Таровеҳ намозининг ҳукми ва унинг фазилатлари (1-қисм)

Lotin alifbosida

001. Taroveh

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлса-да, аслида, аҳли суннат ва-л-жамоатнинг тўрт мазҳаби бўйича суннати муаккададир. Уни эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўқишларига бутун аҳли суннат ва-л-жамоатнинг уламолари иттифоқдирлар.

Унинг суннат эканлигига далил учтадир:

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат бўлиб ўқиганларни олқишлаганлар, яъни тақрир қилганлар;

— ўзлари таровеҳни жамоат бўлиб ўқиганлар;

— таровеҳнинг фазилатини баён қилганлар.

Тақрирларини Имом Байҳақий Саълаба ибн Абу Молик ал-Қуразийдан «Бу мурсал ҳасан ҳадисдир!» деб ривоят қилган:

خرج رسول الله صلى الله عليه وسلم ذات ليلة فى رمضان فرأى ناسا فى ناحية المسجد يصلون فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قال قائل: يا رسول الله هؤلاء ناس ليس معهم قرآن و أبى بن كعب يقرأ وهم معه يصلون بصلاته. فقال: قد أحسنوا او قد أصابوا. ولم يكره ذلك منهم

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдилар, қарасалар, одамлар масжиднинг бир бурчагида намоз ўқиётган эканлар. «Булар нима қилаяптилар?» дедилар. Биров: «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бу одамларнинг ичида Қуръонни тўла ёд олгани йўқ, Убай ибн Каъб тўла қироат қила олади. Одамлар у билан намоз ўқимоқдалар», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши қилибдилар!» ёки «Тўғри қилибдилар!» дедилар. Уларнинг қилаётган ишларини кариҳ кўрмадилар». Байҳақий (2/495). Шунингдек, мазкур ҳадиси шариф мазмунини Имом Абуд Довуд Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган. Қаранг: Абу Довуд (1/217).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таровеҳ ўқиганликлари бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида рамазон кечасида одамлар ҳар жойҳар жойда намоз ўқир эдилар. Қуръондан бирор нарса биладиган кимсанинг намозига қўшилиб, беш, олти ёки ундан озроқ ёхуд кўпроқ нафар бўлишиб намоз ўқирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай кечаларнинг бирида менга ҳужрамнинг эшига олдига чодир тикиб беришимни буюрдилар. Мен шундай қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги хуфтан намози ўқилгандан сўнг у ерга чиқдилар. Масжидда бор кимсалар жам бўлиб келдилар, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси узоқ намоз ўқиб бердилар. Сўнг чодирни шу ҳолида ташлаб ичкарига кириб кетдилар. Эрталаб одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида гапиришар эди. Ўша кечаси олдинги кечадан кўп бўлганидан ҳам одамлар кўп бўлиб кетди, одамлар масжидда кечқурун кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи кечада чиқиб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Эрталаб одамлар мана шуни зикр қилар эдилар. Масжид аҳли учинчи кеча масжидга тўлиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан қўшилиб, намоз ўқидилар. Тўртинчи кечада эса масжидга одамлар сиғмай кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги хуфтан намозини одамлар билан ўқидиларда, уйларига кириб кетдилар. Одамлар (кутиб) қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Ойша, одамларга нима бўлди?» дедилар. Ул зотга дедим: «Эй, Расулуллоҳ! Одамлар масжидда бўлган кишилардан Сизнинг кечаги намозингизни эшитишган. Шунинг учун Сиз билан намоз ўқиш ниятида тўпланганлар». «Эй Ойша, чодирингни йиғиштириб ола қолгин!» дедилар. Мен шундай қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғафлатда қолмасдан кечани ўтказдилар. Одамлар эса жойларида қолдилар. Улардан баъзи кишилар «Намоз!» деб қичқириб қўярдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг (намози)га чиқдилар. Бомдодни ўқиб бўлганларидан сўнг одамларга қараб ўтирдилар ва калимаи шаҳодатни айтиб:

 امّا بعد، ايّها الناس، أما والله، ما بتّ والحمد لله، ليليتى هذه غافلا. و ما خفى على مكانكم و لكنى تخوفت ان يفترض عليكم. و فى رواية: و لكن خشيت ان يفترض عليكم صلاة الليل فتعجزوا عنها، فأكفلوا من الأعمال ما تطيقون. فانّ الله لا يملّ حتى تملوا 

 «Аммо баъд. Эй, одамлар! Огоҳ бўлинг, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бу кечамни ҳам ғофил ўтказганим йўқ. Сизлар жойларингизда қолганингиз ҳам менга яширин эмасди. Бироқ, сизларга фарз бўлиб қолишдан  хавфсирадим», дедилар. Бир ривоятда: «Бироқ, сизларга кечки намоз фарз бўлиб қолишдан қўрқдим, ундай бўлса, сизлар ожиз қолардинглар. Шунинг учун амаллардан тоқатингиз етадиганига киришинглар. Бас, албатта Аллоҳ сизлар малолланмагунингизгача малолланмас», дедилар. (Бухорий (2/63), Муслим (алМусофирийн, 177) ривоятилари. Мазкур ҳадиси шарифнинг маъноси яна Абу Довуд (1373), анНасоий (3/202), Байҳақий (2/492) сингари муҳаддислар томонидан ҳам ривоят қилинган.)

Нўъмон ибн Башир разийаллоҳу анҳу ривоятида мазкур воқеа рамазоннинг йигирма учинчи кечаси бошланиб, таровеҳ туннинг учдан бири қолгунча давом этгани, йигирма бешинчи кечада эса тун ярмигача давом қилгани, йигирма еттинчи кечада бўлса, қарийб тонг отиб қолгунча давом қилгани айтилади. (Ибн Аби Шайба (Мусаннаф, 2/290), Ибн Наср (89), анНасоий (1/238), Аҳмад (4/272), мазкур ҳадисни алФарёбий ва Ҳоким саҳиҳ деган (1/440).)

Асҳоби сунан Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда, ўша вақтда таровеҳ намози қироат чўзилганлиги ҳисобига одамлар саҳарлик қилолмай қолишдан қўрқиб ҳам қолишган эканлар. (Термизий (806), Насоий (3/202), Ибн Можжа (1327), Ибн Абу Шайба (2/394) ривоятлари. Термизий буни ҳасани саҳиҳ, деган.)

Анас разийаллоҳу анҳу воқеани мана бундай тасвирлайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда намоз ўқиётган эканлар. Мен ёнларига бориб турдим. Сўнг бошқа биров ҳам келди. Сўнг яна биров келди, ҳатто ўнга яқин одам бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен орқаларида турганлигимни ҳис қилиб, намозни енгил ўқидилар. Кейин ўз манзилларига кириб кетдилар. Ўз жойларига кириб кетганларидан сўнг бизнинг олдимизда ўқимаган намозларини ўқидилар. Тонг отганида, биз дедик: «Эй, Расулуллоҳ! Кеча бизларни тушундингизми?». Ул зоти шариф:

 نعم، و ذاك الذى حملنى على ما صنعت

 «Ҳа, мен қилган бу нарса менга юклатилган эди», дедилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Наср саҳиҳ санад билан, атТабароний ҳам «алАвсат»да шу хилда ривоят қилган.)

Мазкур ривоятдан маълум бўлмоқдаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан таровеҳ ўқигандан сўнг ичкарига кириб кетиб, яна ўзлари таровеҳни давом қилдирганлар. Шунинг учун «Туҳфат ал-муҳтож»да таровеҳнинг саккиз ракъатдан қолганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқишларидан олдин ёки кейин ўқиганларининг эҳтимоли борлиги айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга шафқат қилиб таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиб берганларидан сўнг уйларига кириб йигирма ракъатга тўлдирганлар. Саҳобаи киромлар ҳам шундай қилар эдилар. Бунга далил шуки, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичкаридан асаларилар вишиллаши каби қироат қилишларида чиққан сасларини эшитар эдилар. (Туҳфат алмуҳтож фий шарҳ алМинҳож, 7/329, алМактабат ашшомила.)

Ана шундай сабабларга кўра, яъни уммати Исломга таровеҳ намози фарз бўлиб қолишдан хавфсираган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ўқимай қўйдилар. Лекин, Аллоҳ таоло шариати исломияни мукаммал қилгандан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мазкур қўрқув йўқолди. Бинобарин, қўрқув сабабидан тарк қилинган жамоатнинг асл ҳукми қайтди. Шу сабабдан ҳам Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу таровеҳни асл ҳукмида жамоат бўлиб ўқишни ташкил этдилар, бунга бутун асҳоби киром ижмоъ қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларига соҳиб бўлган Ҳузайфа ибн Ямон разийаллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон кечасида намоз ўқиганликларини кўриб қолган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кечасида хурмо япроғидан қилинган ҳужраларида қоим бўлдилар. Сўнг челакда сув унга қуйилди. Сўнг «Аллоҳу акбар» деб уч марта айтиб: «Залмалакути валжабарути валкибриёи валъазамати» деб, Бақара сурасини ўқидилар. Сўнг рукуъ қилдилар, рукуълари қиёмлари мислича эди. Рукуъларида: «Субҳана Раббийалъазим» деб қиёмлари мислича айтдилар. Сўнгра рукуъдан бош кўтардиларда, рукуълари миқдорича турдилар ва «ЛиРоббийалҳамду» дедилар. Сўнгра сажда қилдилар. Саждалари қиёмлари миқдорича бўлди. Саждаларида «Субҳана Раббийалаъло» дердилар. Сўнгра саждадан бошларини кўтардилар. Сўнгра икки сажда орасида ўтириб: «Роббиғфир лий» дедилар. Саждалари миқдорича ўтирдилар. Сўнг сажда қилдиларда, қиёмлари миқдорича «Субҳана Раббийалаъло» дедилар. Шундай қилиб тўрт ракъат намоз ўқидилар. Уларда Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида ва Анъом сураларини қироат қилдилар. Ҳатто Билол келиб, намозга азон айтганди». (Ибн Аби Шайба, Ибн Наср, анНасоий, Аҳмад ва Муслимлар ривоят қилганлар. Ҳоким уни саҳиҳ деган. АзЗаҳабий ҳам буни тасдиқлаб, ровийларини ишончли деган.)

Юқоридаги ривоятларга суяниб, «Туҳфат ал-муҳтож» соҳиби фарзлардан кейинги жамоат бўлиб ўқиладиган намозларнинг энг афзали таровеҳ намозидир, деган фикрни олға суради. (Туҳфат алмуҳтож фий шарҳ алМинҳож. 7/326, ал-Мактабат ашшомила. Мазкур матн ва шарҳ муаллифлари шофиъий мазҳабида бўлганлари учун таровеҳни фарзлардан кейинги жамоат бўлиб ўқиладиган энг афзал намоз деб билган. Бизнинг мазҳабимизга кўра фарз намозларидан кейин турадиган вожиб намозлар, масалан, витр ва ҳайит намозлари бор.)

Таровеҳнинг фазилати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга таровеҳ фарз бўлиб қолишдан хавфсираб жамоат бўлиб таровеҳни давом қилдирмаган бўлсалар-да, бироқ, доим уни ўқишга одамларни тарғиб қилар эдилар.

Абу Зар разийаллоҳу анҳу айтади:

«Рўза тутдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан (таровеҳ) намоз ўқимасдилар. Ойдан еттита (кун) қолганида, бизларга кечанинг учдан бири кетгунча намоз барпо қилдилар. Олтинчида бизга намоз ўқимадилар. Бешинчида яна кечанинг ярми кетгунча намоз ўқиб бердилар. Биз дедик: «Эй, Расулуллоҳ! Бу кечанинг қолганида ҳам бизга нафл (таровеҳ) ўқиб берсалар». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

 انه من قام مع الامام حتى ينصرف كتب له قيام ليلة

 «Ҳақиқат шуки, кимки имом билан бирга у кетгунча намозда турса, унга кечаси (намозда) тургандек савоб ёзилади».

Кейин бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бермадилар, ойнинг уч куни қолганда эса намоз ўқиб бердилар. Аҳли ва аёлларини чорладилар, бизга намоз ўқиб бердилар. Ҳатто биз фалоҳдан хавфсирадик. «Фалоҳ нима?» деганимда, «Саҳарлик» деди. (Ибн Аби Шайба (2/394), Абу Довуд (1377), атТермизий ҳасани саҳиҳ деб (806), анНасоий (3/202), Ибн Можжа (1327), атТаҳовий «Шарҳ Маоний аласор» (2/119)да, ал-Байҳақий саҳиҳ санад ила (Сунан, 4793), Ибн Наср (91) ва алФарёбий (ас-Сиём, 139, 140)лар ривоят қилганлар.)

Имом Аҳмад бундай деган: «Бирор кимса имом билан бирга таровеҳ ва у билан бирга витрни ҳам ўқишидан мен хурсанд бўламан, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

انّ الرجل اذا قام مع الامام حتى ينصرف كتب الله له بقية ليلته

 «Албатта инсон қачонки, имоми билан бирга у қайтгунча намозда қоим бўлса, Аллоҳ таоло унга кечасининг қолганини (қоим ўтказган деб) савоб ёзади».

Шунинг учун Имом Аҳмад одамларга таровеҳ ва витрни ўзлари ўқиб берар эканлар. (Ибн Қудома. Ал-Муғний. (алМактабат ашшомила) (3/393). Лекин Имом Аҳмад ўз муснадида мазкур ҳадиси шарифни: «Қачонки бир киши имом билан бирга то у қайтгунча турса, унга кечанинг (ва унинг) қолганининг қиёми ҳисоб қилинади» деб зикр қилган. Қаранг: Аҳмад (22030, 22063).)

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

انّ الله تبارك وتعالى فرض صيام رمضان عليكم، و سننت لكم قيامه. فمن صامه و قامه ايمانا واحتسابا خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمّه

 «Албатта Аллоҳ таоло сизларга рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки иймон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек чиқади».  (Имом анНасоий «Китоб ассавм»да, 4/154, ҳасан санад билан  ривоят қилган.)

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон қиёмига унга азимат (қасд) қилмасдан одамларни тарғиб қилар эдилар. Ул зоти шариф айтар эдилар:

من قام رمضان ايمانا و احتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه

 «Кимки рамазонда имон ва ихлос ила (таровеҳга) қоим бўлса, ўтган гуноҳлари унга мағфират этилади». (Имом Муслим (173, 174), Абу Довуд (1371), атТермизий (808), анНасоий (3/201, 202, 4/154, 155), адДоримий (2/26), алБайҳақий (2/492, 493), Абдурраззоқ (7719, 7720), атТарғиб (2/91), атТажрид (392, 854), алМишкот (1296) ривоятлари.)

Амр ибн Амр ибн Мурра ал-Жуҳаний розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Қузоъа қабиласидан бир киши келиб: «Эй, Расулуллоҳ! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Сиз Аллоҳнинг элчиси эканлигингизга гувоҳлик бердим, беш вақт намоз ўқийман, рамазон ойи рўзасини тутаман, рамазон кечаларида (таровеҳда) тураман, закот бераман. Шунга нима дейсиз?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимки мана шундай ҳолатда вафот этса, сиддиқ ва шаҳидлардан бўлур!».  (Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббонлар ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.)

Таровеҳ рамазон ойининг кечаларида суннат бўлган амалдир. Кечки намозларга Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам алайҳи-с-солату ва-с-салом тарафларидан доимо тарғиб бўлиб келган. Жумладан, Абу Умома ал-Боҳилий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

عليكم بقيام الليل فانه دأب الصالحين قبلكم وهو قربة لكم الى ربكم ومكفرة للسيئات ومنهاة عن الاثم

«Ўзингизга кечалари қойим бўлишни лозим тутинг. Зеро, у сиздан олдинги солиҳ зотларнинг одатидир. У Парвардигорингизга сизни яқинлаштирадиган, ёмонликлар учун каффорат бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амалдир». (Термизий (3549), Ҳоким (1/308), Табароний (алКабийр, 6/317, 8/109), Ибн Хузайма (135), ат-Тарғийб (1/428, 2/502) ривоятлари.)

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:

افضل الصلوة بعد المفروضة صلوة فى جوف الليل

«Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир», дейилади. (Аҳмад (29/8247, 8580, 8731), Доримий (1476), Муслим (асСиём, 203/1163рақам), Ҳоким (алМустадрак, 1155), Байҳақий (8205), Ибн Хузайма (2076), Абу Яъло (Муснад, 6395), Муснаду Исҳоқ (276), Ибн Абу Шайба (Мусаннаф, 101/1) ривоятлари.)

 Имом Байҳақий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қори Қуръонларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қиладилар:

اشراف أمّتى حملة القرآن واصحاب الليل

«Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар». (Байҳақий ривояти. Шуаб алимон, 2589, 3100/)

 Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أيها الناس أفشوا السلام وأطعموا الطعام وصلوا الأرحام وصلوا بالليل والناس نيام تدخلوا الجنة بسلام

 «Эй одамлар! Саломни ошкора қилинглар, (бирбирларингизга, очларга) таом беринглар, қариндошларга силаи раҳим қилинглар ва одамлар ухлаётганда кечаси намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар!».

Фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечки намозларни мадҳ қилган эмас, кечки намозларга тарғиб қилган эмас, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи Раҳмоннинг суюкли бандаларини бундай тавсиф қилган:

وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّداً وَقِيَاماً  

 «Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир». (Фурқон сураси, 64-оят).

Бошқа ўринда эса Аллоҳ таоло имонли бандалари ҳақида мана бундай дейди ва уларга қувончли мукофотлар ваъда қилади:

تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ  فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَا أُخْفِيَ لَهُمْ مِنْ قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ 

 «Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас».

(Сажда сураси, 1617-оятлар).

 Аллоҳ таоло «Зориёт» сурасида тақводор бандаларни сифатлар экан, уларнинг кечалари ухламасликларини (балки ибодат қилишларини) алоҳида зикр қилади:

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ  آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ  كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ  وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ  وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ 

«Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва булоқлар узра бўлурлар. Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар. (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг молмулкларида тиланчи ва маҳрум (муҳтож) кишилар учун (ажратилган) ҳақ (улуш) бўлар эди».

(Зориёт сураси, 1519 оятлар).

Аллоҳ таоло мана бу ояти каримасида эса кечалари ибодат қиладиганлар бошқалардан ортиқ эканлигига, улар кечалари ибодат қилмайдиганлар билан тенг эмаслигига ишора қилиб эслатиб қўяди:

أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِداً وَقَائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ

لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

«Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар».

(Зумар сураси, 9оят).

Шунинг учун Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб бундай деган эди:

يا محمد، عش ما شئت فانك ميت، و أعمل ما شئت فانك مجزى به، و أحبب من أحببت فانك مفارقه، يا محمد، أعلم، شرف المؤمن قيام الليل و عزه استغناؤه عن الناس

«Эй, Муҳаммад! Хоҳлаганча яшанг, шунда ҳам сиз (оқибатда) ўласиз. Хоҳлаганча иш қилинг, барибир унга ҳисобкитоб берасиз, хоҳлаган кимсангизни яхши кўринг, алалоқибат ундан айриласиз. Эй, Муҳаммад!  Билингки, мўъминнинг шарафи кечаси (ибодатда) туришдир ва унинг азизлиги эса одамлардан эҳтиёжсиз бўлмоқдир!». (Ҳоким ривояти, алМустадрак, Китоб арриқоқ, 792. Саҳиҳ иснод билан Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.)

 

Давоми бор…

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *