ДИНИ УЧУН ОТАСИДАН ОНАСИНИНГ ТАЛОҒИНИ СЎРАГАН ШАЙҲ МУҲОСИБИЙ

CbsKDraW0AED0JZҲорис ибн Асад раҳимаҳуллоҳ тасаввуф шайҳларидан бўлиб, ўз даврида орифлик ва зоҳидлик билан танилган суфий шайҳ эди. Тасаввуф соҳасида кўплаб асарлари бор.

Асли Бағдоддан. Лекин у киши “муҳосибий” нисбаси билан машҳур бўлган. Бу сўз араб тилида “ҳисоб-китоб” маъносидаги ўзакдан бўлиб “ўзини-ўзи ҳисоб-китоб қилиб юрувчи” маъносини беради. Ҳорис бин Асад ҳамиша ўз нафсини назорат қилиб, амалларини сарҳисоб қилиб юргани учун шу нисбани олган.

У кишидан Ибн Масруқ, Аҳмад ибн Қосим, Жунайд Бағдодий, Аҳмад ибн Ҳасан суфий, Исмоил ибн Исҳоқ саррож, фақиҳ Абу Али ибн Ҳайрон каби олимлар ривоят қилишган.

Хатиб Бағдодийнинг айтишича, Муҳосибий зоҳидлик ва диёнат ҳақида, шунингдек, мўътазила ва рофизийларга раддия тарзида жуда кўп китоблар ёзган экан.

Муҳосибийнинг шогирди Жунайд Бағдодий айтади: Унинг отаси жуда катта бойлик қолдирган эди. Аммо у киши отасининг меросидан воз кечган. У: “Икки миллатли орасида бир-бирига мерос йўқ” – дер эди. Унинг Отаси “воқифий” бўлганди.

Воқифий – Аллоҳнинг каломи азалийми ё кейин пайдо бўлганми? Шу масалада аниқ қарашга эга бўлмаган. Бу масалада бетараф бўлган. Аҳли сунна ақидасида Аллоҳнинг каломи азалий ва қадим дейилади. Мўътазилалар эса кейин пайдо бўлган деб эътиқод қилади. Муҳосибийнинг отаси худди шу масалада аҳли суннадан ташқари бўлгани учун отасининг меросидан воз кечган экан.

Абу Ҳасан ибн Миқсам айтади: бизга Абу Али ибн Хайрон хабар берган, айтганки, “Мен бир куни Муҳосибийни кўрдим, отасига осилиб “Онамни талоғини беринг – Онамни талоғини беринг, чунки сизнинг дийнингиз бошқа онамники бошқа” – деяётган экан…

Шайҳ Муҳосибийнинг бу ялиниши аслида Аллоҳ учун, шариат учун бўлгани махфий эмас. Онаси бир аҳли бидъатнинг никоҳи остида бўлишини истамагани учун, бундан кўра эътиқоди соғлом бошқа инсоннинг хизматида бўлишни афзал кўргани учун шундай қилган бўлсалар ажабмас…

Муҳосибий раҳимаҳуллоҳ ёлғизликни хуш кўрарди. У киши ўзи ёлғиз қолганда гўёки ширин суҳбатдош билан ўтиргандек, одамлар билан ўтирганда эса аксинча ўзини ёлғиздек ҳис қиларди. Айтардики “Дунёдаги одамларнинг ярми ёнимда бўлса ҳам ёлғиздекман, дунёдаги одамларнинг қолган ярми менга душманлик қилса ҳам мени қўрқита олишмайди”.

Шайҳ суфий Ҳорис ибн Асад ал-муҳосиби ҳижрий икки юз қирқ иккинчи йили вафот этган.

Шамсуддин Заҳабийнинг “Сияру аълам ан-нубала” асари асосида тайёрланди. 12 – Ж. 112 – Б.

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *