ЮСУФ ДАВРОННИНГ МОТУРИДИЙЛАРГА БЕРГАН САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР 5

235Фалсафа фанлари доктори Юсуф Давроннинг мотуридийларга йўллаган 5-саволи учун Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳдан раддия.
Юсуф:
Ҳижрий 300-йилдан олдинги олимлар орасида «Калом илми иккига бўлинади: қоралангани ва мақталгани» деб ажратган ким бор?
—-
Саволга жавоб бериш учун «калом илми» тушунчасига шарҳ бериб ўтиш керак бўлади.
Калом илми деб баъзи ва дастлабки даврларда фақат ақл орқали ҳақиқатни топишга айтилган бўлса, бундай йўналишдаги олимларни мутакаллимлар, яъни каломчилар дейишган.
Кейинги даврда аҳли суннат вал жамоа орасида «сунний мутакаллимлар» номи билан шуҳрат қозонган олимлар ҳам пайдо бўлди-ки, уларнинг йўли Қуръон ва суннатнинг ҳақлигини ақл билан исботлаб бериш эди (бу ҳақда кейинроқ).
Шу ҳолда, агар «калом илми» дейилганда биринчи тушунча назарда тутилаётган бўлса бундай «калом» бир овоздан инкор қилинади ва қораланади.
Бундан кейинги сўзлар «сунний мутакаллимлар» яъни Қуръон ва Суннатни ушлаган ҳолда унинг ҳақлигини ақл билан исботлаб берувчиларнинг йўли ҳақиқатдан ҳам оқланганми, шу ҳақда бўлади.
Дастлабки имомлар ўртасида кўпчилик калом илмига қарши бўлган бўлса-да, салаф имомларимиз томонидан агар калом илми Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг суннати ва салафларнинг ижмосини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса рухсат берилгани, уларни ўзгартириш ёки маъносини бузишни мақсад қилган бўлса қораланганини кўриш мумкин.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ (150-204 йй) шундай дейди: «Қуръон ва Суннатга асосланган ҳар бир калом эгаси тиришқоқдир, Китоб ва Суннатдан бошқа нарсага таянган калом эгаси эса ақлдан озгандир».
Байҳақий, «Маноқиб ал-Шофеъий», 1:470.
Имом Шофеъийнинг юқоридаги сўзларига қўшимча сифатида Имом Байҳақий (384 й): «Бу сўзлар калом илмининг қораланган нарсаси унинг Китоб ва Суннатга асосланмаган жойи эканининг исботидир», дейди.
Имом Шофеъийнинг сўзини шарҳлаб яна айтади: «Бундан, биз билган сабабларга кўра имомларимиз калом илми орқали баҳслашишни хушламаганини кўриш мумкин. Чунки калом илмининг қораланган қисми бидъатчиларнинг Китоб ва суннатга зид чиққан жойларидир. Китоб ва суннатга мос келадиган, ақлга ва ҳикматга мос баён қилинган калом илмига келсак, бундай калом илми мақтовга сазовор ва талаб қилинганида олинади. Имом Шофеъий ҳам, имомларимиз ҳам, Аллоҳ улардан рози бўлсин, аввал айтиб ўтганимиздек ундан (яъни мақбул ва мақталган каломдан) фойдаланишган».
Байҳақий, «Маноқиб ал-Шофеъий», 1:468.
Ҳанбалийлардан Ибн Муфлиҳ раҳимаҳуллоҳ Қози ибн Абу Яълонинг сўзларига асосланиб шундай дейди: «мазҳабнинг қараши шуки, бидъатчиларни рад қилиш учун, калом илми қўлланади ва рухсат этилади». Ҳанбалийларнинг улуғларидан Абу Яъло ва Тамимий каби олимларнинг фикри шундай эди.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи, бидъатчиларнинг ёлғон ва сохта даъволарини рад қилиш учун «Ал задил зиндиқа вал қадарийя» китобини ёзишда ҳам мантиқий далилларга таянган ҳолда калом илмидан фойдаланади.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи бу иши (яъни мантиқ асосида ақидани ҳимоя қилиши)ни оқлаб, шундай дейди:
«Биз сукут сақлашга буюрар эдик. Аммо бизни бу ишга жалб қилганларида, биз уни (мантиқ орқали) ҳимоя қилишимиз ва масаланинг ечимини кўрсатишимиз шарт эди».
Ибн Муфлиҳ, «Ал Адаб ал Шарийяҳ», 1:219-29.
Бу ўринда Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан ташқари, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва ҳанбалийлик мазҳабининг улуғ уламоларининг сўзларини алоҳида келтирганим сабаби, салафийлар ўзларини уларнинг издошлари деб ўйлашади, ва умид қилманки устозларининг сўзини қабул қилишади.
Менимча фалсафа фанлари доктори бўлиш ўйинчоқ бўлса керак. Юсуф ака қандай олди, валлоҳу аълам.
Саид Комил Муҳаммад Карим
Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...