Кўришганда қўл ўпиш ҳукми

Lotin alifbosida

Ушбу мақоламиз кўришганда қўл ўпиб кўришишга нисбатан шариатимизда қандай ҳукмлар борлигига бағишланади. Бировнинг қўлини ўпиб кўришиш мумкинми? Баъзи бировлар аҳли илмларнинг қўлини ўпганликларини кўриб қоламиз. Шу иш тўғрими? Баъзи кинофильмларда (хусусан, турк киноларида) одамлар шайхларнинг ва ўзлари ҳурмат қилган кишиларининг қўлларини ўпаётганлари тасвирланади.

Ушбу масалага жавоб бериш учун биз ҳанафий мазҳабининг фатово китоблари ичида энг улуғи деб тан олинган “Хулосат ул-фатово”дан иқтибос олиб келтирмоқчимиз. Унда, жумладан, бундай дейилади:

ويكره ان تقبل الرجل فم الرجل او يده او شيأ منه او تعانقه. وقال أبو يوسف رحمه الله: لا بأس به. قال الفقيه أبو الليث رحمه الله: القبلة على خمسة اوجه: قبلة تحية وهى القبلة على اليد وقبلة رحمة وهى قبلة الابوين للولد على الخد وقبلة الشفقة للولد للابوين على الرأس وقبلة المودّة وهى قبلة الأخ للأخ او الأخت على الجبهة وقبلة الشهوة وهى قبلة الرجل للزوجة على الفم

“Эркак эркакнинг оғзидан ёки қўлидан ва ё бошқа еридан ўпиши, шунингдек, қучоқлаши макруҳ бўлади. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бунинг зарари йўқ, деганлар. Фақиҳ Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ўпиш беш хил бўлади деганлар. Ҳурмат бўсаси, у қўлдан ўпишдир. Марҳамат бўсаси, у ота-онанинг фарзандни чаккасидан ўпишидир. Шафқат бўсаси, у фарзанднинг ота-онанинг бошидан ўпишидир. Меҳр бўсаси, у аканинг укани ёки сингилни пешонасидан ўпишидир. Шаҳват бўсаси, у эркакнинг хотинини оғзидан ўпишидир”. (Тоҳир ибн Абдурашид Бухорий. Хулосат ул-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Навол кишвар, 1911. – Б. 325).

Юқоридаги жумладан эркакнинг эркаклар билан ўпишиб кўришишлари макруҳлигини билиб олдик. Ҳатто қўлидан ёки бошқа аъзоларидан (чаккасидан, пешонасидан…) ўпиб кўришиш ҳам макруҳ экан. Аммо Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “зарари йўқ” дейишларининг сабаби олиму фозил ва шайхларнинг қўлини ўпиб кўришиш, узоқ кўришмаган биродарларнинг кийим кийган ҳолларида қучоқлашиб кўришишлари мумкинлигидир. Оддий одамларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришаверишлари, буни урфга киритиб юборишлари ёки ёлонғоч (албатта иштони бор ҳолатда) қучоқлашиб кўришиш макруҳлигига шак-шубҳа йўқ, бу борада ихтилоф ҳам йўқ!

Ҳанафийларнинг яна бир фиқҳий манбаси “Дурр ул-мухтор”да мана булар ёзилган:

ولا بأس بتقبيل يد العالم والمتورّع على سبيل التبرّك ونقل المصنّف عن الجامع: انه لا بأس تقبيل يد الحاكم والمتدين والسلطان العادل وقيل سنة. مجتبى. وتقبيل رأسه اى العالم أجود كما فى البزازية ولا رخصة فيه اى فى تقبيل اليد لغيرهما اى لغير عالم وعادل هو المختار. مجتبى. وفى المحيط: ان لتعظيم اسلامه واكرامه جاز وان لنيل الدنيا كره

“Олим ва парҳезгор кимсанинг қўлини табаррук юзасидан ўпишнинг зарари йўқдир. Мусанниф (яъни, “Танвир ул-абсор”ни ёзган зот) “Жомиъ”дан (яъни, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг шу номли асаридан) нақл қиладиларки, диндор ҳоким ва одил султоннинг қўлини ўпишнинг зарари йўқ. Буни суннат ҳам дейилган. “Мужтабо”да шундай келган. Олимнинг бошидан (пешонасидан) ўпиш яхшироқ (савоби кўпроқ)дир, чунончи “Баззозиййа”да зикр қилинган. Қўл ўпишда бу иккисидан яъни, олим билан одилдан бошқанинг қўлидан ўпишга рухсат йўқ. Бу ихтиёр қилинган қавлдир! Чунончи, “Мужтабо” асарида мазкурдир. “Муҳит”да келишича, исломини улуғлаш ва икром қилиш мақсадида (раҳбарлар билан кўришишда) қўл ўпиш жоиз, агар мол-дунёсига эришиш мақсадида бўлса, макруҳдир”. (Имом ал-Ҳаскафий. Дурр ул-мухтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 549-550).

Олимларнинг қўлини ўпиш жоизлиги тўғрисида ҳанафия мазҳабининг яна бир китобидан далил келтирамиз. Бу иқтибос “Мажмуат ул-фатово”дан олинган:

وامّا الكلام فى تقبيل الوجه حكى عن الفقيه أبى جعفر الهندوانى انه قال: لا بأس ان يقبل الرجل وجه الرجل اذا كان فقيها او عالما او زاهدا يريد بذلك اعزازا الدين

“Аммо юздан ўпиб кўришиш тўғрисида гап юритсак, бу ҳақда Фақиҳ Абу Жаъфар ал-Ҳундувоний раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинадики, ул зот бундай деганлар: “Қачон фақиҳ ёки олим ёки зоҳид бўлса, киши бошқа кишининг юзидан ўпиб кўришиши зарари йўқ, бу билан динни улуғлашни ирода қилган бўлади”. (Абдулҳай ал-Лакнавий. Мажмуат ул-фатово. – Лакнау: Навол кишвар, 1911. – Б. 323).

Саҳобаи киромлар ҳурмат юзасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ ва салламнинг қўлларини ўпишга одат қилган эдилар. Уларни кўриб, ҳали мусулмон бўлмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ ва салламга ихлос қўйган ғайримуслимлар ҳам ул зоти шарифнинг ҳурматларидан оёқ-қўлларини ўпар эдилар.

“Мишкот ал-Масобиҳ” асарида келадиган Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ, Насоий раҳимаҳуллоҳ ва Ҳоким раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддислар саҳоба Сафвон ибн Ассол разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда саҳобалар ва ҳатто имонга келмаган, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мухлис бўлган кимсалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ва ҳатто оёқларини ўпишлари зикр этилади (1/58).

Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

… فدنونا فقبلنا يده

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига яқин келиб, ул зоти шарифнинг қўлларини ўпдик”. (Абу Довуд, 2/2649; Байҳақий, 7/13362; Ибн Абу Шайба, 12/34374).

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам бошқа муносиб кимсаларнинг қўлларидан ўпганлиги ҳақидаги ривоятлар мавжуд.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда саҳоба Зайд ибн Ҳориса разийаллоҳу анҳу сафардан Мадинага қайтиб келганларида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга пешвоз чиқиб, уни қучоқлаб-ўпиб кўришганлар (Термизий, 5/2732).

Яна Имом Абу Довуд Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

وعن عائشة رضى الله عنها قالت: ما رأيت احدا كان أشبه سمتا وهديا ودلا. وفى رواية: حديثا وكلاما برسول الله صلى الله عليه وسلم من فاطمة كانت اذا دخلت عليه قام اليها فأخذ بيدها فقبلها وأجلسها فى مجلسه وكان اذا دخل عليها قامت اليه فأخذت بيده فقبلته وأجلسته فى مجلسها. رواه أبو داود

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима билан сўзлашда, ҳусни хулқда, муомалада, сийратда ва ҳолатда бўлганчалик кимсани кўрмадим. Фотима разийаллоҳу анҳу кирсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга пешвоз чиқиб ўрнидан турардилар, унинг қўлини ушлаб (қўлидан ёки пешонасидан) ўпардилар ва ўз олдиларига ўтқазардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг олдига кирсалар, Фотима разийаллоҳу анҳу ўрнидан туриб кутиб оларди, ул зотнинг қўлларини ўпарди ва (муносиб) ўринларига ўтқазарди”. (Абу Довуд, 4/5219).

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган муҳим хулосамиз шуки, ота-оналаримизга чиройли ва гўзал муомалада бўлмоқ; қизларимизга ўта шафқат билан муомалада бўлиш; биров олдимизга кириб келганда ўрнимиздан туриб кутиб олиб, уни муносиб ўринга ўтқазмоқ; агар муносиб одам ташриф буюрса, кўришганда қўлидан ўпиш мумкин эканлигидир!

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу буюк саҳоба Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳунинг қўлларидан ўпиб кўришганлигини Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар. (Муновий, “Файз ал-қадийр”, 4/5665).

Саҳобаларнинг буюкларидан, Қуръони каримнинг энг улуғ котибларидан бири Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳу ва муфассирлар султони деб тан олинган Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу жанозада бирга бўлиб қолибдилар. Зайд разийаллоҳу анҳу отга минаётганларида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу узангини тутиб турибдилар. Зайд разийаллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччалари, ундай қилманг-ундай қилманг!”, деганларида, у зот: “Биз уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деганлар. Шунда Зайд разийаллоҳу анҳу: “Қўлингизни бир кўрай”, деганлар. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу қўлларини тутганларида, у зот қўлларини ўпганлар ва “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини мана шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деганлар. (“ал-Мустадрак”, 3/5808; “ал-Мужоласа ва жавоҳир ул-илм”, 4/13144).

Юқоридаги иқтибослар бизга шарафли инсонларнинг қўлларини ўпиш мумкинлигини англатади, албатта. Бу иш қайсидир диёрларда урфга кирганлиги боис ғалати кўринмаслиги керак. Бироқ, бизнинг юртларда азалдан ота-боболаримиз ва бугунги кун мусулмонлари орасида шарафли одамларнинг қўлларини ўпиб ҳурмат изҳор қилиш урф-одат тарзига айланган эмас. Уни оммалаштиришнинг ҳожати ҳам йўқ, албатта.
Валлоҳу аълам би-с-савоб!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...