ЮСУФ ДАВРОННИНГ МОТУРИДИЙЛАРГА БЕРГАН САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР 6

236Фалсафа фанлари доктори Юсуф Давроннинг мотуридийларга йўллаган 6-саволи учун аҳли суннат вал жамоа Имоми Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муъин Насафий раҳимаҳумуллоҳдан раддия.
Юсуф:
«Қуръон ва суннат ақлга зид келиб қолса…?» деган фараз саҳобалар ёки салафлар орасида кимларда бўлган?
—-
Авваламбор, Юсуф аканинг аҳли суннатдан жоҳилона сўраётган саволлари учун ташаккур айтаман. Чунки бу саволлари оқибатида инсонлар қуйидаги учта ҳақиқатни англамоқдалар:
1-Салафийлар аҳли суннат (ашъарий-мотуридий)лар ҳақида ёлғон тасаввурга эга ва одатда туҳмат қилишади.
2-Мотуридий мактабида ҳар бир саволга нақлга ҳам ақлга ҳам тўғри келадиган ечим бор.
3-Бежизга Имом Мотуридий аҳли сунна вал жамоа раиси деб бутун уммат томонидан тан олинмаган.
Энди юқоридаги саволга жавобга келсак, Имом Мотуридий Қуръон ва суннатнинг ақлга зид келиши мумкинмаслигини шундай исботлайди:
Аллоҳ таоло («Ақл ишлатмайсизларми?» оятига монанд) инсонга огоҳ бўлиши ва иймон келтириши керак бўлган масалаларда нимани буюрган бўлса, мутлақо уни ақлини ишлатиб тушуниши учун бир йўлни ҳам кўрсатгандир.
Нақл эса, ақли тушунмайдиган, яъни ақли йўқ ва ноқис, кишиларга нозил қилинмаган.
Аллоҳ таоло бандага буюрган ҳар бир нарса учун «йўл кўрсатувчи» ни нозил қилган, тафаккур қилиш ва ҳавотирланиш учун зеҳн берган, яна бандани турли ибратлар воситаси билан етарлича огоҳлантиргандир.
(Тавҳид китоби)
Кўриб турганингиздек, Аллоҳ инсонга ақл бериб, унга зид келадиган нақлни нозил қилиши Аллоҳнинг ҳикмати ва адолатига зиддир. Агар шундай бўлганда, ҳар бир инсон «Мен бу нарсани тушунмаганаман» деб ўзини оқлаши мумкин эди. Ваҳоланки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ақл эгалари учун оламда етарлича оят-далилларни келтириб қўйганини айтади.
1-хулоса: Мотуридийлик мактаби асосчиси Имом Мотуридийга кўра, Қуръон ва суннат ақлга зид келмайди.
Абу Муъин Насафий раҳимаҳуллоҳ:
«Илм ақлдан устундир. Мўътазиланинг «ақл жиҳатдан ҳамма тенг» деган даъвосига зид ўлароқ, Аллоҳнинг валийларининг ақллари набийларнинг ақллари каби эмас, деймиз. Набийларнинг ақли ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақлига ўхшамас. Ҳар қандай ақл ва балоғат эгаси Иброҳим алайҳиссалом ақл юритгани каби, оламнинг яратувчиси бор эканлиги ҳақида тафаккур қилиши керак. Зеро Иброҳим алайҳиссалом (бутлардан қочиб, ваҳий келгунча Робб ҳақида тафаккур қилиб) кеча қоронғусида чиққан юлдузни кўргач: «Мана шу менинг Роббимдир» деганди. (Сўнг юлдуз ботиб кетгач «Ботадиган нарсаларни хушламасман», дейди).
(«Баҳрул Калом» китоби)
2-хулоса: Аҳли суннат вал жамоа бўлган мотуридийлик мактабида илм, яъни Қуръон ва Суннат ақлдан устундир.
Хўш, шу ўринда табиий савол туғилади. Агар инсоннинг ақли нақлни, яъни Қуръон ва Суннатни, қабул қилолмаса ёки унга зид бўлса нима қилиш керак?
«Ақл ва нақл тўқнашганда ақлга қаралади, нақл таъвил қилинади» деган тушунчага келса, Қуръон ва суннатдаги очиқ ойдин ҳукм чиқариш мумкин бўлган ҳолатда эмас, балки бир нақл бошқа нарсага, иккинчи нақл бошқа нарсага далолат қилиб турган вазиятларга алоқадордир. Нақл ҳеч қачон ақлдан устун бўлмайди.
Мисол учун аҳли суннат вал жамоа, «У (яъни Аллоҳ) қаерда бўлсангиз сиз билан биргадир» ояти каримаси келганда, уни Аллоҳ қайси маконда бўлсак ўша маконда деб тўғридан-тўғри олмаган, уни бошқа нақллар билан қувватлаб, Аллоҳ илми билан биргадир, деб таъвил қилади. Буни салафийлар ҳам қилади.
Бунга ақлни нақлдан устун қўйиш эмас, балки нақлни бошқа нақллар билан солиштириб далил чиқариш дейилади. Бунинг учун эса, ақл керак бўлади.
3-хулоса: Ақл ҳеч қачон нақлдан устун бўлмайди. Аммо нақлдан далил олиш ва ҳукм чиқариш учун ақл керак бўлади. Нақлга ақлсизларча эргашилмайди.
Хўп, унда ақл ва нақл зид келиб қолса нима қилинади, дейилганда, шундай жавоб берилади:
Инсонга берилган ҳиссий органлар ва ақл гоҳида ҳақиқатга зид келиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳақиқат эмас, балки ҳиссий органлар ва ақлдаги нуқсон даволанади. Ҳудди, узоқдаги битта дарахтни иккита кўраётган кўз қандай даволанса, Қуръон ва Суннатга зид келган ақл шундай даволанади.
4-хулоса: Қуръон ва Суннат ақлга зид келиб қолса, ақл даволанади.
Юсуф акага аҳли суннат вал жамоанинг мотуридийлик мактаби ҳақида жоҳилона саволлар йўллаб, мусулмонлар Имом Мотуридийнинг йўли ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлишига, салафийларнинг айблари бўҳтон эканига, ва аҳли суннат вал жамоада уларга қарши етарлича жавоб борлигининг билишига сабабчи бўлаётгани учун ташаккур айтаман.
Хулосаларни қайтараман:
1) Аҳли суннат вал жамоа раиси Имом Мотуридийга кўра, Қуръон ва суннат ақлга зид келмайди.
2) Аҳли суннат вал жамоа имоми Абу Муъин Насафийга кўра илм, яъни Қуръон ва Суннат ақлдан устундир.
3) Нақл инсонинг ақлига хитобдир. Нақлдан далил олиш ва ҳукм чиқариш учун ақл керак бўлади. Нақлга ақлсизларча эргашилмайди.
4) Қуръон ва Суннат ақлга зид келиб қолса, ақл даволанади.

Мана шу аҳли сунна вал жамоа эътиқоди, мана шу мотуридийлик мактабидир.

Саид Комил Муҳаммад Карим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *