ЗАРДЎШТИЙЛИКНИ МАҚТАЁТГАН КИШИ ЯНА МАНА БУЛАРНИ ҲАМ БИЛАРМИКИН?

2597468.14166474631498105Зардўштийлик динини, уни миллий динимиз дея мақтаб, исломнинг ўрнига у бўлиши керак, деб сафсата сотаётган одам зардўшт дини аёлларни энг хорлаган динлардан бири эканини ҳам билармикин? Бу динда аёллар умуммулки деб қаралиши, аёл билан эркакнинг фарқи йўқлигини “Авесто”да эътироф қилинганини айтмасдан бошқа бир таълимотини кўрсатиб бермоқчиман. Жумладан, бу хотин-қизларни хорлаш масаласи ҳайз кўрган аёллар борасидаги ҳукмларида намоён бўлган. Маълумки, аёлларнинг балоғатга етганидан то кексалик ёшига етгунларича ҳар ойда ёки муайян кунларда такрор-такрор қон кўриш муддатлари бўлади. Шу муддат пайтида зардўштийлик аёлларни кўчага чиқармасдан алоҳида хонада сақланишини амр этади. У хона бўм-бўш бўлиши керак, на тувакларда гул ва на тирик нарса. Ҳайзли аёл ўзи билан битта еб-ичишга коса, пиёла, қошиқ ва ичишига сув солинадиган идиш олади, холос. Булар “Авесто”да аниқ кўрсатилган. Агар унинг ҳатто гўдак боласига қўли тегиб кетса, болани зудлик билан чўмилтириш лозим бўлади. Бу зардўштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да ёзилган. Бу уларнинг Ахурамаздасининг буйруғи эмиш. Агар ҳайзли аёлга инсоннинг қўли ёки бирор бадани тегиб кетса, инсон шу аъзосини дарҳол ювиб ташламоғи керак эмиш. Ҳайз муддати ўтгандан сўнг аёлни ҳар сафар аввалдан ковлаб қўйилган бир эмас, роппа-роса учта ўрага тушириб олинади. Охирги ўрада у ювиниб чиқиши керак бўлади. Мана, зардўштийлик таълимоти сизга керак бўлса! (Вандидот, Доктор Мусо Жавон таржимаси, 239-240 бетлар).
Бундай ғайриинсоний ҳукмларни ўқиб наҳотки инсон зоти шуларни амалга оширса, деб қоласан киши. Зардўштлар амалга оширишса керак-да!
Яна “Вандидот”да келишича, агар аёл ўлик фарзанд туғиб қўйса, у овқатига кул аралаштириб емоғи керак (128-бет). Ҳатто Устод Жалил Дўстхоҳнинг “Авесто” таржимасига кўра, ўлик фарзанд туғган аёл уч кунгача оддий сув ва нон емасдан кулга буқанинг сийдигини аралаштириб ичиши керак, деб кўрсатилган (713-716 бетлар).
“Авесто”да гуноҳкор инсонга бериладиган, тавбага келиши учун қўлланиладиган жазони қаранг: гуноҳкор инсон гуноҳдан покланиши учун ўзининг энг ёш ва энг соғлом бокира қизини бутун зеб-зийнатларга буркаган ҳолда ибодатгоҳлардаги роҳибларга олиб келиб бериши керак. Шу билан бирга, бу қиз ўзининг 15 ёшгача бўлган синглисини ўзи билан олиб келиши мажбурий ҳисобланган. Бу “Вандидот Авесто”нинг 14- фаргарди 8 чи оятида ўз аксини топган.
Кўпхотинлик масаласига келсак, зардўштийлар фақатгина паст табақа ҳисоблайдиган одамларнигина бир хотинликка мажбур қилган, мансабдор шахсларга эса чексиз-чегарасиз хотин олиш ҳуқуқини берган эди. Бу қадим Эронзаминнинг исломгача бўлгани тарихидан ҳам яхши маълум.
Бу ҳақиқатларни “Авесто”ни ва тарихни тўлиқ ва синчиклаб ўқимаган одамгина билмаслиги мумкин. Ёки у атай бу маълумотларни яшириб, исломга тош отадиган одамгина бўлиши мумкин. Ҳа, тўғрироғи, у умуман китоб ўқимайдиган одам бўлса керак. Акс ҳолда, бировга исминг арабча деб таъна қилган кишининг ўз исми ҳам аслида арабча эканидан бехабар қолармиди?! У мусофир бўлиб сафарга чиқмаган кўринади, “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан!” деб шуни айтса керак-да! (Мусофир ва сафар сўзлари араб тилида ўзакдош). “Сафар” сўзининг яна ичи бўм-бўш деган маъноси ҳам бор, ҳа, айтганча, араб тилида ноль сўзи шу сўз билан ёзилади…
Ислом динида ҳайзли аёллар бемалол оила аъзолари билан кундалик ҳаётини кечираверади, боласини эмизаверади. Эри билан бирга қучоқлашиб ётаверади. Боласини ўлик туққан аёлга эса маънан ва жисмонан, руҳан ва инсонан ёрдам кўрсатилади, қўллаб-қувватлаб турилади, аёлнинг тўлғоқи эса барча ҳолатларда жиҳод ва шаҳидлик билан тенглаштирилади. Исломда тўрт хотинликка берилган рухсат заруратдир, асло буйруқ эмас, у ҳам бўлса адолат шарти билан амалга ошиши мумкин. Акс ҳолда, шариатда бир хотинлик савоблироқ ҳисобланади. Хуллас, бундан бир минг уч юз .эллик йил олдин йўқ бўлиб кетган зардўштийликни тарғиб қилишнинг кераги йўқ, зотан, ислом олийдир ва қиёматгача боқийдир!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...