ҚУРЪОННИ ЎЗГАРТИРСА БЎЛАДИМИ?

3537855085674607Шу кунларда Қуръони Каримга ўзгартириш киритишга уруниш мавзусида айрим сўзлар, хабарлар тарқаб қолди. Юртдаги Қуръон аҳлларининг кичик бир вакили сифатида айрим мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашишни маъқул топдим.

Қуръонни ўзгартириш ёки бекор қилиш даъвосини қиладиганлар тарих мобайнида ҳар замонда чиқиб тургани бор гап. Бундай беҳуда ҳаракат янгилик эмас, ваҳий замонида ҳам бўлган, айни таклиф ваҳийни қабул қилиб турган зотга ҳам берилган ва ҳамиша муваффақиятсиз якун топган. Қуйидаги ояти карималарни ўқиб, қалбдан тадаббур қилсангиз, уларнинг маънолари қанчалар буюк эканидан ҳайратга тушасиз.
«Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, буюк кун азобидан қўрқаман», деб айт. Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар зафар топмаслар». (Юнус сураси, 15‒17-оят.)
Демак, ўша пайтда ҳам кофир кимсалар Қуръоннинг айрим оятларини қабул қила олмай, уларни ўзгартиришни талаб қилишган экан. Қуръон таъбирига кўра, улар ақл юритмайдиган, энг золим кимсалардир. Улар жинятчилардир ва ҳеч қачон зафар топмаслар, мақсадларига эриша олмаслар.
Уларнинг мазкур аҳмақона талаблари уларнинг ақлсизликларидан, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан бўлиб, унга кимса дахл қила олмаслигини англамаганларидан эди. Ҳатто ваҳийни қабул қилиб турган зот ҳам Қуръонга бир ҳарф ҳам ўзгаритириш киритишлари мумкин эмас эди. Акс ҳолда, аҳвол жуда ҳам даҳшатли бўлиши тайин эди.
«Агар у (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса, албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, унинг шоҳ томирини кесажакмиз. Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қолгувчи бўлмас». (Ҳаққо сураси, 44‒47-оятлар.)
Аллоҳ таоло бутун борлиқнинг Эгасидир, Унинг иродасидан, қудратидан ташқари ҳеч бир иш бўлмайди. У Зот Ўз каломини ҳеч қачон қаровсиз ташлаб қўймайди, уни шундай муҳофаза қиладики, ҳатто фаразан Ўзининг ҳабиби, инсоният саййиди бўлган зот бирор калимада ўзича йўл тутгудек бўлганларида, Аллоҳ у кишининг жон томирини узиб ташлаган бўлар экан. Бундан Аллоҳ таолонинг Китобига дахл қилишга уринган киши жазосиз қолмаслиги англашилади.
Қуръоннинг бирор ояти, калимаси ёки ҳарфини ўзгартиришни қўйинг, унинг бирор ҳарфининг талаффуз усулини ҳам ўзгаритириб бўлмайди, бунга ҳеч ким қодир эмас. Қуръони Каримнинг нақл этилиш тарихини ўрганган одам бунга ўзи гувоҳ бўлади.
Биргина мисол. Сўнги йилларда «мим» ҳарфини «ба» ҳарфига ихфо қилишда лабларни яхши юммай, уларнинг орасини кўринадиган даражада очиқ қолдириш одати пайдо бўлиб қолди. Устозлардан ўрганилган ривоятларда бунда лабларни тегар-тегмас қилиб ҳиёл ёпиш ёки тўлиқ ёпиш шакли нақл қилиб келинган. Бироқ, лабларни яққол ёпилмай очиқ қолиши янгилик эди. Шунда бутун дунёдаги еткачи Қуръон устозлари тажвид асарлари, қироат илмига оид манбалар ва нақллар асосида ушбу хатога қарши қаттиқ кураш очиб, ҳар томонда жар солдилар ва бу хато ниҳоят бартараф бўлди. Аслида бу тур хатонинг маънога ҳеч қандай дахли йўқ, бирорта ҳарф буткул йўқ бўлиб ҳам кетмайди. Фақат бир ҳарфга тегишли қоиданинг ижросида, маълум бир нутқ товушининг талаффуз усулида бироз ўзгариш пайдо бўлгани учун шунчалар ташаббуслар бўлди ва янги пайдо қилинган усул дарҳол йўқ қилинди.
Рус босқинчилари Қуръондаги насронийларни танқид қилган, душманга шиддатли бўлиш борасидаги оятларни ўзгартириш масаласи билан юртимиз уламоларига мурожаат қилишган. Рус зобитлари ушбу таклиф билан Андижондаги «Жомий» мадрасасининг бош мударриси Холиқберди махдум (Мубин қори даданнинг қайнотаси бўлган) домлага учрашган. У киши уларнинг гапига кескин раддия билан жавоб бериб, Қуръондан бирор калимани ҳам ўзгартиришнинг имкони йўқлигини уларга тушунтирганлар ва бунга ҳеч ким қодир бўла олмаслигини айтиб, уларни сал кам ҳайдаб солганлар.
Собиқ иттифоқ даврида «Оқ Қуръон» деган мусҳаф нашр бўлиб, тарқаган. Унда йигирматача калима хато чоп бўлиб қолган. Шунда юртимиздаги Қуръон устозлари ушбу хатоларни бирма-бир баён қилиб, эълон қилганлар, барчани огоҳлантирганлар.
Бир неча йил олдин америкалик айрим эсини еган кимсалар ўзларича Қуръоннинг янги, шу кунларда овозаси чиқиб қолган кимса ўйлагандек «базарар» нусхасини тузиб, унга «Фурқон» деб ном қўйиб, мусулмонларга таклиф қилишган эди, барчанинг олдида кулгига қолишди.
Яқинда Саудия шаҳзодаси Қуръонни ўзгартиргани ҳақида миш-миш тарқалди. Бундай бўлиши мумкин эмас, чунки Қуръонни ҳеч ким ўзгартира олмайди.
Қуръонни ўзгартириб бўлмаслигига ҳаётдан далил истаган киши биргина калимани бузиб Қуръон нашр қилиб кўрсин, оқибатни ўз кўзи билан кўради. Бутун дунё қорилари, уламолари, минглаган, миллионлаган мусулмонлар оёққа қалқиб, ўша нусхани йўқ қилиб ташлаши аниқ.
Қуръоннинг ишлари ана шундай ажойиб ва унинг ажойиботлари тугамайди, чунки у Аллоҳ таолонинг мўжиз каломидир. Ҳар қандай уйғоқ қалб эгаси бу ҳақиқатни эътироф этади. Бунга тўлиқ ишонмаган одам мусулмон бўла олмайди.
Қуръон Исломнинг биринчи манбаси, мусулмонларнинг жонидан азиз муқаддас китоби. Унга нисбатан беодобона сўз айтиш қонуний жиҳатдан ҳам, ахлоқий жиҳатдан ҳам оғир жиноят ҳисобланади. Бундай бетамизларни тийиб қўйиш мутсаддиларнинг зиммаларидаги бурчдир.
Йиллар ҳуқуқшуносликни ўграниб, оддий ҳуқуқий меъёрларни билмаган, ҳуқуқий маданият у ёқда турсин, ҳуқуқий онги бўлмаган одам оламлар Роббининг каломини, асрлар оша бутун инсониятни ожиз қолдириб келаётган Қуръони Каримни қаёқдан англасин?! Шу нуқтадан келиб чиқиб, бу қабил беҳафмларга сўз хайф бўлгани учун бу ерда умумий сўзлаш билан чекланиш маъқул топилди.
Қуръонни ўрганган ҳар қандай ақлу инсофли одам унинг инсон тафаккуридан беҳад устун эканини чин қалбдан эътироф этади. Ақлий ва нақли далиллар шуни исботлайдики, Қуръон борлиқни йўқдан бор қилган, инсонни яратиб, унга қудрат ва туйғулар берган, башариятнинг қиёматга қадар тақдирини яхши билган, чексиз илм соҳиби Аллоҳ таолонинг мўъжиз каломидир. Шундай экан, ундан камчилик топишга уриниш айни аҳмоқликдир. Қолаверса, бугун одамларнинг онгига сингмаган сўз эртага шиор бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бинобарин, Қуръонни ўткинчи сиёсат, муваққат замон ва муҳаддад маконларнинг қолипи билан ўлчаш калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳам асрлар оша тасдиқини топиб келаётган ҳақиқатлардандир.
Қуръонда нима буюрилган ёки тавсия қилинган бўлса, у инсонга керак, фойдалидир. Қуръонда нимадан қайтарилган бўлса, нима қораланган бўлса, у инсонга зарар ёки унинг фойдасидан зарари кўп. Бу сўзни ҳар қандай шароитда исботлаб бериш мумкин.
Қуръоннинг маъноларини фаҳмлаш ҳаммага ҳам эмас. Қуръоннинг бирор ҳукмини, ўгитини кимлардир нотўғри талқин қилса, кимдир уни замонга мос эмасдек кўрса, бу ўша инсонларнинг фаҳмидаги муаммо ёки жамиятдаги бузуқ кўникманинг натижасидир, Қуръоннинг камчилиги эмас. Шунинг учун ҳам мусҳафни очганда биринчи бўлиб қуйидаги оятларга назар тушади:
«Ушбу китобда ҳеч шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир». (Бақара сураси, 2-оят)
Ҳа, бу китобнинг Аллоҳдан эканида шубҳа йўқ ва ундаги сўзларнинг ҳақ эканида ҳеч қандай шубҳа йўқ, барчаси айни ҳақиқатлардир. Шу билан бирга, бу Китоб барчаги бирдек тўғри йўлни кўрсатиш баробарида, фақат тақводорлар учун ҳидоят бўлади, яъни унинг ҳидоятидан фақат Аллоҳга, ғайбга иймони бор тақволи кишиларгина тўлиқ истефода қила оладилар. Қалбида тақво ‒ Аллоҳдан қўрқув, тўғрилик бўлмаган кимса Қуръоннинг ҳидоятидан бебаҳра қолади, унинг ҳукмларини, иршодларини англай олмайди.
Шуни билиш лозимки, Қуръон қиёматгача ўзгармайди, бунга шубҳа йўқ ва бу борлиқнинг Эгаси бўлган Зот ваъдасидир:
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қивчимиз». (Ҳижр сураси, 9-оят.)
Қани, Аллоҳнинг хоҳишига қарши бора оладиган ким бор? Унинг мулкида Ундан устун келадиган кимса бор эканми? Йўқ! Асло! Унинг иродасини рад этадиган куч йўқ! Бунга уринганлар фақат ўзларини расво қиладилар. Қуръон ҳақида ўзича алжираганлар овора бўлишади ва қалбларидаги касаллари туфайли дунёу охиратларини барбод қилишади, Қуръонга ҳеч қандай зарар келтира олишмайди. Қуръонга қарши чиққанлар, уни ўзгартирмоқчи бўлганлар тарихда кўп ўтган. Уларнинг куч-қудратлари ўз вақтида башариятни ҳайратга солган. Бироқ, улардан бугун ном-нишон йўқ, аммо Қуръон ҳамон зафарли юришда давом этиб бормоқда.
Оятда «Қуръон» дейилмай, «Зикр» дейилиши бежиз эмас. Бу сўз Қуръоннинг лафзу маъносини ва Суннатнинг мазмунини ўз ичига олади. Ҳа, Қуръон ва Суннат қиёматгача ўзгармайди. Зеро, улар инсоният учун юборилган сўнги рисолатдир, сўнги диннинг маёғидир. Аввалги китоблар ва динларни одамлар ўзгартирди, оқибатда Аллоҳ Қуръонни нозил қилди. Энди бошқа илоҳий китоб тушмайди. Шунинг учун унинг муҳофазасини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди. Бордию Қуръон ва Суннат ўзгаргудек бўлса, у ҳолда, башариятнинг, паровардида дунёнинг яратилишидан кўзланган мақсад бекор бўлади. Бошқача қилиб айтганда, дунёнинг туриши беҳуда бўлиб қолади ва қиёмат қоим бўлади. Қиёматни яқинлаштиришга уринманг!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *