РАСУЛУЛЛОҲНИ ИСТЕҲЗО ҚИЛУВЧИЛАРГА АЛЛОҲ КИФОЯ ҚИЛАДИ!

8fb507e79d3763097d02cec38105793e49d3bc0e936829568a05e3b5d6e9239d4g.jpgАгар ортингда турган зот Аллоҳ бўлса, у сенга албатта, кифоя қилади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюкликлари шундаки, у зот камолотга етказилган сўнги рисолат, сўнги шариат ва сўнги динни олиб келганлар. Ундан сўнг ҳеч қандай дин келмайди. Ҳеч қандай пайғамбар келмайди. Бу ҳақ билан ботилнинг сўнгги мужодаласи эди. Гарчи, бу мужодала қиёматга қадар давом этса-да…
Демак, Аллоҳнинг ҳимояси ҳам шунга яраша бўлади.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни оламларга раҳмат қилиб юборган. Ширк, жаҳолат, хурофот ва зулм қоронғуликларидан тавҳид, маърифат, адолат ва эҳсон нурига олиб чиқиш учун юборган. Вақтики, эзгуликка даъватни ошкора қилиш пайти етганда Аллоҳ таоло «бас, ўзингга буюрилган нарсани (яъни динни) ошкор қил ва (сенга турли хил йўллар билан озор бераётган) мушриклардан юз ўгир. (Улар билан шуғулланма. Уларга қарши раддия беришга чоғланма). Зеро, шубҳасиз истеҳзо қилувчиларга қарши туришда биз Сенга кифоя қилурмиз» (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар), деди.
Бир кимсага бир нарса учун кифоя қилиш нима дегани? Ўша ишни ўз зиммасига олиш ва унинг ўрнига бажариш орқали у кимсани мазкур ишдан қутултириш дегани. Масалан, қандайдир муаммога йўлиқиб турибсиз. Ўша муаммо билан шуғулланиб, уни бартараф қилишингиз керак. Шу ҳолатда бошқа бир инсон муаммоингизни ҳал қилиб қўйса, демак, у сизга кифоя қилган бўлади. Араб тилида «كفى» феълининг бир гапда икки тўлдирувчига ўтимли бўлиб келгандаги маъноси шу.
Шунга биноан, Аллоҳ таолонинг «إنا كفيناك المستهزئين» дегандаги «кифоя қилдик» сўзи қуйидаги маъноларни англатади: «истеҳзо қилувчиларга қарши туриш, уларга жавоб бериш, жазосини бериш учун Сенга мана биз кифоя қилурмиз. Бу ишни биз зиммамизга олурмиз. Сен хотиржам бўл. Ўзингни қийнама. Зеро, Сенинг ўрнингга улар билан биз шуғулланурмиз».
Араб тили мана шундай қисқа ва лўнда иборалар билан катта маънони ифода қила оладиган тилдир. Кўпчиликка маълум бўлган ва бирор кучли душмандан қўрққанда ўқиладиган баддуо борки, унда ҳам ушбу феъл ишлатилади: «اللهم اكفنيهم بما شئت» яъни «эй Аллоҳ, ўзинг истаган шаклда уларга (қарши туришда) менга кифоя қил. Ўзинг истаган йўсинда улардан мени ҳимоя қил». Мазкур дуо душман тарафидан очиқ хавф-хатар туғилган вақтда аввал ўтган пайғамбарлар, солиҳлар ва Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ўқилган улуғ дуодир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг юқоридаги амрига бўйсуниб ҳақ даъватини ошкор қилганларида мушриклар ҳужжатга қарши ҳужжат келтиришдан ожиз қолгач, тубанлик ва разолат йўлига ўтиб, мусулмонларга қарши ва хусусан, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши адоват ва азиятни бениҳоя кучайтириб юбордилар. Бунинг учун имкониятларидаги барча нарсани сафарбар этдилар. У кишини масхаралаб, туҳмат ва бўҳтонлар ёғдириб, исмларини ўзгартириб истеҳзолар қилар ва шу тариқа инсонлар онгида У зотнинг обрўларига путур етказмоқчи бўлардилар. Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан юраклари сиқилиб, диллари хуфтон бўларди.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига тақдири азалда энг гўзал исмни танлаб қўйган эди. Муҳаммад (محمد). Маъноси ҳамд яъни мақтов, эзгулик ва хайрга далолат қилади. Кўп мақталувчи, мудом мақталувчи, хўп мақталувчи дегани эди бу. Охири бахайр, оқибати маҳмуд дегани эди бу. Сонсиз-саноқсиз гўзал ва мақталган хислатлар соҳиби дегани эди бу.
Бечора мушриклар у зотнинг фақат яхшилик ва олийликни ифода қилувчи шарафли исмларини айтган ҳолда масхара қилмас эдилар. Чунки, улар бу муборак исмни зикр қилгандаёқ ундан қалбларга таралувчи улуғвор маъно унинг кейинидан келувчи истеҳзоларини бамисоли шамолдек кўкка совуриб, йўқ қилиб юборишидан чўчир эдилар. Муҳаммад исмининг қулоқларга ёқимли ва залворли жаранги, қалбларга маҳобат билан тушиши паст ва жирканч истеҳзоларининг таъсирини камайтириб қўйишини билар эдилар. Шунинг учун ҳам мазкур исмнинг маънода зидди (антоними) бўлган музаммам (مذمم) исмини ўйлаб топиб, ўша музаммамни ёмонлар эдилар.
Бу эса Аллоҳ таолонинг ўтган замон сийғасида яъни, аллақачон ҳал қилинган масала шаклида ваъда қилгани «кифоя қилиш»нинг оддий бир кўриниши эди, холос. Ахир, Аллоҳ таоло аслида «إنا كفيناك المستهزئين» яъни «огоҳ бўлки, истеҳзо қилувчиларга қарши Сенга кифоя қилиб қўйдик» (Ҳижр сураси: 95-оят), деган эди.
Қачонки, Қуръони каримда ҳали амалга ошмаган нарса ўтган замон шаклида келтирилса, бу ўша ишнинг шак-шубҳасиз амалга ошажагига балки, бу ишдан аллақачон фориғ бўлинганига далолат қилади. Шунинг учун ҳам Қиёмат кунидаги ишлар кўп ҳолларда айнан ўтган замон сийғасида баён қилинган. Ҳолбуки, қиёмат ҳали келмади. Унда нима учун ўтган замон сийғаси ишлатилди. Чунки, унинг воқеъ бўлиши худди бўлиб ўтган ишдек аниқ ва тайиндир. Юқоридаги ояти каримада ҳам шундай. «Истеҳзо қилувчиларга қарши туришда, улардан Сени ҳимоя қилишда Биз Сенга кифоя қилиб бўлдик».
Аллоҳ таоло Ўз набийсидан мушрикларнинг ҳақоратларини шу тариқа кетказар, уларнинг масхараларини бошқаёққа бурар эди. Зеро, улар Муҳаммадни эмас қандайдир асли йўқ бир музаммамни сўкар эдилар инсонлар кўз ўнгида. Уларнинг ҳақоратлари Муҳаммадга эмас ўзлари ўйлаб топган музаммамга йўналар эди.

Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил ҳам истеҳзо қилувчилар, озор берувчилар сафида эди. Ўзича, сифатсиз, аянч сўзлардан қофия қилиб, «مذمما أبينا .. ودينه قلينا .. وأمره عصينا» «музаммамдан бош тордик, динидан юз ўгирдик ва амрига исён қилдик» деган сўзларни айтиб юрарди. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига шундай дедилар:

«ألا تعجبون كيف يصرف الله عنّي شتم قريش ولعنهم! يشتِمُون مُذَمَّماً، ويلعنون مُذَمَّماً، وأنا محمّد»
Яъни: «Алоҳ таоло Қурайшнинг ҳақорат ва лаънатларини қай тариқа мендан бошқаёққа буриб юборишидан ажабланмайсизми?! Улар музаммамни ҳақоратлаб, музаммамни сўкяптилар. Ҳолбуки, мен (ҳеч қандай музаммам эмас) Муҳаммаддирман!» (имом Бухорий ривояти).
Улар гарчи, музаммам исми билан Муҳаммад алайҳиссаломни қасд қилган бўлсалар-да, аммо У зот бу исм билан танилмаган эдилар. Музаммам у кишининг исми ҳам, халқ орасидаги лақаби ҳам эмасди. Бинобарин, уларнинг бу найранглари заррача иш бермади. Сўзлари ҳавога учди. Пайғамбаримизнинг Муҳаммад исмларига эса гард юқмади. Зотан, бу исм шундай исмки, мақтов унга яширилган, эзгулик унга кийдирилган. Буни ундан ҳеч нарса ечиб ололмайди. Ўхшамайди. Агар бунинг иложи бўлганда балоғату фасоҳат чавандозлари бўлган араблар шу ишни қилган бўлардилар. Уни ўзгартириб, хунуклаштириб, кулгили шаклга солиб айтган бўлардилар. Лекин, араб тилининг табиати бунга йўл қўймайди. Бу мумкин эмас. Шу боис ҳам улар «Муҳаммад»ни тарк этиб, «музаммам»ни қасд этдилар. Ва саҳрода йўлдан адашган кимсадек йўлдан адашдилар. Отган ўқлари нишонга тегмади.
Аллоҳнинг ўтган замон шаклида баён қилган «кифоя»си яна кўп нарсаларни англатади. Вақти-вақти билан Ислом душманлари У зотни масхаралаши, турли аҳмоқона расмлар чизиши, ҳақоратлаши мумкин. Аммо, уларнинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Натижаси бўлмайди. Балки, ҳар сафар У зотга шундай олчоқ йўллар билан озор беришга уриниш содир бўлганда У зотнинг муҳаббати миллионлаб инсонлар қалбини эгаллашда давом этади. Аввал, ағёр муҳаббати билан машғул бўлиб юрган мусулмонларнинг ўз Пайғамбарларига бўлган муҳаббати бундай воқеалар ортидан фақат янгиланиб, кучаяди, холос. Мана шу ҳам Аллоҳнинг ваъда қилган кифоясидир.
Биламан, Францияда бўлаётган ишлардан маҳзунсиз, қалбингиз яраланган. Лекин, мусулмон кишининг мустаҳкам мезони бор. Ҳис-туйғулар ғалаён қилганда шариат буюрмаган ишни қилмайди. Бир ёмонликни ўзгартираман деб, ундан каттароқ ёмонликка йўл очмайди. Радикал услубларга мурожаат қилмайди. Ақлни ҳоким қилади.

Зеро, бу ишлар провокация бўлиши, сиёсатчиларнинг чиркин ўйинлари бўлиши ҳам мумкин. Мусулмонлар бундай тузоқларга тушиб, ифлос ўйинларнинг фигурантлари бўлиб қолишдан сақланишлари лозим.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *