СУРАТДАГИ КИШИЛАР КИМ?

photo_2020-02-03_21-16Қуйидаги расм кабиларни кўпайтириш, юртимиз аллома, уламо, тасаввуф шайхларини танитиш аҳамиятли албатта. Улар орасида менинг икки нафар марҳум устозим – Шайх Аҳмаджон махдум Кўҳистоний ҳамда Шайх Дўстмуҳаммад Турсун ҳазратлари (Раббим уларни раҳмат қилсин!) борлар. Шунингдек, уларнинг пир-муршидлари, Муҳаммад Шариф ал-Ҳисорий (қуддиса сирруҳу) ҳазратлари ҳам борлар. Бизга қадрдон бўлган, устоз ўрнидаги зотлар – Домла Абдулкарим охунд раҳимаҳуллоҳ ҳамда Шайх Ҳикматуллоҳ ҳафизаҳуллоҳ ҳам борлар. Бироқ, унда юртимиз улуғлари ва шайхлари билан бирга ўзга юрт одамларини бир қаторда қўйишдан мақсад нима? Жумладан, бу суратда машҳури жаҳон Жалолиддин Румий ҳазратларидан ташқари яна тўрт нафар ўзга юрт шайхлари қўйилган. Бироқ, уларнинг нима мақсадда мана шу битта суратда қўйилгани қизиқ туюлди. Мақсад нима? Бундан мақсад ўз юртимиз уламоларини орқа қилиб, бизга номаълум кишиларни бу юртда тарғиб ва ташвиқ қилишми? 
Биз ўша нотаниш кишиларнинг кимлиги ва бутун дунёда қандай танилганлигини таҳқиқ қилиб, ўрганиб чиқишни истадик…
Бу тўрт нафардан иккитаси ўз юртида ҳам, бутун дунёда ҳам такфирчилиги билан танилган олимлар ҳисобланади. Улардан биринчиси, Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон Барелвий (1856-1921) бўлиб, у Ҳиндистонда такфир фитнаси байроғини юқори кўтарган. У ўз замондошларидан бўлмиш кўплаб уламоларни кофирга чиқарган, бу борада бир қанча китоблар ёзган. У ҳозирги кунда бутун дунёда барлавийлар деб аталаётган оқим раҳнамоси ҳисобланади.
Иккинчиси эса, узоқ Африкадаги аҳбошлар – ҳабашлар дейилаётган оқимнинг эфиопиялик раҳнамоси Абдуллоҳ ал-Ҳарарий (1910-2008)дир. У ҳам ўз даврининг жуда кўплаб уламоларига тош отган, куфрда айблаган, унинг такфир фитнасидан дунёга машҳур олимлар ҳам қочиб қутила олмаган.
Бу икки зот ваҳҳобий ва салафийларга қарши бир қанча китоб ва рисолалари билан танилган бўлсалар ҳам, лекин ўзлари “такфир” фитнасига гирифтор бўлиб қолганлар. Масалан, ваҳҳобий ва салафийлар бутун дунёни ширкка тўлдириб, ҳар нарсадан ширк топавергани, ҳар ишни ширкка боғлайвергани билан машҳурлар. Ҳатто уларнинг айримларидан: “Светафорда тўхташ ширк”, “Жумъа куни имомдан жамоатдан дуо олиб беришни сўраш ҳам ширк”, деганини ўзим эшитганман. Худди шундай, бу икки зот ҳам уларга қарши бўлиш ва динга хизмат қилиш баробарида, ҳар нарсада куфрни ва кофирликни кўриб қолишган. Дунёни гўё куфрга тўлдириб ташлашган, ҳар бир ишни ва ҳар бир гапни куфрга олиб бориб тақайверишган. Бу ҳам худди бемазҳабликнинг айни ўзидек бир фитнадир.
Шайтон жуда айёрдир. Ҳар кимни ўзига ёққан ёки ёқтирмаган нарсаси билан фитнага гирифтор қилади. Масалан, сохта салафийлар “Аллоҳ осмонда!” деган мавзуни хуш кўришади. Танишувни ҳатто шундан бошлашади. Ишонмасангиз, уларнинг махсус сайтлари ва саҳифаларига киришга уруниб кўринг. Нуқул гапларини ва мақолаларини Аллоҳнинг сифатларига олиб бориб тақашаверади. Гўё тўғри йўл Аллоҳнинг сифатларини улардек ва улар каби билишдадир. Айримлар эса ваҳҳобийликни ёмон кўргани боис, кўзларига ҳамма одамлар нуқул ваҳҳобий бўлиб кўринаверади. Суҳбатлари ваҳҳобийликдан бошқасига ўтмайди, ҳар бир суҳбатни ваҳҳобийликка олиб бориб тақашаверади. Салафийларни ёмон кўрадиганлар кўзига эса, нуқул мужассималик ва мушаббиҳалик кўринаверади. Ҳар бир гапини, ҳар бир суҳбатини мужассималикка олиб бориб тақайверади. Дунёни гўё мужассималар босиб кетгандек тасаввур қилишади. Ундайларда ҳам гўё тўғри йўл “тажсим” ва “ташбеҳ” каби мавзуларни улардек ва улар каби билишдадир.
Юқоридаги икки ҳолат ҳам тўғри эмас. Мана шу суратдаги устозларимизнинг бирортаси ваҳҳобийликка бунчалар нафрат кўрсатган эмас, ваҳҳобий ва салафийларни кофирга чиқарган эмас. “Тажсим”, “ташбеҳ” ва “такфир” каби тушунчалар тўғрисида бунчалик кўп гапирган эмаслар. Улар ўтмишдаги олимларни ҳам, ўз давридаги олимларни ҳам кофирга чиқарган эмаслар, ишидан куфр изларини ва аломатларини топишга ҳаракат қилган эмаслар. Муҳаммад Шариф ал-Ҳисорий қуддиса сирруҳу ҳеч кимни кофир деб атаган эмаслар, Шайх Дўстмуҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ ҳеч кимни кофирга чиқармаганлар, Аҳмаджон махдум Кўҳистоний раҳимаҳуллоҳ бировни кофир деганини ҳеч ким эшитган эмас, Домла Ҳикматуллоҳ ҳафизаҳуллоҳнинг бировнинг куфрига фатво берганини биров ҳали эшитмаган бўлса керак! Чунки, такфир бир шайтоннинг фитнасидир!
Шунинг учун ҳам, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ зикр қилганимиз бу икки такфирчи олим ва унинг оқимларидан ўз вақтида омма халқни огоҳлантириб кетган эдилар.
Энди, савол пайдо бўлади: нима учун ушбу суратда бу икки такфирчи олимнинг ёнида бизнинг устозларимиз суратини қўйиб тарқатилмоқда?!
Суратдаги учинчи шахс бу Пир Меҳр Алишоҳ (1859-1937) бўлиб, асли форсийлардан бўлган покистонлик, чиштия ва қодирия тариқати вакили, “Аҳмадия” (“Қодиёний”лик) оқимига раддия бериб танилган зот. У Ибн ал-Арабий қуддиса сирруҳунинг “ваҳдат ал-вужуд” таълимотини расман қабул қилганлиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Маълумки, бу оқим ҳақида динимизнинг ўтмишдаги муҳаққиқ уламолари, шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобларида салбий фикр билдирган эдилар.
Тўртинчи одам бу Шайх Муробит ал-Ҳожж (1908-2018) бўлиб, у мавританиялик олим. У ёшлигида пою-пиёда ҳажга отлангани сабабли шуҳрат қозонган. ХХ асрда ўзининг зоҳидлиги ва таркидунёчилиги билан танилган шайх ва сўфийлардан бири ҳисобланади. Америкалик даъватчи Ҳамза Юсуф унинг шогирдларидан дейилади.
Бу шайхлар билан бизнинг ютимиз уламолари ва устозларимизнинг нима алоқалари бор? Устозларимиз нақшбандий эдилар, қодирий ҳам, чиштий ҳам эмас эдилар. Устозларимиз Мавританияни бирор марта айтмаган, ҳатто эҳтимол унинг қаердалигини ҳам билмагандирлар. Нима, интернетда кўринган соқолликни бобом деявериш, кўринган соқолликни бобом деб қучоқлайвериш керакми?!
Тўғри, дунёда ҳар бир замонда ва ҳар бир маконда қиёматгача авлиёлар чиқаверади. Бироқ, уларнинг барчасини билиш шарт эмас. Бизнинг ўз юртимиз уламолари, шайхлари, авлиёлари етарли. Уларга алоқаси бор бўлса, бошқа юрт уламолари, шайхлари, авлиёлари ҳам кўзимиз нури бўлсин! Аммо, ота-бобомиз билмаган, айтмаган, устозларимиз билмаган ва айтмаган шахсларни Ўзбекистонда тарғиб ва ташвиқ қилишдан мақсад нима?!
Мен устозларим расми бўлгани боис бу суратга эътибор қаратган эдим. Бироқ, уни интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида қўйган одамнинг илми, эътиқоди ва дунёқарашида нуқсон борлигини кўрдим. Афсус!
Аллоҳ ҳаммамизни ислоҳ қилсин, ҳидоятдан сўнг тавфиқимиздан айирмасин!
Бошқаларни огоҳлантириш мақсадида ушбу суратга изоҳ бериб, ундаги кўпчиликка мутлақо нотаниш кимсаларни билдириб қўяй дедим.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *