Рамазон ал-Бутий: “Расулуллоҳдан бошпана қидириш — Аллоҳга бўлган одобдир”

Lotin alifbosida

rasulullohdan-boshpana-qidirishБисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Расули бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш инсоннинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатининг белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўйсуниб, у зотнинг суннатларига мувофиқ юриши ва насиҳатларини амалга оширишда назоратчи бўлиши мусулмоннинг у зотга бўлган муҳаббати маъносидир.

Мусулмоннинг бу ишда мустаҳкам туриши учун унинг асосий сармояси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббати бўлиши лозим.

Мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оламлар Роббиси томонидан юборилган элчиси деган биргина ақлий ишонч билан ўзини у кишига мансуб деб билса-ю, лекин унинг қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббати билан тўлиб тошган бўлмаса, унинг у зотни суннатига бўйсунишга сабри, буйруқ ва насиҳатларини мустаҳкам туриб бажаришга кучи етмайди. Унга бу ишда ёрдам берадиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иймон келтиришдан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатидир.

Мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такрор ва такрор айтган бир нечта саҳиҳ ҳадислардаги сўзларининг сабабидир. У зот айтадилар:

“Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисдаги ушбу сўзни айтишларига туртки бўлган нарса худбинлик (ўзини-ўзи севиш) эмас. Бундай дейишдан Аллоҳнинг Ўзи сақласин.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказишлик амр қилинган ҳар бир нарсани етказишга масъул зотдирлар.

Мусулмонни Расулуллоҳга бўлган муҳаббати иймоннинг ажралмас бир бўлаги ёки талаб қилинган иймон самараларидан биридир. Бу нарсани одамларга тушунтириб бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун вожиб эди. Одамларга ўз ҳаракатларини Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига йўналтирганларидан кейин Расулуллоҳнинг муҳаббатига ҳам йўналтиришлари лозимлигини баён қилиб беришлари шарт эди. Агар бу сўзни айтмаганларида ва рисолатни етказмаганларида омонатга ҳиёнат бўларди (ҳиёнат қилишдан, ва рисолатни етказмасликдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Пайғамбарлигига ақлий иймон орқалигина боғланиб, шунинг ўзи билан кифояланган ҳамда қалби у зотнинг муҳаббатидан бирор нарсани ҳис қилмаган инсон агар шу ҳолатда қоладиган бўлса унинг бу иймони унга фойда бермайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари:

”Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, деб турган бўлсалар, унинг бу иймони қандай ёрдам берсин?

Бу савол ажойиб ва инсонни ҳайрон қолдирадиган ғалати савол бўлишига қарамай, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатига етаклайдиган ва мусулмон юриши лозим бўлган йўл ҳақида сўраётган бўлсангиз, аслида Муҳаммад алайҳис-саломни Аллоҳнинг Расули эканига иймон келтирган ҳамда Қуръонни Аллоҳ таолонинг сўзи эканига ишонган мусулмонни: “Расулуллоҳни яхши кўриш учун қандай йўл тутиш керак?”,  дейишининг ўзи ғалати, бу унинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббати йўқлигини билдиради. Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириб, кейин яна қалбида Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатини хосил қилишга эҳтиёж сезган инсонни учратишингиз мумкин эмас.

Бу ғалати савол бўлишига қарамай биз сизга шуни айтамизки – сен Расулуллоҳни умматларига бўлган муҳаббатининг чегараси ва миқдори ҳақида ўйлаб кўр, шунда ўзингни Расулуллоҳни яхши кўришингга бошлайдиган энг қисқа йўл олдида топасан. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини қандай яхши кўрганларига эътибор қил. У кишини кўрган саҳобалар бўлсин ёки кўришни қаттиқ хоҳлаган уларнинг дўстлари, яъни кўрмаган умматлари бўлсин, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга бўлган муҳаббат туйғуларига эътибор бер. Агар унинг белгиларини кўрсанг – бундай белгилар жуда кўп – сени яхши кўрган бу зот учун қалбингда муҳаббат тўлиб тошмаслиги мумкинми?!

Имом Муслим, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан санади билан ривоят қилган ушбу ҳадисга эътибор беринглар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳис-салом тилидан айтилган Аллоҳ таолонинг сўзини тиловат қилдилар:

“Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан». (Иброҳим сураси, 36-оят).

Кейин Ийсо алайҳис-салом тилидан айтилган Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини тиловат қилдилар:

“Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла”. (Моида сураси, 118-оят).

Кейин ана шу вақтда саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юқорига кўтариб; “Эй Аллоҳим, умматим, умматим”, дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳис-саломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига боргинда у зотга:

”Эй Муҳаммад Аллоҳ субханаҳу ва таоло сенга: “Биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, биз сени унутмаймиз деди”, деб айтгин”, деди.

Одамлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган ва Расулуллоҳнинг умматларига нисбатан меҳрибонликларидан иборат ушбу ажойиб ҳолат олдида тўхталиб кўрган инсон борми?! Балки Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар билан ёлворишдан ҳамда: “Алллоҳим, умматим, умматим”, дея йиғлаб зорланишдан иборат Расуллуллоҳнинг умматларига бўлган кучли муҳаббатлари олдида тўхталиб кўрган одам борми?!

У кишининг зорланиб қилган илтижоларидан кейин Аллоҳ таоло у кишига ҳушхабар берди — бу ҳушхабар бизлар учун эди. Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, биз сени унутмаймиз”, деди.

Бас, энди сен шунга ҳам қарамай, сени яхши кўрган ва сен учун Аллоҳга илтижо қилиб дуо қилган кишига бўлган муҳаббатингни ҳис қилмасанг, билгинки сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Пайғамбарликларига ишонмас экансан. Эҳтимол унда сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳнинг Рубубиятига (ҳукмронлигига) ҳам ишонмасанг керак.

Кошки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нима учун Аллоҳга ёлбориб илтижо қилганларини билсам эди. У зот умматларининг итоатгўй бўйсунувчилари учун дуо қилганмилар? Расулуллоҳ Аллоҳнинг тўғри йўлида юриб Унга бўйсунган ҳар бир одам Аллоҳ ваъда қилган мағфират ва саодатга етишини яхши биладилар. Расулуллоҳни улар учун йиғлаб Роббига дуо қилишга ундовчи сабаб йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб гуноҳкор умматларининг хатоларини кечириб уларни мағфират этишини сўраб дуо қилганлар. Нима учун?

У кишида бу дуони қилишни уйғотган нарса Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзлари пайғамбар қилиб юборилганларнинг гуноҳкорларига қилган дуолари эди. Ийсо алайҳис-саломнинг ўзлари пайғамбар қилиб юборилган одамларнинг гуноҳкорларига қилган дуолари эди. Саййидимиз Иброҳим ва саййидимиз Ийсо алайҳис-саломлар қилган ана шу дуолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз мақомларида туриб Аллоҳга илтижо билан йиғлаб дуо қилишга тўлқинлантирган эди. Яъни умматлари ичидаги гуноҳкорларини раҳим этишини сўраб дуо қилишга қизиқиш уйғотган нарса ана шу дуо бўлган.

Эй дўстларим, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга берган бундай мақомни кўрган вақтимизда ҳам, барчамиз гуноҳкор бўла туриб ўзимизни Аллоҳга олиб борадиган йўл Унинг Расулига мурожаат қилиш эканини сезмаймизми? Бу аниқ ва равшан бўлган очиқ йўлни қайси биримиз сезмаслигимиз мумкин, айниқса бу каби кўплаб ҳадислар олдида тўхталган вақтда ким бу йўлни англамайди? Айтилган ушбу ҳадис ана шу кўплаб ҳадисларнинг биттаси холос.

Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз шафоатларини умматлари ичидаги гуноҳкорлари учун қабул этишини сўраб Аллоҳга мурожаат қилганлар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларимиз. Албатта бизнинг вазифамиз бизларга Аллоҳ таоло бошпана қилиб берган Ўзининг Расулига мурожаат қилишимиздир. Бас ана шунда у кишининг Ўз Роббисига илтижо билан бизларни кечиришини сўраб қилган дуолари бизга фойда беради. Қиёмат куни биз учун Расулини бошпана қиладиган вақтда шафоатчимиз ҳам у киши бўладилар.

Биз ўзимиз яшаб турган давримизда Расулуллоҳни ўзимиз учун Аллоҳ субханаҳу ва таолога етаклаб борувчи бошпана қилиб олмаймизми?!

Аллоҳ таоло Ўзининг Расули Муҳаммад алайҳис-саломга берган бу эҳтиромдан юз ўгирган кишидан ажабланиб ҳайрон бўлганимдек бошқа нарсага ажабланмайман. Кейин янада ажабланарлиси шуки у: ”Кел воситачини қўйгин, сен билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқ, ”Роббингиз: ”Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”, деган-ку”, дейди.

Сенга менинг Расулуллоҳга қилган мурожаатимни “Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришдир”, деб, ким айтади? Расулуллоҳга қилган мурожаатим ва Расулуллоҳдан бошпана қидиришим Аллоҳга бўлган одобдир.

Расулуллоҳнинг қалбидаги бизга бўлган бу ғамхўрликни у зотга Аллоҳ жойлаган эмасми? Бизга бўлган бу меҳрибонликни у кишининг қалбига солган Аллоҳ-ку, шундай эмасми? Умматларининг гуноҳкорлари учун меҳрибонлик кўрсатиб, ҳатто қўлларини кўтариб йиғлаган ҳолларида, ”Аллоҳим, умматим, умматим”, деб дуо қилдирган ким ўзи? Аллоҳ эмасми?!

Бориъ азза ва жалла бу ишга Расулини восита қилмасдан тўғридан-тўғри бизга раҳмат ва мағфиратини йўналтиришга қодир бўлган Зот, лекин мана кўриб турибсизлар, бизга бўлган бу ажойиб ғамхўрликни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбига Аллоҳ таолонинг Ўзи солиб қўйди. Кейин у киши йиғлаб ушбу дуони қилганларида унга элчи юбориб, “Эй Муҳаммад, биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, биз сени унутмаймиз”, дейишни буюрди.

Бунинг маъносини ким билмайди, эй дўстларим? Аллоҳ таоло ўзининг бизга бўлган раҳматини Расули орқали восита қилаётганида биз ҳам Аллоҳ таоло тавбаларимизни қабул қилиши учун яшаб турган давримизда Расулуллоҳни ўзимизга бошпана қилиб олишимиз лозим эмасми?!

Аллоҳ субханаҳу таолога ундан кейин Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган одам ушбу инсонни ва бу ҳақиқатни билмаслиги мумкин эмас, эй дўстларим.

Мен бугунги кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрнамаклик қилишдан иборат янгидан янги ғалати уйдирмаларни тўқиб чиқараётган анавиларга ҳайрон бўламан. Улар ўзлари тўқиб чиқараётган уйдирмаларида: “Расулуллоҳни васила қилиш ширк”, дейдилар. Уларга эргашиб яна бири: “Расулуллоҳнинг суннатига эргашиш ширк, тавҳид биргина ваҳийнинг ўзига иймон келтиришдан иборат, у ҳам бўлса Қуръондир, агар Қуръон ваҳийсига суннат ваҳийсини шерик қилсанг, бу хатарли ширкнинг турларидан бўлади”, дейди.

Биз бу сўзларни ёзган одамларнинг ўзларига ўқиб бердик. Мен ишонаманки ушбу уйдирмаларни тўқиб чиқарганлар бу тусни кўрнамаклик ва иймонсизликдан олганлар. Уларни бунга ундаган нарса ана шудир. Уларни бу ишга “Расулуллоҳдан шафоат тушишини сўраш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиш ширк”, дейдиган кишиларгина қўзғамоқда.

Агар Расулуллоҳни васила қилиш ширк бўладиган бўлса у кишининг суннатларига эргашишимиз ҳам ширк бўлиб қолади-ку! Ваҳолангки воқеъликда Расулимизнинг суннатларига эргашиш Аллоҳдан бўлган буйруқ асосида келган. Аллоҳ айтади:

“Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади”. (Нисо сураси, 80-оят).

Умуман олганда васила ҳам шундай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилишимиз ҳам Аллоҳ субханаҳу ва таолодан бўлган буйруқ асосида бўлган.

Агар Аллоҳ руҳсат бермаганида балки, Аллоҳ Расулуллоҳни васила қилишимизни бизга буюрмаганида Унинг ўзи Расулини бизга ғамҳўрлик қилиши учун у кишини васила қилмаган бўлар эди. Балки у кишини қиёмат кунидаги улуғ шафоат эгаси қилмаган бўларди. Икки саҳиҳ китобда келганидек, одамларнинг ҳаммалари бошпана сўраб пайғамбарлар олдига борганларида уларни Пайғамбарлар навбатма навбат қайтариб, олдиларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бошпана топа олмаган кунларида, у зотни шафоатчи қилмаган бўлар эди.

Эй дўстларим! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган бўлсангизлар шуни билингларки, ана шу иймонни озуқалантирадиган сармоянгиз Расулуллоҳга бўлган муҳаббатдир. Расулуллоҳнинг муҳаббатига олиб борадиган йўл ҳақида сўрайдиган бўлсанглар, унинг йўли жуда кўп. Лекин энг муҳим йўл, у кишининг сизларга бўлган муҳаббати чегарасини билишингиз ва уни ўрганишингиздир. Эртага қиёмат куни сизларга шафоатчи бўлиш йўлида Аллоҳга қанчалар илтижо қилганларини билишингиздир.

У кишининг қайта-қайта қилган илтижоларига Аллоҳ таолонинг қандай жавоб берганига эьтибор беринглар.

“Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан”. (Зуҳо сураси, 5-оят).

Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрайдиган нарсани қаранг. У зот бойлик ёки ҳазина сўрайдиларми? Ёки у кишига Аллоҳ берган даражани кўпайишини сўрайдиларми?

Аллоҳ таоло Расулини рози қиладиган нарса – Расулуллоҳнинг  умматларини Аллоҳ мағфират қилиши эканига барча уммат жам бўлиб иттифоқ қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат уруғларини қалбимизда ўрнаштирадиган катта сабаб ана шудир.

Аммо сен ҳам Аллоҳнинг тўғри йўлидан адашиш ўқлари теккан анави кишилардан бўлсанг ва Аллоҳ таоло Расулини бизларга раҳмат воситачиси қилганини билишдан бош тортсанг, бас бунинг маъноси шуки, сен қалбингдаги Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат илдизларини қуритиб бўлибсан.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
1996 йил 8 август.

 “Эшонгузар” жоме масжиди имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.
2016 йил 29 декабр.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *