Масжиди Ҳаромда қон тўккан Жуҳаймoн ал-Утайбий деган бадбахт ким?

Lotin alifbosida

masjidi-haromda-qon-tokkan-juhaymon-al-utaybiy-degan-badbaxt-kim

Бу воқеа 1400 ҳижрий йилнинг муҳаррам ойининг илк тонггида 1979 йилнинг 20 ноябрида, ҳали ҳожилар Маккаи мукаррамадан ҳаж қилиб бўлиб, чиқиб кетмаган вақтда содир бўлган. Жуҳаймон ал-Утайбий (1936-1980) деган бадбахтнинг бошчилигида икки юздан ортиқ бебахт каслар: “Имом Маҳдий чиқди ва биз билан биргадир!”, деб туриб Каъбатуллоҳ жойлашган Масжиди ҳаромни эгаллаб олиб, эркак, аёл ва болалардан иборат ҳожи мусулмонларни гаровга олиб, ушбу табаррук жойни бегуноҳ мўъмин-мусулмонларнинг қонига тўлдирганлар.

Ушбу бадбахт кимсалар 1979 йил 20 ноябрь тонгида жаноза олиб кираяпмиз, деб, тобутларга қурол-аслаҳалар солиб, Масжиди ҳаромга кириб келадилар. Масжиди ҳаромнинг ўртасига имомнинг олдига келиб, ушбу Жуҳаймон ал-Утайбий деган нокас ўзининг қуролдоши ва куёви Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қаҳтонийни кутилаётган Маҳдий деб эълон қилиб, унга байъат қилганини эълон қилади. Намозхонлар бомдод намозидан сўнг унинг ҳамтовоқларининг “Аллоҳу акбар! Маҳдий чиқди!”, деган бақириқларини эшитиб ҳайрон қолганлар. Шундан сўнг тобутлардан қурол-аслаҳаларини чиқариб, Масжиди ҳаром эшикларини ёпадилар, масжиддаги намозхонларни гаровга оладилар. Жуҳаймоннинг одамлари Масжиди ҳаромда катта олов ёқиб ташқаридагиларни қўрқитадилар. Жамоат намози ва тавоф ибодатлари тўхтаб қолади. Масжиди ҳаром жуда катта зарар кўради. Улар ўша даврдаги Саудия қиролини ҳам кофирга чиқариб, бутун дунёни кофиристон деб эълон қиладилар ва бутун дунёни ўзларининг тасаввуридаги ислом диёрига айлантиришни айтадилар. Шу вақтнинг ўзида Жуҳаймоннинг Саудия ичида ва бошқа ислом юртларига кетган бошқа тарафдорлари унинг мактуб ва чақириқларини – варақа тарзида ҳамма ёқда тарқата бошлаганлар.

Энг қийин жойи, ҳукумат аскарлари у ерга киришга куч тополмайдилар, яъни, Масжиди ҳаромда фасод иш қилишдан ва гаровга олинганларни ўлдириб қўйишдан қўрқадилар.

Минг таассуфлар бўлсинки, бу воқеа икки ҳафта чўзилади. 1400 ҳижрийнинг 14 муҳаррамида 1979 йилнинг 4 декабрида ҳукумат аксарлари ҳужум қилишга мажбур бўладилар. Кечга яқин Масжиди ҳаромни тозалашга муваффақ бўладилар: гаровдагилар озод қилинади, қотиллар қўлга олинади, террорчилар тор-мор қилинади. Расмий маълумотга кўра, 255 та намозхонлар ўлдирилган, 560 киши яраланган (баъзи манбаларда бундан ҳам кўпроқ кўрсатилади). 28 нафар террорчи ўлдирилади, 61 нафар террорчи қўлга олинади.

Жуҳаймон ал-Утайбий ким? У Жуҳаймон ибн Муҳаммад ибн Юсуф ал-Утайбий бўлиб, Саудияда 18 йил давомида аскарликда хизмат қилган.Сўнг Маккаи мукаррамадаги “Умм ул-қуро” университетида, сўнг Мадинаи мунавварадаги Ислом Университетида ўқиган. juhayman_al-otaibi

У Саудия муфтийси Абдулазиз Ибн Бознинг шогирди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қаҳтонийни Маҳдий деб эълон қилиб, Маккаи Мукаррамада, Ҳарами шарифда, Масжиди Ҳаромда бузғунчилик қилган. Бу икки шахс давлатларни кофиристон дейишда, ўзларига эргашганлардан бошқаларни кофир дейишда ҳамфикр эдилар. Бу икки шахс Мадинадаги кичик масжидларда ўз ғояларини тарқата бошлайдилар. Уларга айрим ақлсиз, дунёқараши тор ёшлар қўшила бошлайди. Ҳатто уларнинг сони мингдан ҳам ошиб кетган эди. Жуҳаймон ал-Утайбий мавжуд тузумни кофир тузуми деб, унга қарши жиҳод қилиш керак ва халифалик тузиш лозим, деб даъво қила бошлаган. Зотан, бу сингари нокасларнинг барчасининг энг биринчи иддиолари ҳам шу: давлатларни кофирга чиқаришади ва у давлат ўз юрти бўлса-да унга қарши жиҳод қилишни айтишади. Жуҳаймон ал-Утайбий қўлга олингандан сўнг ўзининг фикрлари ва дунёқараши шаклланишида Саудия муфтийси Ибн Боз, ваҳҳобийларнинг муҳаддиси Носир Албоний, уларнинг катта уламоси Муқбил ал-Водиъий ва Бадеъуддин ас-Синдий кабилар таъсир қилганини тан олган ва баралла айтган эди. Ана шу воқеа сабаб бўлиб, ўша йилиёқ Саудия ҳукумати Муқбил ал-Водиъий ва Бадеъуддин ас-Синдийни мамлакатдан бадарға қилади. Жуҳаймон тарафдорларига энг кўп таъсир ўтказган кимса Ибн Бознинг катта шогирди Абу Бакр ал-Жазоирий бўлганлиги маълум. Кувайтда нашр қилинган Жуҳаймоннинг рисолаларида ҳам у бот-бот тилга олинган эди.

Хуллас, бугунги куннинг жиҳодчи ва терорчи жамоалари ана шу Жуҳаймон ал-Утайбий издошлари ҳисобланади. Ҳозир ҳам ҳеч шак-шубҳа йўқки, Жуҳаймон ал-Утайбийни ва унинг бугунги издошларини тайёрлаганлар салафий-ваҳҳобийларнинг ўзлари бўлиб, уларнинг фикрлари мана шу Ибн Боз, Муқбил ал-Видоъий, Носир Албоний сингари уламолари томонидан шакллангандир. Зотан, уларнинг фикрларидан таъсирланганлар ҳозирги давримизда Масжиди набавийда ҳам портлатишдан қайтишмади.

Бугунги кунда Жуҳаймон ал-Утайбийни шаҳид деб кўкларга кўтарадиганлар ҳам бор. Бироқ, унинг қилмиши минг йилардан бери гуноҳ саналиб келган, бутун дунё мусулмонлари ва инсофли одамлари томонидан қораланган ишдир. Бинобарин, унга ўхшаб қолишдан, у сингари давлатларни кофир деб, жиҳод каби исломий амални ниқоб қилиб олиб, ер юзида ва муқаддас маконларда бузғунчилик қилишдан, ўз Ватани ва туғилиб-ўсган маконига қарши қурол кўтаришдан сақланиш керак. Аллоҳ таоло ўзи паноҳ берсин! Жуҳаймон ал-Утайбий издошлари бўлмиш янги хаворижлардан ва уларга қўшилиб қолишдан Аллоҳ асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. bekzod:

    Assalomu alaykum Хамидуллох домла! Бу бадбахтларни Масжиди Харомда ги жиноятни укиб уйким кочиб кетди! Устоз, 2та исломий университетда укиб,акидаси тугри бумаса, Аллохни узидан ёлвориб дуо киламиз бадбахтларга, акидаси бузугларга кушилиб колишдан панох бер Илохим! Рахмат домла ! Бу маколани укиб огох булишимиз лозим , бу аблахларни кирдикорларидан бизни огох килиб туринг.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *