнотига қарши чиққан ва бидъатнинг барча турларини ҳаром ва залолат, деб даъво қилган (5-жилд, 178-180 бетлар).

20) “Оналар куни”, “Аёллар байрами” каби байрамларни бидъат ва залолат деб баҳолаган (5-жилд, 189-192 бетлар).

21) Хотинларнинг қабрларни зиёрат қилишларини ҳаром ва зиёрат қилувчи аёллар лаънатга гирифтордирлар, деган (5-жилд, 332-335 бетлар).

22) Иштон ва шимнинг почасини тўпиқдан пастга туширганни ҳаром ва дўзахий одам, деб даъво қилган (5-жилд, 380-381 бетлар). Ҳолбуки, бу иш ниятга боғлиқ эканини, такаббурлик ниятида шундай қилинса, кибр сабабидан бундай бўлишини уламолар қайд қилиб келадилар.

23) Спирт қўшилган атирларни ишлатишни ҳаром деб баҳолаган (5-жилд, 382-бет). Ҳолбуки, аксари аҳли илмлар моҳият ўзгариши ва спиртнинг учиб кетишини инобатга олиб бу хилдаги атирларни ишлатишни жоиз санаганлар.

24) Ваҳҳобийларнинг уламоларидан Ибн Боз, Ибн ал-Усаймин ва ал-Жибрийн учтаси чиқарган “Рўза фатволари” асарларида рамазонда рўза тутиб юрган, аммо намоз ўқиёлмаётган ёки рўза тута олмаётган, шунингдек, фақат рамазон ойида намоз ўқиб рўза тутадиган одамни кофир бўлади, деб фатво берганлар ва бу хилдаги эр-хотин ажралиши лозим, деганлар (“Фатово ас-сиём”. Америка: Маъҳад ал-улум ал-исломия ва-л-арабия, 1992. – Б. 26-29).

Ибн Бознинг юқоридаги фикрлари ва фатволари ўтиб кетган Ислом олимларининг ижмоъсига ва замондош олимларнинг кўпчилигининг фатволарига тескари ва қарама-қаршидир! Биз Аҳли сунна ва жамоанинг ижмоъий қарашларига ҳамда мутакаллим ва фақиҳларнинг кўпчилигининг фатволарига эргашмоқлигимиз лозим. Зотан, севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга жамоатни – катта жамоани лозим тутинг!”, деб марҳамат қилганлар. Акс ҳолда, шариат олдида ҳам, халқ ва миллат олдида ҳам тўғри йўлдан адашган ва оғишган ҳамда хиёнаткор сифатида баҳоланиш мумкин.

Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин, мусулмонларнинг оммаси ва кўпчилигининг изидан юрмоғимизни муяссар айласин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

______________________

[1] «Оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёзилган туморларни тақиш ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳаблари уламолари наздида жоиздир. Тумор ҳақида келган ҳадис ширк сўзлар ёзилган туморлар ҳақидадир. Бу ўринда шуни алоҳида эслатамиз: оятлар ёзилган тумор билан ҳожатхонага кирмаслик керак. Идишга оятларни кўчириб, сув билан чайиб ичиш ҳам жоиздир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) туғишга қийналган аёлга ана шундай қилишни буюрганлари нақл қилинган (“Баён линнас”, “Ал мавсуа ал фиқҳия”)».   Манба: http://muslim.uz/ , http://savollar.islom.uz/savol/33982 .
Ваҳҳобийларнинг шайхларидан бири бўлмиш Солиҳ Фавзон ўзининг “Тавҳид» номли китобида, Аҳли суннанинг 4 мазҳабида қабул қилинганидек, туморни жоиз ва ножоизга бўлинишини тан олиб, Қуръон оятлари ва Аллоҳнинг исмлари ёзилган туморлар ҳақида қуйидаги фикрларни келтиради (унинг ўзи, 4 мазҳабга хилоф равишда, устози ибн Боз сингари буни ножоиз эканлиги тўғрисидаги фикрига қўшилган бўлса ҳам): “Бундай туморларни тақиш жоиз. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган сўзнинг зоҳири ҳам шу. Абу Жаъфар ал-Боқир ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бир ривоятда шу фикрда бўлганлар ва тумор тақишдан ман қилиб келган ҳадисни ширк аралашган туморга йўйганлар”.

[2] Аҳли сунна вал жамоанинг буюк имомлари – Ғаззолий, Боқилоний, Нававий, Қуртубий, Розий, Суютий, Асқалоний, Субкий раҳимаҳумуллоҳ ва бошқа минглаб уламолар ақидада ашъарий мазҳабида бўлишганини ҳисобга олсак, Ибн Боз қандай ҳам ножоиз даъво қилганлиги аён бўлади.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *