ЧАҚАЛОҚ БАВЛИНИНГ ҲУКМИ

1501047846_k-chemu-snitsya-novorozhdennyj-rebenok-mladenec

Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳоларига кўра, таом ейиш ёшига етмаган, онасининг сути билан озиқланувчи чақалоқларнинг бавли (сийдиги) ҳам худди катта одамларнинг бавли каби бир хил ҳукмда нажосатдир! Либосга, баданга, жойнамозга тегса ё сачраса ювиб поклаш вожиб бўлади!

Имом Авзаъий раҳматуллоҳи алайҳ: овқат емайдиган она сути эмувчи чақалоқларнинг бавли ҳеч нарса эмас — деган.

Имом Шофеъий розияллоҳу анҳу: чақалоқнинг сийдиги нажосат эмас. То овқат ейдиган ёшга еткунча шу ҳукм. Бу масалада ўғил бола билан қиз боланинг фарқи менга маълум эмас. Лекин шундай бўлсада, ювиб қўйган яхши – деганлар.

Имом Зуҳрий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳдан, у Умму Қайс бинт Миҳсандан қуйидагича ривоят келтирган: Умму Қайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига ҳали овқат ея олмайдиган ўғилчасини олиб келди. Ва Расулуллоҳнинг қучоқларига ўтиргизиб қўйди. Чақалоқ Ул зотнинг либосларига сийиб қўйди. Расулуллоҳ сув олиб келишларини буюрдилар ва келтирилган сувдан либосларига сепиб пуркадилар, аммо ювмадилар.

Зуҳрий айтади: арабларда гоҳо “ғасл” (ювмоқ)ни “назҳ” (сув сепиб пуркамоқ) деб ҳам айтилади. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

إني لأعلم ارضا يقال لها عمان ينضح بناحيتها البحر. بها حي من العرب. لو اتاهم رسولي ما رموه بسهم و لا حجر

Мен бир ерни биламан. Уни Уммон дейилади. Унинг атрофини денгиз ювиб туради. У ерда араблардан бир маҳалла бор. Агар уларга менинг элчим борса унга тош ҳам ўқ ҳам отишмайди. (Имом Аҳмад 1/44. 2/30. Байҳақий 4/335.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўғил бола билан қиз боланинг бавли орасида  фарқ борлиги тўғрисида ривоят ҳам келган. Саммок ибн Ҳарб Қобус ибн Махориқдан у Лубона бинти Ҳорисдан ривоят қилади:

ان الحسين إبن على بال على النبى صلى الله عليه و سلم فقلت: اعطنى ثوبك اغسله. فقال: إنما يغسل من الأنثى و ينضح من بول الذكر

Ҳусайн ибн Али Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бавл қилиб қўйди. Шунда мен? Либосингизни менга беринг, ювиб бераман, дедим. Расулуллоҳ: либос фақат қиз боланинг бавлидан ювилади. Ўғил боланинг бавлидан эса либосга сув пуркаб қўйилади — дедилар. (Таҳовий. Маъоний ул-асор. 1/92. Абу Довуд. 375. Ибн Можа 522. Ҳоким. Мустадрак. 1/166).

Абу Муовия Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилди. Оиша онамиз дедилар:

كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يؤتى بالصبيان فيدعو لهم. فأتى بصبى مرة فبال عليه. فقال: صبوا عليه الماء صبا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига чақалоқларни олиб келинарди. Ул зот уларнинг ҳаққига  дуо қилардилар. Бир сафар бир чақалоқни олиб келинганди у Расулуллоҳнинг либосига сийиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ: унинг устидан сув қуйиб юборинглар деди.

Бу ҳадисни имом Молик ҳам Ҳишомдан худди шу исноднинг ўхшаши билан ривоят қилган.

Қатода Саъид ибн Мусаййабдан унинг бундай деганини ривоят қилган:

Ссийдик сачраган бўлса уни сув сепиб пуркаш билан покланади. Агар сийдик қуйилиб кетган бўлса, у ҳолда сув қуйиб покланади. Ҳамма сийдикдан шу услубда покланилади. (Мусаннаф ибн Аби Шайба 1/125).

Ҳумайд Ҳасандан қуйидаги сўзини ривоят қилган: қиз бола чақалоқнинг сийдиги ювилади. Ўғил боланики эса ортидан сув қуйиб юборилади.

Имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг “Ихтилаф ул-улама” асари асосида

Ботиржон қори

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *