Таровеҳ намозининг ҳукми ва унинг фазилатлари (2-қисм)

Lotin alifbosida

002. Taroveh

 Ҳазрати Умарнинг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни қайта ташкил қилганлари

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида жамоат бўлиб ўқилмай қолган таровеҳ намози Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида ҳам жамоат бўлиб ўқилмади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалигининг аввалги йилларида ҳам ҳеч ким буни ўзгартиришга журъат қилолмади. Ҳазрати Умар масжиднинг ҳар ер-ҳар ерида беш-олтита одам ўзларича жамоат бўлиб таровеҳ ўқиётганларини кўрар, уларнинг имомларининг қироатини ёқтирмас ва: “Уларнинг Қуръонни қўшиқ қилиб юбораётганлигини кўрмоқдаман, Аллоҳга қасамки, агар қодир бўлолсам, уларни ўзгартираман!”, деб юрар эдилар (Имом Бухорий “Халқ афъол ал-ибод”да, шунингдек “Асор ас-сунан”да саҳиҳ иснод ила нақл қилинган).

Кейинги воқеалар Абдурраҳмон ибн Абдулқори ҳикоя қилганидек бўлди:

Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссаломнинг халифаси Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу, халифаликларининг иккинчи йилида, яъни ҳижратнинг 14-йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқиётган эканлар. Ҳазрати Умар: “Буларни бир қорининг орқасига жамъласам, яхши бўлар экан”, деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъбнинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиганларини кўриб:

نعمت البدعة هذه! والتى ينامون عنها أفضل من التى يقومون

 

“Бу қандай ҳам ажойиб бидъат бўлди!  Таровеҳдан ухлаганлари турганларидан афзалроқ!”, деб одамларнинг таровеҳни кечанинг аввалида ўқиганидан кўра охирида ўқиганини афзаллигин баён қилдилар.

Мазкур ҳадиси шарифни Бухорий (“Таровеҳ” 1), Молик (“Китоби рамазон” 3) ривоят қилганлар. Шунингдек, уни Ибн Аби Шайба ва ал-Фарёбий ҳам ривоят қилган.

Лекин, уламоларимиз кечанинг охирида ўқийман деб ухлаб қолишнинг хавфи бўлгани учун таровеҳни одамлар билан кечанинг аввалида жамоат бўлиб ўқиб олишнинг яхшироқлигини айтадилар. Ибн Қудоманинг айтишига қараганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “Таровеҳни кечанинг охиригача кечиктирасизми?” дейилганда, ул зот: “Йўқ! Чунки, менга мусулмонларнинг суннати яхшироқдир!”, деган экан.

Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қолдирмасдан ўқиб келмоқдалар.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йўқ эканлар. Бир куни масжидга келсалар, масжидда қандиллар осилган, ҳаммаёқ чароғон, одамлар жамоат бўлиб таровеҳ ўқишмоқда. Буни кўриб Ҳазрати Али: “Масжидларимизни нурга тўлдирганидек, Аллоҳ Умарнинг жойини нурга тўлдирсин!” дея дуои хайр қилган эканлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *