Фиқҳий қоидалар (2-қисм)

Lotin alifbosada

المشقة تجلب التيسير

  • «Машаққат осонликни жалб қилади!».

Шариатда осонликни жалб қилиш мумкин бўлган ўринларда осонлик қабул қилинади. Бироқ, асли машаққатли бўлган амалларда осонлик жалб қилинмайди. Мисоллар: 1)Сафарда рўза тутилмайди, тўрт ракъатли фарзлар икки ракъатдан қилиб ўқилади. 2)Табибнинг бегона аёлга ёки уят жойларига қараши мумкин бўлади. 3)Яқин қариндошлар узоқ сафарда бўлсалар, узоқ қариндошлар тенги топилган қизни узатиб юборишлари жоиз.

اذا ضاق الأمر إتّسع

  • «Қачон иш тор келса, кенгайтирилади!».

Мисоллар: 1)Ўғри ва фисқу фасод тарқатувчиларга уларнинг ёмонлигини даф қилиш, уларни йўқ қилиш мақсадида имкон даражасида қарши курашилади. 2)Камбағални ундан пул олишда бойигунча кутиб турилади (Банкротга учраган одамдан катта миқдордаги қарзини қайтаришга мажбур қилинмайди).

لا ضَرَر و لا ضِرار

  • «Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қилиш ҳам йўқ!».

Мисоллар: 1)Одамларнинг молларини асраш мақсадида ўғрилар тутиб қамалади. 2)Ёмон қўшнининг зараридан сақланиш мақсадида шуфъа ҳаққи жорий қилинади. 3)Бирор нарсани босқинчилик қилиб тортиб олинса, унга жавобан ўзбошимчалик билан босқинчининг нарсаси зўрлик билан тортиб олинмайди.

الضرر يزال

  • «Зарар кетказилади!».

Мисоллар: 1)Бирор таомни бир шаҳарда қарз олинса-ю, бошқа шаҳарда қарз қайтарилганда, у ерда таом қиммат бўлса, қарз берилган шаҳардаги қийматга кўра қарз тўланади. 2)Биров алданиб қолиб, зарар кўрса, уни алдовчидан ундириб олинади.

الضرورات تبيح المحظورات

  • «Заруратлар таъқиқланганларни мубоҳ қилади!«.

Мисоллар: 1)Ейишга бошқа нарса топилмай қолса, чўчқа гўштини ейиш мумкин. 2)Маййит кафансиз кўмилган бўлса, қабрдан кавлаб олинмайди. 3)Мажбур қилинганда, бировнинг молини ҳалокатга учратиш мумкин.

الضرورات تقدر بقدرها

  • «Заруратлар ўз миқдорига қараб ўлчанади!».

Мисолар: 1)Ейишга бошқа нарса топилмай қолганида, ҳалолни топишга имкон бўлгунча миқдорда ҳаромни истеъмол қилиш мумкин. 2)Табиб касалнинг уят жойларига зарурат миқдорида, фақат керакли ўринларига қараши мумкин. 3)Фақат аёллар кўриши мумкин бўлган ўринларда уларнинг биттаси ёки иккитасининг гувоҳлиги инобатга ўтаверади.

ما جاز لعذر بطل بزواله

  • «Узр билан жоиз бўлган нарса унинг кетиши билан бекор қилинади!».

Узр сабабли жоиз бўлиб турган нарса узр кетиши ила яна ножоизга айланади. Мисоллар: 1)Хотинига яқинлашмайман, деб қасам ичган кимса қасамини бузиш учун унга яқинлашмоқчи бўлганида касал бўлиб қолса, гап билан қасамини бузганини айтса жоиз бўлади. Агар қасамда тилга олинган яқинлик қилмаслик муддатидан олдин тузалса, жинсий алоқа билангина қасамини бузиш шарт қилинади.

اذا زال المانع عاد الممنوع

  • «Қачон манъ қилувчи кетса, манъ қилинган қайтиб келади!».

Агар бирор нарсага монеълик қилиб турган нарса кетса, ўша манъ қилиниб турган нарса қайтади. Мисоллар: 1)Совға қилинган нарсага бирор муттасил бўладиган нарса қўшилса, совғани қайтариб олиб бўлмайди. Агар ўша қўшилган нарса йўқолса, совғани қайтариб олиш мумкин бўлади. 2)Ижарага олинган ҳовли бузилса, бузилгандан кейинги муддат учун ижара пулини тўлаш лозим эмас. Бироқ, ҳовли ижара муддати ичида янгидан қурилса, ижара ўз кучида қолаверади. 3)Хотин уришиб, ўз айби билан уйдан чиқиб кетса, эри унга нафақа бериши лозим эмас. Бироқ, хотин айбини тан олиб, қайтиб келса, эрга хотинининг нафақаси вожиб бўлади.

الضرر لا يُزال بمثله

  • «Зарар ўзининг ўхшаши билан кетказилмайди!».

Зарар ўзига ўхшаш зарар билан ҳам, ўзидан кучлироқ зарар билан ҳам кетказилмайди. Зарарни кичикроқ, нисбатан кучсизроқ зарар билан даф қилиниши мумкин. Мисоллар: 3)Ҳомиладор аёл туғишга қийналса, туға олмаётган бўлса, бола она қорнида қимирлаб, тириклиги маълум бўлиб турса, болани ўлдириб, қиймалаб чиқариб олиш ман қилинади. Чунки, она бу билан туғолмай ўлиб қолиши мавҳум гап. 2)Харидор сотиб олган нарсада эски айбни топди. Шунда харидор молни қайтариб бериб, пулини олиши мумкин ёки пулдан айб миқдорича камайтириб олиши мумкин.

يتحمل الضرر الخاص لدفع الضرر العام

  • «Умумий зарарни даф қилиш хусусий зарарнинг зиммасига тушади!».

Мисоллар: 1)Темирчи устахонасини газмол сотувчилар растаси орасига қуришга рухсат этилмайди. 2)Дарё ёки катта анҳор ёки катта йўлларни бировнинг мулки орасидан ўтказиш мумкин бўлади. 3)Ёнғин ҳамма жойга ўтиб кетмаслиги учун қўшни, ҳамсоянинг ери ёки мулки бузилиши мумкин.

الضرر الأشدّ يُزال بالضرر الأخف

  • «Кучли зарар енгил зарар билан кетказилади!».

Мисоллар: 1)Ота-оналар ва фарзандлар нафақаси бадавлат ўғиллар ва оталарнинг молидан берилади. 2)Зиммасига нафақа вожиб бўлган кимса нафақа тўлашдан бош тортса, уни ҳибс қилиш ва бунга зўрлаш мумкин бўлади. 3)Ижарадор ерга бирор дарахт ўтқазса, ижара муддати тугагандан сўнг дарахтни қўпориб олиш буюрилади, агар бу ерга зарар етказадиган бўлса, ер эгасига дарахтни сотиб олиши мажбур қилинади.

اذا تعارض مفسدتان روعى أعظمهما ضررًا بارتكاب أخفهما

  • «Қачон икки фисқу фасод ўзаро тўқнашса, енгилроғини қилиш билан икковидан зарари каттароғига риоя қилинади!».

Икки ёмон нарса бирга келса, зарари кучсизроғини қилишга мажбур бўлинса ҳам зарари кучлироғини кетказишга ҳаракат қилинади. Мисоллар: 1)Азон айтиш, имоматчилик қилиш, Қуръон таълим беришга маош олиш мумкин бўлади. 2)Золим подшоҳга қарши чиқишда жуда катта зарарлар бўлгани боис унга итоат қилиб турилади. 3)Ўлган аёлнинг қорнида тирик боласи қолгани маълум бўлса, қорнини ёриб тирик бола қутқазилади.

يُختار أهون الشرّين

  • «Икки ёмон нарсадан енгил-осонроғи танланади!».

Икки ёмон ишдан бирини танлашга мажбур бўлиб қолинса, улардан енгилроғи ва осонроғи қабул қилинади.

درء المفاسد أولى من جلب المصالح

  • «Бузуқликни қайтариш яхшиликни чақиришдан авлодир!».

Мисоллар: 1)Қаватларда турувчиларга бир-бирига зарар келтиришларига йўл қўйилмайди, гарчи ўша иш зарар келтирувчига фойдали бўлса ҳам. 2)Тегирмон ёки тутун қўшниларга зарар етказадиган бўлса, ҳамсояга ўз ерида тегирмон қуриб олиши ёки катта ошхона ёки тандир қуриб олишга рухсат берилмайди. 3) Сассиғи бутун маҳаллани галлаб оладиган бўлса, жўжа боқишга рухсат берилмайди. 4)Иккита бир-бирови билан урушган мусулмонларни яраштириш учун ёлғон сўз ишлатишга рухсат берилади.

الضرر يُدفع بقدر الإمكان

  • «Зарар имкони борича дафъ қилинади!«.

Зарарнинг ҳаммасини кетказишнинг иложи бўлса, ҳаммаси кетказилади. Агар бунинг имкони бўлмаса, иложи борича кетказишга ҳаракат қилинади. Мисоллар: 1)Агар ўлдирилган кимсанинг яқин қариндошларидан бирлари қасос олмасдан қотилни авф қилса, қотилдан хунпули тўлатиб уни ўлимдан сақлаб қолинади.

الحاجة تنزّل منزلة الضرورة عامّة كانت او خاصّة

  • «Эҳтиёж хоҳ умумий бўлсин, хоҳ махсус бўлсин зарурат ўрнига туширилади!».

Мисоллар: 1)Ижарага одамларнинг ҳожатлари ва эҳтиёжлари бўлгани боис жоиз ҳисобланади. 2)Ҳунармандлар ҳали ишламаган нарсалари учун ҳақ олишларига рухсат берилади. Чунки, одамларнинг ҳунармандларнинг ишларига кучли эҳтиёжлари бор. 3)Бировнинг ҳали ўлиш-ўлмаслиги номаълум бўлса ҳам васият қилиши ва бу васият инобатга олиниши мумкин.

الإضطرار لا يُبطل حق الغير

  • «Мажбурият бошқанинг ҳаққини йўққа чиқара олмайди!».

Хоҳ табиий, хоҳ нотабиий мажбурият бировнинг ҳаққини йўқ қила олмайди. Мисоллар: 1)Очликни даф қилиш учун бировнинг молидан олиб ейиш мумкин, бироқ, кейинчалик ўшанинг ҳаққи тўлиқ қопланиб берилади. 2)Ижарага экин экилса-ю, ижара муддати тугаганида экин пишиб етилмаган бўлса, то ҳосил йиғиб-териб олингунча экинга тегилмайди. Лекин муддат узайгани боис шу муддат учун ер эгасига ижара ҳаққи тўланади. 3)Бола эмизувчи доянинг шартнома муддати тугаса-ю, бола ҳали таом емайдиган ва доясидан бошқа бировни эммайдиган бўлса, ўша доя яна эмизиб туришга мажбур қилинади. Лекин унинг иш ҳаққи берилади.

ما حرم أخذه حرم إعطاؤه

  • «Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаром бўлади!».

Мисоллар: 1)Пора олиш ҳаром бўлгани каби уни бериш ҳам ҳаром бўлади. 2)Фолбинга, қўшиқчига, қўшмачига топгани гуноҳ бўлгани каби уларга пул бериш ҳам ҳаром бўлади.

ما حرم فعله حرم طلبه

  • «Қилиш ҳаром бўлган нарсани талаб қилиш ҳам ҳаром бўлади!».

Ҳатто ҳаром ёки макруҳга сукут қилиш ҳаром ва макруҳ бўлгани каби қилиш ҳаром ёки макруҳ бўлган нарсани талаб қилиш ҳам ҳаром ёки макруҳ бўлади. Мисоллар: 1)Пора бериш ҳаром бўлгани боис «Пора бер!» деб талаб қилиш ҳам ҳаромдир. 2)Ўғирлик ҳаром бўлгани учун бировдан ўғирликни талаб қилиш ҳам ҳаром бўлади.

العادة مُحَكّمة

  • «Одат ҳакам қилингандир!».

Умумий ёки хос одатлар бирорта шаръий ҳукмни исботлаш мақсадида, қачонки хилофига далил бўлмаса, ҳакам қилиниши мумкин. Мисоллар: 1)Бузилиб кетиш хавфи бўлгани боис боғбон дарахт остига тушган меваларни боғ эгаси рухсатисиз сотиб юбориши мумкин. 2)Бозорда тарозида ўлчаб сотиладиган нарсалар шаръий муомалаларда ҳам оғирлик ўлчови деб эътиборга олинаверади. 3) Қасам ичувчи одатдаги нарсаларга қараб қасам ичса, ноодатий ишни қилгани учун қасами бузилмайди.

استعمال الناس حجّة يجب العمل بها

  • «Одамларнинг ишлатиши амал қилиш вожиб бўладиган ҳужжатдир!».

Одамларнинг бирор нарсани кўп ишлатишлари, уларнинг таомули амал қилиш лозим бўладиган ҳужжат ва далил ҳисобланади. Амалиётда жорий бўлиб келган урф-одат шаръий ҳукм сифатида инобатга олиниши даркор.

المُمْتنِع عادة كالمُمْتنِع حقيقة

  • «Одатда имконсиз бўлган нарса ҳақиқатда ҳам имконсиз каби ҳисобланади!».

Мисоллар: 1)Камбағаллиги билан танилган кимса бировда жудда катта маблағи борлигини даъво қилса, даъвосига қулоқ тутилмайди. 2)Мутавалли ёки васий вақфга ёки етимга ўзининг катта маблағдаги молини сарфлаганини айтса, даъвоси инобатга олинмайди.

لا ينكر تغيّر الأحكام بتغيّر الأزمان

  • «Замон ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгариши инкор қилинмайди!».

Мисоллар: 1)Адолат нодир бўлиб қолган замонда гувоҳликка одамларнинг ичида энг оз гуноҳ қилувчиси танланади. 2)Сиёсат учун ҳар хил жарима турлари ишлаб чиқилиши, қамоқхоналар барпо этилиши мумкин.

الحقيقة تترك بدلالة العادة

  • «Урф-одат далолати сабабли ҳақиқат тарк қилинади!».

Мисоллар: 1)»Бош емайман!» деб қасам ичган одам чумчуқ бошини еса, қасами бузилмайди. Чунки, одатда чумчуқ боши ейилмайди ва гўшт бозорларида сотилмайди. 2)»Фалон жойга қадам босмайман!» деса, ўша ерга оёқлари қадамини босмасдан кириб борса ҳам қасами бузилади. Чунки, одатда бу сўз айнан қадам босиш маъносида эмас, балки келиш ва кириш маъносида ишлатилади.

انما تعتبر العادة اذا اطردت او غلبت

  • «Одат қачон доимий бўлса ёки ғалаба қилса, албатта эътиборга олинади!».

Урф-одатлар доимий ва изчил бўлса ёки бошқа ишлардан кўра у ғолиб ва кучли бўлса, шаръан ҳам эътиборга олиниши мумкин! Агар бир неча одатлар тенг бўлса ёки кучсиз одатлар бўлса, эътиборга олинмайди. Мисоллар: 1)Савдода нарх-наво шу юртда ҳукмрон бўлган ва доимий истеъмолда бўлган, ривож топган пул билан белгиланади. Масалан, савдо “минг”га келишилган бўлса, у ўзбек бозорларида сўмга келишилган, деб эътиборга олинади, “доллар” назарда тутилган эди, дейилмайди. Агар бир неча пулнинг ишлатилиши тенг бўлса, савдода уларнинг қайси эътиборга олинаётгани аниқ белгиланиши керак, акс ҳолда савдо бузилади.

العبرة للغالب الشائع لا للنادر

  • «Эътибор ғолиб, кенг тарқалганига бўлади, нодирга эмас!».

Бирор нарса кенг тарқалган ва аксар ҳолларда бўладиган бўлса, уни шаръан эътиборга олиш мақбул ҳисобланади. Унинг айрим ҳолларда бўлмай қолиши эътиборга олинмайди. Мисоллар: 1)Бугунги кунда қозиларга ишончсизлик кучли бўлгани боис қози ишни ўзи билганига қараб ҳукм чиқармайди, балки аниқ маълумотлар ва гувоҳларга кўра иш юритади. 2)Ҳайздан кесилиш эллик беш ёш деб белгиланади, чунки аксар аёллар бу ёшга келиб ҳайз кўришдан тўхтайдилар. 3)Бугунги кунда имоматчилик, диний таълим ишларини маош олмасдан холис адо қилиш жуда камайиб кетгани боис буларга ҳақ олишни жоиз деб фатво берилади.

المعروف عرفا كالمشروط شرطا

  • «Урф ҳолида танилган шарт ҳолида шартлашилган кабидир!».

Мисоллар: 1)Агар савдога (масалан, от савдосида) эгар ёки арқон ҳам киргани борасида сотувчи билан харидор тортишиб қолса, урфга қаралади. 2)Ҳунармандга бир муддат шогирд тушганидан сўнг ота-она билан уста таълим ҳаққи борасида келишмай қолсалар, урфга қаралади. 3)Ҳаммол юкни уловга юклаб бериши ёки уйга киритиб қўйиши борасида юк эгаси билан ҳаммол тортишиб қолсалар, урфга мурожаат қилинади.

المعروف بين التجّار كالمشروط بينهم

  • «Савдогарлар орасида танилган нарса ораларида шартлашилган кабидир!».

Савдогарлар орасида шариатга зид бўлмаган бирорта иш кенг тарқалган бўлса, уни шаръан ҳам қабул қилинаверади.

التعيين بالعرف كالتعيين بالنصّ

  • «Урф билан танилган нарса далил билан танилган кабидир!».

Мисоллар: 1)Ҳовлини ёки дўконни ким яшашини ёки қандай иш қилишини келишмаган ҳолда ижарага берилса, хоҳлаган одам яшайверади, дўконни бузилишига сабаб бўладиган темирчилик каби ишлардан бошқа иш қилиниши мумкин. 2)Баззозлик растасидан дўконни ижарага олинса, қўшниларига озор берадиган темирчилик каби иш қилинмайди.

اذا تعارض المانع و المقتضى يقدّم المانع

  • «Манъ қилувчи ва тақозо этувчи бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, манъ қилувчи “муқаддам” қилинади!».

Манъ қилувчи ва тақозо этувчи ишга рўпара келинганда, манъ қилувчини қилинади, тақозо қилувчи адо қилинмайди. Мисоллар: 1)Қаватли уйларда турувчилар ўзларига қанчалик зарур иш бўлса-да, бир-бирларига зарар етказадиган ишни қила олмайдилар. 2)Агар ҳалол савдога шариатда ҳаром қилинган чўчқа ёки ароқни қўшиб сотиладиган бўлса, савдо ботил бўлади. 3)Совға савдо билан дуруст бўлмайди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

(давоми бор)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *