ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА БАЪЗИ ҲУКМЛАРИ

melodrama_rebenok_ot_ly7Ҳар бир мўмин киши имкон қадар жамоат билан намоз ўқиш ғамида бўлиши лозим. Чунки жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намозга бериладиган савобдан бир неча баробар кўп бўлади ва ҳамда жамоатда Аллоҳнинг раҳмати ва розилиги топилади.

“Муниятул муфти” асарида келтирилишича, намозхон ўз уйига яқин масжидни танлаши афзал. Агар ҳовлиси икки масжид ўртасида жойлашган бўлса бу вазиятда оми намозхон аввал қурилган қадимийроқ масжидга боради. Фақиҳ илмлилар эса  жамоатни кўпайтириш мақсадида қавми озроқ масжидга боради.

“Ғуня”да айтилишича, ҳар бир киши ўз маҳалласига қарашли масжидга бориши афзал. Бунда бошқа масжид қавмининг кўплиги, ёки имомининг тақвоси ё илми кўплигининг аҳамияти йўқ.

Ислом шариатида азонни эшитган намозхонга заруратдан ташқари ҳолатларда жамоатга бормасликка рухсат йўқ. Чунки жамоат билан намоз ўқиш муаккад суннатдир.

Хотинларнинг жамоат бўлишидан кўра ёлғиз намоз ўқишлари савобли ва афзал ҳисобланади. Бинобарин, уларнинг энг афзал масжидлари — бу уйларининг ичкарисидаги хоналаридир. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз даврида ёши ўтган кампирларга аср ва пешиндан ташқари намозларни масжидга келиб жамоат билан ўқишларига рухсат берган. У кишининг икки имом шогирди эса рухсат бермаган. Кейинги замон уламолари икки имомнинг фатвосига юришни ихтиёр этганлар, чунки бугунги замонда фитна кўпайди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг даврида яшаган одамлар йўқ энди. Шунинг учун кампирларнинг ҳам ҳатто бомдод ва хуфтон каби қоронғуда ўқиладиган намозларга келиши ҳам хатарли, фитна эҳтимоли юқори бўлиб қолди.

Масжидга борганда аввалги сафда бўш жой бўлса ундан имомнинг ўнг тарафидан жой олиб ўтиришга интилиш керак. Бўш жой бўлмаса одамларга озор бериб орага суқилмайди. Чунки иккинчи сафдан биринчиси, учинчи сафдан эса иккинчи саф афзал ҳисобланади. Биринчи сафда бўш жой бор, лекин иккинчи саф тўлиқ бўлса, бу вазиятда иккинчи сафни ёриб биринчи сафга ўтаверади. Чунки бўш жойни тўлдирмаганларнинг ҳурмати бўлмайди, шунинг учун уларни суриб бўлса ҳам олдинга ўтиб кетилаверади.

Энг афзали имомнинг орқасида биринчи сафда ўқимоқдир. Хабарларда келишича Аллоҳнинг раҳмати аввал имомга тушаркан. Кейин унинг орқасидаги намозхонга, кейин имомнинг ўнг тарафидагиларга, сўнгра чап тарафидагиларга тегаркан. Яна бошқа ривоятга кўра, биринчи сафда имомнинг орқасида турган намозхонга юз баробар, ўнг тарафда турганларга 75 баробар, чап тарафдагиларга 50 баробар, бошқа сафдагиларга эса 25 баробар кўп савоб берилар экан.

Масжидда намозхонларнинг елкасидан оқлаб олдинги сафга ўтмайди. Намозда турганда сафни текис олиб, елкаларни елкаларга текизиб жипс  туради. Орада бўш жой қолдирмайди.

Бир киши орқа сафда ёлғиз турмайди. Балки имом руку қилишини кутиб туради. Агар кимдир келса у билан бирга намозга қўшилиб туради. Агар ҳеч ким келмаса олдинги сафдаги намозхонлардан бирини олдига тортади ёки сафга суқилиб киради. Саййид Ализоданинг “Шарҳу Ширъатил ислом” асари асосида тайёрланди.

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар Абу Ҳурайра жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *