РАСУЛУЛЛОҲНИ ТУШДА КЎРМОҚЧИМИСИЗ? (1-қисм)

Lotin alifbosida

mustafo-alayhissalomning-ozlari-eshitgan-mavlid2

(Расулимиз Ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш учун тавсиялар турукуми)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду сано, Жанобимиз Муҳаммад Мустафога чексиз дуруду саловатлар бўлсин!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар:

من رآنى فقد رآنى فإن الشيطان لا يتمثل بى

Кимки мени тушида кўрса, бас, у мени айнан ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди! (имом Аҳмад, Бухорий ва Термизий ривоятлари).

Ибн Абу Жамра раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: шайтон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шакли шамойилларига кира олмайди. Кимки тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чиройли суратда кўрса, бу унинг диний камолотга ишора бўлади. Агар Расулуллоҳнинг аъзоларидан бирор аъзосида жароҳат асари билан кўрса, бу унинг динида нуқсонга йўлиқишига ишора бўлади. Бу ҳақ гапдир. Тажрибада синовдан ўтган ва шу хулосага келингандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўрган шахс қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар кўп фойдаларга эришади.

Имом Аҳмад ибн Ҳажар Ҳайтамийга мансуб “ал-Фатава ал-ҳадисиййа”да айтилишича, (225-бет) у кишидан баъзи замондошлари:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу дунёда кўриш имкони борми?», деб сўрадилар.

У киши жавоб бердилар: Баъзи уламолар имконсиз дейди. Бошқа бир баъзилар эса мумкин дейди. Шуларнинг фикри ҳақ. Чунки бу ҳақда жуда кўплаб солиҳ инсонлардан ишончли хабарлар бор. Ундан ташқари Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари: “Кимки мени тушида кўрса, бас, у тезда уйғоқ ҳолда ҳам кўради”, деганлар.

Худди шу ҳадисга изоҳ берган аксар уламоларнинг фикрича, Расулуллоҳни тушида кўрганлар Ул зоти шарифни шу дунёнинг ўзида айнин ўз кўзлари билан албатта кўрадилар. Энг камида дунёдан ўтиш жон омонатини топшириш чоғида Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзларини кўриб, жамолларини ҳис қилиб кейин вафот қиладилар.

“Мафотиҳ ул-Мафотиҳ” китобида айтилишича, кимки тушида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш бахтига муяссар бўлса, унинг дунёдан ўтишда хотимаси хайрли бўлади, қиёмат куни Расулулоҳнинг шафоатига ноил бўлиб, охир борар макони жаннат бўлади. Агар ота-онаси мусулмон бўлса, улар ҳам Аллоҳнинг мағфиратига етишади. Расулуллоҳни бир бора тушда кўрган кимса Қуръони каримни 12 марта хатм қилган қорилар даражасига чиқади. Бундай қувончли туш кўрганларнинг сўнгги дамда жон топшириши жуда енгил бўлиб, қабр азобидан ҳам халос бўладилар. Шунингдек, қиёмат куни даҳшатларидан ҳам омон қолади. Аллоҳнинг лутфу эҳсони ила улар дунё ва охиратда муҳтожлик кўрмайди.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўришлик фақат солиҳларга хосми ёки ҳамма инсон кўриши мумкинми?—деб сўралганида у киши: “Йўқ, фақатгина солиҳлар эмас, балки ҳамма мусулмон Ул Зоти шарифни тушида кўриш имконига эга”, деб фатво берганлар.

Азиз ўқувчи! Камина ходимингиз имкон қадар сиз азизлар билан Ҳасан Муҳаммад Шаддод раҳматуллоҳи алайҳнинг айни мавзуда битган асари асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш имконини берувчи қимматли тавсияларни бўлишиб боришга аҳд қилди. Дуоларингиз билан…

1-ТАВСИЯ

Қадр сурасни ҳар куни қуёш чиқиш ва ботиш чоғида 21 мартадан ўқишни одат қилган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг хоҳиши билан тушида кўради (ал-Васоилуш-шафиъа 421-Б).

 2-ТАВСИЯ

Кавсар сурасини бир кечада минг марта ўқиган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг хоҳиши билан тушида кўради (ал-Васоилуш-шафиъа 424-Б). Ҳасан Муҳаммад Шаддод бу амалиёт фойдасини тажрибадан ўтказганини таъкидлаган.

3-ТАВСИЯ

Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўришни истаса “Музаммил” сурасини 41 марта ўқисин, шубҳасиз Расулуллоҳни кўради! (ал-Васоилуш-шафиъа 417-Б). Ҳасан Муҳаммад Шаддод бу амалиётни ҳам синовдан ўтказганини таъкидлаган.

4-ТАВСИЯ

Жумъа кунида “Қадр” сурасини минг марта ўқиган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрмагунча бу дунёдан ўтмайди. (Хазинатул асрор). «Аллоҳга ҳамдлар айтаманки, бу ҳам тажрибадан ўтди» — Ҳасан Муҳаммад Шаддод.

5-ТАВСИЯ

Баъзи уламолар айтишларича, “Кавсар” сурасининг қуйидагича хусусияти бор: кимки бу сурани жумъа кечасида минг марта ўқиб ортидан Расулуллоҳга яна минг марта саловат айтиб ухласа, тушида Ул зоти шарифни кўради.
Мен бу тажрибани амалда жуда кўпчилик синаб кўрганини ва тасдиғини топганини биламан. Ҳасан Муҳаммад Шаддод.

Давоми бор…

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *