ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ БАРЧА ЖОЙДА ҲАММА ВАҚТ ҲОЗИРУ НОЗИРМИЛАР?!

milad154

Муқаддима

Мусулмон умматидан бўлмиш айрим инсонлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозир ва нозирдирлар. Ул зотдан ҳеч бир макон, ҳеч бир замон, ҳеч бир аср ва вақт  холи эмас”, деган эътиқодни қиладилар. Севимли пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратларини ҳозиру нозир, деб эътиқод қилиш дурустми? Мақола шу ҳақидадир.

ХХ аср бошларида Ҳиндистонда чиқиб, ўз таълимотларида ҳар хил фалсафий таълимотлар, айниқса, шиа ва браҳманлик ғояларидан таъсирланган, бироқ, ўзлари буни тан олмасдан, ўзларини аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия ва ҳанафия ҳамда тариқатда қодирияга мансуб деб кўрсатувчи бир жамоат ҳозирги кунгача кенг фаолият олиб боради. Бу жамоат ўзлари чиққан жойига нисбат қилиниб, “барлавийлар” ёки “барилвейлар” деб аталади. Унинг раҳнамоси Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ деган зот бўлиб, ўзининг такфирчилиги билан Ҳинд-Синд диёрларида танилгандир. У зот ва унга эргашганлар Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шариатнинг ҳаддидан ортиқча муҳаббати билан шуҳрат қозонган бўлиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғайбни батафсил, барча икир-чикиригача биладилар, у зотга бутун оламни тасарруф қилиб туриш хислати, ҳатто Аллоҳ таолога хос таквин сифати берилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозирдирлар!”, деган ақидаларни илгари сурадилар.

Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ томонидан Қуръони каримга “Канз ул-имон” деб аталган урдуча тафсир-таржима ёзилган бўлиб, унда ўз ақидаларини ифодалаб, жумладан, “Аҳзоб сураси”нинг 45-оятидаги: يا أّيّها النبىّ انّا أرسلناك شاهدا – “Эй, Пайғамбар! Дарҳақиқат, Биз Сизни гувоҳ бўлувчи этиб юбордик!…” жумласини: “Эй, ғайбнинг хабарини берувчи набий, бешак Сизни ҳозиру нозир қилиб юбордик”, деб таржима қилинган. “Фатҳ сураси”нинг 8-ояти ва “Муззаммил сураси”нинг 15-оятидаги айни жумлани ҳам шу хилда таржима этилган. У “шоҳид” – “гувоҳлик берувчи” маъносидаги сифатни “ҳозиру нозир” деб таржима қилиб, ўз ақидасини сингдириб кетган. Ҳолбуки, тафсирларда, масалан, аҳли суннат ва жамоатнинг энг машҳур тафсирларидан бири “Тафсири Жалолайн”да “Фатҳ сураси”нинг 8-оятида буни “қиёматда умматингга гувоҳлик берувчи” дейилган. “Муззаммил сураси”нинг 15-оятида ҳам “қиёмат кунида гувоҳлик берувчи”, дейилган. “ал-Кашшоф”да эса мана бундай: يشهد عليكم يوم القيامة بكفركم و تكذيبكم – “Қиёмат кунида сизларнинг куфрингиз ва ёлғонга чиқарганингизга гувоҳлик беради”, дейилган ва “Тафсир ан-Насафий”да ҳам шу гап такрорланган. Ҳиндистонда 8 йил давомида ўқиб қайтган устоз Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида қуйидаги ояти каримани тафсир қилиб, ундаги “шаҳид” (“гувоҳ”) сўзини қиёматда мўъмин-мусулмонлар ва бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг ўз рисолатларини умматларига бекаму кўст етказганлигига, умматлар эса уларни тасдиқ ёки такзиб қилганига маҳшаргоҳда гувоҳликка ўтишлари деб изоҳлаганлар:

فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِن كُلِّ أمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَـؤُلاء شَهِيداً

“Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” (Нисо, 41).

Абдурраҳмон Фаҳмий Марғиноний раҳимаҳуллоҳ ўз байтларида  ҳам Набий алайҳиссаломни гувоҳлик берувчи деб сифатлайди, лекин, ҳозиру нозирлик сифатини эса Шаҳид сифатли Аллоҳ таолога нисбатан қўллайди. Зотан, шаҳид Аллоҳ таолонинг 99 та гўзал исмларидан биридир:

Зоҳиру ботин билгувчи, ҳозиру нозир, ҳар замир,

Ғайбу шаҳодатим ҳам, қилдур итоат, ё Шаҳид!..

Шоҳид “мубин” маъносида, Аллоҳ баён қилғувчидур,

Илҳому калом бирла бил, дину тариқат, ё Шаҳид!..

“Машҳудун лаҳ” маъносидур, набий, валий ҳам малак,

Жамъи гувоҳлик қилғувчи, воҳидға ваҳдат, ё Шаҳид!..

Умуман олганда, барлавийлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келтирилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсифидаги “шоҳид” ва “шаҳид” сўзларини ҳозиру нозир деб таржима ва таъвил қиладилар. Бунинг эса юқоридаги каби аҳли суннат ва жамоат тафсирлари орқали ботиллиги исботланади.

Барлавийларнинг бошлиғи Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг халифаси ва пешқадам шогирди Амжад Али ал-Аъзамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Баҳори шариат” асарида: “Замин ва осмоннинг ҳар бир зарраси ҳар бир пайғамбарнинг назари олдидадир!” деб қайд қилган (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 44).

Барлавийларнинг катта олимларидан Муфтий Аҳмадёрхон ан-Наъимий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Жоа-л-Ҳаққ!” асарида “Ҳозиру нозир масаласи баҳси”га икки боб ва битта муқаддима бағишлаган (Аҳмадёрхон ан-Наъимий. Жоа-л-Ҳаққ! Лоҳур: (йили кўрсатилмаган). – Б. 67-82).

Барлавийларнинг ақидаларини тўла ўзида акс эттирган ва барлавийлар ақидасини ёқлаб чиққан энг машҳур асарлардан бири “Миқёси ҳанафият” номли китоб бўлиб, унда гўё Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳамма жойда ҳозиру нозир эканликларига Қуръон, ҳадис ва уламоларнинг гапларидан деб уч бўлимда далиллар келтирилган (Қаранг: Муҳаммад Умар. Миқёси ҳанафият. – Лоҳур: (йили кўрсатилмаган). – Б. 263-289).

Шуни таъкидлаб айтамизки, ҳозиру нозир масаласи барлавийларнинг энг катта ақидаларидан биридир. Улар зуҳур қилгунча ушбу масала аҳли суннат ва жамоат орасида тарқалмаган эди. Барлавийлар гарчи ҳанафий мазҳабида эканликларини даъво қилишган бўлса-да, бошқа мазҳаб уламолари ҳам уларнинг кўрсатган далил ва ҳужжатларидан таъсирланганлари бўлган.

Юқорида айтилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозир ва нозирдирлар. Ул зотдан ҳеч бир макон, ҳеч бир замон, ҳеч бир аср ва вақт  холи эмас”, деган гап шофиъий мазҳаб олимининг “Вужуд ан-Набий” китобида бир неча марта тилга олинган (Қаранг: Ҳусайн ибн Муҳаммад аш-Шофиъий. Рисола фий исботи вужуд ан-Набий фий кулли макон. – Қоҳира: Дори жавомеъ ал-калим, 1992. – Б. 53, 57).

Моликий мазҳаб олимининг “аз-Захоир ал-муҳаммадия” асарида эса “Ҳузур руҳоният ал-Мустафо” бобида: “Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳониятлари ҳар бир маконда ҳозирдирлар. Хайр маконлари, фазилатли мажлисларга шоҳид бўладилар”, дейилган (Қаранг: Саййид Муҳаммад ибн Алавий ал-Моликий ал-Ҳасаний. аз-Захоир ал-муҳаммадия. – Қоҳира: Дору жавомеъ ал-калим, 1990. – Б. 309-310).

Барлавийларнинг ҳозиру нозир ақидаси насронийлар ва шиаларнинг таъсирида олинган

Барлавийлар томонидан айтиладиган Пайғамбар алайҳиссаломни улуғловчи ақидалари – “Ул зот дунёдаги барча ғайбни мутлақо биладилар, бўладиган ва бўлган ишларни билиб турадилар, ул зот ҳамма жойда ҳозиру нозирдирлар!”, каби таълимотлари Ҳинд диёрларида фаолият юритадиган шиалар, браҳманлар ва насронийлар таълимотларидан олинганлигини мутахассислар аниқлаганлар. Жумладан, ҳозиру нозир ақидаси насронийлар ва шиалардан ўтган:

Насронийлар Исо алайҳиссаломни қаерда эсланса, ҳозиру нозир бўлиб туради, деган ақидани қиладилар. Масалан, “Матто Инжили”нинг 18-боби, 20-оятида Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийларидан бири Йасуъ томонидан ул зоти бобаракотга қарата айтилган: “Агар кимки Сенинг номингни ихлос билан ўқиса, унинг кўз олдида ҳозиру нозир бўласан!” деган хитоби янграган.

Охирги олти юз йил давомида Мовароуннаҳр мадрасаларида ақидадан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган “Шарҳ ал-Ақоид ал-Азудийя” (“Шарҳ Мулла Жалол”) асарининг муаллифи Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг шиаларга раддия сифатида битган “ал-Ҳужаж ал-боҳира” номли асарларида шиалар: “Имом Маҳдийни ҳар бир маконда ҳозир ва икки одам ёки бирор жамоат йиғилган жойда улар билан бирга бўлади”, деган ақидада эканини ёзиб қолдирганлар:

و منها أنهم يزعمون أنه ظهر فى جزائر العرب و أنه يرحل و ينزل، و أنه حاضر فى كل مكان و لو تشاور اثنان او اجتمع جماعة كان معهم

“Уларнинг ақидаларидан яна бири, улар (шиалар) уни (яъни, Имом Маҳдийни) араб жазирасида зоҳир бўлади, у кўчиб юради, тушади ва албатта у ҳар бир маконда ҳозир, агар икки одам маслаҳатлашса ёки бирор жамоа тўпланса, у улар билан бирга бўлади, деб ўйлайдилар” (Жалолиддин ад-Даввоний. ал-Ҳужаж ал-боҳира. – Мадина: Мактаба Имом ал-Бухорий, 2000. – Б. 342).

Абдулқодир ал-Жийлоний қуддиса сирруҳу “Ғунйат ат-толибин” асарларида Имом аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапларини келтирганлар:

فقد شبّهت مذاهب الروافض باليهودية محبّة الروافض محبة اليهود

“Дарҳақиқат рофизийлар мазҳаблари яҳудийларга ўхшатилган. Чунки, рофизийларнинг муҳаббати яҳудийларнинг муҳаббатидир!” (Абдулқодир ал-Жийлоний. Ғунйат ат-толибин. 1-жилд. – Лоҳур: Уммид, (йили кўрсатилмаган). – Б. 226).

Барлавийларнинг ҳозиру нозир ақидаси ботилдир!

Айтиш керакки, ҳозиру нозир масаласи барлавийлар чиққунга қадар ислом оламида тарқалмаган эди. Барлавийлар чиққан даврда яшаган аҳли суннат ва жамоатнинг улуғ олимларидан бири, юртимизнинг энг буюк олимларидан Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳнинг бобоустози Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ушбу масалага бир неча бор эътибор қаратган бўлиб, унинг нотўғри ақида эканлигини қайд қилиб кетган эди. Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ”Мажмуат ал-фатово” асарининг биринчи жилдида қуйидагилар баён қилинган:

استفتا ما قولكم رحمكم الله تعالى درين مسئله كه عادت عوام اين ديار است كه در وقت مصيبت و حاجت از دور و بعيد انبيا عليهم السلام يا اولياى كرام را بطريق استمداد مى خوانند و اعتقاد ميدارند كه ايشان حاضر و ناظر اند در همه حال و هر وقت كه ما مردم ايشان را ميخونيم مطلع گشته در انجاح مقاصد دعا ميكنند اين صورت جائز است يا نه بينوا توجروا

Фатво сўраш: Аллоҳ толо сизларга марҳамат қилсин, ушбу масала борасида гапингиз қандай? Бу диёрнинг авомлари ўртсида одат борки, улар мусибат ва ҳожат вақтида узоқдан туриб Пайғамбарлар алайҳимуссалом ёки авлиёи киромларни истимдод (мадад сўраш) тариқасида чақирадилар. Уларни ҳамма ҳол ва ҳамма вақт ҳозир ва нозир деб эътиқод қиладилар. Биз одамлар уларни чақирсак, ундан огоҳ бўлиб, мақсадлар ҳосил бўлишида дуо қиладилар, дейдилар. Ушбу сурат жоизми ёки йўқми? Баён қилиб берсангиз, ажрга эга бўласизлар!

الجواب و هو الموفق للصواب صورت مذكور حرام بلكه شرك صريح است چه اين صورت متضمن اعتقاد علم غيب است براى غير او تعالى و اعتقاد مذكور شرك صريح است بيانش آنكه شرك در شرع عبارت است از شريك گردانيدن غير او تعالى شانه در ذات يا صفات مختصه يا عبادت وى عز و جل و علم غيب از صفات مختصه بوى سبحانه تعالى است كما هو مصرح فى كتب العقائد لا نطول بذكر العبارات كلها بل نقتصر على نقل عبارة على القارى فى شرح الفقه الاكبر و هى هذه بالجملة العلم بالغيب امر تفرد به سبحانه و تعالى و لا سيل اليه للعباد و الا باعلام منه و الهام بطريق المعجزة و الكرامة و ارشاد الى الاستدلال بالامارات فيما يمكن فيه ذلك و لهذه ذكر فى الفتاوى ان قول القائل عند رؤية حالة القمر اى دائرته يكون مطرا مدعيا علم الغيب لا بعلامته كفر و ذكر الحنفية تصريحا بالتكفير باعتقاد ان النبى صلى الله عليه و سلم يعلم الغيب لمعارضة قوله تعالى قل لا يعلم من فى السماوات و الارض الغيب الا الله كذا فى المسائرة انتهى ملخصا

Жавоб, тўғриликка мувофиқдир. Мазкур сурат ҳаром, балки очиқ ширкдир. Чунки, бу сурат Аллоҳ таолодан бошқага нисбатан ғайб илми эътиқодига боғлиқ. Мазкур эътиқод эса очиқ ширкдир. Унинг баёни шуки, ширк шариатда Аллоҳ таолога зотда, махсус сифатларда ёки унинг ибодатида бошқасини шерик қилмоқдир. Илми ғайб эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога хос сифатлардандир! Бу ақоид китобларида очиқ-ойдин келтирилган. Ибораларнинг ҳаммасини келтириб, гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат Али л-қорининг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”даги иборасини нақл қилиб ўтамиз. У мана будир: “Ғайб илми Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзининг ишидир. Бу борада бандаларга йўл йўқ. Фақат унинг билдириши ва мўъжиза ёки каромат тариқасида илҳом бериши билан бўлиши мумкин. Аломатларга қараб далилланишга йўлланма ҳам бу борада бўлиши мумкин. Шунинг учун фатволарда зикр қилинганки, ойнинг ҳолатини, яъни ҳалқасини кўриб, илми ғайбни даъво қилган ҳолда ёмғир ёғади, деса кофир бўлади, аломатлари орқали айтса, ундай эмас. Ҳанафий олимлари: “Пайғамбар алайҳиссаломни ғайбни билади”, деган эътиқод билан куфрга кетишни очиқ айтиб ўтганлар. Бу “Айтгин, осмонлару ердаги кимсалар ғайбни билмаслар, фақат Аллоҳ билур”, маъносидаги оятга тескари бўлгани учундир. “ал-Мусоира”да шундай келтирилган. Тамом.

درين جز و زمان رسائل متعدده درين باب تأليف شده و فتوى ها نويشته آمد من شاء الاطلاع على الدلائل فليرجع اليها و الله اعلم و علمه اتم كتبه محمد بشير عفا عنه صح الجواب عبد الصمد پشاورى صح الجواب ذو الفقار صح الجواب سيد محمد سيوانى

Бу давр ва замонда бир қанча рисолалар ушбу бобда таълиф қилинган. Далилларни билмоқни хоҳлаган одам уларга мурожаат қилиши мумкин. Аллоҳ таоло билгувчироқ, унинг илми мукаммалроқ! Уни Муҳаммад Башир ёзди. Жавоби тўғри, Абдуссомад Пешоварий. Жавоби тўғри, Зулфиқор. Жавоби тўғри, Саййид Муҳаммад Сайвоний.

هو المصوب فى الواقع همچو اعتقادكه حضرات انبيا و اوليا هر وقت حاضر و ناظر اند و بر همه حال بر نداى ما مطلع ميشوند اگر چه از بعيد باشد شرك است چه اين صفت از مختصات حق جل جلاله است كسى را در ان شركت نيست در فتاوى بزازيه مى نويسد تزوج بلا شهود و قال خداى و رسول خداى و فرشتگان را گواه كردم يكفر لانه اعتقد ان الرسول و الملك يعلمان الغيب انتهى و نيز در بزازيه است و عن هذا قال علماؤنا من قال ان ارواح المشايخ حاضرة تعلم يكفر انتهى و الله اعلم حرره الراجى عفو ربه القوى ابو الحسنات محمد عبد الحى تجاوز الله عن ذنبه الجلى و الخفى

Тўғри жавоб. Воқеъликдаги бу хилдаги эътиқод, яъни пайғамбарлар ва авлиёлар ҳар вақт ҳозир нозирдирлар ҳамда бизнинг нидоларимиздан гарчи узоқда бўлсалар ҳам огоҳ бўладилар, деган эътиқод ширкдир! Чунки, бу сифат Ҳақ таолонинг махсус сифатларидандир! Ҳеч ким бу борада унга шериклик қила олмайди. “Фатовойи Баззозия”да ёзади: “Гувоҳларсиз уйланса ва Худо, унинг Расули ва фаришталарни гувоҳ қилдим, деса кофир бўлади. Чунки, у Расул ҳамда фаришталарни ғайбни билади, деб эътиқод қилган бўлади”. Тамом. Яна “Баззозия”да бундай дейилган: “Уламоларимиз айтганларки, кимки машойихлар арвоҳлари ҳозир бўлиб, билиб турадилар, деса кофир бўлади”. Тамом. Валлоҳу аълам! Уни таҳрир қилиб ёзди Абул-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай” (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 327-328).

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг ”Мажмаъ ал-фатово” асарининг учинчи жилдида “Худодан бошқани ҳозир деб билиш куфрдир”, деган ном остида қуйидагича ёзилган:

Савол: агар бир киши эътиқод қилсаки, машойихларнинг арвоҳлари ҳозирдир, ҳар нарсани билиб туради, деса, унинг ҳаққида нима дейилади?

Жавоб: у кофирдир. “ал-Баззозия”да “Ким машойихлар арвоҳи ҳозирдирлар, билиб турадилар”, деса кофир бўлади”, дейилган (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 3-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 5).

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб яна бир асар “ал-Асор ал-марфуъа”да ҳам бу борада қуйидагича сўз юритилган:

و منها ما يذكرونه من ان النبى صلى الله عليه و سلم يحضر بنفسه فى مجالس وعظ مولده عند ذكر مولده و بنوا عليه القيام عند ذكر المولد تعظيما و اكرامًا و هذا ايضًا باطل من الاباطيل لم يثبت ذلك بدليل و مجرد الاحتمال و الامكان خارج عن حد البيان

«Қиссагўй ва мавъизагўйларнинг яна бир ишларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларининг ваъз мажлисларида ул зотнинг туғилишлари эсланаётган пайтда ўзлари ҳозир бўладилар, деб зикр қилишларидир. Шу сабабли улар мавлид зикри вақтида таъзим ва икром юзасидан қиём – тикка туришни барпо қилиб олганлар. Бу ҳам далил билан исботланмаган ботиллардан бир ботил ишдир. Ҳар хил эҳтимоллар ва имкониятларни далил қилишлар эса баён чегарасидан хориждир!» (Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа // Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. Каротчи (Покистон): Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1419. – Б. 34).

Буюк муҳаддис Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ўзларининг ҳадис тўпламларида: الفقهاء وهم أعلم بمعاني الحديث – “Фақиҳлар – улар ҳадиснинг маъноларини энг билувчилардир!” деганлар (Термизийнинг “ал-Жомеъ ас-сунан” асарининг 990-рақамли ҳадиси остига қаранг!). Ана шундай фақиҳлардан “Фатовойи ал-Баззозийя” соҳиби бўлиб, Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ келтирган гап ҳақиқатдан ҳам ушбу асарда қайд қилинган:

و عن هذا قال علماءنا من قال ارواح المشايخ حاضرة تعلم يكفر

«Шунга кўра, уламоларимиз: «Кимки: «Машойихлар руҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради», деса, кофир бўлади, деганлар» (Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Баззоз ал-Кардарий. Фатовойи ал-баззозиййа. (ал-Жомеъ ал-важиз). 2-жилд. – Қозон, 1889. – Б. 383).

Мазкур «Кимки: «Машойихлар руҳлари ҳозир бўлиб, билиб туради», деса, кофир бўлади”, деган гапни таниқли ҳанафий олими Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ “Баҳр ар-роиқ” асарларида ҳам келтирганлар (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 5-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 134).

Ҳанафийларнинг ишончли фиқҳий манбаларидан яна бири “Мажмаъ ал-анҳур”да: و يكفر بقوله ارواح المشائخ حاضرة تعلم – “Машойихларнинг руҳлари ҳозир бўлиб, билади”, деган гапи билан кофир бўлади”, деб қайд қилинган (Абдурраҳмон Шайхзода. Мажмаъ ал-анҳур фий шарҳ “Мултақий ал-абҳур” // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. 4/408).

Демак, ҳанафий фақиҳларнинг фатволари ва фиқҳий тўпламларидаги фикрларга таяниб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳозиру нозир деган ақидани нотўғри дейиш керак бўлади. Биз келтириб ўтган фатво ва фиқҳий тўпламлардаги масаланинг ўзига яраша далил ва ҳужжатлари бор, албатта. Шу хилдаги далил ва ҳужжатларни келтириб ўтсак фойдадан холи бўлмайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ман қилганлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тўйда канизак қизларнинг Бадр жангида вафот этган ота-боболар ҳақида қўшиқ куйлашаётганларини тамошо қилиб ўтирганлар. Шунда қизалоқлардан бири: و فينا نبىّ يعلم ما فى غد – “Бизда эртага нима бўлишини биладиган Пайғамбар бор!”, деб куйлаб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бундан жим бўл, бундан олдин айтаётганларингизни айтавер!”, деганлар (Бухорий, 2/4001; 5/5147; Термизий, 1/1090).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшиқни узиб тўхтатганларининг бирдан бир сабаби унда: “Бизда эртага нима бўлишини биладиган Пайғамбар бор!” жумласи айтилгани эди. Бу хилдаги гап-сўзлар гуноҳ бўладиган ақидага олиб келиши шак-шубҳасиз бўлгани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизалоқни тўхтатган эдилар.

Ҳаж асносида Пайғамбаримиз (а.с.) бундан кейин умматлари билан учрашмасликлари ва кўришмасликларини айтиб ўтганлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж қилганларида, ҳажнинг барча аркон ва амалиётларини яхшилаб ўрганиб олишни саҳобаларига таъйинлаганлар. Чунки, бундан сўнг саҳобалари билан кўриша олмасликларини ва умматлар билан учраша олмасликларини айтиб ўтганлар:لعلّى لا أراكم بعد عامى هذا  — “Шоядки, мен сизларни бу йилимдан кейин кўрмайман!” (Термизий, 3/886; Байҳақий, 5/9307; Табризий, “Мишкот ал-масобиҳ”, 2/2611).

لتأخذ أمتى نسكها فإنّى لا أدرى لعلى لا ألقاهم بعد عامى هذا

“Умматим ҳажнинг амалларини ўрганиб олсин! Бас, албатта мен билмайман: шояд, бу йилимдан кейин улар билан йўлиқмаслигим мумкин” (Ибн Можа, 2/3023; Аҳмад, 2/14593; Байҳақий, 5/9249).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажжат ул-вадоъда Арафот майдонида турганларида мана шу гапни такрорлаганлар. Буни Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар:

ايّها النّاس انّى و الله لا أدرى لعلّى لا ألقاكم بعد يومى هذا بمكانى هذا

“Эй, одамлар! Мен билолмайман: Аллоҳга қасамки, албатта мен бугундан сўнг ушбу маконда сизлар билан учраша олмайман!” (Доримий, 1/233).

Демак, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, барлавийлар айтганларидек, ҳамма вақт ва ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганларида эди, “Албатта мен бугундан сўнг ушбу маконда сизлар билан учраша олмайман!”, демаган бўлардилар. Барлавийлар айтганларидек, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт ва ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганларида эди, ана шундай буюк воқеа: йилда биргина марта бўладиган, бутун дунёдаги мусулмон уммати йиғиладиган маконда ҳозиру нозир бўлган бўлардилар. “Албатта мен бугундан сўнг ушбу маконда сизлар билан учраша олмайман!”, деб бутун умматларининг кўнгилларини маҳзунликка солмаган, Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу каби буюк саҳобаларни ҳўнг-ҳўнг йиғлатмаган бўлардилар!

Пайғамбаримиз (а.с.) умматларининг ҳолидан тўла хабардор бўладиларми?!

Қиёматдаги ҳолат ҳақида гапирар эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматгача умматларининг ҳолидан, уларнинг аъмол ва қилмишларидан тўла хабардор бўла олмасликларини ўзлари очиқ айтиб ўтганлар. Жумладан, қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифга диққат қилинса, ушбу маъно маълум бўлади. Уни Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ “ҳасан-саҳиҳ” деганлар:

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: يحشر الناس يوم القيامة حفاة عراة غرلا كما خلقوا – “Қиёмат кунида одамлар худди яратилган (янги туғилган) каби оёқяланг ва қип-ёлонғоч ҳашр қилинадилар”, дедилар ва қуйидаги ояти каримани ўқидилар:

كما بدأنا اوّل خلق نعيده وعدا علينا إنّا كنّا فاعلين

“… Худди биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолига) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз (шундай) қилувчидирмиз” (Анбиё, 104).

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапларини давом эттириб, бундай деганлар: “Энг аввал кийим киядиган зот Иброҳим алайҳиссалом бўладилар. Менинг саҳобаларим ўнг-чап томонга гуруҳ бўлиб ўта бошлайдилар. Шунда мен: “Эй раббим, бу менинг саҳобаларим-ку!”, дейман.

Ана шу вақтда Парвардигори олам тарафидан севимли Пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата маъноси жуда аниқ ҳолда бундай дейилади. Ана шу жойига диққат қаратинг:

أنك لا تدرى ما أحدثوا بعدك انّهم لم يزالوا مرتدين على أعقابهم منذ فارقتهم

“Албатта сен сендан кейин улар нималар пайдо қилганларини билмайсан!!!! Албатта улар ҳамиша сен улардан ажралганингдан бери ўзларининг орқаларига ўгирилиб кетган (муртад бўлган) ҳолда яшадилар”.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мен шу вақтда оддий солиҳ банда каби мана бу оятни ўқий оламан, холос:

إن تعذبهم فانهم عبادك و ان تغفر لهم فإنّك انت العزيز الحكيم

“Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларингдир. Борди-ю, уларни кечирсанг, албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дирсан!” (Моида, 118).

Мазкур ҳадисни бир қанча муҳаддислар жамоаси ривоят қилганлар ва ўта даражада саҳиҳ, жумла маъноси аниқдир (Бухорий, 6/4652; Муслим, 4/2295; Термизий, 4/2423; Насоий, 6/11337; Ибн Можа, 2/3057; Аҳамд, 1/2096; Табароний, 7/6856; Ибн Ҳиббон, 16/7347; Ибн Абу Шайба, 11/32331; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 2/5571).

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ривоятида Иброҳим алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: “Умматингнинг сендан кейин нималар қилганини билмайсан!!! Улар бир-бирларининг қонларини тўкдилар, ўз имом (подшоҳ)ларини ўлдирдилар”, дер эканлар (Ҳоким, 3/6126).

Юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек: “Албатта сен сендан кейин улар нималар пайдо қилганларини билмайсан!”, дейилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир эмасликларига яққол далил бўладими?!

Аёлларнинг ҳозирги ҳолатини кўрганларида, Пайғамбаримиз (а.с.) уларни масжиддан ман қилган бўлардилар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ул зоти шарифнинг баракотлари ила ҳамманинг кўнгли тоза, пок қалбли бўлган. Шунинг натижасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни масжидлардан ман қилмасликни буюрган эдилар. Ул зоти шариф: لا تمنعوا إماء الله مساجد الله – “Аллоҳнинг чўрилари (аёллар)ни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар!”, деганлар ёки لا تمنعوا نساءكم المساجد – “Аёлларингизни масжидлардан ман қилманглар!”, демишлар (Бухорий, 2/900; Муслим, 1/442; Абу Довуд, 1/565; Ибн Можа, 1/16; Доримий, 1/1326; Аҳмад, 2/4655; Ҳоким, 1/755; Ибн Ҳиббон, 5/2209; Байҳақий, 1/5142; Табароний, 5/5239; Абдурраззоқ, 7/5121).

Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг кўп ўтмай замон “бошқача” бўлиб, одамларнинг ҳоли, эътиқоди, тақвоси ўзгариб кетди. Шунинг учун Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу аёлларни масжидларга намозга чиқмасликни буюрдилар, уларни масжидларга чиқишдан ман қилиб қўйдилар. Бу ҳолатдан норози бўлиб, аёллар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога етказганларида, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: لو رأى لمنع – “Агар кўрганларида эди, ман қилган бўлардилар!”, деганлар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу даврдаги ҳолатларни, одамларнинг бузилиб кетганларини, ҳар хил бўлмағур ҳолатларни кўрганларида эди, албатта аёлларнинг масжидга чиқишларини ман қилган бўлардилар. “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг машҳур шарҳларидан бири “Фатҳ ал-Борий”да Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ: لم ير و لم يمنع فاستمر الحكم – “Кўрмадилар, ман ҳам қилмадилар, шу сабабли, ҳукм шу тарзда давом этиб келувди”, деб изоҳлаганлар (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дору Тийба, 2005. – Б. 114).

Яъни, Ойша онамиз разийаллоҳ анҳо ҳам, саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳамма қатори инсон бўлганларини, Аллоҳ таоло унга билдирган нарсалардан бошқасини билмасликларини, ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозир эмасликларини яхши тушунганлар. Шунинг учун ҳам, ул зотнинг ўз вақтида чиқарган ҳукмларини ва кўрсатмаларини саҳобаи киромлар келажакдаги замона заруратидан келиб-чиқиб ўзгартиришга мажбур бўлганлар.

Дажжол чиққан вақтда Пайғамбаримиз (а.с.) орамизда йўқ бўлиши

Дажжол алайҳи-л-лаъна ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом гапириб берганлар, албатта. Қиёматга яқин қолганда Дажжол чиқиши ҳақиқатдир! Дажжолнинг чиқиши ҳақида айтганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг орангизда бўлмайман!”, деганлар. Бу эса барлавийларнинг “Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозирдирлар”, деган ақидаси нотўғри эканлигини билдиради:

فقال غير الدجال اخفونى عليكم ان يخرج و انا فيكم فانا حجيجه دونكم و ان يخرج و لست فيكم فامرؤ حجيج نفسه و الله خليفتى على كل مسلم …

“Дажжолдан бошқаси сизларга чиқиши мени қўрқитади. Мен сизнинг орангизда бўламан, у билан ўзим баҳслашаман. У чиққанида эса орангизда бўлмайман! Ҳар бир кимса ўзи у билан баҳслашувчи бўлади. Аллоҳ эса ҳар бир мусулмонга менинг халифам бўлгай!” (Муслим, 4/2937; Термизий, 4/2240; Насоий, 4/10783; Абу Довуд, 4/4323; Ибн Можа, 4/4075; Аҳмад, 4/17666; Ҳоким, 8/8508; Табризий, “Мишкот ал-масобиҳ”, 3/5475).

Мазкур саҳиҳ ҳадиси шарифга кўра ҳар бир кимса Дажжолга ўзи жавоб беради, унга Аллоҳ ёрдамчи бўлади. Афсуски, Пайғамбаримиз алайҳиссалом у вақтда орамизда бўлмайдилар, ўз умматларига ёрдамлашиб, Дажжол билан баҳслашув жараёнида умматлари билан бирга бўла олмайдилар. Бу эса барлавийларнинг “Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозирдирлар”, деган ақидаси нотўғри эканлигини билдиради.

Пайғамбаримиз (а.с.) бизни кўришни хоҳлайдилар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейинги умматларидан бўлган мусулмонларни кўрмоқликни хоҳлашларини айтганлар: وددت انا قد رأينا اخواننا – “Мен биродарларимизни кўрмоқликни яхши кўрдим!”, деганлар. Шунда саҳобалар: “Биз Сизнинг биродарларингиз эмасмизми?”, дейишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар менинг саҳобаларимсиз, мендан кейин келадиган уммат эса менинг биродарларим”, деб жавоб берганлар. Буни ҳадис ўқиб юрган кўпчилик билади, эшитган. Саҳобалар: “Сиздан кейин келадиган умматингизни қандай таниб оласиз?”, деб сўраганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешонасида ғурраси, оппоқ қашқаси бор отни қандай таниб олинса, уларнинг таҳоратдан қолган белги-аломатлари орқали таниб олишларини айтганлар (Муслим, 1/249; Аҳмад, 2/7980; Ибн Хузайма, 1/6; Баззор, 2/8300; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 1/298).

Агар барлавийлар айтганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир бўлганларида эди, умматларини алоҳида аломат-белгилар билан эмас, доим кўриб юрган атрофларидаги саҳобаларидек таниб олаверган бўлардилар-ку?! Шунинг учун ҳам мазкур ривоятнинг айрим матнларига кўра, саҳобаи киромлар ул зоти шарифдан:

يا رسول الله كيف تعرف من لم تر من أمّتك يوم القيامة

“Эй, Расулуллоҳ! Сиз умматингиздан кўрмаганларингизни қиёмат куни қандай таниб оласиз?”, деб сўрашган (Ибн Можжа, 1/284; Аҳмад, 1/4317; Ибн Ҳиббон, 3/1047; Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/3419; Ибн Абу Шайба, 1/282; Баззор, 1/1810).

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир бўлганларида эди, саҳобалар: “Умматингиздан кўрмаганларингизни қиёмат куни қандай таниб оласиз?”, деб сўраб ўтирмаган бўлардилар! Ул зоти шариф эса: “Ҳа, шундай таниб олаверардим, ҳар куни ҳар онда, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганимдан кейин, уларни таниб олишим қийин эмас”, деган бўлмасмидилар?! Уларни таниб олишлари учун аломат-белгининг нима кераги бор эди?!

Пайғамбаримиз (а.с.) саҳобаларни қандай таниб оладилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида ашъарийлар қавмига келган биродарларни баланд овозда Қуръон ўқишларини эшитиб, билиб олардилар. Бу ҳақида саҳиҳ ҳадиси шарифда мана булар айтилган:

إنّى لأعرف اصوات رفقة الأشعريّين بالقرآن حين يدخلون بالليل و أعرف منازلهم من اصواتهم بالقرآن بالليل و ان كنت لم ار منازلهم حين نزلوا بالنهار

   “Албатта мен ашъарийларнинг йўлдошларини, агар кечаси (масжидга) кирсалар, Қуръон ўқиганлик овозларидан таниб оламан. Кечаси ҳам Қуръон ўқиганлик овозларидан уларнинг манзилларини танийман. Гарчи кундузи тушганларида, манзилларини кўрмаган бўлсам ҳам!” (Бухорий, 5/4232; Муслим, 4/2499).

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ашъарийлар баланд овозда Қуръон ўқиганлари учун уларнинг овозларини эшитиб, уларнинг масжидга кириб келганларини ёки уйлари қайси эканликларини билиб олардилар. Уларнинг овозларини эшитиб танирдилар. Агар ул зот ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлганларида, барлавийлар айтганларидек ҳамма нарсани қўл кафтига қарагандек билиб турганларида, уларни овозларидан эмас, ўзларини кўриб-билиб таниб олган бўлмасмидилар?!

Ойша онамиз (р.а.) туҳматга учраганларидаги ҳолат

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога мунофиқлар “бузуқи” деб туҳмат уюштирганларида, Севимли пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу ҳазратлари то ваҳий келмагунча аниқ ҳолатни билмасдан, анча сиқилиб, жуда хафа бўлиб, ғам-алам ичида қолиб юрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо билан бир муддат, аниқроғи, алоҳида ваҳий келгунча роппа-роса бир ой гаплашмай қўйганлар, бошқа саҳобалар ҳам ҳайрат ва надоматда жим қолаверганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога бундай деганлар:

فإن كنتِ بريئةً فسيبرّئكِ الله و ان كنتِ ألممتِ بذنبٍ فاستغفرى الله و توبى اليه فانّ العبد اذا اعترف بذنبه ثمّ تاب تاب الله عليه

“Бас, агар (туҳматдан) пок бўладиган бўлсанг, Аллоҳ сени Ўзи поклайди. Агар гуноҳ ишни қилган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айтиб, унга тавба қилгин! Албатта банда ўз гуноҳини эътироф қилиб, сўнг тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади” (Бухорий, 3/2661; Муслим, 4/2770; Насоий, 5/8931; Аҳмад, 6/25664; Ҳоким, 4/7613; Табароний, 23/133; Байҳақий, 10/20344; Ибн Ҳиббон, 10/4212; Абу Яъло, 9/4927; Абдурраззоқ, 5/9748).

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога айтилган ва нисбат қилинган нарсани “бу гаплар туҳмат эмас, балки ҳақиқат”, дейдиган шиаларнинг бир тоифаси ва бошқалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги гапларини далил қиладилар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гаплар ростлигига ишонганлар, ҳақиқатдан ҳам Ойша разийаллоҳу анҳога нисбат қилинган нарса туҳмат эмас, рост эди, дейдилар. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар ўлароқ ҳамма нарсадан хабардор бўлиб турганлар, барлавийлар тили билан айтганда, “ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозирдирлар”, дейдилар. Ҳолбуки, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма нарсани билмаганлар, ҳозиру нозир эмаслар, балки мунофиқларнинг гапларидан иккиланиб қолиб, Аллоҳ таолонинг алоҳида ваҳийсини кутишга мажбур бўлганлар ва шунинг учун ҳам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога юқоридаги гапларни айтганлар:

 و لما جرى لامّ المؤمنين عايشة ما جرى و رماها اهل الافك لم يكن يعلم حقيقة الامر حتى جاءه الوحى من الله تعالى ببرائتها و عند هؤلاء الغلاة انه عليه السلام كان يعلم الحال و انه غيرها بلا ريب و استشار الناس فى فراقها

“Мўъминлар онаси Ойша разийаллоҳу анҳо можаролари бўлиб ўтганида, туҳматчилар унга туҳмат тошларини отдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг ҳақиқатини то Аллоҳ таолодан унинг поклиги борасида ваҳий келгунча билмаган бўлганлар. Анави ғулувга кетганлар эса, “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳолатни билар эдилар, шак-шубҳасиз, Ойша разийаллоҳу анҳодан юз ўгирдилар ва одамларни ундан узоқлашишга ишора қилдилар”, дейдилар (Али ал-қори. Мавзуоти кабир. – Истанбул, 1900. – Б. 115-116).

Яъни, Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир дейиладиган бўлса, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан узоқлашиб, гаплашмай, жуда хафа бўлиб юрган ана ўша вақтларини ул зоти шариф Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳақиқатдан ҳам ўша туҳматда айтилган ишни қилганларини билган эканлар, деган бўлмағур фикр вужудга келади. Бу фикр эса ўз-ўзидан ботилдир!

“А-лам таро?!” ояти барлавийлар ақидасига далил бўлмайди

Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир неча марта хитоб қилинган ояти карималардаги ألَمْ تَرَ – “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”) жумласини барлавийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир”, деган ақидаларига ҳужжат сифатида келтирадилар. Яъни, ўша оятларда айтиб ўтилган воқеа ва ҳодисаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кўзлари билан кўриб турганлар ва кўрганлар, шунинг учун оятларда шу хилда хитоб қилинган, дейдилар. Ҳолбуки, дунё тан олган муфассири киромлар ўз тафсирларида Қуръони каримда тилга олинган “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”) жумласида барча ўринларда, эътибор беринг, барча ўринларда қалб кўзи назарда тутилган, ҳақиқий кўз эмас, деб алоҳида қайд қилиб келганлар. Барлавийлар эса ана шу жумлаи жаҳон эътироф этиб келган тафсирлардаги маъноларни ўзларича ўзгартирганлар. Жумладан, қаранг:

Биринчи марта “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”) жумласи “Бақара сураси”нинг 243-оятида учрайди. Шу жойда “Тафсири Хозин”да бундай дейилган:

الم تر اى الم تعلم يا محمد باعلامى اياك و هو من رؤية القلب … و كل ما فى القرآن من قوله الم تر و لم يعاينه النبى صلى الله عليه و سلم فهذا معناه

“А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”), яъни “Билмадингми, эй Муҳаммад, менинг сенга билдиришим билан”. У қалбнинг кўришидир. Қуръондаги ҳар бир “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”) жумласи Пайғамбар алайҳиссалом уни аниқ кўз билан кўрмаган бўладилар. Бу унинг маъносидир!” (Алоуддин Али ал-Бағдодий. Тафсири Хозин. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2004. – Б. 176).

“Руҳ ул-баён” тафсирида: “Инсон бирор воқеани эшитган ёки билган бўлса ҳам, уни таърифлаш учун “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”) хитобини қилади, шунингдек, ҳали воқеани эшитмаган ва билмаган одамга ҳам уни таажжубга солиш мақсадида ушбу хитоб қилинади”, дейилади ва бундай деб қайд қилинади:

قال الامام الواحدى و معنى الرؤية ههنا رؤية القلب و هى بمعنى العلم … قال العلماء كل ما وقع فى القرآن الم تر و لم يعاينه النبى عليه السلام فهو بهذا المعنى

“Имом ал-Воҳидий айтдилар: “кўриш”нинг бу ердаги маъноси қалб билан кўришдир, у эса билиш маъносидадир. Уламолар айтганларки, Қуръонда келган ҳар бир “А-лам таро?!” (“Кўрмадингми?!”)нинг маъноси уни Пайғамбар алайҳиссалом муояна – аниқ кўз билан кўрмаган бўладилар, у ушбу маънодадир!” (Исмоил Ҳаққий. Руҳ ул-баён. 1-жилд. – Истанбул: Илмия, 1911. – Б. 377).

Ташаҳҳудда Пайғамбаримиз (а.с.)га хитоб

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳамма вақт ҳозиру нозир дейдиганларнинг далилларидан бири ҳар намозда ташаҳҳуд ўқиганда ул зоти шарифга: “Ассалому алайка, аййуҳа-н-Набиййу, ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!”, (“Эй, пайғамбар! Сизга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин!”), деб салом беришни кўрсатишлари ҳисобланади. Бу фикр эса бир неча жиҳатларга қараганда, тўғри эмас. Уни кўриб чиқсак:

Аслида, ташаҳҳудни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига худди Қуръони каримни ўргатгандек ўргатган бўлиб, унда ушбу калималар бор эди. Жумладан, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоятида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ташаҳҳудни худди Қуръондан бир сурани ўргатгандек ўргатган эдилар”, дейилган (Муслим, 1/403). Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг бошқача салом бераётганларини (аниқроғи, бошқачароқ ташаҳҳуд ўқиётганларини) эшитиб қолиб, ўргатган эдилар (Муслим, 1/402).

Демак, “сабаби вуруд” хос бўлиб, у умматларга умумий қилинди. Хос сабабда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидаги саҳобаларга ул зоти шарифнинг шахсан ўзлари томонидан шундай саломлашиш ўргатилган. Бу дегани узоқдаги, минг йиллардан кейинги, минг-минглаб чақирим наридаги умматларнинг саломини бевосита эшитиб оладилар, дегани эмас. Бу худди Қуръон оятларининг “сабаби нузул”и хос бўлиб, ҳукми умумий бўлгани кабидир.

Иккинчидан, ҳанафий олими Бадриддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ муҳаддис Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг “Сунан”лари шарҳида мазкур салом меърож воқеасида Аллоҳ таолонинг берган саломининг кўчирмаси эканига ишора қилиб ўтадилар (Бадриддин ал-Айний. “Шарҳ Сунани Аби Довуд. 4-жилд. – Риёз: Мактабати Рушд, 1999. – Б. 238).

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Файз ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий”да мазкур салом меърож кечасида Аллоҳ таолонинг Рсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган саломи эканини айтадилар (Анваршоҳ Кашмирий. Файз ал-Борий. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 396).

Шунинг учун ҳам саҳобаларнинг айримлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирикликларида шу лафз билан, яъни, “Аййуҳа-н-Набиййу” билан ташаҳҳудни ўқиб юрганлар. Сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан кейин бевосита хитоб қилиб эмас, балки “Ассалому ала-н-Набиййи ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!” дейдиган бўлишган. Бу борада Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ ҳадислар тўпламининг “ал-Истеъзон” бобида мана шу ташаҳҳудни ривоят қилган саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг ўзи бундай деганини нақл қилганлар:

و هو بين ظهرانينا فلما قبض قلنا السلام يعنى علي النبى

“У бизнинг орамизда бўлган пайтда эди. Вафот қилган вақтда эса “Ассалому ъала-н-Набиййу”, дейдиган бўлдик” (Бухорий, 8/6265).

“Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг машҳур ва эътиборли шарҳини битган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шак-шубҳасиз саҳиҳлигига таянган айрим олимлар бу билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин хитоб қилиб “Аййуҳа-н-Набиййу” дейиш вожиб бўлмасдан, “Ала-н-Набиййи”, дейиш ҳам дуруст эканини айтганларини қайд қиладилар (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дору Тийба, 2005. – Б. 57).

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ келтирганларки, муҳаддислардан Саид ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик пайтларида: “Ассалому алайка аййуҳа-н-Набиййу ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!” дер эдик-ку, деганида Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай қилиб ўргандик, энди шундай қилиб ўргатамиз”, деганлар (Иқтибос бундан: Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дору Тийба, 2005. – Б. 57).

Яъни, юқорида Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганига қараганда, айрим саҳобаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ташаҳҳуд калималарини ўзгартириш хаёли бўлган, ана шу ташаҳҳудни ривоят қилган Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳуда ҳам бу хилдаги иккиланиш бўлиб юрган. Бироқ, кейинчалик мана шу Саид ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганларидек, саҳобаи киромлар қатъий фикрга келганлар, уларда “ташаҳҳудни ўзгартирмаймиз, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек айтиб ва кейингиларга ўргатиб қоламиз”, деган фикр қатъийлашган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўргатганлари табаррук маъносида уммати муҳаммадияга мерос бўлиб қолди ва вожиб деб ҳисобланди. Бироқ, давримизда ваҳҳобий-салафийларнинг олимларидан, жумладан, Албоний деганлари томонидан ташаҳҳуддаги мана шу саломни ўргатишни ўртага ташлаб келишади. Бу ботил фикр бўлиб, ташаҳҳудни ҳеч кимнинг ўзгартиришга ҳаққи йўқ! Зотан, саҳобаи киромлар ҳам, тобеъини изомлар ҳам, табъа тобеъинлар ҳам, улардан кейинги даврлардаги аҳли суннат ва жамоатнинг уламолари ҳам бундай ташаҳҳуд сўзларини ўзгартириш фикрини айтган эмаслар. Шунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўргатган ташаҳҳуд калималарини айтаверамиз! Бунда узоқдаги умматнинг шу хилдаги саломини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳозиру нозир бўлиб эшитадилар, деган маъно йўқ, асло. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид манбаларда ташаҳҳуддаги хитобни иншоий деб қасд қилмоқ лозимлиги алоҳида уқтирилган. Яъни, инсон ўз тасаввурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига салом бераётгандек одобда бўлмоғи керак. Жумладан, “ад-Дурр ул-мухтор”да бундай дейилади:

و يقصد بألفاظ التشهد معانيها مرادة له على وجه الانشاء كأنه يحيى الله تعالى و يسلم على نبيّه و على نفسه و اوليائه لا الاخبار عن ذلك ذكره فى المجتبى

“Ташаҳҳуд сўзлари билан унинг маъноларида иншо йўлига кўра худди Аллоҳ таоло уни тирилтиради, Пайғамбарига ва ўзига ҳамда авлиёларга салом берганидек мақсадни қасд қилади. Шундан (яъни, меърождаги воқеадан) хабар беришни қасд қилмайди. “ал-Мужтабо”да уни зикр қилинган” (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор. 2-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 219).

Мазкур фикрлар бундан аввал “Баҳр ар-роиқ”да ўз аксини топган эди (Қаранг: Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 567).

Қабрда Расулуллоҳ (с.а.в.) барчага намоён бўладиларми?

“Исботу вужуд ан-Набий фий кулли макон” асарида кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифларда келган бир ривоятни “Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма жойда ҳозиру нозир”, деган ақидага далил қилинган. Гап шундаки, одам қабрга қўйилгандан сўнг икки фаришта (Мункар ва Накир) келиб, ўша одамдан: “Бу киши борасида нима дейсан?”, деб сўрайдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилган бўладилар. Бу ҳақ гап! Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу борада алоҳида сўз юритилган. Бунга аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги барча мусулмонлар ишонадилар. Бироқ, мазкур асарда “бу” ишораси фақат ҳозирга – яқинга қилинади, деб туриб, ушбу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шарофатли жасадлари ила ҳозир бўладилар, дейиш ҳеч қандай гап-сўзсиз вожибдир, деб даъво қилинади (Ҳусайн ибн Муҳаммад аш-Шофиъий. Рисола фий исботи вужуд ан-Набий фий кулли макон. – Қоҳира: Дори жавомеъ ал-калим, 1992. – Б. 40).

Мазкур асарда айрим уламолар: “Ул зот зеҳнда – хаёлда ҳозир бўлиши мумкин”, деган гаплар айтганлигини, бироқ, бунга асос йўқлиги танқид қилинади. Барлавийларнинг бошқа асарларида эса шу ерда маййит билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ораларидаги парда кўтарилади ва қабрдаги маййитга ул зотнинг шахсан ўзлари кўрсатилади, дейилади. Бироқ, бунга аниқ шаръий далил йўқ!

Араб тилшунослигига оид наҳв китобларидаги “Ҳаза” (“Бу”) ишораси қарибга – яқинга қилинади, деган гапни асос қилиб олиш ўзини оқламайди. Барлавийлар “Аттаҳийёт”даги “Ё аййуҳа-н-Набиййу!” чақириғидаги “ё”ни ҳам яқинга қилингани боис, ҳар бир намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозир бўладилар, деб даъво қиладилар. Аслида, “ё” нидоси яқинга ҳам узоқдагига ҳам ишлатилаверади (Қаранг: Абдурраҳмон Жомий. Шарҳ Мулло – ал-Фавоид аз-зиёия. – Ҳиндистон: Мустафоий, 1884. – Б. 359).

Аслида, ҳақиқатдан ҳам “(ҳа)за” ишораси яқинга, “залика” эса узоққа, “зака” эса ўртача ҳолатга ишора қилинади. Бироқ, Абдурраҳмон Жомий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ Мулло” асарларида: “Кўп ҳолатларда ушбу учта ишора сўзи бошқасининг ўрнида ишлатилаверади. Бу борада маълум бир қатъий йўл йўқ, бошқасига ҳавола қилинаверади”, деганлар (Қаранг: Абдурраҳмон Жомий. Шарҳ Мулло – ал-Фавоид аз-зиёия. – Ҳиндистон: Мустафоий, 1884. – Б. 213).

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ эса ўзининг “ат-Талхис”нинг шарҳи “ал-Мутаввал” асарида ишора сўзлари ҳақида бундай дейдилар:

فانّ اصل اسماء الاشارة ان يشار بها الى مشاهد محسوس قريب او بعيد فان أشير بها الى محسوس غير مشاهد او الى ما يستحيل احساسه و مشاهدته فلتسييره كالمشاهد و تنزيل الاشارة العقلية منزلة الحسّية

“Ишора исмлари ҳақидаги асос улар яқиндаги ёки узоқдаги ҳис қилинадиган, мушоҳада этиладиган нарсаларга ишора қилаверади. Агар улар мушоҳада қилинмайдиган, фақат ҳис этиладиган нарсага ишора қилинса ёки ҳис қилиниши ва мушоҳада этилиши маҳол бўладиган нарсага ишора қилинса, у мушоҳада қилинган каби бўлади ва ақлий ишора ҳис қилиш ўрнига тушган бўлади” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. ал-Мутаввал шарҳ ат-Талхис. – Истанбул: Дор ат-тибоъа, 1891. – Б. 77).

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ узоқ ва яқин билан ишора қилиш таъзимни ифодалаш мумкинлиги борасида сўз юритиб, هذا الرجل – “Бу киши” сўзи гарчи ғойиб одамга нисбатан қўллаб яқинга ишора қилинаётганини айтиб ўтади (Саъдуддин ат-Тафтазоний. ал-Мутаввал шарҳ ат-Талхис. – Истанбул: Дор ат-тибоъа, 1891. – Б. 78).

Аслида, Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ “Файз ал-қадир”да келтиришича, машҳур шофиъий мутакаллим олими Ибн Жамоа раҳимаҳуллоҳ айтганидек, араблар “бу” ишорасини ҳозирга ҳам, ғойибга ҳам айтаверадилар, шунинг учун барчанинг қабрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ ўзлари намоён бўлади, дейиш ботилдир! (Имом ал-Муновий. Файз ал-қадир // ал-Мактабат аш-шомила, 2/372).

Бу гапни айтган Иззуддин ибн Жамоа (мелодий 1294-1366) Мисрда қози ал-қузот бўлган, фиқҳ ва калом илмлари бўйича бир қанча муҳим асарлар қолдирган, аҳли суннат ва жамоатнинг буюк олимларидан бири ҳисобланади.

Араблар هذا الرجل – “Бу киши” ишорасини узоқдаги одамга нисбатан ҳам қўллайверишига мисоллар келтирсак:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофдаги подшоҳликларга мактублар йўллагани барчага маълум. Шундай мактуб ва элчилардан бири Рум подшоҳи Ҳирақлга етказилган. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Ҳирақл мактуб билан танишиб, “Бу ерда ушбу кишининг қавмидан бирорта кимса борми?” деб сўраган. У элчиларга қараб, “Бу кишига насаб жиҳатдан яқинингиз қайсингиз?” деган. Яна “Мен сизлардан бу киши тўғрисида сўрамоқчиман!”, деган (Бухорий, 1/7; 6/4553; Муслим, 3/1773; Ибн Ҳиббон, 14/6555; Табароний, 8/7269; Абдурраззоқ, 5/9724; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 3/5861).

Албатта Ҳирақл هذا الرجل – “Бу киши” ишораси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутганига шак-шубҳа йўқ. Ул зоти шариф эса унинг ҳузурида ҳозир бўлмаган эди, унинг кўзига кўринмаган ҳам эди. Акс ҳолда, Ҳирақл ушбу мўъжиза олдида лол бўлиб, дарҳол имон келтирган, ҳеч бўлмаганда, хайрихоҳ бўлиб, яхши муносабатда бўлган бўларди. Шундай эмасми?!

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ яна бир ажиб воқеани ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сафарларида йўлдош саҳобалар билан биргаликда ухлаб қолганлар. Қуёш тафти уларни уйғотган. Туриб, бомдод қазосини ўқиганлар. Бир кимса намоз ўқимай турганини кўриб, унга сув бўлмаса таяммум қилишини ўргатганлар. Икки нафар саҳобага сув излаб келишни буюрганлар. Улар бир хотинни туяда сув ташиётгани устидан чиқишган. Уни Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб боришларини айтишган. Хотин ул зоти шарифнинг кимлигини сўраган, уни “Собийми?” деб сўраган. Саҳобалар уни “Сен ўйлаётган кимса шу бўлса керак”, деб олиб келишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг барчаси хотиннинг идишларидан сув олишган, ичиб қонишган, уловларини ҳам суғоришган. Хотиннинг идиши эса мўъжиза сабабли сувга тўла ҳолда қолаверган. Хотинга эса сув бергани боис мева-чева, нон-пон, толқон бериб юборишган. У уйига келиб, “Ажабо, менга икки киши учраб, мени Собий деб аталадиган бу киши олдига олиб борди”, деб воқеани гапириб берган (Бухорий, 1/344; Ибн Ҳиббон, 4/1301; Аҳмад, 4/19912; Баззор, 2/3584; Табароний, 14/276).

Мазкур ривоятда ҳам хотин гапириб бераётганида, хотиннинг оиласи уйига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташриф буюрмаган эдилар, оиладагилар кўзларига ул зоти шариф кўринмагандилар.

Ҳудайбия сулҳи воқеасида ҳам هذا الرجل – “Бу киши” ишораси қўлланган. Будайл ибн Варақо разийаллоҳу анҳу қурайшликлар олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида: “Дарҳақиқат мен бу киши олдидан сизга келдим”, деганлар (Бухорий, 3/2732).

Саҳоба Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиш воқеаси ҳам бор. Унда Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳу ўз укасига бундай деганлар:

اركب الى هذا الوادى فاعلم لى علم هذا الرجل الذى يزعم أنه نبىّ

“Бу водийга чиқиб, менга ўзини пайғамбар деб ўйлаётган бу кишининг илмини билиб кел!” (Бухорий, 5/3861; Муслим, 4/2474).

Юқоридаги мисоллар هذا الرجل – “Бу киши” ишораси ғойиб кимсага ҳам қўлланилиши мумкинлигини исботлаб турибди.

Демак, савол беришга ҳақлимиз: унда, бутун дунё бўйлаб бир вақтнинг ўзида вафот қилган ва қабрга дафн қилинган одамларда сўроқ-савол қандай бўлади? Фаришталар барчасига улгуришига далиллар бор, бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айни жасадлари ила бутун дунё қабрларига шахсан ташриф буюришларига ҳужжат қани?

Мункар ва Накирнинг қабрга кириб, маййитдан савол сўраб, уни сўроққа тутишлари оғир имтиҳон вақти ҳисобланади. Инсоннинг кейинги тақдири ҳақиқатдан ҳам ана шу имтиҳонга боғлиқ, шундай эмасми? Энди, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари қабрга ташриф буюрсалар, Мункар-Накирдек фаришталар маййитни қандай ҳам имтиҳон қила олардилар?! Мўъминлар ҳам, бошқалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташрифидан файз-футуҳ ва енгиллик олмасмидилар? Оламларга раҳмат бўлмиш, бизларнинг ота-онамиздан-да меҳрибонроқ бўлган Ҳабиби муҳтарам, Расули акрам, Набиййи муаззам соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айниқса, мўъмин-мусулмон умматларини биринчи дафъадаги оғир имтиҳонларини кўриб, шафоат қилиб, қўллаб-қувватлаб юбормасмидилар? Бу борада эса ҳеч қандай хабар йўқ-ку?!

Фаришталарнинг: “Бу киши борасида нима дейсан?”, деган саволларидаги ишора зеҳндаги, яъни хаёлдаги зоти шариф борасида эканига Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ва Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги мазкур маънодаги ҳадиси шарифда ишора мавжуд. Хуллас, фаришталар: “Бу киши борасида нима дейсан?”, деб сўраганларида, маййит: و أىّ رجل – “Қайси киши?” деб сўрайди (Аҳмад, 26/27021; Табароний, 24/281). Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса “Сизларнинг ичингизда бўлган бу киши ҳақида нима дейсан?”, деб сўралади (Ҳоким, 2/1403). Фаришталар савол қилганидан кейин ҳам маййит “Қайси киши?” ёки “Ким?” деб сўрагани, Расулуллоҳ алайҳиссалом маййитнинг қабрига жасадлари ва руҳлари ила асло кирмаганлигини билдиради. Акс ҳолда, маййит бу саволни сўраб ўтирмасди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ҳозир бўлмаслигига, балки ул зоти шарифга нисбатан ҳозиру нозир ва ғайбни билувчи деб айтиб бўлмаслигига кечаси бир аёл вафот этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар бермасдан саҳобаларнинг ўзлари жаноза ўқиб, дафн қилиб юборгандаги воқеа далил бўлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

أفلا كنتم آذنتمونى به دُلّونى على قبرها فانّ صلاتى له رحمة

“Мени огоҳлантирмабсизлар-да?! Унинг қабрига мени олиб боринг. Чунки, менинг намозим унга раҳматдир!” (Бухорий, 1/458; Абу Довуд, 2/3203; Насоий, 4/2022; Ибн Можа, 1/1528; Ибн Ҳиббон, 7/3086; Аҳмад, 2/8619; Ҳоким, 3/6505; Ибн Абу Шайба, 3/11329).

“Исботу вужуд ан-Набий фий кулли макон” асарида “қабрда шахсан эмас, балки ул зот зеҳнда – хаёлда ҳозир бўлиши мумкин”, деган уламоларни танқид қилинади. Аслида, аҳли суннат ва жамоатнинг барча уламолари шу фикрда бўлганлар. Жумладан, Аллома ас-Синдий раҳимаҳуллоҳ “Насоий”га ёзган ҳошиясида: “ўрталарингизда машҳур бўлган бу киши” деган ва “бундан ҳозир бўлишлари лозим келмайди”, деб қайд қилганлар (Ҳошият ас-Синдий, 4/2050).

“Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шарҳ ас-Судур” асарида бундай деганлар:

و سئل هل يكشف له حتى يرى النبىّ صلى الله عليه و سلم فأجاب إنّه لم يرد حديث و إنّما إدّعاه من لا يحتج به بغير مستند سوى قوله فى هذا الرجل و لا حجّة فيه لانّ الإشارة الى حاضر فى الذهن

     “Сўралган: қабрдаги маййитга кашф қилиниб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўринадиларми? Жавоб берган: Бу борада ҳадис келмаган. Ҳужжати йўқ кимсанинг иддаоси: هذا الرجل – “Бу киши” ишорасига суянишдан бошқа нарса эмас. Бунда ҳеч қандай ҳужжат йўқ! Чунки, бунда зеҳндаги ҳозир кимсага ишора мавжуд” (Жалолиддин Абдрраҳмон ас-Суютий. Шарҳ ас-Судур би-шарҳ ҳол ал-мавто ва-л-қубур. – Қоҳира: Дор ал-Маданий, 1985. – Б. 145).

Мусулмонлар Пайғамбаримиз (а.с.)ни ўнгда кўришлари мумкинми?

Таниқли ҳанафий олими Абу Саид ал-Ходимий раҳимаҳуллоҳ “Тариқати Муҳаммадия”га ёзган шарҳи “Бариқат ал-маҳмудия”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзларини ул зоти шариф вафотларидан сўнг мусулмонлар ўнгида бошидаги кўзлари ила кўришни худди Аллоҳ таолони дунёда бошдаги кўзлар ила кўриш мутлақо имконсиз эканлигидан келиб чиқиб мумкин эмас, дейдилар ва бу ақлга асло тўғри келмайди, дейдилар (Абу Саид ал-Ходимий. Шарҳ Тариқат ал-муҳаммадия. 1-жилд. – Истанбул: Усмония, 1900. – Б. 134).

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “аш-Шамоил ал-муҳаммадия” асарига битилган шарҳлардан бирини ҳадисшунос олим Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ битганлар. У мазкур асарида Пайғамбар алайҳиссаломни ўнгда кўриш ҳақида бундай дейдилар:

لا شبهة و لا ريب فيما رأى فهو على التشبيه و التمثيل فليس المراد رؤية جسمه بل مثاله فالشكل المرئى ليس وجهه و لا روحه و لا شخصه بل مثاله على التحقيق ذكره حجة الاسلام

“Шак-шубҳа йўқки, кўриш ҳақидаги сўз ташбеҳ ва тамсилга асослангандир. Ундан жисмидаги кўз ила кўриш мақсад эмас, балки унинг мисолидир. Демак, кўрилган шакл унинг юзи, жони ва шахси эмас, балки ҳақиқатдан ҳам мисолидир. Ҳужжат ал-ислом уни зикр қилганлар” (Абдуррауф ал-Муновий. Шарҳ аш-Шамоил. 2-жилд. – Миср: Шарафия, 1900. – Б. 231).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ҳам “аш-Шамоил ал-муҳаммадия”га битган шарҳи “Жамъ ул-васоил” асарларида Пайғамбар алайҳиссаломни ўнгда кўриш исмий ва баданий эмаслигини ёзадилар:

و كذا قوله فسيرانى فى اليقظة ليس المراد انه يرى جسمى و بدنى … فالشكل المرئى ليس روحه صلى الله عليه و سلم و لا شخصه بل مثاله على التحقيق

“Шунингдек, “Мени яқинда ўнгда кўради”, деган гапларидан ул зот жисмий ва баданий ҳолда кўрилади, деган мақсад йўқ. Кўрилган шакл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари ва шахслари эмас, балки ҳақиқатга кўра бир мисолидир, холос” (Али ал-қори. Жамъ ул-васоил фий шарҳ аш-Шамоил. 2-жилд. – Миср: Шарафия, 1900. – Б. 233).

“аш-Шамоил ал-муҳаммадия”нинг яна бир шарҳи “ал-Мавоҳиб ал-ладунийя”да эса бундай дейилади:

قوله من رآنى فى المنام فقد رآنى اى من رآنى فى حال النوم فقد رآنى حقا او فكأنما رآنى فى اليقضة فهو على التشبيه و التمثيل و ليس المراد رؤية جسمه الشريف و شخصه المنيف صلى الله عليه و لم بل مثاله على التحقيق

“Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Кимки мени тушда кўрса, дарҳақиқат мени кўрибди!”, деган гапларини “Кимки мени ухлаган ҳолида кўрса, ҳақиқатдан ҳам мени кўрибди ёки худди ўнгдагидек мени кўрибди”, деб тушунилади. У эса ташбеҳ ва тамсилга кўрадир, ундан мурод ул зоти шарифнинг шарофатли жисмларини ва буюк шахсларини кўриш эмас. Балки, ҳақиқатдан ҳам бу ул зотнинг мисолини кўришдир” (Иброҳим ал-Божурий аш-Шофиъий. ал-Мавоҳиб ал-ладунийя ъала аш-Шамоил ал-муҳаммадийя. – Мадина, 2001. – Б. 680).

Таниқли моликий мазаби олими Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Аҳком ал-Қуръон” номли асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш борасида бундай дейдилар:

فإنّ المرأ يعلم قطعا أنّه لم ير الذات النبوية و لا العين المرسلة الى الخلق و إنّما رأى صادقا فى التعبير عنه و الخبر به

“Бас, албатта инсон қатъий биладики, у (тушда) Пайғамбар алайҳиссаломнинг зотини кўрмаган, халққа юборилган айнан пайғамбарни кўрмаган, балки таъбири тўғри бўладиган, ундан хабар берилган тушдаги мисолни кўрган, холос” (Ибн ал-Арабаий. Аҳком ал-Қуръон. // Шомила, 5/22).

Таниқли мутасаввиф Шайх аш-Шозилий қуддиса сирруҳу каби авлиёуллоҳлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ўнгларида кўрганлиги нақл қилинган. Бу хилдаги ишлар эса каромат ҳисобланади:

فمن كرامات الاولياء خرق الحجب لهم فلا مانع عقلا و لا شرعا انّ الله يكرم وليّه بان لا يجعل بينه و بين الذات الشريفة ساترا و لا حاجبا

“Авлиёларнинг кароматларидандир уларга пардаларнинг очилиши. Демак, ақлга кўра ҳам, шариатга кўра ҳам монеълик йўқки, албатта Аллоҳ ўз валийсини икром қилади: у билан шарофатли зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орасида парда ҳам, тўсиқ ҳам қўймайди” (Иброҳим ал-Божурий аш-Шофиъий. ал-Мавоҳиб ал-ладунийя ъала аш-Шамоил ал-муҳаммадийя. – Мадина, 2001. – Б. 681).

Ўнгда кўриш каромат ва хориқи одат бўлиши мумкин. Аммо у умумий қоидаларни синдира олмайди, умумқоидани буза олмайди:

و هذا خوارق العادات، و الخوارق لا تنقض لاجلها القواعد

“Бу хориқи одатлар жумласидандир. Хориқи одатлар эса қоидаларни синдира олмайди!” (Иброҳим ал-Божурий аш-Шофиъий. ал-Мавоҳиб ал-ладунийя ъала аш-Шамоил ал-муҳаммадийя. – Мадина, 2001. – Б. 681).

Имом Раббоний (қ.с.) олами мисол ҳақида айтганлари

Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди деб эътироф қилинган Имом Раббоний қуддиса сирруҳу Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёуллоҳлар мисол оламида кўриниши мумкинлиги, лекин бу шаҳодат оламида эмаслигини таъкидлаганлар. Мисол олами деб инсоннинг хаёлоти, ўзича тасаввурини тушуниш кераклигини ҳам уқтирганлар. Бунга диққат қилинг! Мисол олами ҳақида “Мактуботи шариф”да бундай дейилади:

بايد دانيست كه عالم مثال از جميع عوالم فراخ تر است هر چه در جميع عوالم است صورت او در عالم مثال است معقولات و معانى همه آنجا صورت دارند… نمونهٴ عالم مثال خيال است چه جميع اشيا را در خيال صورت متصور است كيفيات اطول و مقامات سالك چنان است

“Билмоқ лозимки, мисол олами жами оламлардан кенгроқдир. Барча оламлардаги нарсанинг сурати мисол оламида мавжуд. Ақлга келган нарсалар, барча маънолар у ерда сурат боғлайди. Мисол оламининг намунаси хаёлдир! Чунки, хаёлда жами нарсаларнинг сурати бор, тасаввур қилиб бўлади. Узундан-узоқ ҳолатлар, соликларнинг мақомлари ҳам худди шундайдир!” (Имом Раббоний. Мактубот. 2-жилд. 58-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1873. – Б. 116).

Имом Раббоний қуддиса сирруҳу тириклар ва ўлганлар ҳам мисол оламида кўриниш бериши мумкинлиги, бу эса доимий бўлмаслигини ҳам айтиб ўтганлар:

و همچنين ارباب حاجات از أعزه احيا و اموات در ان مخاوف و مهالك مددها طلب مى نمايند و مى بينند كه آن صور اعزه حاضر شده دفع بليه ازينها نموده است گاه هست كه آن اعزه را از دفع آن بليه اطلاع بود و گاه نبود. اين نيز تشكل لطائف آن اعزه است و اين تشكل گاه در عالم شهادت بود و گاه در عالم مثال چنانچه در يك شب هزار كس آنسرور را عليه و على آله الصلوات و السلام بصور مختلفه در خواب مى بينند و استفادها مينمايند اين همه تشكل صفات و لطائف اوست عليه و على آله الصلوات و السلام بصورتهاى مثالى و هچنين مريدان از صور مثالى پيران استفادها مينمايند و حل مشكلات مى فرمايند

“Шунингдек, ҳожатманд кимсалар тирик ва ўлиб кетган азизлардан хавфу-хатар ва ҳалокатли вақтларда мададлар талаб қиладилар. Ўша азизларнинг суратлари ҳозир бўлиб, улардан балоларни даф қилганларини кўрадилар. Гоҳида ўша азизлар ушбу балоларни даф қилганларини ўзлари биладилар, гоҳида эса ўзлари билмаган бўладилар. Бу ҳам ўша азизларнинг латиф жисмлари шаклга кирганлигини билдиради. Бу шаклланиш баъзан шаҳодат оламида бўлса, гоҳида мисол оламида бўлади. Чунончи, бир кечада минг нафар киши тушида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар хил суратларда кўради ва фойдалар топади. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг латиф жисмлари ва сифатлари мисолий суратлар билан шаклланганлигидир. Шунингдек, муридлар мисолий суратларда пирларидан истифода қиладилар ва мушкилларини ҳал этадилар” (Имом Раббоний. Мактубот. 2-жилд. 58-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1873. – Б. 115).

Бошқа ўринда мисол оламида бўлиб ўтган нарсани ўша кимсанинг ўзи билмаслиги мумкинлигини ёзадилар:

بايد دانيست كه همچنانكه در حصول نفس ولايت مر ولى را علم بولايت خود شرط نيست چنانكه مشهور است علم بوجود خوارق خود هم شرط نيست بلكه بسا است كه مردم از وى خوارق نقل كنند و اورا ازان خوارق اصلا اطلاع نه و اوليا كه صاحب علم و كشف اند جائز هست كه بر بعضى از خوارق خود اطلاع پيدا نكنند بلكه صور مثاليه ايشانرا در امكنه متعدده ظاهر سازند و در مسافات بعيده كارهاى عجيبه و غريبه ازان صور بظهور آرند كه صاحب آن صوررا ازانها اصلا اطلاع نيست

“Билмоқ лозимки, валий инсонга ўзининг авлиёлик мақомига эришуви учун ўша авлиёлигини билмоғи шарт эмас. Машҳур гап борки, ўзининг кароматли инсон эканини билмоқ ҳам шарт эмас. Балки, кўп ҳолатларда одамлар бирор валийдан кароматларни нақл қиладилар, бироқ ўша кароматлардан ушбу валийнинг ўзи бехабар бўлади. Илм ва кашфу каромат соҳиби бўлмиш авлиёлар ўзларининг айрим кароматларидан хабарсиз бўлиб қолишлари жоиз. Шунингдек, уларнинг мисолий суратлари турли маконларда зоҳир бўлади, узоқ масофаларда ажойибу ғаройиб ишлар уларнинг суратларида зоҳир бўлади, лекин ўша суратларнинг соҳиби бу нарсалардан асло хабардор бўлмаган бўлади” (Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. 216-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1873. – Б. 222).

Тўқима ёлғонлар

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳамма вақт ҳамма жойда ҳозиру нозирдир, дейдиганлар ўзларининг иддиоларига далиллар келтирар эканлар, далиллар борасида одамларни чалғитишга урунадилар. Биз бунга бир неча мисоллар келтиришга мажбурмиз:

1) “Исботу вужуд ан-Набий фий кулли макон” китоби нашрида 58-бетида Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳнинг ривоятини Имом Мунзирий раҳимаҳуллоҳдан далил келтирилган. Унда Саҳоба Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бор:

أكثروا من الصلوة على يوم الجمعة فانه يوم مشهود تشهده الملائكة و ان احدا لن يصلى على الا عرضة على صلاته حين يفرغ منها

“Жумъа куни менга саловот кўп айтинглар. Чунки, у кун шоҳидлик бериладиган кун, унга фаришталар гувоҳ бўладилар. Агар биров менга саловот айтса, у саловотини тугатган онда унинг саловоти менга албатта арз қилинади”.

Бу ҳадисни ҳақиқатдан ҳам ал-Мунзирий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб” асарида ривоят қилган бўлиб, уни биз келтириб ўтдик (Мунзирий, 2/2582).

Бироқ, гап шундаки, бу китобда ҳадисга қўшимча қўшиб ривоят қилинган:

 ليس من عبد يصلى على الا بلغنى صوته حيث كان

“Банда менга саловот айтар экан, унинг овози қандай бўлса ҳам менга етади”.

Мазкур қўшимча юқорида кўрсатилган ривоятда кўринмайди. Шунингдек, бу ал-Мунзирий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган жумъа кунги ва бошқа кунлардаги саловотларни фаришталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга номма-ном етказишлари ҳақидаги ҳадисларга тескари бўлиб қолади. Демак, қўшимчани ноширлар ўзларининг фойдасини кўзлаб тўқиб чиқарган бўлсалар, эҳтимол. Яна Аллоҳ билгувчироқ!

2) Далилларидан яна бири  “аз-Захоир ал-муҳаммадия” асарида келтирилган. Унда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган: نسمة المؤمن على طائر تسبح حيث تشاء – “Мўъминнинг руҳи қушда хоҳлаган жойида тасбеҳ айтиб юради”, деган ҳадис матни зикр қилинган. Бу билан китобда оддий мўъминнинг руҳи хоҳлаган жойида тасбеҳ айтиб юрадиган бўлса, оламларга раҳмат бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари бунга қодир бўлмайдими, деган маъно тақдим қилинган. Аслида, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ривоятида ҳам, бошқа муҳаддислар ривоятида ҳам мазкур ҳадис матни бошқача. У қуйидагича:

انما نسمة المؤمن طير يعلق فى شجر الجنة حتى يرجعه الله الى جسده يوم يبعثه

“Албатта мўъминнинг руҳи қуш бўлиб, то Аллоҳ уни тирилтирган куни жасадига қайтаргунча жаннат дарахтида осилиб туради (Насоий, 1/2200; Ибн Можжа, 4/4271; Молик, 1/568; Аҳмад, 3/15815-16; Табароний, 19/119; ).

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг “Иттиҳоф ал-хиярат ал-маҳара” асарида мазкур ҳадиси шариф матни: ان نسمة المؤمن تسرح فى الجنة حيث شاءت – “Албатта мўъминнинг руҳи жаннат ичида хоҳлаган жойига бориб-келиб юради”, тарзида берилган (8/7675/2).

Хуллас, мазкур ҳадис “аз-Захоир ал-муҳаммадия”да айтилганидек: تسبح حيث تشاء – “хоҳлаган жойида тасбеҳ айтиб юради”, тарзида келтирилган эмас. Тўғри, муаллиф мазкур ҳадиси шарифни келтираётиб “ав кама қола” (“ёки шундай деган”) деб туриб, муҳаддисларнинг ҳадиси шарифларнинг лафзини эмас, маъносини ривоят қилганда келтирадиган гапни ишлатади. Бу жоиз, албатта. Бироқ, ҳадиси шарифнинг асл маъносини бузиб, ўзининг ақидасига буриб талқин қилиш ва шу хилдаги лафзларни ишлатиш маънавий жиноятдир.

3) Барлавийлар томонидан ўзларининг ақидаларини исботлаш мақсадида қандай бўлмасин ва қай тариқа бўлмасин далил топишга урунганлар. Ана шундай далилларидан бирини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилганлар. Гап шундаки, гап у зотга нисбат қилинса, ҳанафий мазҳабидаги одамлар, айниқса, авом халқ буни тўғри қабул қилаверади. Шунинг учун барлавийлар “Қасидат ан-Нўъмон” деб аталган қасидани Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асари сифатида тақдим қилиб, ундан қуйидаги байтни келтирганлар (Қаранг: Жоа-л-Ҳаққ! – Б. 77; Миқёси ҳанафият. – Б. 285):

و إذا سمعتُ فعنك قولاً طيّباً، و إذا نظرتُ فما أرى إلّاك

“Қачонки, Сиздан яхши гапни эшитсам ва назар солсам, фақатгина Сизни кўраман!”.

Мазкур байт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата айтилган, деб туриб, демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам ҳозир нозир ақидасига ишонган, демоқчи бўладилар. Далиллар аниқ маълумотларга асосланмоғи шарт, айниқса, ақида масалалари. Ҳеч бир манбашунос, ҳеч бир тарихчи, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқибларини ва ҳаётларини ёритган ҳеч бир тадқиқотчи у зотнинг “Қасидат ан-Нўъмон” номли асари – манзумаси бўлганини ёзган эмас! Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга ёлғондакам нисбат қилинган асардир. У мадиналик номаълум муаззин томонидан айтилган қасида ҳисобланади. Муаззиннинг кимлиги ҳеч бир манбада зикр қилинган эмас.

Иккинчидан, барлавийларнинг бузуқ ақидалари ёритилганда, уларнинг раҳнамоси Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг назмий асарларидан, жумладан, “Ҳадоиқи бахшиш” асарида келтирилган байтлардан иқтибос олиб кўрсатилса, улар, ана ўшалар иқтибос олган байтларни ҳаспўшлаш ва ўз раҳнамоларининг бу ғалати гапларидан одамларни чалғитиш мақсадида ушбу гаплар унинг фақат мазкур девонида учраши, бу эса шеърий адабиётда муболаға санъати билан боғлиқлиги ёки бир авлиёнинг кўпчилик авлиёларда учрайдиган “шатаҳот”ларидан иборат эканини айтиб келишади ва буни кўп бора таъкидлайверишади. Агар шундай бўладиган бўлса, барлавийлар нима учун Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган манзумадан ақидавий масалага далил олишади?!

Учинчидан, агар мазкур “Қасидат ан-Нўъмон” манзумаси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тегишли деган тақдиримизда ҳам ушбу байтдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма жойда ҳозиру нозирлиги келиб чиқмайди. Балки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тасаввуфдаги “Фано фи-р-Расул” мақомига эришганини исботлайди, холос. Мазкур мақом тариқат вакилларининг энг буюк мақсадларидан бўлиб, у ўзини доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида тургандек ҳис қилиб туриш ҳолатини ифода қилади.

Авлиё ва сўфийларнинг гаплари ва феъллари шаръий далил бўлолмайди!

Барлавийлар “Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма жойда ва ҳамма вақт ҳозир-у нозирдирлар”, деган ақидаларига тасаввуф аҳлининг гапларидан, уларнинг кароматларидан, бошларидан ўтказган воқеалар тасвиридан, сулук аҳлининг айтган ва қилган ишларидан далил келтирадилар. Буларни ақидавий масалаларда далил қилиш мумкин эмас!

Тасаввуф аҳлининг, авлиёуллоҳларнинг каромат ўлароқ қилган ва билдирган ишлари, сўфийларнинг гап-сўзлари ва феъллари шариатда далил қилиб олинмайди. Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ўзларининг “Мактубот”ларида бундай деганлар (1-жилд, 335-бет):

Нест ҳужжат қавл-у феъл-и ҳеч пир,

Қавл-и Ҳақ-у феъл-и Аҳмадро бигийр!

(Ҳеч бир пирнинг феъли ва гапи ҳужжат эмас. Ҳақ таолонинг гапини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феълини олгин!).

Аллоҳ ерни жамлаб кўрсатган

Барлавийлар: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳамма жойда ҳозиру нозир”, деган ақидаларига мана бу саҳиҳ ҳадиси шарифни ҳам далил қилиб келтирганлар:

إنّ الله زَوَى لى الأرض فرأيت مشارقها و مغاربها و إنّ أمّتى سيبلغ ملكها ما زُوِى لى منها

“Албатта, Аллоҳ менга ерни жамлади. Шунда мен унинг машриғи-ю мағрибини кўрдим. Умматимнинг мулки тез ора менга жамланган жойларигача етиб боради” (Муслим, 4/2889; Термизий, 4/2176; Абу Довуд, 4/4254; Ибн Ҳиббон, 15/6714; Аҳмад, 4/17156; Ҳоким, 4/8390; Байҳақий, 2/19088; Баззор, 2/3487; Ибн Абу Шайба, 11/32352).

Биринчидан, бу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари эканлиги шарҳларда таъкидланган. Чунки, мусулмонлар ернинг мағриб ва машриқини эгалладилар.

Иккинчидан, бу ерда жамлаш ва кўриш ўтган замонда айтилмоқда. Бинобарин, уни ҳозирги кундаги ҳозирлик ва нозирликка далил қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум. Шунинг учун ҳам таниқли ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳнинг “Мирқот ал-мафотеҳ” асарида мазкур ҳолатни бир марта содир бўлган дейилган:

و معناه أنّ الأرض زويت لى جملتها مرّة واحدة فرأيت مشارقها و مغاربها ثمّ هى تفتح لأمّتى جزءا فجزءا حتى يصل ملك أمّتى الى كلّ أجزائها

“Унинг маъноси ер менга бутунича бир марта жамлаб кўрсатилди. Шунда, мен унинг машриқ ва мағрибини кўрдим. Сўнгра, у умматим учун бўлакма-бўлак фатҳ қилина бошланади, ҳатто умматимнинг мулки унинг барча бўлакларигача етиб боради” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотеҳ. 10-жилд. – Байрут: Дор ал-Фикр, 1994. – Б. 16).

Мазкур кўрсатилиш меърож воқеасида бўлган бўлиши мумкин ёки бошқа бир хос ҳолатда бўлиб ўтган бўлиши ҳам мумкин. Бу ерда уни барча ҳолатларда шундай бўлади, дейишга асос йўқ.

Учинчидан, мазкур ҳадисда: “Аллоҳ менга ерни жамлади”, дейилган бўлиб, айрим шориҳлар, шу жумладан, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ҳам: فالمراد بالأرض أرض الإسلام – “Ердан мурод ислом еридир!” дея, ернинг ҳамма жойи эмас, балки мусулмон давлатларга тегишли бўладиган ерлари назарда тутилганини айтганлар. Бундан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ер юзининг ҳамма жойини қўл кафтига ёки бармоқ тирноқларига қараб тургандек кўрганлар, деган маънони олиб бўлмайди, албатта.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни “ғайбнинг ҳммасини – куллийсини ҳам, жузъийсини ҳам биладилар, у зот ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозиру нозир” дегувчиларнинг энг биринчи ҳужжати ва далил сифатида кўп келтирилгани қуйидаги исноди заиф ҳадиси шарифдир:

انّ الله عز و جل قد رفع لى الدنيا فأنا أنظر اليها و الى ما هو كائن فيها الى يوم القيامة كأنما أنظر الى كفى هذه جليان جلاه الله لنبيه صلى الله عليه و سلم كما جلاه للنبيين من قبله

“Албатта Аллоҳ азза ва жалла мен учун дунёни кўтарди, мен унга ва ундаги қиёматгача бор бўладиган нарсаларга худди ушбу кафтимга қарагандек қараб турардим. Бу бир аниқ-равшан изҳор бўлиб, Аллоҳ ўз пайғамбарини ундан олдинги бошқа пайғамбарларга аниқ билдирганидек билдиргандир”.

Мазкур ҳадиси шарифни Нуайм ибн Ҳаммод “ал-Фитан” асарида (1/27), Абу Нуайм “Ҳилйат ал-авлиё”да (6/101) ривоят қилганлар. Уни Имом Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Жамъ ал-жавомеъ”да заиф деганлар (1/2301). Мазкур ҳадисни Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ҳам ривоят қилган бўлиб, унинг ривоятини ҳам Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ “Мажмаъ аз-завоид”да заиф деганлар (8/14067).

Агар ушбу ҳадисни саҳиҳ ва ҳужжат сифатида олиш мумкин, деган тақдиримизда ҳам, юқорида айтганимиздек, унда маълум бир вақт ва муайян ҳолат ифодаланган, бунда ваҳийи илоҳий орқали бўладиган мўъжиза назарда тутилган, дейиш мумкин.

Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳунинг қадам товушлари эшитилган

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳуга: “Мен жаннатга кирганимда сенинг оёқ товушингни эшитдим. Нима иш қилгандинг?” деган маънодаги сўровлари ва унинг: “Ҳар таҳоратдан сўнг икки ракъат намоз (шукри вузуъ; таҳорат ҳаққи) ўқиганлигини айтгани ҳақидаги ҳадиси шарифни кўпчилик эшитган ва бунга амал қилиб юришади. Барлавийлар ўзларича ушбу ҳадисдан ҳозиру нозир масаласига далил топганлар. Яъни, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма нарсани билиб турганлар, жаннат ичкарисини ҳам қўлкафтига қарагандек кўриб турганларига далил, дейишади. Ҳолбуки, мазкур ҳадисни ривоят қилган муҳаддис Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ уни Пайғамбар алайҳиссалом тушларида кўрган, деб изоҳ берганлар (Термизий, 5/3689). Бу хилдаги ҳадисларнинг барчасида “Тушимда кўрсам, худди жаннатга киргандек бўлибман …”, деган қайдлар мавжуд.

ХУЛОСА

Барлавийлар ва айрим мусулмон тоифалар томонидан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма жойда ҳамма вақт ҳозир ва нозирдирлар. Ул зотдан ҳеч бир макон, ҳеч бир замон, ҳеч бир аср ва вақт  холи эмас”, деб айтилаётган эътиқод аҳли суннат ва жамоат таълимотига зид эканини юқорида далиллар билан кўриб чиқдик.

Барлавийларни ёқловчилар уларни жой номига боғлаб, ўша ердан чиққан мусулмонлар сифатида кўрсатишга урунадилар. Ҳақиқатдан ҳам, Барлавий туғилиб-ўсган жой номига нисбатдир. Худди Бухорий, Термизий дейилгани каби. Бу жуда тўғри фикр. Бироқ, бундан фарқи бор: бухорийлар деган, термизийлар деган жамоа ҳам йўқ, гуруҳ ҳам йўқ. Улар Аҳмад Ризохон алайҳирраҳма каби алоҳида кўринишга эга эмаслар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга ҳам, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳга ҳам эргашганларни, шогирдларини, уларга ихлос қўйганларни ҳеч ким, эътибор беринг, ҳеч ким – дўст ҳам, душман ҳам бухорийлар ёки термизийлар атамаси билан атамайди, атай олмайди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга ҳам, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳга ҳам эргашганларга, шогирдларига, уларга ихлос қўйганларга қарши ҳеч ким – дўст ҳам, душман ҳам раддиялар ёза олмайди, ёзмайди ҳам. Нимага? Чунки, уларнинг анъанавий аҳли суннат ва жамоатдан айрича ақидалари, фикрлари, кўринишлари, амаллари йўқ! Уларнинг Аҳмад Ризохон алайҳирраҳманинг таълимоти каби алоҳида таълимотлари бўлмаган. Аҳмад Ризохон алайҳирраҳманинг айтган фикрлари ва ақидаларидан асосийлари борасида уларни ёқланиб ёки қораланиб алоҳида рисолалар ёзилганлигини биласиз. Лекин, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ақидаси бу, таълимоти бу, деган маънодаги ёқланиб ёки қораланиб ёзилган бирорта асарни биласизми?! Яъни, демоқчиманки, уларни аҳли суннат ва жамоатнинг жумҳуридан ажратиб турувчи алоҳида кўринишлари бўлган эмас. Шунинг учун ҳам барлавийлар деганда маълум бир жойда туғилганлар эмас, ана шу жойда туғилган бир шахсга эргашувчи ва ихлос қилувчилар жамоаси ва тоифаси тушунилади. Қайсидир фирқа ёки оқим қандай ниятда ташкил қилинган бўлмасин, унинг раҳнамолари нақадар яхши инсонлар, нақадар буюк уламолар бўлмасин, лекин алоҳида кўринишлари, мусулмонлар ҳамжамиятидан ажралиб, озчилик билан алоҳида бўлиб олишларининг ўзи, кўпчилик мусулмонлар (яхши-ёмон бўлишининг фарқи йўқ) уларнинг алоҳида кўринишига қараб, алоҳида ном қўйиб қўйишининг ўзи уларни аҳли суннат ва жамоатдан чиқариб қўяди. Шу ерда Абдуллатиф қори домла ҳафизаҳуллоҳнинг Нурчилар жамоаси вакилига айтган гапини эсламай иложимиз йўқ. “Сизларнинг “нурчилар” деб аталишингизнинг ўзи сизни аҳли суннат ва жамоатдан айри эканингизни билдиради!”, деганлар у зот. Нақадар ҳақ гап!

Барлавийлар аҳли суннат ва жамоатнинг жумҳур уламоларидан айрича фикр ва ақида юритиб, “Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғайбнинг куллийсини ҳам жузъийсини ҳам биладилар; ўтган ва энди бўладиган нарсаларнинг ҳаммасини билганлар; ҳозир ҳам билиб турадилар; ҳозир ҳам ҳамма жойда ҳозиру нозир бўладилар; у зот бутун коинотнинг тасарруфини қилиб турадилар, у зотга “Кун!” қудрати – таквин сифати берилган”, деганга ўхшаш гапларни айтадилар. Бу хилдаги ақида тўғри эмаслигини мақоламиздаги ҳозиру нозир мавзусидаёқ кўриб чиқилди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло аҳли суннат ва жамоатдан заррача айирмасин, Аллоҳ таоло ҳамиша тавфиқда бардавом қилсин! Аллоҳ илмларимизни зиёда қилсин, самимиятимизни орттирсин, таассубдан ва ғулувдан ўзи сақласин! Омин!

Соллаллоҳу алайка, ё Расулаллоҳ!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *