ЗАКОТГА ҲАҚДОРЛАР 1-қисм

029Аллоҳ таоло Қуръони каримда закотга ҳақдор синфни қуйидаги оят билан белгилаб берган:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاء وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлидагиларга ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Тавба сураси / 60. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол).

Ояти каримадаги “садақалар” сўзидан “закот” кўзда тутилган. Жамиятда бойларнинг закотини ҳамма ҳам олишга ҳақли эмас. Балки шу оятда белгиланган саккиз синф вакиллари ҳақдор холос. Буларни фуқаҳолар тилида  “масриф аз-закот” деб айтилади.

1-) Фақир. Фуқаҳолар таърифига кўра, маълум миқдорда маблағи бор аммо  умумий мулки нисоб миқдорига етмаган кишилар шариатда том маънода фақир деб айтилади ва улар закотга тўлақонли ҳақдордир.

Жамиятда шундай кишилар бор, уларнинг қиймати нисоб миқдорига етар даражада мулки бор-у аммо мулкида ўсиш йўқ. Улар мажозан фақир маъносида бўлади ва закот олишга ҳақли саналади.

“Мулкнинг ўсиши” деганда унинг тилла, кумуш ё нақд пул бўлиши, ёки тижорат ниятида сотиб олинган нарсалар бўлиши, ёки йилнинг ярмидан кўпроқ қисмида яйловда боқилиши тушунилади.

2-) Мискин. Ҳеч вақоси йўқ ғирт қашшоқ одамга шариатда “мискин” деб айтилади. Мискиннинг иқтисодий аҳволи фақирникидан ҳам баттар бўлади. Салафи солиҳларнинг оммаси шундай таъриф берган.

3-) Садақа ишида ишловчилар. Бойларнинг закотидан олишга шаръан ҳақдор саккиз синфнинг яна бири бу закот ишида ишловчи ходимлардир. Яъни, бойларнинг закотини йиғиб, ҳақдор кишиларни топиб уларга топширувчи ходимлар. Булар агарча бой бўлса ҳам қилган меҳнатига яраша инсоф билан йиғилган закот молидан олишга шаръан ҳақлари бор. Ходим  йиғилган закот маблағининг ярмидан кўпини ўзига олиб қолиши яхши эмас. Кўпи билан ярмигача олади. Агар закот йиғиш ишига масъул шахс ҳошимий яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми қариндошларидан бўлса (маҳаллий тилимизда тўралар, саййидлар, хўжалар) закот маблағидан меҳнатининг эвазига ҳам олиши мумкин эмас. Чунки ҳошимийларга закот молидан ейиш ман этилган.

4-) Кўнгилларини улфат қилинадиганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида кўнглини ислом динига мойил қилиш учун, ёки исломда собит ушлаб туриш учун, ёки исломга зарари етмасин деган мақсадда баъзи кофир ва иймони заиф мусулмонларга ҳам закотга йиғилган маблағдан берилган. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврига келиб бу тоифа вакиллари закотдан маҳрум этилган. Чунки у даврда мусулмонлар оёққа туриб олган ва “кўнгилларини улфат қилинадиганлар”нинг улфатчилигига эҳтиёж қолмаган эди.

Мавлоно Мулла Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳнинг “Фатҳу боб ал-иноя” ва имом Соғиржий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ” асарлари асосида тайёрланди. Ботиржон қори ва

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *