РЎЗАГА ТААЛЛУҚЛИ ШАРЪИЙ ҲУКМЛАР

947x500-11UJMРўзанинг вожиб бўлиши учун шартлар

Рўза ибодати зиммага вожиб бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак бўлади:

Ислом. Рамазон рўзаси фақат мусулмонларга вожиб. Чунки Исломий хитоб фақат ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонларга тааллуқли холос. Ислом шариатига эътиқод қилмайдиган кофирларга Ислом шариатида жорий қонун ва хитобларнинг алоқаси йўқ.

Ақл. Рамазон рўзаси ақлан соғлом одамга вожиб. Шаръан мукаллаф бўлиш учун кишига соғлом ақл ҳам шартдир. Ислом шариати ақл-хуши жойида бўлмаган, руҳан носоғлом кишиларга ҳеч қандай ибодатни юкламайди.

Соғлик. Рўза тутмоқчи бўлган одам жисмонан соғлом ва яроқли бўлиши керак. Бемор, рўзага яроқсиз кишига Рамазон рўзаси вожиб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:

فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ

Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. (Бақара сураси /184).

Очлик зарар бериши мумкин бўлган беморлар то тузалгунча рўза тутмасликка рухсат шаръан берилади. Яъни уларга айнан Рамазон ойининг ўзида рўза тутиш вожиб бўлмайди. Шунингдек, эмизикли аёлларга ҳам рўза тутмасликка рухсат берилади. Аммо булар ўз ихтиёрлари билан рўза тутсалар, фарзни бажарган ҳисобланишади.

Иқомат. Яъни киши ўз ватанида муқим бўлиши ҳам унинг зиммасига Рамазон рўзасининг вожиб бўлиши учун шарт ҳисобланади. Мусофирларга Рамазон рўзасини тутиш вожиб эмас, балки ихтиёрийдир. Бунинг далили ҳам юқоридаги оятда зикр қилинди. Шариатимиз мусофирларга Рамазон рўзасини ўз вақтида тутишни вожиб қилиб юкламасада, лекин баъзи уламоларга кўра, мусофирлар ҳам рўзани ўз вақтида тутишлари афзал деган.

Рўзанинг саҳиҳ бўлиши учун шартлар

Рамазон рўзасини ният билан адо қилишга кришилганда унинг шаръан саҳиҳ ҳолда охирига етиши учун учта нарса шарт бўлади:

НиятНият рўзанинг сиҳҳати учун асосий шартлардан бири бўлиб, у билан ибодат одатдан ажраб туради.

Рўзанинг сиҳҳатига зид келувчи ҳайз ва нифос каби ҳолатлардан ҳоли бўлишлик. Ҳайз ва нифосли аёлларга Рамазон ойининг рўзасини ўз вақтида тутиш вожиб бўлмасада, ҳайзидан пок бўлганда қолдирилган кунлар рўзасини тутиб беришлари фарз бўлади. Вожиб рўза тутаётган аёл, муддат тамомига етгунига қадар орада ҳайзли бўлиб қолса, ҳайздан пок бўлгунга қадар рўза тутмайди, қолдирилган рўзани пок бўлган вақтида тутиб беради.

Рўзани бузадиган ишлардан ҳоли бўлишлик.

Рўзанинг рукни

Рўза ибодатининг энг асосий рукни бу шаръий имсок. Яъни, рўзадор тонг саҳардан то қуёш ботгунича ўзини ейиш, ичиш, шаҳвоний истагини қондириш ва рўзани бузадиган бошқа ишлардан тийиб туриши.

Рўзанинг ниятига доир масалалар

Ният бошқа барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам дуруст бўлиш шартларидан (балки уларнинг асосийларидан) бири ҳисобланади. Зеро, шу билан одатлар ибодатларга айланади. Рўзага ният қилиш қалбни шу нарсага жазм қилишидан иборат. Аммо, машойихларимиз уни қалбга тугиш билан бир қаторда талаффуз қилишни ҳам хуш кўриб, мустаҳаб санаганлар.

Рўзанинг нияти рўзанинг иш бериши учун ўша ниятда бардавом қолиш шарт қилинади. Агар тунда эртага рўза тутиш нияти билан ётиб, фажр киришидан олдин масалан, ниятидан қайтса, рўзадор ҳисобланмайди. Аммо, ният қилиб олиш дуруст бўлган маҳалгача (наҳори шаръий — шаръий кундузнинг биринчи ярмидан олдин) яна рўза ниятига қайтса, рўзаси дуруст бўлади.

“Шаръий кундуз”нинг биринчи ярмидан олдин қилинган ният билан Рамазон рўзасининг вақтийсини ҳам қазосини ҳам тутиш саҳиҳ бўлади. “Шаръий кундуз” деганда бомдод вақтидан қуёш ботгунгача бўлган вақт оралиғи тушунилади. Унинг ярми эса “الضحوة الكبرى” “аз-зоҳвату-л-кубро” (катта чошгоҳ) вақти кирганда бўлади. Бу эса пешин вақти киришидан тақрибан бир соат олдинги вақт ҳисобланади. Мисол учун, дейликки, пешин соат 12:30 да кирса “катта чошгоҳ” 11:30 да киради. Демак, наҳори шаръийнинг ярми соат 11:30 ларда кирган бўлади.

(Наҳори шаръий деб қайдланишининг сабаби “наҳори луғавий” ҳам борлиги учундир. Наҳори луғавий урфдаги кундуз бўлиб, у тонг ёришгандан шомгача давом этадиган вақтга нисбатан айтилади).

Мана шу вақт киргунча ният қилиб олса, нияти дуруст бўлади. Фақат, ниятда рўзани “фажрдан бошлаб” дея ният қилиши шарт. Шунинг учун ҳам уламоларимиз томонидан таклиф қилинган талаффузли ният матнларида “минал-фажри илал-мағриб” деган жойи бежиз эмас. Шу билан бир қаторда катта чошгоҳ киргунча қилинган ният дуруст бўлиши учун бу вақтга қадар хоҳ унутиб, хоҳ унутмай еб-ичиш, жимоъ қилиш каби рўзага хилоф бўлган ишлар содир бўлмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда рўзаси дуруст бўлмайди (ал-Фатааваа ал-ҳиндийя).

Агар рўзага ният қилганда (фажрдан эмас балки) «ният қилган вақтимдан бошлаб» деб ният қилса ва шу ниятни қилаётганда фажр вақти аллақачон кириб бўлган бўлса, рўзаси рўза бўлмайди.

Рамазон рўзасини нафл нияти билан ҳам, (рўза тутишни ният қилдим каби) мутлақ ният билан ҳам тутиш мумкин, шунингдек, бошқа бир вожиб рўза нияти билан тутса ҳам Рамазон рўзасидан ўтаверади. Аммо мусофир ва касаллар бошқа вожиб ниятида Рамазон рўзасини тута олмайдилар. Рамазони шариф ойининг аввалида «шу ой рўза тутаман», деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиздир. Ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам рўзаси дуруст бўлаверади. (Мухтасар виқоя).

Рамазонда саҳарлик қилишнинг ўзи ҳам ният ҳисобланади. Чунки, саҳарлик қилиб, эртасига шомгача нарса емай юрадиган мусулмон одамнинг рўзага ният қилмаслиги амри маҳол нарса. Ундан ташқари, ният қалбда бирор амалга нисбатан жазм пайдо бўлишидир. Унинг ёнига амал ҳам қўшилса ният амалга ошган бўлади.

Амални Аллоҳнинг изну иродасига ҳавола қилиш яъни «иншоаллоҳ» сўзи билан ният йўққа чиқиб қолмайди. Масалан, тунда «эртага иншоаллоҳ рўза тутаман» деса, нияти дуруст бўлаверади. Чунки, мусулмон киши бу сўз билан ҳақиқий маънодаги истиснони эмас, балки, Аллоҳдан тавфиқ ва ёрдам сўрашни қасд қилади (Мароқил-фалааҳ).

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим иккинчи босқич талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *