РЎЗАНИНГ ФАРЗ ҚИЛИНИШИ

رمضان-شهرРамазон рўзаси Китоб, суннат ва уммат ижмоъсидан иборат қатъий далиллар билан мусулмонларга фарз қилинган. Рўзанинг фарзиятини инкор этиш иймонга футур етказади ва кишини Ислом доирасидан чиқариб ташлайди.

Рамазон рўзаси Исломнинг Мадина даврида фарз қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон рўзаси фарз қилинишидан олдин ҳар ойда уч кун ва Ошуро куни рўза тутар эдилар. Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларидан бир йил ўтиб, иккинчи йилнинг ярмида “Бадр” жанггидан олдинроқ Исломнинг беш рукнидан бири – рўза ибодати мусулмонларга фарз қилинди. Яъни Аллоҳ таоло қуйидаги ҳукмини нозил қилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ * أَيَّاماً مَّعْدُودَاتٍ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَن تَطَوَّعَ خَيْراً فَهُوَ خَيْرٌ لَّهُ وَأَن تَصُومُواْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ * شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз. * Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир. Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз”. (Бақара сураси 183-185 оятлар. Тафсири Ҳилол).

Ояти кариманинг умуий мазмуни шуки, рўза ибодати Одам алайҳиссаломдан то бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган барча умматларга фарз бўлган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, намоз ҳам рўза ҳам уч мартадан ўзгарган. Рўзанинг ўзгаришлари қуйидагича бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада ҳар ой уч кун ва Ошуро куни рўза тутар эдилар. Кейин Аллоҳ таоло:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ * أَيَّاماً مَّعْدُودَاتٍ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ

“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз. * Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир.” – оятини нозил қилди. Бу ҳукм нозил бўлгач, (аввалги ҳар ойда уч кун ва Ошуро куни рўзаси ихтиёрийга ўзгарди ва ўрнига маълум саноқли кунлар, яъни рамазон ойида бир ой рўза тутиш фарз бўлди) хоҳлаган рўза тутар, хоҳлаган бир мискинга таом берарди ва шу билан зиммасидаги фарз соқит бўларди. Кейин Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”.

Бу оятлар билан Аллоҳ таоло соғлом муқим мусулмонларга Рамазон рўзасини тўлиқ тутишни фарз қилди. Касал ва мусофирларга эса бошқа кунларда тутиб беришга рухсат берди. Рўзанинг ўрнига бир мискинга фидя бериш ҳукмини эса фақат ёши катта қарияларга қолдирди, ёшлардан бекор қилди. Бу рўзадаги иккки ўзгариш эди… (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Ҳоким, Байҳақийлар ривояти. Қаранг: ад-Дурр ул-мансур фит-тафсир бил-маъсур. 2 – Ж. 172 –Б. Имом Суютий.)

Рўза ибодатининг фарзиятини исбот этувчи далилларга суннатдан қуйидаги ҳадисни мисол қилиш мумкин: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади, Ул зот дедилар:

بني الإسلام على خمس : شهادة أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله ، وإقام الصلاة ، وإيتاء الزكاة ، وحج البيت ، وصوم رمضان

“Ислом беш нарса устига бино қилинди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг расули; Намозни барпо қилмоқ; Закот бермоқ; Ҳаж қилмоқ ва Рамазон рўзаси.” (Бухорий /8).

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Рамазони ойининг рўзаси Ислом биносининг муҳим пойдеворларидан бири бўлиб, мусулмонларга фарздир. Унинг фарзлигини инкор этган киши мусулмон ҳисобланмайди.

Рўзанинг фарзлигига уммат ижмоъси ҳам собит бўлган. Саҳоба ва тобеинлардан иборат салафи солиҳлар бировоздан ижмоъ қилдиларки, Рамазон ойининг рўзаси мусулмонларга фарздир ва у Ислом арконларидан биридир. (Раҳматул-умма фи ихтилаф ил-аимма. 88 –Б. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Димашқий).

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *