ЖУМА КУНИ МУСТАҲАБ БЎЛГАН АМАЛЛАР

almastba.com_1451950325_586

Мустаҳаб амал деб амалга оширилса савоб, амалга оширилмаса гуноҳ бўлмайдиган даражадаги ишларга айтилади.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, жума кунида қуйидаги амаллар мустаҳаб даражасидадир:

  1. Баданига хушбўй ёғлар суртиб пардоз-андоз қилмоқ;
  2. Либосларига хушбўй атирлар суртмоқ;
  3. Энг чиройли кийимларини танлаб киймоқ;
  4. Ғусл қилмоқ.

Чунки жума ислом шиорлари ичида энг кўзга кўринган катталаридан бири. Шунга кўра, жума намозини адо қилмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон гўзал кўринишда бўлиши яхши бўлади.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: жума куни ғусл қилмоқ фарз, деб айтган. У киши бу қарорига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб ушлаган:

«غسل يوم الجمعة واجب على كل محتلم» او قال: «حق عل كل محتلم«

Жума куни ғусл қилмоқ ҳар бир балоғат ёшига етган кишига вожибдир”. Ёки расулуллоҳ: “Жума куни ғусл қилмоқ ҳар бир балоғат ёшига етган киши зиммасига ҳақдир”—деганлар. (Имом Молик 1/102. Шофеъий 1/133-134. Аҳмад 3/6. Доримий 1/361. Бухорий 2/344. Муслим 2/580. Абу Довуд 1/234. Насаий 3/93. Ибн Можа 1/346).

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз таянган далил эса ушбудир:

روى ابو هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم انه قال: «من توضاء يوم الجمعة فبها و نعمت و من إغتسل فهو افضل«

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди, Ул зот айтдилар: “Ким жума куни таҳорат  олса, қандаям яхши. Кимки ғусл қилса, буниси афзалроқ!”. (Имом Аҳмад 5/11. Абу Довуд 1/251. Термизий 2/4. Насоий 3/94. Таҳовий 1/119. Байҳақий 3/190).

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисга ҳанафий фуқаҳоларимиз Оиша онамиз ва Ибн Абос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги мазмунли изоҳ билан жавоб берганлар:

Илгари одамлар жунли мато кийишар эди. Жун мато ўзидан бадбўй ҳид таратар, айниқса терлаб ишлаганларда бу жуда билинар эди. Жамоат намозида кўпчилик ундан озорланарди. Шу туфайли жумага келишдан олдин ғусл қилишга буюурилди. Кейинчалик одамлар жунли либосларни киймай қўйишгач, жума куни ғусл қилиш буйруғи бекор қилинди.

Энди, жума куни ғусл қилиш айнан жума намози учун мустаҳабми ё умумий жума куни туфайлими? Бу масалада икки хил қараш мавжуд:

Ҳасан ибн Зиёд умуман жума куни ғусл қилса тамом мустаҳаб бўлаверади, деган. Имом Абу Юсуф эса айнан жума намози учун деган.

Масалан, эрта тонгдан ғусл олган киши жума намозига қадар таҳорати синиб, сўнг янги таҳорат олиб жумага борса Ҳасн ибн Зиёднинг наздида жума куннинг ғасл мустаҳабини бажарган ҳисобланади. Имом Абу Юсуфнинг фикрича эса ғусл қилгандан кейин таҳоратини синдирмасдан шу ғусл таҳорати ила жума намозини адо этса, шунда мустаҳаб бўлади. Аксинча бўлса йўқ, деганлар.

Андижон шаҳар Абу Ҳурайра жоме масжид имом-хатиби

Ш. МУСАБОЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *