ОНАДАН ТУҒИЛГАН КУНДАГИДЕК ГУНОҲЛАРДАН ПОК ҚИЛАДИГАН АМАЛЛАР

1476137311-mountain-sunrise-beautiful-landscape-wallpaper-1920x1080Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Халқимиз орасида: “Фалон ишни қилсанг, онадан туғилган кундагидек гуноҳлардан пок бўласан!”, деган гап юради. Мусулмон одам гуноҳларсиз яшай олмагани, лекин, ҳамиша ундан қутилиши учун ҳаракат қилиши муқаррардир. Шунинг учун ҳам туғилган илк кунидагидек маъсум бўлишни истайди. Ҳамиша ўзи билган-билмаган, бировга айтган ва айта олмаган, бўйнидаги юк бўлиб турган, қалбини ўртаб юрган гуноҳлардан покланишни хоҳлайди. Парвардигори олам меҳрбон, бандаларига раҳмли зот. Бандасининг гуноҳлардан пок бўлиши учун имкон берган, имконият берган. Қуйида биз ҳадиси шарифларда келтирилган ва хабар берилган онадан туғилган кундагидек гуноҳлардан пок қиладиган амаллар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шояд, муслим ва муслималар, мўъмин ва мўъминалар уларни ихлос ва имон билан адо этсалар, худди онадан туғилган кундагидек гуноҳлардан пок бўлсалар.

Биринчи амал

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарида роппа-роса уч марта келтирилган ҳадиси шарифда мақбул ҳаж мусулмонни худди онадан туғилан кундагидек гуноҳдан пок қилади, дейилган:

 مَنْ حَجَّ لِلَّهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки Аллоҳ учун ҳаж қилиб, бузуқлик ва жанжал қилмаса, онаси туққан кундагидек бўлиб қайтади” (Бухорий, 2/1521).

Мазкур ҳадис: “Кимки бу Байтуллоҳни ҳаж қилса, бузуқлик ва жанжал қилмаса, онаси туққан кундагидек бўлиб қайтади”, деб ҳам нақл қилинган (Бухорий, 3/1819-1820).

Фақатгина ўзи гуноҳдан покланиб қолавермайди. Мақбул ҳажнинг мукофотига қўшимча равишда қариндош-уруғларидан тўрт юз нафарча одамни шафоат қилши ҳуқуқи берилиши ҳам мумкин:

الْحَاجُّ يَشْفَعُ فِي أَرْبَعِ مِائَةِ أَهْلِ بَيْتٍ أَوْ قَالَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ وَ يَخْرُجُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Ҳожи оиласидан ёки қариндош-уруғларидан тўрт юз нафар одамни шафоат қилади ва гуноҳларидан онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Баззор, 1/3196; Абдурраззоқ, 5/8807).

Демак, ҳаж инсоннинг гуноҳдан худди онадан энди туғилган кундагидек покиза бўлишга имконият ҳисобланади. Ҳаж фарз амал бўлиб, мусулмонлар гуноҳдан пок бўлишга алоҳида тайёргарлик қилиб бормоқлари ва ҳаж зиёрати асносида бунга қаттиқ эътибор қаратмоқлари лозим, албатта. Зотан, поклик ўз-ўзидан қўлга киритилавермайди. Зотан, мазкур ҳадиснинг ўзида ҳам “бузуқлик ва жанжал қилмаса”, деган шарти бор.

Иккинчи амал

Абу Нажиҳ Амр ибн Абаса ас-Суламий разийаллоҳу анҳу жоҳилият даврида ҳам бутларга сиғинмаган, тўртинчи бўлиб исломга кирган саҳобалардан ҳисобланади. Бироқ, у мусулмонлигини яшириб юрган, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларидан кейин мусулмонлигини ошкора билдирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Укоз бозори кунларида учрашиб, яширин суҳбатлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша даврдаги маслаҳатларига биноан ўз қабиласига қайтиб кетган эди. Мадинага Бадр, Уҳуд ва Хандақ ғазотларидан кейин келган. Умрининг охирларида эса Шомда яшаган ва тахминан 33 ҳ./654 м. йили вафот қилган. Унинг ажойиб ҳикояси “Саҳиҳи Муслим” тўпламида келтирилган бўлиб, унда “онадан туғилган кундагидек гуноҳлардан пок қиладиган амал” ҳақида сўз юритилган:

“Мен жоҳилият даврида одамларни залолатда деб ўйлар эдим. Улар бутларга ибодат қилишар эди. Маккада бир кишининг ҳар турлик хабарлар айтиб чиққанини эшитиб қолдим. Уловимга миндим-да, унинг ҳузурига етиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанда яширин фаолият олиб борар, қавми унга журъатли ишлардан тойишмасди. Мен Маккага кириб келиб, у зотни топдим ва: “Сиз кимсиз?” дедим. У зот: “Мен пайғамбарман. Аллоҳ мени элчи қилди”, дедилар. “Нима билан сизни юборди?”, дедим. У зот: “Аллоҳ мени силаи раҳм қилишга, бутларни синдиришга, Аллоҳга бирор нарсаси шерик қилмасдан яккаю ягоналигини тасдиқлашга юборди”, дедилар. Мен эса: “Бу ишда сиз билан кимлар бор?”, дедим. У зот: “Бир ҳур инсон ва битта қул бор”, дедилар. Ўшанда у зот билан бирга имон келтирганлардан бор йўғи Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳу (ва аёллардан Хадижа разийаллоҳу анҳо) бор эди. “Мен ҳам сизга эргашувчиман”, дедим. У зот: “Бугун сен бунга қодир эмассан. Менинг ҳолимни ва одамларнинг аҳволини кўриб турибсан. Оилангга қайтиб кет. Қачон мен ҳақимда ишим зоҳир бўлиб тарқалганини эшитсанг, ўшанда олдимга келасан”, дедилар. Мен юртимга қайтиб кетдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташриф буюрдилар. Мен оилам билан яшаётган эдим. Келган-кетган одамлардан хабарлашиб турар эдим. Мадина аҳлидан бўлмиш бир неча ясриблик киши келиб қолди. “Мадинага ташриф буюрган бу киши нима қилаяпти?”, деб сўрадим. “Одамлар унга шошилишаяпти. Ўз қавми эса уни ўлдиришга урунишса ҳам, бунга кучлари етмаяпти”, дейишди. Дарҳол Мадинага етиб келдим. У зотнинг ҳузурларига кирдим. “Эй, Расулуллоҳ! Мени танияпсизми?”, дедим. У зот “Ҳа! Сен менга Маккада учрашган кишисан”, дедилар. “Ҳа, шундай! Ё Набийаллоҳ! Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан менга ҳам айтиб беринг. Мен ҳалигача билмайман. Менга намоз ўқишни ўргатинг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бомдод намозини ўқи. Сўнг то қуёш чиқиб кўтарилгунча намоз ўқимай тур. Қуёш чиқаётганда эса шайтоннинг икки шохи орасидан чиқиб келади. Шу пайтда кофирлар унга сажда қилишади. Сўнг соя бир найза баробарига келгунча ҳозир бўлган, гувоҳ бўлган намозларни ўқийвер. Кейин намоз ўқимай тур. Чунки, бу пайтда жаҳаннам қиздирилади. Соя оғгандан кейин эса аср ўқигунча ҳозир бўлган, гувоҳ бўлган намозларни ўқийвер. Сўнг то қуёш ботгунча намозни қисқа қил (ўқимай тур). Чунки, қуёш шайтоннинг икки шохи орасига ботади. Шу пайтда кофирлар унга сажда қилишади”, дедилар. Мен: “Ё, Набийаллоҳ! Таҳорат ҳақида ҳам айтиб беринг!”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида бундай ҳадисни айтдилар:

مَا مِنْكُمْ رَجُلٌ يُقَرِّبُ وُضُوءَهُ فَيَتَمَضْمَضُ وَ يَسْتَنْشِقُ فَيَنْتَثِرُ إِلَّا خَرَّتْ خَطَايَا وَجْهِهِ وَ فِيهِ وَ خَيَاشِيمِهِ ثُمَّ إِذَا غَسَلَ وَجْهَهُ كَمَا أَمَرَهُ اللهُ إِلَّا خَرَّتْ خَطَايَا وَجْهِهِ مِنْ أَطْرَافِ لِحْيَتِهِ مَعَ الْمَاءِ ثُمَّ يَغْسِلُ يَدَيْهِ إِلَى الْمِرْفَقَيْنِ إِلَّا خَرَّتْ خَطَايَا يَدَيْهِ مِنْ أَنَامِلِهِ مَعَ الْمَاءِ ثُمَّ يَمْسَحُ رَأْسَهُ إِلَّا خَرَّتْ خَطَايَا رَأْسِهِ مِنْ أَطْرَافِ شَعْرِهِ مَعَ الْمَاءِ ثُمَّ يَغْسِلُ قَدَمَيْهِ إِلَى الْكَعْبَيْنِ إِلَّا خَرَّتْ خَطَايَا رِجْلَيْهِ مِنْ أَنَامِلِهِ مَعَ الْمَاءِ فَإِنَّ هُوَ قَامَ فَصَلَّى فَحَمِدَ اللهَ وَ أَثْنَى عَلَيْهِ وَ مَجَّدَهُ بِالَّذِي هُوَ لَهُ أَهْلٌ وَ فَرَغَ قَلْبُهُ لِلهِ إِلَّا اِنْصَرَفَ مِنْ خَطِيئَتِهِ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Бирор кимса таҳорати билан қурбат ҳосил қилмоқчи бўлиб, оғзи ва бурнини чайиб ташласа, юзи, оғзи ва димоғлари хатоликлари тўкилади. Сўнгра, Аллоҳ буюрганидек юзини ювса, юзининг хатоликлари соқоллари орасидан сув билан бирга тўкилиб тушади. Сўнгра, қўлларини чиғаноқлари билан бирга ювса, қўлларининг хатоликлари бармоқлари учларидан сув билан бирга тўкилиб тушади. Сўнгра, бошига масҳ тортса, бошининг хатоликларини сочларининг ораларидан сув билан бирга тўкилиб тушади. Сўнгра, икки оёғини тўпиқлари билан бирга ювса, оёқларининг хатоликлари бармоқлари учларидан сув билан бирга тўкилиб тушади. Кейин туриб у намоз ўқиса, Аллоҳга ҳамду сано айтса, уни ўзига лойиқ равишда улуғласа, қалби ҳам фақат Аллоҳ учун машғул бўлса, хатоликларидан худди онаси туққан кундаги ҳолатдаги каби тозаланиб қайтади” (Муслим, 1/832).

Амр ибн Абаса разийаллоҳу анҳу бу ҳадисни саҳоба Абу Умома разийаллоҳу анҳуга айтиб берганлар. Шунда Абу Умома разийаллоҳу анҳу бунга шубҳа билдирган эканлар. “Эй, Абу Умома! Менинг ёшим қартайди, суякларим мўртлашди, ажалим яқинлашди. Менга Аллоҳ ва унинг Расулига ёлғон гапиришга нима ҳожат бор?! Мен ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир марта эмас, икки марта эмас, уч марта эмас, ҳатто етти марта қайта-қайта эшитганман! Энди, уни қайтиб айтмаганим бўлсин, бироқ уни мен бундан ҳам кўп эшитганман!”, дедилар.

Юқоридаги саҳиҳ ҳадиси шарифда ихлос билан махсус ният қилиб, “бисмиллоҳ” билан астойдил эътибор билан таҳорат қиладиган бўлса, гуноҳлари сув билан бирга тўкилиб тушиши баён этилган. Таҳорат қилиб бўлиб, икки ракъат намоз ўқиб, Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳлар айтиб, жойнамоздан, худди онаси туққан кундагидек гуноҳлардан буткул тозаланиб турар экан.

Учинчи амал

Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда қиш кунлари таҳорат қилиб, икки ракъат ихлос ва эътиқод билан намоз ўқиса, онаси туққан кундагидек гуноҳ ва маъсиятлардан пок ва покиза бўлади:

مَنْ قَامَ إِذَا اسْتَقَلَّتِ الشَّمْسُ فَتَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки қуёш тафти озайган (қишнинг изғирин ва қаҳратон кунлари) пайти туриб, таҳорат олса, таҳоратини гўзал ва чиройли қилиб олиб бўлиб, икки ракъат намоз ўқиса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек (пок) бўлиб чиқади” (Доримий, 1/741).

Тўртинчи амал

Рамазон ойида имон-эътиқод ва ихлос билан рўза тутиш ва таровеҳ намозини ўқиш билан худди онадан янги туғилган чақалоқ мисоли ҳайитга етиши ҳақида ҳам ҳадислар ривоят қилинган:

إِنَّ اللَّهَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ عَلَيْكُمْ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيمَاناً وَاحْتِسَاباً خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّه

“Аллоҳ таоло сизларга рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг кечки намозини суннат қилдим. Кимки рамазонда имон ва ихлос билан рўза тутса ва (таровеҳ) намоз ўқиса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек пок бўлиб чиқади” (Насоий, 2/2210; Ибн Можа, 7/1093; Ибн Хузайма, 3/2201).

مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَ اِحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки имон келтирган ва ихлос қилган ҳолда рамазонда (таровеҳ билан) ибодатда тик турса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек пок бўлиб чиқади” (Насоий, 2/2208).

Бешинчи амал

Кимки ҳаж ва умра ниятида Байтулмуқаддасдан бошлаб эҳром кийиб йўлга отланса, худди онадан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади:

مَنْ أَحْرَمَ مِنْ بَيْتِ الْمَقْدِسِ بِحَجٍّ أَوْ عُمْرَةٍ كَانَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ وَلَدَتْهُ أُمُّه

“Кимки Байтулмақдисдан ҳаж ёки умрага эҳром боғласа, гуноҳларидан онаси туққан кундагидек пок бўлади” (Дорақутний, 3/2743).

Олтинчи амал

Байтулмуқаддаснинг ўзига зиёратга бориш ҳам худди онадан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлишга восита бўлади:

مَنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ لَا يُرِيدُ إِلَّا الصَّلَاةَ بِبَيْتِ الْمُقَدَّسِ خَرَجَ مِنْ خَطِيئَتِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки ўз уйидан фақат Байтулмуқаддасда намоз ўқишни истаган ҳолда чиқса, хатоликларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Ҳоким, 1/83, 2/3624).

Еттинчи амал

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган:

مَنْ صَامَ يَوْمَ الأَرْبِعَاءِ وَالْخَمِيسِ وَالْجُمُعَةِ وَتَصَدَّقَ بِمَا قَلَّ أَوْ كَثُرَ غَفَرَ اللَّهُ لَهُ ذُنُوبَهُ وَخَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمَ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки чоршанба, пайшанба ва жумъа куни рўза тутса, оз ёки кўп хайр-эҳсон қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилади ва гуноҳларидан худди онаси туққандек пок бўлиб чиқади” (Байҳақий, 2/8711; Табароний, 12/13308).

Саккизинчи амал

Ўлик ювиш мусулмонлар зиммасидаги вожиб амал бўлиб, уни омонатли ва диёнатли, ўликнинг айб-нуқсонларини гапириб юрмайдиган, ўлик ювишнинг шаръий қоидаларини билувчи кимсалар адо қилмоғи зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илми бор бўлса, сизлардан маййитга энг яқинингиз ўлик ювишга турсин. Агар билмайдиган бўлса, сизларнинг ичингизда парҳезкор ва омонатдор киши бу ишни қилсин!”, деганлар ва бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ وَلِىَ غُسْلَ مَيِّتٍ فَأَدَّى فِيهِ الأَمَانَةَ يَعْنِى يَسْتُرُ مَا يَكُونُ عِنْدَ ذَلِكَ كَانَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки маййитни ювишга масъул бўлса, унда омонатни адо қилсин. Яъни, ундаги бор нарсаларни (нуқсон ва камчиликларни) яширса, худди гуноҳларидан худди онаси туққандек пок бўлиб чиқади” (Байҳақий, 2/6903; Аҳмад, 6/24925, 24954).

Саҳоба Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу ўлик ювишнинг савобини бундай деб айтиб берган эканлар:

مَنْ غَسَّلَ مَيِّتًا فَأَدَّى فِيهِ الأَمَانَةَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки маййитни ювса, ундаги омонатни адо қилса, гуноҳларидан худди онаси туққандек пок бўлиб чиқади” (Ибн Абу Шайба, 3/11268; Абдурраззоқ, 3/6098).  

Тўққизинчи амал

Ҳаж энг машаққатли амал ҳисобланади. Ҳаж жуда катта саъй-ҳаракат, куч-қувват, сабр-тоқат ва фидокорлик талаб қилади. Ҳажда куни билан дам олмасдан йўлда юриш, иссиқда қолиб кетиш, адашгани сабабли кўчада довдираб қолиш мумкин. Бунинг ҳам ўзига яраша савоб-самараси ва мукофоти бор. Куни билан талбия айтиб юрган ҳожининг, бир кунлик амали онадан янги туғилган чақалоқдек гуноҳлардан пок бўлишига олиб келади:

مَا أَضْحَى مُؤْمِنٌ يُلَبِّى حَتَّى تَغْرُبَ الشَّمْسُ إِلاَّ غَابَتْ بِذُنُوبِهِ حَتَّى يَعُودَ كَمَا وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Бирорта мўъмин эрталабдан талбия айтиб, то қуёш ботгунча юрадиган бўлса, ётоқ жойига қайтгунча худди уни онаси туққандек гуноҳлари йўқ бўлиб кетади” (Байҳақий, 2/9287).

Умуман, ётоқ жойидан холис ниятда Байтуллоҳни тавоф қилиш ниятида чиқишнинг савоби жуда катта. Бу борада “Ахбори Макка” китобида қуйидаги ривоятлар нақл қилинган:

مَنْ تَوَضَّأَ وَ أَسْبَغَ الْوُضُوءَ ثُمَّ أَتَى الرُّكْنَ يَسْتَلِمُهُ خَاضَ فِي الرَّحْمَةِ، فَإِنْ اِسْتَلَمَهُ فَقَالَ: بِسْمِ اللهِ، وَ اللهُ أَكْبَرُ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدَهُ وَ رَسُولُهُ، غَمَرَتْهُ الرَّحْمَةُ، فَإِذَا طَافَ بِالْبَيْتِ كَتَبَ اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ لَهُ بِكُلِّ قَدَمٍ سَبْعِينَ أَلْفِ حَسَنَةٍ، وَ حَطَّ عَنْهُ سَبْعِينَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ، وَ رُفِعَ لَهُ سَبْعِينَ أَلْفِ دَرَجَةٍ، وَ شُفِّعَ فِي سَبْعِينَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ، فَإِذَا أَتَى مَقَامَ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ، فَصَلَّى عِنْدَهُ رَكْعَتَيْنِ إِيمَانًا وَ اِحْتِسَابًا؛ كَتَبَ اللهُ لَهُ كَعِتْقِ أَرْبَعَةِ عَشَرِ مُحَرَّرًا مِنْ وَلَدِ إِسْمَاعِيلَ، وَ خَرَجَ مِنْ خَطِيئَتِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки таҳоратни комил ва тўлиқ қилиб олса, сўнг Рукни Ямонийга келиб, уни силаб-ўпса, раҳматга чўмади. Уни силаб-ўпганда, “БИСМИЛЛОҲИ, ВАЛЛОҲУ АКБАР, АШҲАДУ АНЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲУ ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН АБДУҲУ ВА РОСУЛУҲУ” (“Аллоҳнинг исми билан бошлайман! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У яккаю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссаломни эса Унинг бандаси ва пайғамбари деб гувоҳлик бераман!”) деса, раҳматга буткул ботади. Агар Байтуллоҳни тавоф қилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг ҳар бир қадамига етмиш минг ҳасана ёзади, ундан етмиш минг ёмонликни ўчиради, уни етмиш минг даражага кўтаради. Аҳли оиласидан етмиш нафар одамни шафоат қилади. Агар “Иброҳим мақоми”га келиб, унинг ёнида икки ракъатни имон ва ихлос билан намоз ўқиса, Аллоҳ унинг учун Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан ўн тўрт нафар қул бўлиб қолган одамни озод қилганлик савобини ёзади ва хатоликларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 2/510).

إِذَا خَرَجَ الْمَرْءُ يُرِيدُ الطَّوَافَ بِالْبَيْتِ أَقْبَلَ يَخُوضُ فِي الرَّحْمَةِ، فَإِذَا دَخَلَ غَمَرَتْهُ، ثُمَّ لَا يَرْفَعُ قَدَمًا، وَ لَا يَضَعُ قَدَمًا إِلَّا كَتَبَ اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ لَهُ بِكُلِّ قَدَمٍ خَمْسَمِائَة حَسَنَةً ، وَ حَطَّ عَنْهُ خَمْسَمِائَة سَيِّئَة، أَوْ قَالَ: خَطِيئَة، وَ رُفِعَتْ لَهُ خَمْسَمِائَةَ دَرَجَة، فَإِذَا فَرَغَ مِنْ طَوَافِهِ، فَصَلَى رَكْعَتَيْنِ دُبْرَ الْمَقَامِ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ، وَ كُتِبَ لَهُ أَجْرُ عِتْقِ عَشَرَ رِقَابٍ مِنْ وَلَدِ إِسْمَاعِيلَ، وَ اسْتَقْبَلَهُ مَلَكٌ عَلَى الرُّكْنِ، فَقَالَ لَهُ: اِسْتَأْنِفِ الْعَمَلَ فِيمَا بَقِيَ فَقَدْ كُفِيتَ مَا مَضَى وَ شُفِّعَ فِي سَبْعِينَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ

“Қачонки, бир киши Байтуллоҳни тавоф қилиш ниятида чиқса, раҳматга чўмади. Агар тавофга киришса, унга бутунлай ботади. Сўнг қадамини кўтариб-қўяр экан, Аллоҳ азза ва жалла унинг ҳар бир қадамига беш юзта ҳасана ёзади, ундан беш юзта ёмонликни ёки хатоликни ўчиради. Уни беш юзта даражага кўтаради. Агар тавофдан фориғ бўлиб, мақоми Иброҳим ортида икки ракъат намоз ўқиса, гуноҳларидан худди онаси туққандек пок бўлиб чиқади. Унинг учун Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан ўнта қул бўлиб қолган кишини озод қилганнинг ажри ёзилади. Рукни Ямоний тўғрисига келганда, уни бир фаришта қарши олиб, қолган амалингни давом қилдиравер, ўтган гуноҳларинг ўчирилди, деб айтади. У ўз оиласидан етмиш нафар одамни шафоат қилади” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 2/511).

Ўнинчи амал

Ҳажда битта тавоф етти айланиш ҳисобланади. Ҳар етти айланишдан кейин, яъни тавофдан кейин икки ракъат намоз – “Тавоф намози” ўқилади. Мусулмоннинг машаққати эвазига мукофоти ҳам катта бўлаверади. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган қуйидаги ҳадисда бундай дейилган:

مَنْ طَافَ بِالْبَيْتِ خَمْسِينَ مَرَّةً خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки Байтуллоҳни эллик (50) марта тавоф қилса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек (пок) бўлиб чиқади” (Термизий, 3/866).

“Эллик марта” деганларини элликта айланиш деб изоҳлаган олимлар бўлган. Лекин, бу тўғри эмас. Чунки, бунча айланиш ибодатга киритилмаган. Тавоф эса етти айланиш билан адо топади. Тўғриси, элликта етти айланишдир. Буни ривоятлардаги: خَمْسِينَ أُسْبُوعًا ва خَمْسِينَ سُبُوعًا (“элликта етти айланиш”) дейилганидан билиб олиш мумкин (Ибн Абу Шайба, 3/12665; Абдурраззоқ, 5/9809).

Ислом уламолари айтишларига қараганда, ундан бир вақтнинг ўзида ва бир кунда пайдар-пай тавоф қилиш назарда тутилмаган. Унинг ҳасанотлар саҳифаси (нома-и аъмоли)да топилишининг ўзи кифоя. Яъни, умри давомида етти айланиш билан эллик марта тавофни бажарса бўлди (Мавлоно Али ал-қори. Фазоил Байтуллоҳ ал-ҳаром // Мажмуъ расоил ал-Аллома ал-Мулла Али ал-қори. 2-жилд. – Истанбул: Дор ал-Лубоб, 2018. – Б. 25).

Ўн биринчи амал

Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонга берган дард ҳам унинг гуноҳларига каффорат, даражасининг кўтарилишига сабаб бўлади. Айниқса, тўшакка михланиб ётиб қолган бемор шукр ва сабр қилса, унинг гуноҳлари буткул ювилиб, худди онадан туғилган кундагидек бўлади. Саҳоба Шаддод ибн Авс ал-Ансорий разийлалоҳу анҳу бир неча дўстлари билан Дамашқда бир бемор биродарининг олдига касалкўрдига ккиришибди. У зот беморга қараб, “Хурсанд бўлаверинг, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни эшиоганман”, деб ҳадис айтиб берибдилар:

إِنَّ اللهَ عَزَّ وَ جَلَّ يَقُولُ : إِذَا اِبْتَلَيْتُ عَبْدًا مِنْ عِبَادِى مُؤْمِنًا فَحَمِدَنِى عَلَى مَا اِبْتَلَيْتُهُ فَإِنَّهُ مِنْ مَضْجَعِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ مِنَ الْخَطَايَا وَ يَقُولُ الرَّبُّ عَزَّ وَ جَلَّ : أَنَا قَيَّدْتُ عَبْدِى هَذَا وَ اِبْتَلَيْتُهُ فَأَجِرُّوا لَهُ مَا كَنَنْتُمْ تَجِرُّونَ لَهُ قَبْلَ ذَلِكَ وَ هُوَ صَحِيحٌ

“Аллоҳ азза ва жалла: “Агар мўъмин ҳолдаги бандаларимдан бирини (касалликка) мубтало қилсам, у мен мубтало қилган дардга шукр (ва сабр) қилса, модомики у тўшагида бўлар экан, хатоликларидан онаси туққан кундагидек бўлур”, деб айтади. Яна Аллоҳ азза ва жалла (фаришталарига): “Мен бандамни бунга (тўшакка) боғлаб, мубтало қилиб қўйибман. Энди, бундан олдин соғлом ҳолида бериш учун яшириб қўйган ажр-савобларни унга чиқариб беринглар”, дейди” (Табароний, 7/7136; Аҳмад, 4/17159).

Тобеъинларнинг улуғларидан Абу-л-Олия раҳимаҳуллоҳ саҳоба Назр ибн Анас разийаллоҳу анҳунинг зиёратига кирганида, у зот бундай деган эканлар:

كُنَّا نَتَحَدَّثُ مُنْذُ خَمْسِينَ سَنَةً، أَنَّهُ مَا مِنْ عَبْدٍ يَمْرَضُ إِلاَّ قَامَ مِنْ مَرَضِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ وَكُنَّا نَتَحَدَّثُ مُنْذُ خَمْسِينَ سَنَةً أَنَّهُ مَا مِنْ عَبْدٍ يَمْرَضُ إِلا قَالَ اللَّهُ لِكَاتِبَيْهِ : اكْتُبَا لِعَبْدِي مَا كَانَ يَعْمَلُ فِي صِحَّتِه

“Биз қайсидир банда касал бўлса, касаллигидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб туриши ҳақида эллик йилдан бери ҳадис айтиб келамиз. Қайсидир банда касал бўлса, Аллоҳ таоло унинг икки котибига (икки елкасидаги фаришталарга): “Бандам соғлом ҳолатида амал қиладиган нарсани ёзиб қўйинглар!”, дейди” (Ибн абу Шайба, 3/10925).

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ “ал-Мўъжам ас-сағир”да уч кун касал бўлиб ётиш гуноҳлардан тозаланиб, онадан янги туғилгандек бўлиб оёққа туришга сабаб бўлади, деган ривоятни келтирганлар:

إِذَا مَرِضَ الْعَبْدُ ثَلاثَةَ أَيَّامٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمِّهِ

“Агар банда уч кун касал бўлиб ётса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек (пок) бўлиб чиқади” (Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 1/519).

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “Шуаб ал-имон”да бир кун касал бўлиб ётишнинг савобини бу тариқа кўрсатганлар:

مَنْ مَرَضَ لَيْلَةً فَصَبَرَ وَ رَضِىَ بِهَا عَنِ اللهِ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки бир кеча касал бўлса, сабр қилиб, унга Аллоҳдан рози бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек (пок) бўлиб чиқади” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 7/9868; Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 21/23965),

Ўн иккинчи амал

Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг фазилати, савоб-самараси юксакдир. Ватан ҳимоячиларининг чегара қўриқчилигининг алоҳида савоби бор:

تَمَامُ الرِّبَاطِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا وَ مَنْ رَابَطَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا لَمْ يَبِعْ وَ لَمْ يَشْتَرِ وَ لَمْ يَحْدِثْ حَدَثًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Мукаммал қўриқчилик ва пойлоқчилик қирқ кундир. Кимки қирқ кун олди-сотди қилмаса, бузуқ ишлар этмаса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Табароний, 8/7606).

Ўн учинчи амал

Бировнинг ҳожатини битказиш, бировга ёрдам бериш инсонийлик бурчидир. Агар у ихлос ва савоб умидида қилинадиган бўлса, гуноҳлардан худди онадан туғилгандек пок ҳолатга келиш имконияти ҳамдир. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:

مَنْ مَشَى إِلَى حَاجَةِ أَخِيهِ الْمُسْلِمِ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِكُلِّ خُطْوَةٍ يَخْطُوهَا حَسَنَةً إِلَى أَنْ يَرْجِعَ مِنْ حَيْثُ فَارَقَهُ، فَإِنْ قُضِيَتْ حَاجَتُهُ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ ، وَإِنْ هَلَكَ فَيَا مِنْ هَالِكٍ دَخَلَ الْجَنَّةَ بِغَيْرِ حِسَابٍ

“Кимки мусулмон биродарининг ҳожатига юрса, Аллоҳ унинг ўша ишдан ажралиб қайтгунгача отган ҳар бир қадамига битта яхшилик ёзади. Агар унинг ҳожатини битказиб берадиган бўлса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади. Агар (бу ишда) ҳалок бўладиган бўлса, вафот қилган одамга жаннатга ҳисобсиз киришдан бошқаси бўлмайди!” (Абу Яъло, 5/2789).

Халққа холис хизмат кўрсатишнинг савоби “Иттиҳоф ал-хийара ал-маҳара” китобида қуйидаги ҳадиси шариф билан ифодаланган:

مَنْ خَدَمَ اثْنَا عَشَرَ رَجُلاً فِي سَبِيلِ الله عَزَّ وَجَلَّ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки ўн икки кишига Аллоҳ йўлида хизмат қилса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (“Иттиҳоф ал-хийара ал-маҳара”, 5/4353).

Ўн тўртинчи амал

“Зуҳо” намозининг фазилати ўзгача экани маълум. У суннат намозлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқишга одатланган эдилар. Унинг савоби қуйидаги ҳадиси шарифда бундай кўрсатилган:

مَنْ صَلَّى الْفَجْرَ أَوْ قَالَ : الْغَدَاةَ فَقَعَدَ فِي مَقْعَدِهِ فَلَمْ يَلْغُ بِشَيْءٍ مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا ، وَيَذْكُرُ اللَّهَ حَتَّى يُصَلِّيَ الضُّحَى أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ لا ذَنْبَ لَهُ

“Кимки эрталабки бомдодни ўқиса, сўнг жойида ўтириб қолиб, дунё ишидан бирор нарсага чалғимай, Аллоҳни зикр қиладиган бўлса, кейин тўрт ракъат “зуҳо” намозини ўқиса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади. Унинг гуноҳи йўқ бўлади!” (Абу Яъло, 7/4365).

Ўн бешинчи амал

Ҳалол таом еб, унга шукрона келтириб дуои хайр қилиш ҳам суннат амаллардан бўлиб, уни ихлос ва савоб умидида қилишнинг алоҳида фазилати бор:

مَنْ أَكَلَ فَشَبِعَ وَ شَرِبَ فَرَوِيَ فَقَالَ: «الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَطْعَمَنِي وَ أَشْبَعَنِي وَ سَقَانِي وَ أَرْوَانِي»، خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки тўйиб таом есава қониб сув ичса, сўнг: “АЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ АТЪАМАНИЙ ВА АШБАЪАНИЙ ВА САҚОНИЙ ВА АРВОНИЙ” (“Мени таомлантирган, мени тўйдирган, менга ичимлик бериб қондирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”) деб дуо қилса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Абу Яъло, 13/7246).

Ўн олтинчи амал

قُلْ يَا مُحَمَّدُ : اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكُ الطَّيِّبَاتِ، وَتَرْكَ الْمُنْكَرَاتِ، وَ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ، وَ حُبَّ الْمَسَاكِينِ، وَ إِنْ أَدَرْتَ بَيْنَ النَّاسِ فِتْنَةً أَنْ تَوَفَّنِي وَ أَنَا غَيْرُ مَفْتُونٍ، مَنْ قَالَ ذَلِكَ عَاشَ بِخَيْرٍ وَ مَاتَ بِخَيْرٍ وَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Эй, Муҳаммад! “АЛЛОҲУММА, ИННИЙ АСЪАЛУКА-Т-ТОЙЙИБАТ, ВА ТАРКА-Л-МУНКАРОТ, ВА ФЕЪЛА-Л-ХАЙРОТ, ВА ҲУББА-Л-МАСАКИЙН, ВА ИН АДАРТА БАЙН АН-НАСИ ФИТНАТАН АН ТАВАФФАНИЙ ВА АНА ҒОЙРУ МАФТУН!” (“Эй, Аллоҳ! Мен сендан покизаликларни сўрайман, ман қилинган нарсаларни тарк этишимни, яхши ишларни қилишни, мискинларни севишни сўрайман. Агар одамлар орасидан бирорта фитнани айлантирадиган бўлсанг, мени фитнага учрамасимдан вафот қилдиргин!”) деб айтгин. Кимки мана шуни айтса, яхшилик билан ҳаёт кечиради, яхшилик билан вафот этади ва гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Баззор, 1/2668).

 

Ўн еттинчи амал

Тўшакда ётишдан олдин турли дуо ва зикрларни айтиб ётиш суннат амал ҳисобланади. Кела солиб дарҳол таппа ташлаб ётиб қолинавермайди. Мўъмин-мусулмон бирров Аллоҳни зикр қилиб, кейин ухлашга ётади. Бунинг ўзига хос савоб-мукофоти ҳам бор:

مَنْ قَالَ حِينَ يَأْوِي إِلَى فِرَاشِهِ وَهُوَ طَاهِرٌ: الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَا فَقَهَر، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي بَطَنَ فَخَبَرَ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي مَلَكَ فَقَدَرَ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي يُحْيِي الْمَوْتَى وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمَ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки тўлакка ётаётган пайтда таҳоратли ҳолда, “АЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ ЪАЛА ФА-ҚОҲАРО, ВАЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ БАТОНА ФА-ХАБАРО, ВАЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ МАЛАКА ФА-ҚОДАРО, ВАЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ ЙУҲЙИ-Л-МАВТА, ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚОДИЙР!” (“Олий бўлиб, қаҳр қиладиган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Яшириб туриб, ўзи хабар берадиган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Ўзи молик бўлиб, куч-қудратга эга бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Ўликларни тирилтирадиган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! У барча нарсаларга қодир зотдир!”) деса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 6/4389).

 

Ўн саккизинчи амал

Каъбанинг атрофида дуолар мустажоб бўладиган алоҳида жойлар мавжуд. Улардан бири, Мезоб – Каъбанинг Тарнови остидир. Тобеъинларнинг улуғларидан бири, Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

مَنْ قَامَ تَحْتَ مِيزَابِ الْكَعْبَةِ فَدَعَا اُسْتُجِيبَ لَهُ وَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки Каъбанинг Мезоби – Тарнови остида туриб, дуо қилса, унга мустажоб қилинади ва гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 1/378).

Ҳазрати Муовия разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

مَنْ قَامَ عِنْدَ ظَهْرِ الْبَيْتِ فَدَعَا اُسْتُجِيبَ لَهُ وَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки Байтуллоҳнинг орқа томонида туриб, дуо қилса, унга мустажоб қилинади ва гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 2/491).

Ўн тўққизинчи амал

Ҳаж зиёратидаги икки пайтдаги тавоф гуноҳларнинг буткул ювилиши борасида алоҳида таъкидланган:

طَوَافَانِ لَا يُوَافِقُهُمَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ إِلَّا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ فَيُغْفَرُ لَهُ ذُنُوبُهُ كُلُّهَا بَالِغَةٌ مَا بَلَغَتْ: طَوَافٌ بَعَدَ صَلَاةِ الْفَجْرِ يَكُونُ فِرَاغُهُ مَعَ طَلُوعِ الشَّمْسِ، وَ طَوَافٌ بَعْدَ صَلَاةِ الْعَصْرِ يَكُونُ فِرَاغُهُ مَعَ غُرُوبِ الشَّمْسِ

“Икки тавоф бор, мусулмон банда унга муваффақ бўлса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади. Етганича унинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Биринчиси, бомдоддан кейинги тавоф то қуёш чиқиши билан бирга тугайдиган бўлса. Иккинчиси, асрдан кейинги тавоф то қуёш ботиши билан бирга тугайдиган бўлса” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 2/567).

Йигирманчи амал

Ҳаж зиёратида, Масжиди ҳаромда барча амаллар савобдан холи эмас. Ҳатто Каъбатуллоҳга қараб, боқиб ўтиришнинг ўзи ҳам ибодат ҳисобланади. Унинг савобини машҳур тобеъин Саъид ибн ал-Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ бундай деб айтган эканлар:

مَنْ نَظَرَ إِلَى الْكَعْبَةِ إِيمَانًا وَ تَصْدِيقًا خَرَجَ مِنَ الْخَطَايَا كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки Каъбага имон келтирган ва тасдиқ қилган ҳолда назар солса, хатоликлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Азрақий, “Ахбори Макка”, 2/525).

Йигирма биринчи амал

Рамазон ойи тугагандан кейин шаввол ойида олти кун рўза тутиш суннат ҳисобланади. У ихтиёрий тутиладиган нафл рўзаси бўлиб, ҳайит эртасидан бошлаб тутилса ҳам, олти кунни пайдар-пай ёки бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўлади. Унинг савоби “ал-Мўъжам ал-авсат” ҳадис тўпламида қуйидагича келтирилган:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Кимки рамазон ойи рўзасини тутиб, унга шавволда олти кун рўзани эргаштириб тутса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 8/8622).

Йигирма иккинчи амал

Саломлашиш суннат ҳисобланади. Бирор мажлисга келганда, ўтирганларга салом бериш керак. Мажлис тугаб, ҳамма тарқалиб кетаётганда ҳам саломлашиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу борада Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Жомеъ ал-аҳодис” асарида қуйидаги ривоятни келтирганлар:

إِذَا قَامَ أَحَدُكُمْ مِنَ الْمَجْلِسِ فَلْيُسَلِّمْ فَإِنَّهُ يُكْتَبُ لَهُ أَلْفُ حَسَنَةٍ وَ يُقْضَى لَهُ أَلْفُ حَاجَةٍ وَ يُخْرَجُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Қачонки сизлардан бирингиз мажлисдан турса, салом берсин! Чунки, унга мингта яхшилик ёзилади, унинг мингта ҳожати битиб кетади, гуноҳларидан эса худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 3/2465).

Йигирма учинчи амал

Кечаси уйқудан уйғониб, зикр қилиш, ибодат қилиш, таҳажжуд намозини ўқишнинг ўзига хос фазилати мавжуд. Бу борада Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Жомеъ ал-аҳодис” асарида қуйидаги ривоятни келтирганлар:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَعَارُ مِنْ جَوْفِ اللَّيْلِ فَيَقُولُ اَللهُ أَكْبَرُ وَ سُبْحَانَ اللهِ وَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ يُحْيِى وَ يُمِيتُ وَ هُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ وَ لَا حَوْلَ وَ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ اَسْتَغْفِرُ اللهَ الْغَفُورَ الرَّحِيمَ إِلَّا سَلَّخَهُ اللهُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

“Модомики мусулмон кечанинг қоқ ўртасида туриб олиб, “АЛЛОҲУ АКБАР, ВА СУБҲОНАЛЛОҲ, ВА ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲ, ЛАҲУ-Л-МУЛКУ ВА ЛАҲУ-Л-ҲАМДУ, ЙУҲЙИЙ ВА ЙУМИТУ, ВА ҲУВА ЪАЛА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚОДИЙР, ВА ЛА ҲАВЛА ВА ЛА ҚУВВАТА ИЛЛА БИЛЛАҲ, АСТАҒФИРУЛЛОҲА-Л-ҒОФУРО-Р-РОҲИЙМ” (“Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ айбу нуқсонлардан пок деб тасбеҳ айтаман! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У якко-ю ягонадир. Унинг шериги йўқ. Мулк Уникидир! Ҳамду сано Унгадир! Й тирилтиради, вафот қилдиради. У зот барча нарсаларга қодирдир. Куч-қувват фақат Аллоҳ биландир. Раҳмли ва кечиримли Аллоҳга истиғфор айтаман!”) деса, Аллоҳ унинг гуноҳларини худди онаси туққан кундагидек шилиб олиб ташлайди” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 19/20701).

Йигирма тўртинчи амал

“Канз ал-уммол” номли ҳадис тўпламида Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг рўза тутганда, ифтор пайти ўқиладиган махсус дуони айтган кимсанинг гуноҳлари онадан туғилган кундагидек йўқ бўлиши ҳақидаги ривояти келтириб ўтилган:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَصُومُ وَ يَقُولُ عِنْدَ إِفْطَارِهِ: يَا عَظِيمُ يَا عَظِيمُ أَنْتَ إِلَهِى لَا إِلَهَ غَيْرُكَ اِغْفِرْ لِى الذَّنْبَ الْعَظِيمَ فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذَّنْبَ الْعَظِيمَ إِلَّا الْعَظِيمُ، إِلَّا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ، عَلِّمُوهَا عَقِبَكُمْ فَإِنَّهَا كَلِمَةٌ يُحِبُّهَا اللهُ وَ رَسُولُهُ وَ يُصْلِحُ بِهَا أَمْرُ الدُّنْيَا وَ الْآخِرَةِ

“Модомики, бирор мусулмон рўза тутиб, ифтор пайтида, “Ё, АЗИЙМУ, Ё АЗИЙМ! ИЛАҲИЙ, ЛА ИЛАҲА ҒОЙРУКА, ИҒФИР ЛИЙА-З-ЗАНБА-Л-АЗИЙМ. ФА-ИННАҲУ ЛА ЙАҒФИРУ-З-ЗАНБА-Л-АЗИЙМА ИЛЛА-Л-АЗИЙМ!” (“Эй, улуғ зот, эй улуғ зот! Илоҳий, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Менинг улуғ гуноҳимни кечиргин. Улуғ гуноҳларни фақат улуғ зотгина кечира олади”) деса, гуноҳларидан худди онаси туққан кундагидек (пок) бўлиб чиқади. Уни орқангиздаги фарзандларингизга ҳам ўргатинглар. Чунки, улар Аллоҳ ва унинг расули яхши кўрадиган калимадир. У сабабли дунё ва охират ишлари ислоҳ топади” (ал-Муттақий, “Канз ал-уммол”, 10/24400; Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 33/35963).

ХУЛОСА

Мазкур мақолада ҳадиси шарифларда сўз юритилган муҳим амаллар ҳақида маълумотлар келтирилди. У ҳам бўлса, ўша амалларни имон-эътиқод ва ихлос билан қилган одамнинг гуноҳлари худди онадан янги туғилган чақолоқ мисоли йўқ бўлиб кетади. Мазкур ҳадиси шарифларнинг айримлари аъло даражада саҳиҳ бўлса, айримлари ўта даражада заиф бўлиши мумкин. Бироқ, муҳими, уларни имон-эътиқод ва ихлос билан адо қилишдир. Инсон ҳаёти давомида уларни бирма-бир шу эътиқод ва ихлос билан бажариб қўйса, шояд у онадан янги туғилган чақолоқдек гуноҳлардан пок-покиза бўлса! Зотан, Парвардигори оламнинг карами кенг, бандасига унинг онасидан кўра ҳам меҳрбонроқ, уни дўзахда озор чекишини истамайди. Бинобарин, ушбу амалларни улуғ муҳаддислар ривоят қилгани сабабли, эътиқод ва ихлос билан бажаравериш керак.

Аллоҳ таоло қилаётган хайрли амалларингизни қабул айласин! Уларни хатоликларингизга каффорат қилиб, худди онадан янги туғилган чақалоқдек маъсум бўлиб, гуноҳларингизнинг батамом пок бўлишига сабаб қилсин! Аллоҳ таолонинг ўзи ҳамиша Сизни қўлласин, бу амалларни бизга ўргатган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларига нойил қилсин! Омин!

Аллоҳумма солли ъала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!

Осий ва гуноҳкор, лекин раҳмон ва раҳим Парвардигорининг раҳмати ва суюклиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларидан худди онадан янги туғилгандек гуноҳлари ҳам йўқ бўлиб пок-покиза бўлишидан умидвор

ҲАМИДУЛЛОҲ БЕРУНИЙ.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *