УНИ ЛАЪНАТЛАМАНГЛАР! ЗЕРО, У АЛЛОҲ ВА РАСУЛИНИ ЯХШИ КЎРАДИ!

imag56esБу мақолани устозимиз Алишер домланинг фейсбукдаги саҳифасидан олдим. Аллоҳ рози бўлсин! Ниҳоятда ажойиб ва керакли дарс берибдилар. Уни ўқиб амалда қўлласак, ҳолимиз ислоҳ бўлади деб умид қиламан. Бу мақолани ижтимоий тармоқларда кўпроқ тарқатилишини, имкон қадар кўпчиликка етиб боришини хоҳлаб қолардим. Негалигини уни ўқиб чиққанингиздан кейин ўзингиз ҳам тушуниб оласиз, иншааллоҳ. Марҳамат, ўқиб чиқинг:

Буюк ватандошимиз, ҳадислар табиби имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз «саҳиҳ»ида ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Бақувватлигидан одамлар уни ҳимор (эшак) деб аташарди. У баъзида ичкилик ичарди. Ва шундай пайтларда яъни маст бўлган пайтларида уни Пайғамбаримиз ҳузурларига олиб келишарди ва унга дарра урилар эди. Бир куни уни яна Набий алайҳиссалом олдиларига олиб келишди. У зот унга дарра урдирдилар. У калтакланиб бўлиб, чиқиб кетгач, баъзи саҳобийлар “Аллоҳ буни лаънатласин!”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бундай дейишдан қайтариб: “Уни лаънатламанглар!”, дедилар.

Набий алайҳиссалом ҳатто кўпинча ичкилик ичадиган шу киши ҳақида ҳам яхши гумон қилар эдилар. Унинг ҳаётидаги қора нарсаларга эмас, балки, назарларини ундаги ёруғ ва оппоқ тарафга қаратар эдилар. “Уни лаънатламанглар!”, — дедилар, у киши – “Зеро, У Аллоҳ ва Расулини яхши кўради!”. Ҳа, айнан шундай дедилар. Уни лаънатламанглар!

Тўғри, у хамр ичади, тавба қилади, яна шу гуноҳга қайтади. Лекин, унда бир хислат борки, кўпчиликда бўлмаслиги мумкин бундай хислат. У Аллоҳ ва Расулини яхши кўради. Чинакам яхши кўради, ҳаққирост яхши кўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларни ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилишдан қайтариш билан бир қаторда бошқалардаги яхшиликни ҳам кўра билишга чақирганлар. Биз эса, бир кишини бирор хатосини кўрсак, дарров ортидан гап тарқатиб, шарманда қиламиз. Ёмонлигини ёйиб, яхшилигини умуман кўмиб юборамиз.

Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ билан юз берган бир воқеа жуда ҳам ибратлидир. Ривоят қилинадики, бир Куни Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари ва дўстлари билан дарёнинг нариги тарафига ўтиш учун кичикроқ бир кемага минган эдилар. Қарасалар, кемада бир тўда ёш йигитлар чолғу асбобларини чалиб, ашула айтиб, рақс тушар эдилар. Буни кўриб, у кишининг шогирдлари “Тақсир, мана бу осийларнинг қилаётган ишларига қаранг! Уларни баддуо қилинг илтимос!”, дейишди. Маъруф Кархий икки қўлларини дуога очдилар ва: “Эй Аллоҳ!.. ” дедилар, “Бу инсонларни бу дунёда шоду хуррам қилиб қўйганинг каби, охиратда ҳам шоду хуррам қилгин ва уларнинг гуноҳларини кечиргин!”, дея хайрли дуо қилдилар. Шунда у кишининг атрофидаги дўстлари ҳайрон бўлиб “субҳоналлоҳ! Тақсир биз сизга “мана бу фосиқларни дуоибад қилинг!”, десак, сиз бўлсангиз дуоибад қилиш ўрнига: “эй Аллоҳ буларни бу дунёда хурсанд қилганинг каби охиратда ҳам хурсанд қилгин!”, дейишингиз нимаси?!”, дея норозиликларини намойиш қилишди. Шунда Маъруф Кархий уларга қарата: “Аллоҳ бу инсонларнинг тавбасини қабул қилиб, келажакда солиҳ амаллар қилишлари ва бунинг натижасида охиратда шодмон бўлишлари” сизларга зарар берадими?!” дея хитоб қилдилар. Ва: “Билингларки, ўзгаларга яхшиликни ирода қилиш ва уларнинг қалбидаги нарса ҳақида (яъни, иймон эътиқоди ҳақида) яхши фикрда бўлиш яхшиликдандир”, дедилар.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *