“КУН!” ҚУДРАТИ ПАЙҒАМБАР ВА АВЛИЁЛАРГА БЕРИЛГАНМИ?

milad154

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.

“Кун!” қудрати деганда, Аллоҳ таолонинг бирор нарсани яратишни хоҳлаганида, ўзининг азалий калом сифати билан “Кун!” – “Бўл!” дейиши ва ўша нарса шу заҳоти “Фа-йакун” – “Бас, бўлади”, деган ақида тушунилади. Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз бундай деганлар:

Ирода айлагач, Халлоқи олам,

Ҳар ишни “Бўл!” деди, бўлди ўшал дам.

“Кун!” қудрати ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолога хос бўлган сифатдир ва у мотуридия ақидасида “таквин” сифати деб номланади. Бирор нарсани яратиш ва бўлдириш фақат Аллоҳ таолонинг ўзига хос бўлиб, Унинг ўзи буни бир неча ояти каримасида таъкидлаган. Аввал, шуларни кўриб чиқсак:

“Бақара сураси”нинг 117-оятида Аллоҳ таоло Ўзини тавсиф қилиб, бу ҳақида бундай дейди:

بديع السماوات و الارض و اذا قضى أمرا فانما يقول له كن فيكون

“(У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) “Бўл!” деса, бас, у бўлади” (Бақара, 117).

Аллоҳ таоло “Оли Имрон сураси”да ҳам бу ҳақида алоҳида тўхталган:

كذلك الله يخلق ما يشاء اذا قضى أمرا فانما يقول له كن فيكون

“Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратаверади. Қачон бирор ишни тақдир этса (истаса), фақатгина унга “Бўл!” деса, бас, у бўлаверади” (Оли Имрон, 47).

Бу ҳақида “Наҳл сураси”да ҳам алоҳида таъкидланган:

إنّما قولنا لشئ اذا اردناه ان نقول له كن فيكون

“Биз бирор нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз: “Бўл!” – дейишдир. Бас, (ўша нарса) бўлур” (Наҳл, 40).

“Марям сураси”да ҳам: اذا قضى أمرا فانما يقول له كن فيكون – “У бирор ишни қилишни истаса, фақат унга “Бўл!” дер. Бас, (ўша иш) бўлур” (Марям, 35) деган оят мавжуд.

Ҳар бир мусулмон эшитган “Ёсин” сурасининг охирги оятларининг бирида айтиб ўтилади:

إنّما امره اذا اراد شيئا ان يقول له كن فيكون

“Бирор ишни (яратиш)ни ирода қилганида, унинг иши фақатгина: “Бўл!” – дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)” (Ёсин, 82).

Бу мазмун “Ғофир сураси”да ҳам бор:

هو الذى يحيى و يميت فاذا قضى امرا فانّما يقول له كن فيكون

“У тирилтирадиган ва ўлдирадиган зотдир. Бас, қачон бирор ишни ҳукм қилса, унга фақат: “Бўл!” – деса бас, у (иш) бўлур” (Ғофир, 68).

Ушбу оятларда таъкидлангандек, Аллоҳ таолонинг яратиш сифати ва ҳолати тушунтирилмоқда. Ушбу оятлар мўҳкамдир, мазмуни аниқдир, ҳаммага тушунарлидир. Бу эса ақидавий манбаларда “тахлиқ” (“яратиш”) каби феълий сифатлари маъносини қамраб оладиган “таквин” (“бўлдириш”) сифатидир. Мотуридийларга кўра бу Аллоҳ таолонинг субутий (зотий) сифатидир, ашъарийлар уни феълий сифатига киритадилар. Сўфий Аллоҳёр раҳимаҳуллоҳ “Маслак ул-муттақин” асарларида бундай деганлар:

Феъл-у тахлиқ инчунин тарзиқ,

Яъни, таквин бувад ъала-т-таҳқиқ.

Ҳаст таквин яке зи ҳашт сифот,

Аҳли суннатки карда-анд исбот.

Ҳама ихлоқ-у феъл ё ирзоқ,

Ҳама бошад ба-амри Холиқи тоқ.

“Бирор нарсани қилиш, шунингдек, ризқ бериш ҳақиқатдан ҳам таквин бўлади. Аҳли суннат ва жамоат вакиллари таквинни Аллоҳ таолонинг саккиз сифатларидан бири эканини исбот қилганлар. Яратиш, қилиш, ризқ беришнинг ҳаммаси, барча-барчаси ягона Холиқнинг амри биландир” (Сўфий Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент: Порцев, 1914. – Б. 9-10).

Аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия таълимотидаги мусулмонлар ақидасига кўра, Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий – қадим сифатларидан бири “таквин”дир! Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатидаги асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” китобининг бир бобини ана шу “таквин” сифатининг қадимлигига ишора қилиб, бундай деб номлаганлар:

باب ما جاء فى تخليق السموات و الارض و غيرها من الخلائق و هو فعل الربّ تبارك و تعالى و أمره فالربّ بصفاته و فعله و امره و كلامه و هو الخالق المكوِّن غير مخلوق و ما كان بفعله و امره و تخليقه و تكوينه فهو مفعول مخلوق مكوَّن

“Осмонлар ва ер ҳамда яралмишлардан бўлмиш бошқа нарсаларни яратиш ҳақида келган ҳадислар боби. У Парвардигор таборак ва таолонинг феъли ва унинг амридир. Бас, Парвардигор ўзининг сифатлари, феъли, амри, каломи ила яратилмаган Холиқ ва Мукаввин (Яратувчи ва Бўлдирувчи)дир. Унинг феъли, амри, яратиши ва бўлдириши билан бўлган нарсалар мафъул, махлуқ, мукавван (қилинган, яратилган, бўлдирилган)дир”.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ мазкур иборалари билан ўзининг ақидаси мотуридийлар ақидаси билан бир хил эканлигини исботлаганлар!

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ эса “Фиқҳ ал-акбар”га ёзган шарҳида йўқдан яратиш (“иншо”), нарсаларни ихтиро қилиш (“ибдоъ”), санъаткорона яратиш (“сунъ”), тирилтириш (“иҳё”), йўқ қилиш (“ифно”), ўстириш (“инбот” ва “инмоъ”), нарсаларни суратини яратиш (“тасвир ул-ашё”) каби сифатларнинг барчаси “таквин” сифатига дохил бўлади, деганлар (Али ал-қори. Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 19).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “таквин”ни Аллоҳ таолонинг азалий сифати эканини баён қиладилар:

و التحقيق ان التكوين صفة ازلية لله تعالى لاطباق العقل و النقل على انّه خالق العالم و مكون له

“Ҳақиқат шуки, “таквин” ақл ва нақлнинг татбиқ қилинганига кўра Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. Албатта, У оламнинг холиқи ва унинг бўлдирувчисидир!” (Али ал-қори. Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 20).

Демак, юқоридаги маълумотлардан маълум бўлдики, “таквин”, яъни бўлдириш сифати Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. У барча сифатлари каби қадимийдир. “Бадъ ул-амолий” қасидасининг олтинчи байти шу ҳақида:

صفات الذات و الأفعال طُرّا، قديماتٌ مصوناتُ الزوال

“Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларининг барчаси қадимдирлар, йўқ бўлишдан сақлангандирлар”.

Аллоҳ таолонинг “таквин” сифати мотуридийлар ақидасига кўра Унинг азалий ва абадий сифати бўлар экан, қадимий деб тавсифланар экан, уни махлуқотлардан ҳеч бирига нисбат қилиб бўлмайди! Чунки, махлуқотлар – яратилганлар ҳодис – пайдо бўлган бўлиб, “таквин”ни яратилганларда ҳам бўлиши мумкин, дейиш ушбу сифатни ҳодис дейишга ёки яратилганларни ҳам қадим дейишга тўғри келади.

Бироқ, Ҳиндистонда вужудга келган барлавийлар ақидасига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва авлиёларда “таквин” сифати мавжуд, яъни, уларга ана шу “Кун!” қудрати берилган. Уларнинг бу хилдаги фикрлари билан қуйироқда танишамиз. Ҳозир ушбу фикрнинг қаердан келиб чиққани билан танишсак.

Аслида, “Кун!” қудрати бандаларга ҳам берилган, деган ушбу ақида “Муфаввиза” деган шиаларнинг ҳаддан ошган бир тоифасига мансубдир. “Топширувчилар” деб номланган мазкур тоифа: “Аллоҳ таоло ўзининг тадбир ва таквин ишини бандаларидан айримларига, масалан, Пайғамбар алайҳиссаломга ва авлиёларга, масалан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга топшириб қўйган”, деб эътиқод қиладилар. Шиаларнинг ҳаддан ошган бу тоифаси аввалдан маълум бўлиб, айнан улар илк бор азонда “Ашҳаду анна Алиййан валийуллоҳ!” каби қўшимчаларни қўшишни жорий қилган эди. Бу ҳақида шиаларнинг улуғ алломаси Муҳаммад Боқир ал-Мажлисий раҳимаҳуллоҳ ўзининг кўп жилдли энциклопедик асари “Биҳор ал-анвор”нинг роппа-роса 25-жилди 273-бети 19-ҳадисда айтиб ўтган бўлиб, Абу-л-Ҳасан ар-Ризо қуддиса сирруҳудан шиаларнинг ҳаддан ошган муфаввиза тоифаси ҳақида сўралганда, у зот уларни кофир ва мушрик эканини таъкидлаб, уларга яқинлашмасликни уқтирган эканлар.

Хулафои рошидин даврида хуруж қилган Абдуллоҳ ибн Сабо илк бор Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни илоҳийлаштириб чиққан эди. У Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу халифа бўлганларида, унга қарата: “Сиз Ерни яратдингиз, ризқларни кенг қилдингиз!”, дея мақтаган ва осмон булут бўлиб, момоқалдироқ гуруллаганда эса “Али ғазабга минди!”, дея сафсата сотган эди. Тарихдан маълумки, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу уни шу хилдаги бидъатлари сабабли ўлдириб юборишга мажбур бўлганлар. “Биҳор ал-анвор”нинг мазкур жилдининг 343-бетида эса Зурора раҳимаҳуллоҳнинг Жаъфари Содиқ разийаллоҳу анҳудан ана шу Абдуллоҳ ибн Сабонинг ўғилларидан бири “тафвиз” ҳақида гапириб юрибди, деган хабари нақл қилинган. Жаъфари Содиқ разийаллоҳу анҳу масалани чуқурроқ билиб олиш мақсадида ундан “тафвиз” нима эканини сўраганлар. Шунда Зурора раҳимаҳуллоҳ унга “тафвиз”ни бундай тушунтирган эканлар:

 انّ الله تبارك و تعالى خلق محمّدا و عليّا صلوات الله عليهما ففوّض اليهما فخلقا و رزقا و أماتا و احييا

“Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло Муҳаммад ва Алини – икковига Аллоҳнинг саловоти бўлсин – яратиб бўлиб, уларга ҳамма ишни топшириб қўйган. Бас, у иккиси яратадилар, ризқ берадилар, ўлдирадилар ва тирилтирадилар”.

Шунда Жаъфари Содиқ қуддиса сирруҳу унга: “Аллоҳнинг душмани ёлғон гапирибди. Қайтиб бориб унга “Раъд сураси”нинг 16-оятини ўқиб бер!”, деб буюрадилар. Зурора раҳимаҳуллоҳ қайтиб бориб, унга мана бу оятларни ўқиб берганлар:

أمْ جعلوا لله شركاء خلقوا كخلقه فتشابه الخلق عليهم قل الله خالق كلّ شئ، و هو الواحد القهار

“Ёки улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиганларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтгин: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир!” (Раъд, 16).

Шиаларнинг алломаси ёзиб қолдирган асаридан биз келтирган иқтибослар шуни исбот қиладики, “таквин” сифатини бандаларга ҳам нисбат қилиш ҳақиқатдан ҳам шиаларнинг ҳаддан ошган тоифаларининг ақидаси экан. Кўриндики, шиаларнинг ўзлари ҳам ушбу ақидалардан ўз вакилларини огоҳлантириб келганлар. Аҳли суннат ва жамоат вакиллари эса ўзларининг ақидавий таълимотлари акс этган муҳим ва эътиборли асарларида ушбу: “Аллоҳ таоло тадбир ишини ва яратишни Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёларга топширган”, деган ақидани илгари сурувчи шиаларнинг “муфаввиза” фирқаси ҳақида огоҳлантириш маъносида алоҳида қайд қилиб келганлар.

Исломий фирқалар ва нажот топувчи оқимлар ҳақида “ал-Фарқ байн ал-фирақ” (“Фирқалар орасини фарқлаш”) номли китоб ёзган, XI асрда яшаган Абу Мансур Абдулқоҳир ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ушбу фирқани мажусий ва насронийлардан бадтар деб зикр қилганлар:

و اما المفوضة من الرافضة فقوم زعموا ان الله تعالى خلق محمدا ثم فوّض اليه خلق العالم و تدبيره فهو الذى خلق العالم دون الله تعالى ثم فوّض محمد تدبير العالم الى على بن ابى طالب فهو المدبر الثانى

و هذه الفرقة شرّ من المجوس الذين زعموا ان الاله خلق الشيطان ثم ان الشيطان خلق الشرور و شر من النصارى الذين سمّوا عيسى عليه السلام مدبرا ثانيا فمن عدّ مفوضة الرافضة من فرق الاسلام فهو بمنزلة من عدّ المجوس و النصارى من فرق الاسلام

“Рофизийларнинг муфаввиза тоифасига келсак, улар – “албатта Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни яратган, сўнг унга оламни яратишни ва унинг тадбирини топшириб қўйган, у эса оламни Аллоҳ таоло иштирокисиз яратган; кейин Муҳаммад алайҳиссалом оламнинг тадбирини Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳуга топширган. У эса иккинчи тадбир қилувчидир”, деб ўйлайдиган қавмдир.

Ушбу фирқа “Илоҳ шайтонни яратган, сўнг шайтон ёмонликларни яратади”, деб ўйлайдиган мажусийлардан ёмонроқдир. Ушбу фирқа “Исо алайҳиссаломни иккинчи тадбир қилувчи”, деб ўйлайдиган насронийлардан ёмонроқдир. Бас, кимки рофизийларнинг муфаввиза тоифасини ислом фирқасидан деб ҳисобласа, у мажусий ва насронийларни ислом фирқаларидан бири деб ҳисоблагандек бўлиб қолади” (Абдулқоҳир ал-Бағдодий. ал-Фарқ байн ал-фирақ. – Қоҳира: Мактабату Ибн Сино, 2008. – Б. 221).

Шунинг учун ҳам аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия эътиқодли, ҳанафий мазҳабли, темурийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган таниқли муҳаққиқ алломалардан бири Мир Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ “муфаввиза” фирқасидан бизни бу тариқада огоҳлантириб кетганлар:

 المفوضة قالوا الله فوض خلق الدنيا الى محمد اى الله خلق محمدا و فوض اليه خلق الدنيا فهو الخلاق لها بما فيها و قيل فوض ذلك الى على كرم الله وجهه

«Муфаввиза – Аллоҳ дунёни яратишни Муҳаммад алайҳиссаломга топширган, дейдилар. Яъни, (уларнинг гапи бўйича), “Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни яратди ва унга дунёни яратишни топшириб қўйди. Бас, у дунёнинг ва ундаги бор нарсаларнинг яратувчисидир”. Мана шу гапни Алига нисбатан ҳам айтадилар» (Саййид Шариф ал-Журжоний. Шарҳ ал-Мавоқиф. 3-жилд. – Истанбул: Омира, 1893. – Б. 288).

Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ “Аллоҳ дунёни яратишни Пайғамбар алайҳиссаломга топшириб қўйган”, деб мутлақ айтадиганларни ва эътиқод қиладиганларни “муфаввиза” деб биладилар. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яратиш ишини мустақил қиладилар, деб билиш ҳам, шерикликда яратадилар, деб билиш ҳам ботилдир!

Охирги 500 йил давомида Мовароуннаҳр мадрасаларида ақоид фанида “Шарҳ ал-ақоид ал-азудия” асари ўқитилган “Мулла Жалол” номи билан шуҳрат қозонган Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг шиаларга раддия сифатида ёзган “ал-Ҳужаж ал-боҳира” асарида шиаларнинг тоифаларини алоҳида-алоҳида кўрсатар экан, “муфаввиза” фирқаси ҳақида бундай ёзадилар:

و المفوضة ترى انّ الله تعالى فوض تدبير الخلائق الى الائمة و انه قد اقدر محمدا و عليّا على خلق العالم و انّ الله تعالى لم يخلق من ذلك شيئا

“Муфаввиза – албатта Аллоҳ таолони яралмишларнинг тадбирини имомларга топшириб қўйган, деб ҳисоблайдилар. “У Муҳаммад алайҳиссалом ва Али каррамаллоҳу важҳаҳуга оламни яратиш қудратини берган. Аллоҳ таоло эса шундан бирор нарсани яратмаган”, дейдилар” (Жалолиддин ад-Даввоний. Ал-Ҳужажа ал-боҳира. – Мадина: Мактаба Имом ал-Бухорий, 2000. – Б. 387).

Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сафоириний ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг исломий фирқалар ҳақидаги 2 жилдли “Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя” асарида бундай дейилган:

المفوضة قالوا الله تعالى فوض خلق العالم الى محمد صلى الله عليه و سلم

“Муфаввифа – Аллоҳ таоло оламни яратишни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширган, дейдилар” (Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сафоириний ал-Ҳанбалий. Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя. 1-жилд. – Дамашқ: Муассасат ал-хофиқайн, 1982. – Б. 83).

Шоҳ Абдулазиз Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб шиалар тўғрисидаги “Туҳфат ал-исно ашария” асарида ушбу тоифа ҳақида ҳам хабар берилган:

الثانية عشرة التفويضية و هم يقولون ان الله تعالى خلق محمدا و فوض اليه خلق الدنيا و انه الخلاق لها بما فيها و منهم من قال مثل هذه المقالة فى على كرم الله وجهه و منهم من قال باشتراكهما فى ذلك

“Шиаларнинг ўн иккинчи тоифаси тафвизийлардир. Улар “Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни яратди ва унга дунёни яратишни топшириб қўйди. У дунёнинг ва ундаги нарсаларнинг халлоқидир”, дейдилар. Улардан айримлари бу гапларини Али карраммаллоҳу важҳаҳуга нисбатан ҳам айтадилар. Айримлар эса бу икки зот яратиш ишида биргаликда шерик, дейдилар” (Маҳмуд Шукрий ал-Олусий. Мухтасар “Туҳфат ал-исно ашария”. – Риёз: Салафий, 1953. – Б. 12).

Аҳли суннат ва жамоатнинг икки йўналишидан бирининг таъсисчиси, буюк олим Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мақолот ал-исломиййин” асарларида илк бор, яралмишларнинг тадбири ва яратиш сифатини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва имомларга нисбат қилувчи шиаларнинг ҳаддан ошган (ғолия) тоифаси ҳақида хабар беради:

و الصنف الخامس عشر من اصناف الغالية يزعمون ان الله عزّ و جلّ وكل الامور و فوضها الى محمد صلى الله عليه و سلم و انه اقدره على خلق الدنيا فخلقها و دبرها و ان الله سبحانه لم يخلق من ذلك شيئا و يقول ذلك كثير منهم فى على

“Ғулувга кетган тоифалардан ўн бешинчиси шуки, улар: “Аллоҳ азза ва жалла ишларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни вакил қилиб қўйган ва унга топширган, деб ўйлайдилар. Дунёни яртишга уни қодир қилган, бас, дунёни яратган ва унинг тадбирини қилиб туради, Аллоҳ субҳонаҳу эса бундан бирор нарсани яратмаган, деб гумон қиладилар. Бу ақидани улардан кўпчилиги Али каррамаллоҳу важҳаҳуга нисбатан ҳам айтадилар” (Абулҳасан ал-Ашъарий. Мақолот ал-исломиййин. 1-жузъ. – Байрут: ал-Асрийя, 1990. – Б. 88).

Ундан олдинроқ, ушбу фирқанинг илк шаклланаётган даврида бизнинг мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ уларга эътибор қаратган ва бу ҳақида буюк зотлардан бири Жаъфари Содиқ разийаллоҳу анҳудан сўраб олган эдилар. Чунки, шиалар уни ўзларининг имоми деб биладилар. Манбаларда келишича, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: هل فوض الله الامر الى عباده؟ — “Аллоҳ ишни бандаларга топширганми?”, деб сўраганлар. Шунда, Жаъфари Содиқ қуддиса сирруҳу бундай деб жавоб берганлар:

الله تعالى اجلّ من ان يفوض الربوبية الى العباد

“Аллоҳ таоло парвардигорлигини бандаларга топширишдан буюкдир!”.

“Оламдаги нарсаларни яратишга қудрати бор, бандаларнинг улуғлари оламнинг тадбирини қилиб туриши мумкин”, деган эътиқоднинг ана ўша исломнинг тобеъин ва табъа тобеъинлар яшаган, энг гуллаган давридаёқ пайдо бўлганининг сабаби – шиаларнинг биз зикр қилаётган “муфаввиза” тоифаси исломда буткул қораланиб келган қадарий ва жабарийларнинг таълимотларидан таъсирлангани эди. Масалан, Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ қадарийлар ҳақида тўхталар экан, қуйидагиларни баён қиладилар:

و كان يذهب فى معنى اسم القدرى و وصفه الى ان ذلك موضوع لمن يدعى انه يقدر افعاله من دون الله تعالى او يدبره بقدرته على التوحد به

“Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ қадарий номининг маъноси ҳақида гапирар эдилар, уни феълларни Аллоҳ таолодан бошқа тақдир қилади ёки тавҳидга қарши ўлароқ банда ўзининг қудрати ила тадбир қилади, деб даъво қиладиган кимса учун қўйилган ном, деб сифатлар эди” (Ибн Фуврак. Мақолот аш-Шайх Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий. – Қоҳира: Мактабат ас-сақофа, 2006. – Б. 106-107).

Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ жабарийлар ҳақида тўхталар экан, бундай деганлар:

و لا نحن معترفين بامر يقتضيه كما انهم معترفون بانهم مقدرون لآفعالهم من دون الله تعالى و مدبرون لها من دون خالقهم

“Худди улар (жабарийлар) Аллоҳ таолосиз уларнинг ўзлари ўз ишларини тақдир қилувчи ва холиқисиз уларнинг ўзлари тадбир қилувчи, деб эътироф қиладигандек биз уларнинг тақозо қилган ишларини эътироф қилувчи эмасмиз” (Ибн Фаврак. Мақолот аш-Шайх Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий. – Қоҳира: Мактабат ас-сақофа, 2006. – Б. 107).

Афсуски, ўзларини аҳли суннат ва жамоат вакили деб биладиган, мотуридия эътиқодига мансуб, асосан қодирий тариқатидан эканини пеш қиладиган барлавийлар ана ўша шиаларнинг бузилган тоифасидан таъсирланган эканлар. Таълимотларида шиалардан таъсирланиш мавжудлигини барлавийларнинг раҳбари Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг асли келиб-чиқиши афғон эканидан ҳамда ўзи ва ота-боболарининг исмлари Аҳмад Ризо ибн Тақий Али ибн Ризо Али ибн Нақий Али эканидан ҳам билиш мумкин.

Барлавийлар: “Пайғамбар алайҳиссалом ғайбни биладилар – ўтган ва қиёматгача жами бўладиган ишларни, ҳодисаларни, гап-сўзларни билиб турадилар”, деган ақидаларини ҳам шиалардан ўзлаштириб олганлар. Шиаларнинг алломаларидан бири Халил Қазвиний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ас-Софий” асарида: “Пайғамбар алайҳиссалом меърожга чиққанларида унга Аллоҳ таоло жами нарсаларни билдирган, дунё яралгандан бери бўлган ва қиёматгача бўладиган ишларни билдирган”, деб ёзади. Шу ерда шиаларнинг мазкур асарига шарҳ сифатида битилган, Бағдодда шиаларнинг раҳбари сифатида илмий фаолият олиб борган, 329 ҳижрий (941 мелодий) йилда вафот этган, “Сиқат ул-ислом” (“Исломнинг ишончи”) номи билан шуҳрат қозонган Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний раҳимаҳуллоҳ “Усул ал-Кофий”да тўла бир бобини қуйидагича:

 باب انّ الأئمّة عليهم السلام يعلمون علم ما كان و ما يكون و انّه لا يخفى عليهم الشئ صلوات الله عليهم

“Имомлар – уларга саломлар бўлсин – бўлган ва бўладиган нарсаларнинг илмини биладилар ва уларга бирорта нарса махфий қолмайди. Уларга яна Аллоҳнинг саловоти бўлсин!”, деб номлаган.

Ана шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли неваралари Имом Ҳусайн разийаллоҳу анҳунинг гўё шиалар жамоасида айтган, шиалардан иборат ровийлар орқали қуйидаги гапи ривоят қилинади:

 انّى لأعلم ما فى السموات و ما فى الأرض و أعلم ما فى الجنّة و أعلم ما فى النار و أعلم ما كان و ما يكون

“Албатта мен осмонлар-у ердаги бор нарсани биламан, жаннатдаги ва дўзахдаги нарсаларни ҳам биламан, бўлиб ўтган ва энди бўладиган нарсаларни ҳам биламан!” (Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний. Усул ал-Кофий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Муртазо, 2005. – Б. 188-190).

Шиаларнинг улуғ манбаларидан бири бўлмиш мазкур “Усул ал-Кофий” асарининг алоҳида бир боби:

 باب التفويض الى رسول الله صلى الله عليه و سلم و الى الائمة عليهم السلام فى امر الدين

“Дин ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва имомларга топширилиши боби”, деб аталган (Қаранг: Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний. Усул ал-Кофий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Муртазо, 2005. – Б. 191-194).

Мазкур жойда айтилишича, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яратиш ишини топширган, у зот эса буни ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга топширганлар эмиш.

Шиаларнинг мазкур “Усул ал-Кофий” китобидаги биргина “Китоб ал-Ҳужжат” қисмини кўздан кечирган инсон барлавийлар шиаларнинг мана шу хилдаги китобларидаги ботил ва шубҳали таълимотларидан таъсирланган ва билар-билмас аҳли суннат ва жамоат эътиқодига аралаштириб юборганини аниқлаши шубҳасиздир! Жумладан, барлавийларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда имомларнинг (барлавийларда бу авлиёлар, деб ўзгартирилган) борасида айтиладиган ҳозиру нозир таълимоти, “кун” қудрати ҳақидаги гаплари, ғайбни билиш ҳақидаги сўзлари, руҳларининг ҳамма жойда ҳозир бўлиб, барча ишларни шахсан кузатиб туришлари ҳақидаги гап-сўзлари, “нур” ҳақидаги гаплари, бутун ер юзи уларнинг мулки экани кабилар ана ўша шиалардан олинган. Жумладан, “нур” ҳақидаги гапларига мисол:

انّ الله خلقنا من نور عظمته ثمّ صوّر خلقنا من طينة مخزونة مكنونة من تحت العرش فاسكن ذلك النور فيه فكنّا نحن خلقا و بشرا نورانيين لم يجعل لاحد فى مثل الذى خلقنا منه نصيباو خلق ارواح شيعتنا من طينتنا …

“Албатта, Аллоҳ бизни ўзининг улуғлик нури ила яратди, сўнг бизни Арш остидаги яширин, хазина қилиб қўйилган тупроқдан сурат қилган. Шунда, ўша нурни унинг ичида сокин қилган, бас, биз нуроний халқ ва башар бўлдик. Бирор кимсага бизнинг яратилишимизга ўхшаш насиба йўқ. Бизнинг шиамиз – тоифамизнинг руҳларини бизнинг хилқатимиздан яратган …” (Қаранг: Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний. Усул ал-Кофий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Муртазо, 2005. – Б. 293).

Умуман, уларнинг китобларида: “Имомлар – Аллоҳ таолонинг нуридир!”, деган боблар мавжуд (Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний. Усул ал-Кофий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Муртазо, 2005. – Б. 139).

Умуман, уларнинг китобларида: “Ер, бутун дунё ва охират – Пайғамбар алайҳиссалом ва имомлар мулкидир!”, деган боблар мавжуд (Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Калиний. Усул ал-Кофий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Муртазо, 2005. – Б. 307-309).

Демак, барлавийлар ҳам ўз таълимотларини шиа, ҳар хил фалсафий таълимотлар, ҳинд браҳманлари, будда дини ва бошқа фикрий қарашлар таъсирида яратганлар. Зотан, Абдулқодир ал-Жийлоний қуддиса сирруҳу “Ғунйат ат-толибин” асарларида Имом аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларини келтирганлар:

فقد شبّهت مذاهب الروافض باليهودية محبّة الروافض محبة اليهود

“Дарҳақиқат рофизийлар мазҳаблари яҳудийларга ўхшатилган. Чунки, рофизийларнинг муҳаббати яҳудийларнинг муҳаббатидир!” (Абдулқодир ал-Жийлоний. Ғунйат ат-толибин. 1-жилд. – Лоҳур: Уммид, (йили кўрсатилмаган). – Б. 226).

Барлавийларнинг раҳбари Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ бир байтида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилиб, бундай деганлар:

اى بدست تو عِنان كُن مَكن كُن لا تكُن

وى بحكمت عرش و ما تحت الثرى امداد كن

“Эй, Сенинг қўлингда “Кун!”-“Макун!”нинг ва “Кун!”у “Ла такун!”нинг инон-ихтиёри бор. Ва эй, Арш ва Само остидаги нарсалар ҳам Сенинг ҳукмингдадир. Мадад бер!” (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи дуввум. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 321).

Бу ерда “Кун!” (“Бўл!”) сўзи билан бирга “Макун!”-“Ла такун!” (“Бўлма!”) сўзлари қўлланган. Қуйидаги байтда ҳам ушбу маъно таъкидланган.

اقتدار كُن مكُن حق مصطفى را داده است

زيرِ تختِ مصطفى بر كرسى ديوان توئى

“Кун!”-“Макун!”нинг иқтидорини Ҳақ Мустафога бергандир, Мустафо тахтининг остидаги курсида Сенинг девонингдир” (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи дуввум. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 405).

Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг ўғли ҳам Мустафо Ризохон раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шарҳи Истимдод” китобида авлиёуллоҳларни “таквин” сифати соҳиблари деб билади ва уларни “Кун!” деса, “фа-йакун!” бўлишини айтади:

اوليامين ايك مرتبه اصحاب التكوين كاهى جو چيز جس وقت چاهتى هيى فورا هوجاتى هى جسى كن كها وهى هو گيا

“Авлиёлар бир мартаба таквин соҳиблари бўладилар. Нимани хоҳласалар, ўша заҳоти амалга ошади. Агар “Бўл!”, десалар, ўша нарса бўлади” (“Шарҳи истимдод”. – Б. 28).

Барлавийлар машойихларнинг буюкларидан Абдулқодир ал-Жийлоний қуддиса сирруҳуга кўпроқ ихлос қўйганлар ва ўзларини тариқатда кўпроқ қодирий эканини таъкидлайдилар. Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ ҳам “Ҳадоиқи бахшиш” девонида унга аталган бир қанча қасидалар битганлар. Уларда Абдулқодир ал-Жийлоний қуддиса сирруҳу олам тадбирини қилиб турувчи, “Кун!” қудратига эга деб тасвирланади:

ذى تصرف بهى ﮨﮮ ماذون بهى مختار بهى ﮨﮮ

كارِ عالم كا مُدَبِّر بهى ﮨﮮ عبد القادر

“Айни тасарруф соҳиби ҳам, изн берилган зот ҳам, ихтиёри бор зот ҳам; олам ишининг мудаббири – тадбир қилувчиси ҳам Абдулқодирдир!” (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 69).

Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ мазкур асарининг яна бир жойида бундай хитоб қилади:

تصوّف تيرى مكتب كا سبق ﮨﮮ

تصرّف پر تِرا عامل ﮨﮮ يا غوث

“Тасаввуф сенинг сабо берадиган мактабингдир. Тасарруфга сен тўла равишда омилсан, эй Ғавс!”  (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи дуввум. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 254).

احد سى احمد اور احمد سى تجھ كو

كُن اور سب كُن مَكُن حاصل ﮨﮮ يا غوث

“Аҳад билан Аҳмаддир ва Аҳмаддан эса Сенсан, “Кун!”-у “Макун!”нинг ҳаммасини ҳосил қилгансан, эй Ғавс!” (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи дуввум. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 255).

تَصَرّف والى سب مظهر هين تيرى

توهى اس پردى مين فاعل هى يا غوث

“Тасарруфга волийлик – эгалик Сенда бутунлай зоҳирдир, Сен ундаги асосий фоил – бажарувчисан, эй Ғавс!” (Аҳмад Ризохон. Ҳадоиқи бахшиш. Ҳиссаи дуввум. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2012. – Б. 257).

Барлавийлар ўзларининг раҳбари Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг қаламига мансуб “Ҳадоиқи бахшиш” асарларида келтирилган юқорида биз иқтибос олган байтларни ҳаспўшлаш ва одамларни унинг бу ғалати гапларидан чалғитиш мақсадида ушбу гаплар унинг фақат мазкур девонида учраши, бу эса шеърий адабиётда муболаға санъати билан боғлиқлиги, ўзига хос тасаввуфий истилоҳлар ёки бир авлиёнинг кўпчилик авлиёларда учрайдиган “шатаҳот”ларидан иборат эканини айтиб келишади.

Тасаффувда “шатаҳот” ҳолати бор бўлиб, улар сўфийлар ўзларини йўқотиб қўйганда гапирадиган, оддий ҳолатда эмас, балки қаттиқ таъсирланишлари оқибатида айтадиган сўзлардир. Ушбу сўзларга сиртдан қараганда, тушуниб бўлмайди, айб саналади, куфроний сўзлар бўлиб кўринади, таъвил қилганда эса маъно касб этади. Тасаввуфдаги ана шу “шатаҳот” ҳолатларини эътиборга олиб, оддий ҳолларида эмас, балки ўзларини билмай, жазабага тушган вақтларида айтган гапларини далил қилиб, уларни маъзур тутмасдан, балки, сўфийларни кофирга чиқариб, қўрқинчли “такфир” қилишлар барча даврларда бўлган, афсуски, ҳозир ҳам давом қилиб келмоқда. Айниқса, ваҳҳобий ва салафийлар томонидан сўфийларнинг ана шунга ўхшаш “шатаҳот”лари туфайли тасаввуфни қатъий қоралаб келадилар.

Бироқ, шариатнинг муфтий ва қозилари шариат ҳурматини тутиб, “шатаҳот”ларга эътибор бермасдан, уни айтганларни маҳкамага тортиб келганлар.

Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳни ўзининг қазиган чоҳига ўзини ҳам қулатишади. “Такфир”га берилиб, ўз даврининг уламоларини аямаган бу зоти шарифни ҳам ўзи айтган гап-сўзлари билан такфир қилишган. Ҳа, ана ўша зотларни Ҳинд ва Синд, Шом ва Ироқ томонларда такфир қилганлар. Марказий Осиё тарихида бирорта зотни такфир қилингани маълум эмас. Ҳиндистонда ҳам то Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ давригача ҳеч ким такфир қилинган эмас. У зотнинг ва шогирдларининг ўз давридаги 500 (беш юз) нафарга яқин уламони такфир қилгани, кофир деб эълон қилгани маълум. Бобораҳим Машраб қуддиса сирруҳу бобомиз ҳам Ўзбекистонда эмас, Афғонистонда айбланган. Дарвоқеъ, айтганимиздек, Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳ ҳам асли афғон, унинг насли ҳам афғонистонлик.

Сажжод Ҳусайний раҳимаҳуллоҳнинг, ундан олдинги, Абдурраззоқ Кошоний раҳимаҳуллоҳнинг, Мир Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг ва бошқаларнинг тасаввуфий истилоҳларга берган изоҳларини кузатсангиз, Аъло Ҳазрат Аҳмад Ризохон раҳимаҳуллоҳнинг ашъорларидаги аҳли суннат ва жамоат таълимотидан ташқаридаги гап, бидъат ёки куфр деб топилган бирорта истилоҳини топа олмайсиз! Чунки, тасаввуфнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор, унда ирфоний ашъор битишнинг ҳам усуллари бор. Ана шу қоидалардан чиқиб кетиш керак эмас. Қайсики суфий ва мутасаввиф ҳамда тариқат вакили ана шу қонун-қоидалардан чиқиб кетган бўлса, у албатта шариат маҳкамасига тортилган. Шунинг учун ҳам, нимага ҳеч ким Алишер Навоий қуддиса сирруҳуни, Абдурраҳмон Жомий қуддиса сирруҳуни, Муҳаммад Фузулий қуддиса сирруҳуни, Хўжа Ҳофиз Шерозий қуддиса сирруҳуни, Абдулқодир Бедил қуддиса сирруҳуни, Мавлоно Ҳувайдо қуддиса сирруҳуни куфрда айблаган эмас?! Нима, уларнинг даражалари, сакр ва жўшишлари юқоридаги тариқат машойихларидан кам бўлганми?! Йўқ, булар қоидадан ташқари чиқмаганлар, холос.

Ҳолбуки, барлавийлар ўзларини унинг тариқатидан, деб билувчи Абдулқодир ал-Жийлоний қуддиса сирруҳунинг ўзлари Аллоҳдан бошқани мудаббир – тадбир қилиб турувчи, дейдиганларни аҳли суннат ва жамоатдан чиқиб кетган фирқа эканини эълон қилганлар:

و أمّا المفوّضة فهم القائلون ان الله فوض تدبير الخلق الى الائمة و انّ الله تعالى قد أقدر النبى صلى الله عليه و سلم على خلق العالم و تدبيره و إن كان ما خلق الله تعالى من ذلك شيئا و كذلك قالوا فى حقّ على رضى الله عنه

“Муваффиза – улар “Албатта Аллоҳ яратиш тадбирини имомларга топшириб қўйибди” ва “Албатта Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни оламни яратиш ва унинг тадбирини қилишга қодир қилган” дейдиганлардир!” (Абдулқодир ал-Жийлоний. Ғунйат ат-толибин. 1-жилд. – Лоҳур: Уммид, (йили кўрсатилмаган). – Б. 222-223).

Барлавийлар ҳар қанча: “Бизга бандаларнинг улуғларига “Кун!” қудрати берилади, улар оламнинг тадбирини қилиб туради”, деган эътиқодни нисбат қилиш хато ва туҳмат”, десалар ҳам, лекин, улар ана шу эътиқод билан танилган ва бу ушбу тоифани ўрганган одамларга асло сир эмас. Аслида, юқорида баён қилиндики, бу бузуқ ақида аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанларнинг ақидасидир. Улар, яъни, барлавийлар аъзолари гўё улуғлаш маъносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таолонинг вазири аъзами, дейишдан ҳам тойишмайди:

مگر اس كلمه محمّد كو الله كى ساتهه بهت هى مناسبت هى … جس سى معلوم هواكه رب سلطان اور محمّد رسول الله وزير اعظم

“Муҳаммад сўзининг Аллоҳга кўп муносабати бор. Маълум бўлсинки, Муҳаммад расулуллоҳ Рабби Султоннинг вазири аъзамидир!” (“Шаъни Ҳабиб ар-Раҳмон”. – Б. 141).

Амжад Али ал-Аъзамий раҳимаҳуллоҳ эса “Баҳори шариат” асарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай сифатлар билан тилга олгандир: “Аллоҳ таолонинг мутлақ нойиби (ўринбосари); тамоми жаҳон ул зоти шарифнинг таҳти тасарруфларида – тасарруф қўлостида; ул зоти шариф хоҳлаганларини беради, хоҳлаганларини олади; жумлаи жаҳон унинг ҳукмига қараган, жами одамларга ул зот моликдир; тамоми замин унинг мулкидир; тамоми жаннатдан жой бериш унинг қўлларидадир; осмонлар-у ерлар унинг фармонлари остидадир; ул зоти шариф ризқ ва яхшиликнинг барчасини тақсимлаб берурлар; дунё-ю охиратда ул зот ато қилурлар; шариат аҳкомлари унинг қўлларидадир: хоҳлаганини ҳаром қилган ва истаганини ҳалол қилгандир”. Мана, уларнинг ақидаси! (Амжад Али ал-Аъзамий. Баҳорий шариат. 1-жилд. Биринчи китоб. Ҳиссаи аввал. – Карочи: Мактабат ал-Мадина, 2011. – Б. 79-84).

Юқорида ўтдики, “Баҳори шариат”даги бу гаплар шиаларнинг биз келтирган ва келтиролмаган бошқа асарлари таъсирида юзага чиққан гаплар экан!

Аҳли суннат ва жамоатнинг устувор ақидасида Аллоҳ таолонинг ёрдамчиси йўқ, дейилади. Демак, оддий ҳақиқат шуки, бирорта шахсни у қанчалик улуғ бўлмасин, уни асло Аллоҳ таолонинг вазири, вазири аъзами, мутлақ нойиби деб мақташга ҳаққимиз йўқ. Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам руҳий ва руҳу-л-оламин фидоҳу жаноби олийларининг мартаба ва маконатларини ҳам шаръий даражадан ортиқча улуғлашга ҳожат йўқ. Исломнинг асосини ташкил қилувчи “Калимаи шаҳодат”да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам оддийгина қилиниб: “абдуҳу ва расулуҳу” (“Аллоҳнинг қули ва расули”) дейилади, холос. Оламларга раҳмат бўлмиш зотни банда-қул дейиш Ул зотнинг мартабаларини пасайтириш бўладими ёки маконатларини ерга уриш бўладими?! Йўқ, асло! Балки, Аллоҳ наздида қуллик энг буюк мартабадир! Асли-асоси бузилиб кетган бошқа динлардан Исломнинг фарқи ҳам шу ерда!

Тавҳид ақидаси асосига барпо бўлган ислом динида мақташ бу даражага етиб бормаслиги керак. Шунинг учун ҳам аҳли суннат ва жамоат ақидасининг энг ишончли каломга оид манбаларида қуйидагилар айтилган:

Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Ақоид ал-азудийя” асарида тавҳидни бу хилда тушунтирилади. Тавҳид аҳли бўлмиш мусулмонлар уни ҳеч қачон унутмасликлари керак.

و اعلم ان التوحيد اما بحصر وجوب الوجود او بحصر الخالقية او بحصر المعبودية

“Билгинки, албатта тавҳид вожиб ал-вужудни (яъни, илоҳий зотни) биттага чеклаш ёки холиқликни (яъни, яратувчанликни) чеклаш ёхуд маъбудийликни (яъни, ибодат қилинадиган зотни) чеклашдир!” (Жалолиддин ад-Даввоний. Шарҳ ал-Ақоид ал-азудийя. Ҳиссаи дуввим. – Лакнау: Наволкишвар, 1910. – Б. 3).

Демак, тавҳид ақидасига кўра Аллоҳни ягона дейиш билан бирга, ибодат қилинадиган Зотни ягона дейиш билан бирга, Яратувчи Зотни ҳам танҳо дейиш лозимдир!

Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ “Аллоҳнинг монанди йўқ, унинг мисли йўқ!”, деган иборани изоҳлашда “монанд ва мисл” сўзларига бундай шарҳ берганлар:

 قيل الند هو المنادى اى المخالف فى القوة و المثل هو المساوى فى القوة و قيل المثل هو المشارك فى الحقيقة و هو اصطلاح المتكلمين و الحكماء

“”Монандлик – қувватда мухолиф бўла олишдир, “мисл” эса қувватда тенг бўла олишдир. “Мисл”ни қувватда ҳақиқий шерик, деганлар ҳам бор. Бу мутакаллим ва ҳукамоларнинг истилоҳидадир” (Жалолиддин ад-Даввоний. Шарҳ ал-Ақоид ал-азудийя. – Лакнау: Наволкишвар, 1910. – Б. 406).

Бошқа ўринда Жалолиддин ад-Даввоний раҳимаҳуллоҳ “Аллоҳга ёрдам берувчи йўқ!” ибораларини ҳам изоҳлаб ўтганлар. Яна бир ўринда эса “Аллоҳдан ўзга холиқ – яратувчи йўқ!”, деган иборани изоҳлаб, Исломнинг ҳужжати Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг устози Имом ал-Ҳарамайн раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “ал-Иршод” асаридан қуйидаги матнни иқтибос келтирганлар:

اتفق ائمة السلف قبل ظهور البدع و الاهواء على ان الخالق هو الله تعالى و لا خالق سواه و ان الحوادث كلها حادثة بقدرة الله تعالى من غير فرق بين ما يتعلق به قدرة العبد و بين ما لا يتعلق به

“Салафи солиҳин умомлари бидъатлар ва нафси ҳаволар зоҳир бўлишидан олдин албатта яратувчи Аллоҳ таоло эканига, ундан бошқа холиқ йўқлигига иттифоқ қилганлар. Албатта ҳодисаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қудрати ила пайдо бўлувчидир. Бунда банданинг қудратига боғлиқ бўлган нарсалар билан унга боғлиқ бўлмаганларининг орасида фарқ йўқ!” (Жалолиддин ад-Даввоний. Шарҳ ал-Ақоид ал-азудийя. – Лакнау: Наволкишвар, 1910. – Б. 224).

Мазкур иқтибосдаги “банданинг қудратига боғлиқ нарсалар” деганда, мўътазилийларнинг банданинг ҳаракат ва сукунатлари унинг ўз қудратига боғлиқ, деган ақидани айтадилар, бу иқтибосда ана шу назарда тутилмоқда, яъни, бу нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ила содир бўлади.

Хулоса шуки, “Кун!” қудрати Аллоҳ таолонинг ўзига хос сифатдир. У таквин сифатини ўзида қамраган бўлиб, Аллоҳ таолонинг қадимий – азалий ва абадий сифатидир! Холиқлик – яратувчилик ҳам Аллоҳ таолонинг ўзига хос сифатдир. Ҳақиқий маънода Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ярата олмайди, яратувчанлик сифатига эга бўлолмайди. Яратган фақат Аллоҳ таолодир! Унга бу борада бирор кимсани шерик қилиш ширкдир! Бу аҳли суннат ва жамоатнинг таълимотининг мотуридийлик ҳамда ашъарийлик ақидасидир. Шундай экан, барлавийлар сингари пайғамбарларни ва авлиёларни “Кун!” қудратига эга дейиш аҳли суннат ва жамоатнинг таълимотига зиддир. Мазкур мақолада барлавийлар пайғамбарларни ва авлиёларни “Кун!” қудратига эга дейилган мазкур ақидаларида шиалардан таъсирлангани кўриб чиқилди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўъмин-мусулмонларни, хусусан, бизнинг юрт аҳлини адаштирмасин, Ўзи рози бўладиган халқлардан қилсин. Таассубдан ва ғулувдан Ўзи сақласин! Гуноҳларимизни Аллоҳ кечирсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *