ТАБАРИЙ ТАФСИРИ

17122913716867164119240116243321701Қуръони карим тафсирини мутолаа қилиш инсонга ҳидоят бағишлайди. Қалб чигилини ёзади. Кўплаб фойдали билим ва маърифат касб эттиради. Араб тилида ёзилган ниҳоятда гўзал, қадимий ва ишончли тафсир китобларидан бири бу Табарий тафсири ҳисобланади. Тафсири табарий номи билан шуҳрат қозонган «жомеъу-л-баён фий таъвили-л-Қуръон» номли ушбу бебаҳо асар баъзи тадқиқотчилар наздида маъсур тафсир йўналишида ёзилган илк мукаммал асар сифатида билинади. Тўғри, унда саҳиҳ ёки заифлик жиҳатидан турли хил даражадаги ҳадислар ва ҳатто Исроилиёт ривоятлари кўп учрайди. Аммо, шундай бўлса-да, ушбу тафсир жуда ҳам фойдали маълумотларга эга.

Муаллиф матнларни ортиқча жимжимадорликларсиз, такаллуфларсиз, содда, соф ва равон араб тилида тузган-ки, уни ўқиганингиз сари араб тилининг жозибадорлиги, гўзаллиги ва зилол сувдек ширинлиги сизни ўзига ром этади. Натижада, ўқувчи ҳам Қуръони карим маъноларини ўрганади, ҳам соф араб тилининг табиати унинг ботиний ақлидан жой олади.

Муфассир аввал ояти каримани келтиради. Сўнгра, унга умумий маъно беради. Сўнгра, бирорта саҳобий ёки тобеиндан ояти кариманинг тафсирига алоқадор бўлган сўзларини санадлари билан келтиради. Муайян оятларнинг ўқилиш тартиби борасида ворид бўлган турли хил қироат услубларини зикр қилади ва улардан бирини таржиҳ этади. Оят мазмуни ёхуд сабаби нузулига тааллуқли бўлган ҳадиси шарифларни ҳам санадлари билан зикр қилади. Оятлардан тармоқланиб чиқувчи фиқҳий ҳукмларга ҳам тўхталади. Гоҳо, эътиқодий масалаларга ҳам тегиниб, бидъат аҳлига илмий раддиялар беради.

Улуму-л-Қуръон йўналишида изланишлар олиб борган шайх Манноъ бин Халил ал-Қаттон (р.ҳ)нинг айтишича, биринчи бўлиб Мусҳафи шариф тартиби бўйича асар ёзган инсон Ибн Можа (вафоти:273ҳ) ҳисобланади. Бу йўналишда иккинчи бўлиб, Муҳаммад ибн Жарир Табарий (вафоти: 310ҳ) асар ёзган. Лекин, Ибн Можанинг тафсири бизгача етиб келмасдан йўқолиб кетган. Шу сабабдан, Ибн Жарирнинг тафсири Қуръони карим тартиби бўйича тўлиқ ёзилган энг қадимий тафсир саналади.

Ривоят қилинишича, Муҳаммад ибн Жарир Табарий ушбу асарни ёзишдан олдин уч йил мобайнида истихора қилган. Сўнгра, қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан ёзган. Уни имло қилишдан аввал шогирдларига юзланиб, «Қуръон тафсирини ёзиб олишга ғайрат қила оласизми?», дейди. У замонларда Устозлар айтиб турганлар. Шогирдлар ёзиб турганлар. Шунда шогирдлар: «у неча варақ бўлади?», дейишди. «ўттиз минг варақ бўлади», деб жавоб бердилар. Шогирдлар «буни ёзиб тамомлагунча умр кетиб қолар экан», дея эътироз билдиришди. Шундан сўнг, Табарий ўз тафсирини қисқартириб, уч минг вараққа туширди. Лекин, шунда ҳам ушбу асар ҳажм жиҳатидан энг катта тафсир бўлди. Унинг аксар, матбаалар томонидан чоп этилган нусхаси ўттиз мужалладдан иборат бўлган.

Айтиш жоизки, табарий тафсиридан сўнг бугунги кунгача таълиф этилган аксар тафсир китобларининг услуби Табарий қўллаган услубдан катта фарқ қилмайди.

Кўплаб машҳур ислом уламолари тафсири табарийнинг ўз бобида мисли йўқ бир китоб эканлигини эътироф этиб, мадҳ этганлар. Жумладан, Абу Ҳомид Исфиройиний шундай дейди: «агар кимдир ушбу тафсирга эга бўлиш учун Чин (Хитой) юртига сафар қилса, бу йўлда чеккан машаққати арзимас ҳисобланган бўлурди».

Имом Нававий ўзининг таҳзибу-л-асмо ва-л-луғот номли асарида Ибн Жарир табарийнинг таржимаи ҳолига тўхталар экан: «унинг машҳур таърих китоби бор. Шунингдек, тафсир борасида ҳеч ким ўхшашини тасниф қилолмаган бир китоби мавжуд», дейди.

Жалолиддин Суютий айтади: «агар мендан қайси тафсирга йўллайсиз ва ўқувчига бу борада қайси ишончли китобни маслаҳат берасиз, десанг, мен бундай китоб имом Абу Жаъфар ибн Жарир Табарийнинг тафсиридир, деб айтаман. Қайсики, барча мўътабар уламолар тафсир борасида унинг ўхшаши ёзилмаганлигига иттифоқ қилганлар» (Жалолиддин Суютий. «ал-Итқон фий улуми-л-Қуръон». 2-жилд, 476-бет;).

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *