ДОРУ-Л-ҲАРБ ВА ДОРУ-Л-ИСЛОМ ТУШУНЧАЛАРИ ҲАҚИДА

Nature_Landscape-wallpaper-11212127-640x360Дору-л-ҳарб ва дору-л-ислом атамалари Исломнинг аввалида эмас балки, кейинчалик пайдо бўлган фиқҳий истилоҳлардан ҳисобланиб, тахминан ҳижрий биринчи асрда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ даврларида пайдо бўлган.

Баъзилар мазкур атамани илк бора Абу Ҳанифа ва имом Авзоъийлар (Аллоҳ уларни раҳматига олсин!) муомалага киритган деган фикрни ҳам илгари сурадилар.

Бу масалада аниқ бир ояти карима ёхуд ҳадиси шариф ворид бўлмаганлиги туфайли мазкур атамаларга нисбатан уламоларнинг ёндашувлари ҳам турлича бўлган.

Жумладан, Имом Сарахсий нақл қилишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра бирор юрт қуйидаги уч хил ҳолатнинг бирида дору-л-ҳарб ҳисобланади:

1) Ўша юрт арзу-т-турк (турк ерлари)га чегарадош бўлса, ва мазкур юрт билан арзул ҳарб (мусулмонларга қарши уруш ҳолатидаги жой) ўртасида бирорта мусулмоннинг уйи бўлмаса (бу сўз арзу-т-турк ёки арозий ат-турк деб аталувчи ҳудудлар Исломга мушарраф бўлишидан олдин айтилган.

Ҳозир эса бизнинг юртларни ҳам ўз ичига олган бу минтақалар мусулмон мамлакатлари ҳисобланади);

2) У юртда ўз иймонига хотиржам бўлган бирорта мўмин қолмаса ва ўз омонатига хотиржам бўлган бирорта зиммий қолмаса;

3) У юрт одамлари ширк аҳкомларини зоҳирона ва ошкора бажаришса;

Аммо, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг икки яқин шогирди ва издоши Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.)ларга кўра эса, қачон бир юртнинг одамлари ширк аҳкомларини устун қилишса, ва бу уларнинг кўриниб турган зоҳир ҳолати бўлса, у юрт дору-л-ҳарб ҳисобланади. Аммо, зоҳир ва ғолиб бўлган ҳолат Ислом арконлари бўлса, у юрт дору-л-Ислом саналади. Бу борада яна бошқа кўплаб фикрлар ҳам бор.

Юқорида айтиб ўтилганидек, дору-л-ҳарб ва дору-л-ислом тушунчалари Ислом тарихининг муайян марҳаласига хос бўлган фиқҳий атамалар ва фуқаҳоларнинг фиқҳий қарашлари холос. Боз устига мазкур атамаларнинг аниқ таърифи борасида ҳам уламолар ҳар-хил фикрларни билдирганлар.

Ҳозирги замон уламолари илгари сураётган фикрга кўра барча давлатлар БМТга аъзо бўлиб, мазкур ташкилот хартиясини имзолагандан сўнг мусулмон давлатлар учун бирорта давлат дору-л-ҳарб ҳисобланмайди, балки, ҳатто мусулмонлар юрти бўлмаган диёрлар ҳам дору-л-аҳд (ўртада тинчлик ва сулҳ аҳди бўлган диёр) ҳисобланади, бинобарин, у юртларга ҳужум қилиш ёки ўша юртга борганда уларнинг қонунларини бузиш шаръан ҳаром бўлади.

Шунингдек, фуқаҳолардан бир тоифаси ҳозирги кунда аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган ҳар қандай мамлакатни дору-л-ислом ҳисобланишини илгари сурадилар.

Замонамиз уламоларидан Юсуф Қаразовийга кўра бугунги кунда ер юзида бирорта ҳам дору-л-ҳарб йўқ. Балки, мусулмонлар учун дунёнинг барча мамлакати, жумладан аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган диёрлар ҳам дору-д-даъва (яъни даъватни етказиш диёри) ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунга келиб «дорул ҳарб» ёки «дорул куфр» каби тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотган. Чунки, улар маълум марҳала ва даврга хос бўлган тушунчалар эди.

Боз устига қайсидир давлат дорул ҳарб ёхуд дорул куфр деб эътибор қилиниши учун аввал бошқа бир давлат дорул ислом деб эътибор қилиниши керак бўлади. Чунки, мазкур тушунчалар бир-бирига қарама-қарши тушунчалар сифатида вужудга келган бўлиб, бири бўлмаса бошқаси ҳам бўлмаслиги керак.

Ваҳоланки, бугун ҳаммаёқни дорул ҳарб ёки дорул куфр деб даъво қилаётганлар бирорта давлатни дорул ислом деб атамайдилар. Демакки, улар учун дунёда дорул ислом дейишга лойиқ бир давлатнинг ўзи йўқ. Агар шу мантикдан келиб чиксак, дунёда дорул ҳарб ёки дорул куфр ҳам бўлмаслиги керак. Зеро, бу тушунчалар «дорул Ислом» атамасига қарама-қарши ю нарсалар сифатида муомалага киритилган.

Юқоридагилардан биз учун энг камида шу нарса ойдинлашадики, Ўзбекистон каби аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган, фуқаролари бемалол ўз динларига амал қилиб юрган, йилига янги янги жомеъ масжидлар қурилаётган жойларни асло дору-л-ҳарб ёки дору-л-куфр деб аташ мумкин эмас. Балки, бундай юртлар Ислом диёри ҳисобланади.

Бинобарин, бундай мамлакатларга ҳужум уюштириш, турли террорчилик ҳаракатларини содир қилиш асло жоиз эмас (ҳолбуки, Ислом диёри бўлмаган мамлакатларга нисбатан ҳам мазкур жиноятларни амалга ошириш шаръан асло мумкин эмас), ва ундай жойдан ҳеч қаерга ҳижрат қилиш ҳам фарз эмас.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *