Мустақил, тинч Ватанга шукр келтириб яшайлик!

Lotin alifbosida

Мавзуни теран англаш учун аввало, унинг  “Мустақил, тинч ватанга шукр келтириб яшайлик!” сарлавҳасидаги сўзларни бир таҳлил қилиб олсак.

Истиқлол бу Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидан биридир. Инсон обод ва озод Ватанда ҳаёт кечириши унинг бахту – саодатидир. Зеро, ватандошим Имом Бухорий ўзининг “Ал адаб ал муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни келтиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча – кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, деганлар.

Ҳадиси шарифни ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.

Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очсак ҳаёт эканмиз. Аллоҳ яна яшаш имконини  берибди. Сўнг атрофга қараймиз ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни таққиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган озиқ – овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?!

Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Ҳар ким Ватан мадҳини ўзича ифода этади. Масалан: ҳофиз ўз тараннуми орқали, шоир шеърлари билан, қўйинки ҳар бир шахс ўз муҳаббатини нималар биландир баён этгиси келади.

Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган асримизда бузғунчи ғояларни тарқатиб тинч юртларни вайрон қилаётганларнинг борлиги ҳам айни ҳақиқат. Нима эмишки, ислом динида Ватан тушунчаси йўқ, унга ҳеч қандай таъриф берилмаган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бир нарсани билмасликдан ўша нарсани йўқлиги келиб чиқмайди. Ана ўша пуч ва энг асосийси ҳеч қандай далилга эга бўлмаган ғоялар гирдобига тушиб қолиб Ватанига, халқига, маҳалласига, оиласига керак бўлса, ўз ота – онасига қарши чиқаётган, хозирги замон таъбири билан айтганда “Ватанфурушлик” қилаётган ғалимисларнинг борлиги ачинарли ҳолат албатта.

Уларнинг қилаётган бу разолатлари асосида Ватан тушунчасини яхши англаб етмаслик ётибди десак, хато қилмаган бўламиз.

Хўш, Ватан тушунчаси диний нуқтаи назардан қандай ифода этилади? Ватан ўз нима? Унинг таърифи қандай? Динимизда бу борада нималар дейилган?

Ватан ҳақида гапирар эканмиз, аввало, бир олимнинг бўлаётган жараёнларга холисона айтган фикрини келтириб ўтмоқчимиз: “Бугунги кунда бўлаётган тўс – тўполонлар, уриш – жанжаллар, ноҳақ қон тўкилишларнинг асосий сабаби Ватанга бўлган муҳаббатнинг етишмаётганидандир”.

Ватан тушунчаси ҳақида гапиришдан олдин келинг, бу борада келган далилларни келтирсак – да хулосани ўзингизга ҳавола қилсак.

Баъзилар Ватанга – “инсоннинг киндик қони тўкилган жой”, деб таъриф беришади. Таъриф тўғри, лекин, тўлақонли, мукаммал эмас. Чунки ҳаётда бир жойда туғилиб, бошқа ерни Ватан қилганлар ҳам бор – да!

Ватан сўзига мўътабар луғат китобида шундай изоҳ берилади: Ватан бу инсоннинг истиқомат қиладиган манзили. Яъни: инсоннинг Ватан тутган, истиқомат қилаётган еридир. (“Лисан ул араб”, В, Т, Н моддаси).

Ватанни севиш ва унга ошиқишни уламолар мустаҳаб, деганлар.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. Агар уловда бўлсалар уни ниқтардилар”.

Ҳумайднинг ривоятида эса: “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар”, дейилган. (Бухорий ривояти)

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда Мадинанинг фазилати, Ватанни севиш ва унга ошиқишнинг шариатда борлигига далил бор”, – деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун уловларини ниқтадилар? Жавоб ҳадиснинг ўзида айтилмоқда. Бу ишни ўз Ватанлари –  Мадинани севганларидан қилдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таоми, шароби ва уйқусидан тўсади. Қай бирингизни сафаридан мақсади ҳосил бўлса аҳлига шошилсин” (Муттафақун алайҳ).

“Фатҳ ал Борий” китобида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руқялари (дам солишлари) бобида қуйидагилар келтирилган:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам руқяларида: “Турбату арзина ва рийқоту баъзина юшфа сақимуна биизни Роббина”ни ўқир эдилар”.

Дуонинг таржимаси: “Еримизнинг тупроғи, баъзимизнинг тупуги, Роббимизнинг изни ила касалимизга шифо бер”.

Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадиснинг маъноси – ўз тупугини кўрсатгич бормоғига теккизади. Сўнг уни тупроққа босади. Бармоққа ёпишган нарсани оғриётган жой ёки жароҳатга суркалади. Суркаш асносида мазкур дуони ўқийди”.

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Қўлни ерга қўйишга келсак, унда хосият ёки одатий сабабларни келтириш билан қудрат асарини беркитиш ҳикмати бордир”.

Ватан тупроғини ўзига хос хислатлари мавжуд. Бунинг тагига етишдан ақллар ожиз қолади. Бу ҳақда улуғ олим шундай дейди.

Машҳур муфассир Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кўпгина тиббий баҳсларда Ватан тупроғининг мижозни сақлаш ва зарарни даф қилишда таъсири борлигига гувоҳ бўлганман. Мусофир (сафаридан олдин) ўзи билан Ватани сувидан олиши, агар унга ожиз бўлса тупроғидан олиб кетмоғи лозим. Турли сувлардаги зарарлардан сақланиш учун ундан бироз қўшади”.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсоннинг хор у зор бўлиши учун Ватани ва яқинлардан айрилишнинг ўзи кифоя!”, –  деганлар.

“Фатҳ ал Борий”да Таъбир китоби, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийни илк бошланиши боби”да: “Улар мени чиқарадиларми?” ҳадиси шарҳида қуйидагиларни айтган:

Суҳайлий айтади: “Ҳадисдан нафсга Ватандан айрилишни қийинлиги олинади. Чунки Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Варақани (мушриклар)нинг азият бериши, ёлғончига чиқариши ҳақидаги гапини жим эшитдилар. Улар (Сизни Ватанингиздан) чиқаришади деганида Ватан муҳаббати ва ошнолиги сабаб жойларидан қўзғалиб, “Улар мени (Ватанимдан) чиқарадиларми?”, –  дедилар”.

“Файз ал Қодир” китобида бир ҳадиси шариф келтирилиб, “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради.” (Оиша розияллоҳу анҳодан Ҳоким ва Байҳақийлар ривояти, Заҳабий “Муҳаззаб”да санади кучли, деган).

Китоб муаллифи ҳадисни шарҳлаб:

“(Ватанга) “шошилиш” – мустаҳаб деган. “Аҳл”дан  мурод эса, Ватандир, гарчи у ерда аҳли  (оиласи) бўлмаса – да.

Келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”.

Ватанда исқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади.

Бу ислом асосларидан бири бўлган ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб ва мубоҳ сафарларда (ўз Ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинади.

Мана шу ҳадисдан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Маккани қўшни тутишни макруҳ, деган ҳукмни олдилар” (Иқтибос тугади).

Ҳикматли сўзлар:

Ватан ҳурмати ота – онанг ҳурматидан. Чунки сенинг озуқанг ота – онангдан. Иккисини озуқаси – Ватандандир.

Қуш – инига, инсон – Ватанига ошиқади. Сенда онангни сут ҳаққи бўлганидек, яшаб турган ерингни Ватан ҳаққи бор.

Оқилнинг белгилари: дўстларга яхшилик қилувчи, Ватанига ошиқувчи, аҳли замона билан муросада яшовчи бўлишидир.

Ватанни севиш билан диёрлар обод бўлур.

Инсонлар Ватанларини севмаганларида шаҳарлар хароб бўлур эди.

Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз раҳматуллоҳи алайҳ шаҳарларни яхши кўриш ва Ватанга ошиқиш ҳақида қимматли бир рисола битган. Унда қуйидагиларни ўқиш мумкин:“Аъробийлар (тўпори инсонлар)нинг қақраб ётган қишлоқларига, фақирона (ҳаёт кечирадиган) ерларига, (юртининг) қаттиқ тошларига ҳамда хавфли шамол эсадиган (иқлими соғлиққа зарар) жойларига ошиқишига гувоҳ бўласиз”.

Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг карами (кенглиги) ва ботини покизалигига Ватанига ошиқиши, эски дўстларига бўлган муҳаббати ҳамда (бефойда) ўтган вақтига йиғлаши далолат қилади.

Ғурбат хорликни, хорлик эса йўқчиликни келтирур.

Юқоридаги ҳикматдан бобомиз Мирзо Бобур раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш” мисралари ёдимизга тушади.

Шукр келтириш ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси 7 – оят).

Улуғлар ҳаётидан мисол келтирсак, Ибн Абулҳаварий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кўпинча Фузайл ибн Иёз билан Суфён ибн Уяйна Аллоҳ таолонинг берган неъматларини санаб тонг оттирар эдилар”, деган.

Яратганнинг берган неъматларини санаб, эътироф қилишиб ва мана шу неъматлар қадрини, самарасини амалий ҳаётда кўрсатиб яшашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Жаннатмакон ватанда мусаффо осмон остида яшаш бахтини берган Аллоҳ таолога канча шукрона келтирсак хам оз.

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди

имом – хатиби: Равшанбек Ўринбоев

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *