ЗАКОТГА ҲАҚДОРЛАР 2-қисм

029Аввалги мақоламизда закот олишга шаръан ҳақли саккиз тоифанинг тўрттаси билан танишган эдик. Бу қисмда қолган тўрт қисмни ўрганиб чиқамиз:

5-) Қуллар. Закотга ҳақдор саккиз синфдан бешинчиси озод бўлиш ҳаракатида юрган мукотаб қуллардир. Яъни мукотоб мақомини олган қуллар. Уларга озод бўлиши учун етарли маблағни жамғаришида закот молидан берилади. Бугунги жамиятимизда бу синф умуман топилмайди. Чунки ер юзида қулдорлик тузуми тугатилган.

6-) Қарздор. Қарзи бор киши ҳам бойларнинг закотини олишга ҳақли. Аммо қарздорларнинг ҳаммаси ҳам закот олавермайди. Қарзига йўналтирилган маблағдан ортиқча ўзига тегишли маблағи нисоб миқдорига етса, бу ҳолатда у закот олишга ҳақли эмас. Чунки у шаръан бой ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бойларга закот ҳалол эмас” деганлар.

7-) Аллоҳнинг йўлидагилар. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг йўлида ҳарбий юришга бел боғлаган фақирларни “Аллоҳнинг йўлидагилар” деб таърифлаган. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса ҳаж (ва умра) зиёратига боришга улови йўқларни назарда тутган.

“Аллоҳнинг йўлидагилар”ни талабалар деб таърифлаганлар ҳам бўлган. “Шаранбалолий”да шу фикр илгари сурилган.

Имом Соғиржий раҳимаҳуллоҳ “Бадойеъ”дан нақл қилиб айтади: “Аллоҳнинг йўлидагилар” деганда ўзини мусулмонлар учун фойда келтирадиган хайрли ишларга ўзини бағишлаган ҳар қандай инсон тушунилади. Толиби илмлар ҳақида яна шундай деган: “Агар бутун вақтини илм олишга сарфлаган бўлса, улар гарчи бой бўлса ҳам закот олиши мумкин”. Лекин, аллома Таҳтавий ва шайх ибн Обидин бу фикрга раддия билдирган. Чунки умумий тарзда бойларнинг закот олиши ҳаром. Шундай экан илм ва ижод аҳли ҳам бой бўлса закот молидан ейишга ҳақли бўла олмайдилар.

😎 Йўл ўғли. Ўз Ватанида нисоб миқдорига етарли бойлиги бор аммо, айни дамда қўлида маблағи йўқ мусофирлар том маънодаги “йўл ўғли” деб таърифланган. Демак мусофир йўлда пулсиз қийналиб қолган бўлса, унга манзилига етиб олишига етарли миқдорда закот бериш мумкин.

Энди шундай кишилар борки, ўз ватанида муқим. Аммо уларнинг пуллари бошқаларда. Улар зоҳиран бой бўлсада айни ҳолатида барибир пулга муҳтож кишилардир. Булар закотга ҳақдор саккиз тоифанинг “йўл ўғли” деган синфига мажозан мансуб бўлишади ва эҳтиёжларига яраша закот молидан олишга ҳақли ҳисобланадилар. Мажозий “йўл ўғли” эҳтиёжини закот моли ҳисобига қондиргандан кўра, бировдан қарз олиб иш битирганлари афзал ҳисобланади.

Мавлоно Мулла Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳнинг “Фатҳу боб ал-иноя” ва имом Соғиржий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ” асарлари асосида тайёрланди. Ботиржон қори ва

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *